Аллоҳ таолонинг бандаларини имтиҳон қилиш йўлларидан бири балоларга мубтало қилишдир. Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Балоларнинг энг қаттиғи пайғамбарларга, кейин уларга яқинларга, сўнг уларга яқинларгадир. Киши динига қараб имтиҳон қилинади. Дини қанчалар қаттиқ бўлса, синови ҳам шунчалик қаттиқ бўлади. Агар дини юмшоқ бўлса, имтиҳон қилиниши ҳам динига яраша бўлади”, дедилар (Бухорий ривояти).
Буюк фақиҳ Абдулҳай Лакнавий ҳам ҳаёти давомида уч бор қаттиқ дардга чалинган. Шогирди Муҳаммад Бундавий бу улуғ имомнинг илк бор касалликка мубтало бўлишини бундай хотирлайди: “Устозим Каъбатуллоҳни иккинчи бор зиёрат қилганда, қаттиқ дардга чалиниб, шу сабабли тезда юртига қайтди. Алломанинг овқат ҳазм қилиш қобилияти бузилиб, ич кетиш дардига чалинган эди. Кундан-кун касали кучайиб борди. Аввалида табиблар касаллик сабабини топишга ожизлик қилиб, тўғри ташхис қўя олмади ва даволашнинг уддасидан чиқмади. Аллоҳнинг нусрати билан уни табиб Муҳаммад Боқир Шайъий даволади. Устозим дарддан холи бўлиб, соғлиғини тиклаб олди”.
Бу воқеа 1875 йилда, яъни аллома йигирма саккиз ёшга кирганда содир бўлган. Ўшанда яқинлари сергак тортиб, унинг саломатлигига қаттиқ эътибор қаратади. Алдулҳай Лакнавий соғлиғини тиклаб олгандан сўнг яна илм йўлида изланиб, китоблар ёзишга ва шогирдлар билан дарс қилишга шўнғиб кетади.
Аллома иккинчи марта 1302/1884 йили Ҳайдарободдаги қариндошларининг тўйига борганида қаттиқ касал бўлиб қолган. Бу вақтда у ўттиз етти ёшда эди. Касаллик туфайли Ҳайдарободда бир неча кун қолиб кетади. Табиблар муолажасидан кейин шифо топиб, ўз шаҳрига қайтади.
Орадан икки йил ўтиб аллома учинчи бор қаттиқ бетоб бўлиб, шу касаллик туфайли вафот этган. Бу ҳақда Муҳаммад Бундавий қуйидагиларни ёзган: “Устознинг касаллиги 1303/1885 йилнинг ўрталарида бошланди. Келган дард дастлаб дармонсизлик ва йўтал билан намоён бўлди. Кейинчалик қисқа муддатли ҳушдан кетиш ҳолатлари ҳам қўшилди. Сўнг ҳушини йўқотиш кўпайиб, аҳволи оғирлаша борди. Ҳатто у зот ҳолсизланиб ётиб қолди. Энг моҳир табиблар муолажа қилишга киришди, лекин наф бўлмади. Кунлар шу тарзда ўтар эди. Бир куни устознинг дўстлари зиёфатга тўпланди. Унга устозимиз ҳам таклиф этилган эди. У киши қанча оғир бўлмасин, таклифни ерда қолдирмай, йиғинга борди. Йиғилганлар бир-бири билан ҳазил-мутойиба қилиб, суҳбат анча чўзилди. Устозимиз мулоқот асносида: “Суҳбат ғаниматдир, ушбу ўтиришимиздан кейин ким бор, ким йўқ, ҳеч ким билмайди”, деди. Зиёфат тарқаб, ҳамма уйига қайтди. Устозимиз ҳам уйига келиб, хуфтон намозини ўқиш учун ўз ҳужрасига кирди ва намоз пайти ҳушдан кетиб йиқилди. Дарров яқинлари билан бирга у зотни сўрига ётқиздик. Бироз вақт ўтиб, ўзига келди ва атрофдагиларга бир-бир кўз югуртирди. Сўнг иккинчи ва учинчи марта ҳушдан кетди. Юраги шиддат билан урар эди. Шу тариқа устоз тунги соат учда омонатини топширди. Бу 1304/1886 йил рабиул- аввал ойининг ўттизинчиси, душанба кунига тўғри келди. Жанозада йигирма минг атрофида ёки ундан ҳам кўпроқ киши қатнашди.
Абдулҳай Лакнавийнинг қисқа бўлса-да, сермазмун ва баракали ҳаёти ўттиз тўққиз ёшида якунига етган. Алломанинг жанозаси уч марта катта жамоат билан ўқилган. Биринчисида Муҳаммад Абдурраззоқ Ансорий Лакнавий[1], иккинчисида Мавлоно Абдулваҳҳоб ибн Ҳасан Баҳорий[2], учинчисида Абдулмажид ибн Абдулҳалим ибн Абдуҳаким Ансорий[3] имомлик қилган. Абдулҳай Лакнавий ўзининг ота- боболари қўйилган қабристонга дафн этилган.
Бу кун алломанинг оиласи, атрофидаги шогирдлари ҳамда бутун ислом олами учун мусибатли кун бўлган. Яқинларидан айримлари унинг вафотидан иккиланиб, бу ҳам ҳар доимгидек ўтиб кетадиган ҳушдан кетиш бўлса керак, деган гумонга борган. Чунки кун бўйи юзидаги табассум аримасдан, улар билан суҳбатлашган кишининг бирдан вафот этишини кутмаган. Қолаверса, одамлар унга қаттиқ суянганидан ва ҳаддан ортиқ яхши кўрганидан бу дунёдан кўз юмишини узоқ санаган.
Абдулҳай Лакнавийнинг вафотидан жуда қаттиқ маҳзун бўлган дўстлари ва шогирдлари у зотга атаб, араб, форс ва урду тилларида жуда кўплаб марсиялар ёзган.
Ҳозирги кунда алломанинг мақбарасини зиёрат қилган киши қабр бошида оқ мармар тошга ўйиб ёзилган шу марсиялардан бирига кўзи тушади: