Home / АЛЛОМАЛАР / Маърифатпарвар темурий шаҳзодалар

Маърифатпарвар темурий шаҳзодалар

Тарихга назар соладиган бўлсак, милоддан аввалги даврлардан Марказий  Осиёда ташкил топган бир нечта марказлашган давлатлар ҳукмдорларини олиб борган адолатли сиёсати, ислоҳотларида давлат равнақ топганлиги ва у ерда маърифий, маданий ҳаётнинг гуллаб-яшнаганлигини кузатишимиз мумкин. Шарқ ва Ғарб давлатларини бирлаштириб йирик марказлашган давлатни барпо қилган буюк саркарда ҳамда давлат арбоби Соҳибқирон Амир Темур сиёсатида олиб борган маданий, маърифий ишларидаги ислоҳоти Мовароуннаҳр ва Хуросон шаҳарларида иккинчи Шарқ Ренессеанс даври десак, муболаға бўлмайди. Амир Темур марказлашган давлат тузиш режасини амалга ошириш мақсадида олиб борган юришларида, у Мовароуннаҳр ва унинг атрофидаги шаҳар, қишлоқларнинг қиёфасини тубдан ўзгартириб, баланд иморат, сарой, кўшк, мадраса, хонақо, карвонсарой, ҳаммом, кўприк, боғлар барпо қилиб, давлатининг ҳар бир бурчагини гўзал ошиёнга айлантириб, унда маърифий, маданий, илмий ҳаёт ифорини таратган ташкилотчиси ҳисобланади.

Соҳибқирон доимо шоирлар даврасида  шеъриятхонлик, ўз даврининг етук олиму фузалоларнинг баҳс-мунозарасида донишмандлик, теран фикрлилик, шаръий ҳукмларни ишлаб чиқишда адолатлиги ва зукколик жиҳатлари ҳар бир инсонни диққат эътиборини жалб қилган. Амир Темурнинг мана шундай олиб борган адолатли сиёсати, ислоҳотлари илму ирфонда маърифатли, зийрак, зукко ҳукмдор бўлганлиги учун фарзанд ва набираларида фахр-ифтихор ўйғотиб ўғиллари отаси каби темурий шаҳзодалар эса, бобоси сингари сиёсат олиб боришга ва олиму, шоирлар билан янада илиқ муносабатда бўлиб, маърифатпарвар ҳукмдор бўлишга ҳаракат қилишган.

Соҳибқирон хонадонидаги фарзандларига (шаҳзодалар ва маликаларга) илм-фаннинг турли соҳаларида сабоқ берилар, мадрасаларда таҳсил олишар эди. Соҳибқироннинг ҳаракатлари туфайли, унинг авлодлари ичида Муҳаммад Султон, Мирзо Улуғбек, Иброҳим Султон, Бойсунқур Мирзо, Ҳусайн Бойқаро, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Кучкунчихон, Комрон Мирзо, Гулбаданбегим, Зебуннисобегим каби шоир, олим, муаррих, хаттот, ҳомийлар ва маънавият-маърифат жонкуярлари бўлиб, улар илм-фан маданиятнинг юксак даражада ривожланишида ўз ҳиссаларини қўшган[1]. 

Темурий шаҳзодалар мана шундай улкан адабий муҳит таъсирида ўсиб улғайиб, улар даврасида ўз истеъдодларини намоён қилган. Маърифатпарвар шаҳзода  Шоҳруҳ Мирзонинг ўғли Ғиёсиддин Бойсунқур Мирзо (1397-1433) нинг фармони билан 1420 йилда Низомий Ганжавийнинг “Ҳисрав ва Ширин” достони ёзилган бўлиб, достон бугунги кунда Германия Ислом санъат музейида Темурийлар даврига оид ашёлар бўлимида  Ident.Nr. I. 4628 b рақам остида сақланиб келмоқда. Бу қўлёзманинг энг аҳамиятли жиҳати шундан иборатки, қўлёзма асар шунча асрлар давомида яхши сақланганлиги ва ўттиздан ортиқ саҳифасида шарқ минатюрасининг энг гўзал намуналари келтирилиб, воқеа ривожи минатюралар орқали ёритилиб берилган. Эрон подшоҳи Ҳисравнинг шикор пайти, олиму, шоирлар давраси, сиёсий амалдорлар билан ўтирган машваратидаги жараёнлар акс эттирилган. Асарнинг асосий матни рамка ичига олинган бўлиб, ҳошиясидаги ғазаллар Саъдий Шерозийнинг қалами мансуб ғазаллар келтирилган.  Мазкур қўлёзма асарга тасниф берадиган бўлсак, ёзуви ўрта асрларда кенг тарқалган Настаълиқ ёзуви бўлиб, 14-19  мистара;  пойгир; варақ  ўлчами ; 28 x 19,5 см ; матн ўлчами; 18×12,5 см ; 23,5 16 см; варақлари шарқона рақамланган. Асардаги минатюраларнинг безак ишларига шу қадар аҳамият берилганки, кўпроқ ёрқин ранглардан фойдаланиб, мутолаа қилувчига жараённи нозик жиҳатларигача акс эттириб бера олган.  Минатюралар мовий, кўк, қизил, сариқ, тилла сиёҳ ранги билан безатилган. Асар Шероз шаҳрида ҳижрий Робиул аввал 823/1420 йилда ёзилган[2]. Қўлёзма асарни фото нусхасини суратга олган сураткаш  Жонн Крамер Johannes Kramer ҳисобланади.

Бу қўлёзма бизга аждодларимиз ва темурий шаҳзодаларнинг нафақат шеърият, тарих ва ижод соҳасидаги буюк салоҳиятидан дарак берибгина қолмай, балки тасвирий санъатнинг нечоғлик ривожланганлигини ҳам кўрсатиб беради.

Юқорида келтирилган маълумотлардан шуни хулоса қилишимиз мумкинки, Темурийлар ҳукмронлик даврида Мовароуннаҳрдаги маънавий, маданий ҳаётнинг юксак даражада ривожланганлиги, шунингдек, бу давр илм-фаннинг турли соҳалари билан биргаликда тасвирий санъат йўналишида ҳам ўз даврининг буюк рассомларини вояга етказиб, рассомчилик соҳасига ўз ҳиссасини қўшган Камолиддин Беҳзод сингари соҳасининг етук шахсларини вояга етишига туртки бўлган.

 

Ирода Даурбекова
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
илмий ходими

 

[1] Муҳаммад Али Амир Темур солномаси. : Т- 2008. 13-Б.

[2] Museum für Islamische Kunst der Museen zu Berlin.

Check Also

АБУ БАКР ЖАССОС ИЛМИЙ МЕРОСИНИНГ ҲАНАФИЙ МАЗҲАБИ РИВОЖИДА ТУТГАН ЎРНИ

Абу Бакр Жассос (ваф. 370/981) қолдирган илмий мерос ҳанафий мазҳабида ўзига хос аҳамиятга эга. Аллома …