Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш – давр талаби” мавзусидаги анжуманда сўзлаган нутқида “Бунинг учун барчамиз Оллоҳга шукрона келтириб, сиз, муҳтарам уламолар, имом-хатиблар, жамоатчилик вакиллари билан бирга динимиз тарихи, буюк алломалар ва азиз авлиёларимиз меросини ўрганиш ва тарғиб этиш бўйича бошланган ишларимизни давом эттиришимиз керак. Кейинги вақтда мен жойларда бўлиб, ҳудудларимиз ҳаёти билан янада яқиндан танишар эканман, шундай бир фикрга ишонч ҳосил қиляпманки, биз ҳали юртимизни, унинг ўзига хос тарихи, маданияти, улуғ олиму-уламоларини, бебаҳо маънавий меросимизни тўлиқ ўрганганимиз йўқ”[1] деган эди. Дарҳақиқат, бу борада ҳали ўз ечимини кутаётган кўплаб муаммоларимиз мавжуд. Маънавий-маърифий меросимизнинг ажралмас қисми бўлмиш қадимий қўлёзмаларни ҳар томонлама ўрганиш ва тарғиб этиш бўйича Президентимиз айтганларидек бошланган ишларни давом эттириш зарур. Зеро, мазкур фаолият миллат руҳиятини соғломлаштиришга қўшадиган беқиёс ҳиссаси дунё халқлари тажрибасидан маълум.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017-йил 15-декабрдаги “Ўзбекистон Ислом академиясини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” ги Қарорида эса “Мусулмон ренессанси, яъни илмий-маърифий уйғониш даврига асос солган улуғ аждодларимиз томонидан яратилган ва бугунги кунда ҳам маърифатли дунёни ҳайратга солиб келаётган илмий меросни ўрганиш, илмий-тадқиқот ишлари олиб бориш, улар яратган илмий йўналишлар ва мактаблар анъаналарини давом эттириш бугунги авлод олдида турган долзарб вазифалар сирасига киради”[2] деб қайд этилган. Таъкидлаш лозимки, юртимизнинг қўлёзмалар фондларида сақланаётган, ҳали, замонавий дунё юзини кўрмаган бир қанча қўлёзма асарлар борки, Президентимиз Қарорларида таъкидланганидек улар устида илмий-тадқиқот ишлари олиб бориш, улар яратган илмий йўналишлар ва мактаблар анъаналарини давом эттириш бугунги биз авлод олдида турган долзарб вазифалар сирасига киради.
Мотуридия таълимотининг ўз замонасидаги билимдони ва тарғиботчиси бўлган аллома Сўфи Аллоҳёрдан қолган илмий меьроснинг барчасида аввалги қисм албатта калом илми билан бошланади. Ҳазрати Сўфи Аллоҳёр (1043/1634-1136/1724)[3] ҳозирги Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон туманидаги бир вақтлар “Минглар” деб аталган қишлоқда Оллоҳқули (Темирёр) хонадонида дунёга келган. 1640-1646-йиллар Шайхлар қишлоғидаги масжид мактабида ўқиган, 1646-1648-йиллар Бухоро мадрасасига ўқишга борган. Сўнг 1648-1660-йиллар 12-йил мобайнида Бухоронинг Жўйбор шайхлари мадрасасида таҳсил олган. Мадрасани битириш арафасида илмий салоҳияти, зукколиги учун хоннинг туҳфасини олган ва мақтовига сазовор бўлган. 25 ёшида Бухоро амирлигида солиқ-божхона маҳкамасининг тўралик лавозимига тайинланган. Бу лавозимда 4-5 йил ишлаш жараёнида одамларнинг ноҳақлиги ва нопоклиги, халққа қилинаётган зулм ва бошқа жирканч ҳолатларни ўз кўзи билан кўриб, ишонч ҳосил қилиб, тўралик лавозимидан воз кечган[4]. Сўфи Аллоҳёр умрининг охирги пайтларини Сурхондарё вилояти Олтинсой тумани Вахшивор қишлоғида ўтказади. Қишлоқнинг ташкил топиши унинг шахсияти билан бевосита боғлиқ. Алломанинг ташаббуси билан қурилган масжид, эккан тут дарахтлари ва бир қанча хайрли ишлари ҳали-ҳануз сақланиб келмоқда. Шу ерда яшаб, илм ва ижод билан машғул бўлади. Ҳазрати Сўфи Аллоҳёрнинг умри поёнига етиши ҳамда дафн этилиши ҳам шу қишлоқда[5].
Ёзма манбаларда алломанинг хонадонларига оид баъзи маълумотлар учрайди. Мир Ҳусайний унинг тўрт нафар ўғли бўлгани ҳақида маълумот беради[6]. Унда икки нафар фарзандининг исми номаълум. Икки нафари эса қуйидагилар ҳисобланади.
Хожа Солиҳ ибн Сўфи Оллоёр – Мир Ҳусайнийнинг ёзганларига кўра у отаси вафотидан сўнг тариқат таълимини олиш учун Халифа Жонмуҳаммад ҳузурига боради. Аммо хасталикка чалиниб, тариқатда камолга етган йигитлик чоғлари оламдан кўз юмади.
Муҳаммад Содиқ ибн Сўфи Оллоёр – Халифа Жонмуҳаммаддан тариқат таълимини олади. Унинг номи манбалар, адабиётлар ва халқ оғзаки нутқида “Муҳаммад Сиддиқ”, “Сиддиқ Муҳаммад” шаклларида ҳам учраб туради. Қабри Самарқанд вилоятининг Нуробод тумани ҳудудида – Чўнқаймиш тоғи орасидаги шу ном билан аталадиган қишлоқда. Унинг қабрига ёзувли тош қўйилган. Унга “Ҳазал мақбара эшон Муҳаммад Содиқ ибн эшон Сўфи Оллоёр фи санаи 1180” деб ёзилган. Ҳижрий 1180 сана мелодийда 1766-1767 йилларга тўғри келади. Ундан авлодлар қолган[7].
Сурхондарё вилоятидаги авлодлари Муҳаммад Содиқнинг ўғли Хўжакалондан тарқалган.
Ундан ташқари Сўфи Аллоҳёрдан Биби Амина, Биби Ойша исмли қизлари ҳам бўлгани тўғрисида хабарлар бор. Аммо қиз фарзандлари ва аёли тўғрисида бирор манбавий маълумот, ҳужжат йўқ.
Сўфи Аллоҳёрнинг ҳозирги кундаги авлодлари Самарқанд ва Сурхондарё вилоятларидаги унинг тарихий мундарижасига оид манзилларда истиқомат қилади.
Сўфи Аллоҳёрга кўплаб таърифлар берилган. Қуйида мухтасар келтирилади:
“Табиати пок, хулқи соф бўлгани учун ҳам Сўфи Аллоҳёр тавҳид сирлари яширинган кулбанинг чироғи”.
Ёки “Сўфи Аллоҳёр (ўз) замонининг Абу Ҳанифаси ҳисобланади. Худойи таоло уни қол ва ҳол илми билан кўп ва хўп баҳраманд этган”[8].
Алломанинг асарлари ўзбек адабиётида ҳам алоҳида ўрин эгаллайди.
XVII асрнинг иккинчи ярми ва XVIII аср ўзбек адабиётининг маънавий-маърифий аҳамиятини Сўфий Оллоҳёр адабий меросисиз тасаввур этиш қийин[9].
Тадқиқот объекти бўлган “Шарҳ Саботил-ожизин” нинг 6-бетида Сўфи Аллоҳёрнинг асарлари кетма-кетлиги бироз бетартиб қайд этилгани кўзга ташланади. Тўрахўжа Ўзгандий айтади: “Билгилки, бу китоб Шайх Сўфи Аллоҳёр роҳматуллоҳи алайҳи тасниф этган тўртта китобнинг охиргиси ҳисобланади. Уларнинг биринчиси “Маслакул-муттақин”, иккинчиси “Махзанул-мутеъин”, учинчиси “Муродул-орифин” ва тўртинчиси “Саботул-ожизин”. Аввалги иккитаси яъни “Маслакул-муттақин” ва “Махзанул-мутеъин” китоблари фиқҳ илми тўғрисида, “Муродул-орифин” ва “Саботул-ожизин” китоблари эса тасаввуф тўғрисида” деб кириш қилган. Ваҳоланки Сўфи Аллоҳёрнинг қуйидаги сўзлари юқоридаги кетма-кетликни инкор этади.
Алломанинг илмий-адабий мероси турли манбаларда турлича қайд этилса-да, аммо фанга маълум ва қўлимизда мавжуд асарлари тўртта. Бу ҳақда филология фанлари доктори Ш. Сирожиддинов айтади: “Муродул-орифин” асарида Сўфи Оллоёр ўзининг асарлари қандай кетма-кетликда яратилгани қайд этилган: “Дўстлар маслаҳати билан “Маслакул-муттақин”, сўнг “Саботул-ожизин” сўнгра “Маҳзанул-мутеъин” ёзилганидан кейин дин муҳиблари эътиқодга мувофиқ, тасаввуф ва ҳидоят йўли ҳақида бир китоб ёзишимни илтимос қилдилар”. Демак, “Муродул-орифин” асари Сўфи Оллоёрнинг охирги, тўртинчи китобидир[10].
Сўфи Аллоҳёр мутакаллим, фақиҳ, шоир, нақшбандия тариқатининг забардаст намоёндаси бўлган. Сўфи Аллоҳёр калом илми билимдони эканлигини қуйидаги эътироф ҳам тасдиқлайди:
Чароғи кулбаи асрори тавҳид,
Зи софи Машраби Сўфи Аллоҳёр.
Таржимаси: “Табиати пок, хулқи соф бўлгани учун ҳам Сўфи Аллоҳёр тавҳид сирлари яширинган кулбанинг чироғи”.
Ёки Сўфи Аллоҳёр шариат илмлари ва тариқат сирлари билимдони бўлганлиги хусусида ҳам эътирофлар мавжуд. Жумладан;
Абу Ҳанифаи вақтаст Сўфи Аллоҳёр,
Худойи дод бо у қолу ҳолро бисёр
Таржимаси: “Сўфи Аллоҳёр (ўз) замонининг Абу Ҳанифаси ҳисобланади. Худойи таоло уни қол ва ҳол илми билан кўп ва хўп баҳраманд этган”[11].
“Махзанул-мутеьин” – (итоъаткорлар хазинаси) араб тилида наср йўли билан ёзилган, унда ақидавий ва фиқҳий масалалар атрофлича ёритилган. Асар ЎзРФАШИ фондида сақланади. Қўлёзма 1092 бетдан иборат бўлиб, бир бетда йигирма етти қатор ёзув қайд этилган. Шундан юз бетга яқини калом илмига оид маълумотларни ўз ичига олади. Ёзув настаълиқ хатида, қора сиёҳда битилган. Унинг жилди бироз эскирган бўлиб, таъмирга муҳтож. Турунж (ғарб тилида медалён) билан безатилмаган. Муҳр ва лабаки қилинмаган. Интерполияция, иллюстрация, унвон ва калантитерлар учрамайди. Аммо пойгир ҳар бир бетда алоҳида қайд этилган, Қўлёзманинг охирги қисмида мундарижа қайд этилган.
Хаттот исми ва кўчирилган санаси ноаниқ. Қўлёзма жуда яхши сақланган ва хаттот томонидан жуда юксак дид билан ёзилган. Ёзувлар текис ва равон, очиқ-ойдин ўқиш учун қийинчилик туғдирмайдиган даражада кўчирилган. Қўлёзманинг бирор жойида шориҳ ўзининг автобиографиясини киритмаган. Китоб ёзилган сана, манзил ва ўша давр муҳитига доир маълумотлар учрамайди.
Қўлёзмада Имом Абу Ҳанифа Нўъмон ибн Собитнинг “Ал-фиқҳул-акбар”, Абу Ҳафс Умар ибн Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Исмоил бин Луқмон ал-Ҳанафий, ан-Насафийнинг “Ақоидун-Насафий” ва “Табсиротул-адилла”, Сирожиддин Али ибн Усмон Ўшийнинг “Бадъул-амолий”, Хатиб Табризийнинг “Мишкотул-масобийҳ”, Қозиюл қуззот Носириддин ал-Байзовийнинг “Тафсирул-қозий”, Абуҳомид Муҳаммад Ғаззолийнинг “Кимёи-саодат”, Рукнуддин ибн Малаҳимий Хоразмийнинг “Туҳфатул-мутакаллимийн”, Абдурраҳмон ибн Носир Саьдийнинг “Садийя”, Исмоил ибн Абулқосимнинг “Муҳит”, Муҳаммад ибн Валид ас-Самарқандийнинг “Жомеьул-асғар”, Муҳаммад ибн Убу Бакир ас-Самарқандийнинг “Ширьатул-ислом”, Умар ибн Абдулазиз ибн Мозоҳнинг “Воқеьот”, шунингдек, “Тафсири-яьқубий”, “Фусулул-имодий”, “Мажмуатун-навозил”, “Ақоидул-жалолия”, “Хулоса”, “Жомеьул-муьтақодот”, “Мифтаҳул-айн” каби ўттиздан ортиқ китоблардан фойдаланган.
Ҳозирда ушбу қўлёзманинг замонавий тўлиқ электрон нусхаси нашр учун тайёр ҳолатга келтирилган.
Асарда “Аллоҳ таолони таниш”, “Аллоҳ таолонинг сифатлари”, “Аллоҳ таолони нуқсонлардан поклаш”, “Бандаларннинг феллари”, “Ақилнинг таьрифи”, “Аллоҳ таолони қиёматда кўриш жоизлиги”, “Иймоннинг сифати”, “Фаришталарнинг сифати”, “Пайғамбарлар алайҳиссаломларнинг катта ва кичик гуноҳлардан поклиги”, “Пайғамбарларнинг фаришталардан афзаллиги”, “Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг нубувватларини исботи”, “Шафоатнинг исботи”, “Наби аьлайҳиссалом меьрожининг исботи”, “Арш ва курсий”, “Саҳобаларнинг фазилатлари”, “Халифалик ҳақида”, “Имомат ҳақида”, “Авлиёларнинг кароматлари”, “Қабр азобининг исботи”, “Жаннат ва дўзах ҳақида”, “Куфр лафзлари ҳақида”, “Қиёмат ҳақида”, “Мунажжимларни сўзлари ҳақида”, “Носих ва мансух хусусида” каби мавзулар атрофлича нақлий ва ақлий далиллар билан ёритилган. Мавзулар динимизнинг мўьтамад ҳисобланган китоблар асосида қувватланиб, ақидавий таьлимотлар халқчил, илмий-таҳлилий тарзда баён этилган.
Қўлёзманинг мазкур ақидага оид қисмларида бошқа калом илмига бағишланган асарлардан кенг истефода қилинган ҳолда руҳий тарбия таьлимоти ҳам мужассамлиги билиниб туради. Айниқса, “Ақлнинг таьрифи”, “Мунажжимларнинг сўзлари”, “Авлиёларнинг кароматлари”, “Қабр азобининг исботи”, “Жаннат ва дўзах” ҳақидаги қисмларда яққол намоён бўлади.
Мусанниф “Куфр лафзлари ҳақида” деб номланган бобида турли адашган тоифаларнинг ботил қараш ва иддаоларига қарши раддияларни баён этган. Жумладан, мўьтазила, шиа, карромия, жаҳмия, қадария, рофизия, жабария, каби тоифаларнинг ақидавий қарашларига алоҳида раддиялар бериб ўтилган. Шу сабабдан ҳам бу нодир асарнинг қийматини бугунги куннинг долзарб муаммоси бўлмиш турли ғоя ва қарашларни илгари сурувчи тоифаларга қарши манбаа деб айтсак хато бўлмайди.
Хулоса шулки тарих варақларида кимдандир яхши ва яна кимдандир ёмон из қолади. Шу сабаб келажак авлодлар кимнидир дуолар билан ёд олгани ҳолда, кимларнидир эслаганда қалбларида оғриқ ва норозилик ҳисси пайдо бўлади.
Дарҳақиқат, бир замонлар бўлдики, Сўфи Аллоҳёр “диний мистик шоир”, “тушкун кайфиятдаги шоир” деган қора ном билан муҳрланди. Бир неча ўн йиллар зўр бериб қоралашди. Ўша даврнинг айрим зиёлилари ҳам бу ишга бош бўлдилар. Китобларини ёқишди. Ҳатто алломанинг авлодларидан бири ўша даврни эслаб, мусаннифдан қолган илмий меросларни олиб кетилганлигини куюниб сўзлаб беради. Шу зайлда унинг маърифий таълимотидан халқни маҳрум қилиб келишди.
Мустақилликдан сўнг тарих қарида неча ўн йиллаб чангу-ғубор босиб ётган китоблари юзага чиқа бошлади. Энг асосийси алломанинг асарларидаги асл маъно-мазмун ўқувчига холис етиб боришига замин яралди.
Бевосита қўлёзма биз учун эътиқодий масалаларни мотуридий таълимотлари асосида бизга тақдим этадиган ҳамда одоб-ахлоқ ва руҳий тарбия масалаларида фойдаланувчига кўплаб манфаатлар етказадиган мўътабар асар бўлиб хизмат қилади. Айниқса, бугунги кунда долзарблик касб этаётган эътиқодлар тўқнашуви, ўз мазҳабини яхши билмаслик, илмсизлик ва мўътабар умумэътироф этилган ақидавий таълимотлардан чалғитиш каби салбий ҳолатларга муолажа сифатида айни муддаодир. Зеро, асар нафақат эътиқод борасида фойдали балки, ўқувчини ўтган уламоларимиз одоб-ахлоқлари, насиҳатлари ва руҳий-маънавий дунёқарашлари ҳақида ҳам хабар беради.
Ҳозирги кунимиз инсонларининг аллома асарларини маърифатга чанқоқ ҳар бир хонадонда сақланиб келганлиги, турли-туман китобхонлик давраларида, тадбирларда мутолаа қилинганлиги юқоридаги фикрларни яна бир карра тасдиқлайди.
- Сўфи Oллоёр. Муродул-орифин. Тошкент: 1912
- Мир Ҳусайний. Махазинут тақво
- Абдусаттор Жуманазар. Вахшувор.–Тошкент:“Академнашр” нашриёти. 2015.
- Рашид Зоҳид. “Саботул ожизин” асари матни, шарҳлари ва илмий-танқидий матнини комплекс ўрганиш муаммолари. – Тошкент: “Турон замин зиё” нашриёти. 2015.
- М. Бобоева. Сўфий Оллоҳёр “Сабот-ул-ожизин” манзумасининг ғоявий-бадиий талқини. Сам.ДУ 2012