Олимнинг ўлими кўп-кўп яхшиликнинг қўлдан бой берилиши билан баробар. Унинг тириклиги ғанимат, ўлими мусибатдир. Чунки олим ўз нури билан ён-атрофига зиё таратиб турувчи шамга ўхшайди. Унинг ўлими илмнинг камайиши ва илмсизликнинг кўпайишига, одамларнинг тўғри йўлдан оғишиши ва ҳақиқатдан узоқлашишига сабаб бўлади.
Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳумо бундай деган: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Албатта, Аллоҳ одамлардан илмни бирданига тортиб олиб қўймайди. Лекин уни олимларнинг жонини олиш билан тортиб олади. Токи бирор олим қолмагач, одамлар жоҳил кимсаларни ўзларига бошлиқ қилиб оладилар. Ўшалардан савол сўрашади, улар эса билмай туриб фатво берадилар. Шу билан ўзлари ҳам залолатга кетадилар, ўзгаларни ҳам залолатга етаклайдилар”, деб айтаётганларини эшитдим”(Имом Бухорий ва Муслим ривояти).
Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ: “Олимнинг ўлими Исломдаги кемтик бўлиб, уни замонлар ўтиши тўлдира олмайди”, деган (Ибн Абдулбар. Жомеу баёнил илми ва фазлуҳ. – Б. 202).
Одамлар Саид ибн Жубайр розияллоҳу анҳудан: “Қиёмат қойим бўлиши ва одамлар ҳалокатга юз тутишининг қандай аломати бор?” деб сўради. У: “Олимлар вафот этиб кетган бўлиши”, деб жавоб берди (Ўша манба).
Инсонлар саодати ва юртлар ободлиги борасида уламоларнинг ўрни муҳимлиги учун улар ана шундай буюк даража эгаларидир. Мусулмонлар уламоларнинг вафотидан кейин улар олдидаги бурчларини адо этишлари лозим. Уларнинг бурчи, жумладан, ушбулардир:
- Уларни фақат яхши гаплар билан ёдга олиш, қилиб кетган хизматларини эътироф этиш.
Имом Таҳовий раҳимаҳуллоҳ: “Аввалги уламоларнинг салафлари ва улардан кейинги тобеинлар, олимлар, муҳаддислар, фақиҳлар ва мужтаҳидлар фақат яхшилик билан тилга олинади. Уларни ёмонлик билан тилга олган кимса мўминлар юрган йўлдан бошқасидадир”, деган.
Ҳа, олимларни яхшилик билан тилга олиш, улар ҳақида бирон бир ёмон гап гапирмаслик ёки таъна қилмаслик замирида Аллоҳнинг қуйидаги амрларига итоат қилиш бор:
“Мўминлар ва мўминалар бир-бирларига дўстдирлар”(Тавба сураси, 71-оят), “Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур”(Мужодала сураси, 11-оят) ва “Агар уни Пайғамбарга ёки ўзларидан бўлган амирларга етказсалар, уни билиб олишни истовчилар ўшалардан (сўраб) билаверар эдилар”(Нисо сураси, 83-оят).
Демак, Аллоҳ таоло юқоридаги оятларда илм аҳлининг даражаси, илм ва уламоларнинг фазлини, Ўзи уларга ато этган илм неъмати сабабли даражалари бошқа мўминларникидан кўра баландроқ эканини баён қилган. Шунингдек, мўмин мўминнинг дўсти эканини, уни дўст тутишини ҳам таъкидламоқдаки, бу дўстликнинг маъноси уни яхши кўриш ва ёрдам беришдир. Аҳли сунна вал жамоа мазҳабига кўра, ана шу яхши кўриш ва ёрдам бериш имоннинг кучли ёки кучсизлигига қараб фарқ қилади. Бинобарин, мўминнинг имони мукаммал бўлса, бошқалардан кўра ўзининг мўмин биродарини кўпроқ яхши кўради ва унга ёрдам беради.
Маълумки, уламолар Қуръони каримда ҳам, ҳадиси шарифда ҳам ҳам мақтаб гапирилган. Шундай экан, юқоридаги оят ва ҳадислар тақозосидан келиб чиқиб, олимларни дўст тутиш, яхшилик билан тилга олиш, яхши кўриш ва уларга ёрдам бериш, улар ҳақида фақат яхши гапларни гапириш лозим.
Қолаверса, диний масалаларда хато қилгани учун олимларни таъна қилиш аслида барча шариат уламоларини таъна қилиш даражасида қабул қилинади. Бу нарса одамлар қалбида уларга нисбатан ихлос ва муҳаббатнинг камайишига олиб келади. Натижада диний илмлардан ўзлари билмаганларини тўғри келган манбалардан олаверадиган, оят ва ҳадисдан гапирган ҳар кимнинг ортидан эргашиб кетаверадиган ҳолатга келиб қоладилар. Бу эса мусулмонлар бирлиги ва юрт барқарорлигига рахна солади.
2. Олимларнинг умматга теккан фойдалари ва яхши томонларини гапириб, уларнинг хизматлари ва номларини ёддан чиқармаслик.
Бу уларнинг ҳаёт йўлларини ўқиб ўрганиш, илм талабида сафар қилган юртлари ва меҳнатлари билан танишиш, ҳар бир замоннинг ўзига хос турли хил оммавий ахборот воситалари орқали асарларини кенг тарғиб қилиш билан амалга оширилади. Зеро, қанчадан-қанча олимлар борки, вафот этиб кетган бўлсалар ҳам асарлари ва қилган ишлари билан номлари барҳаётдир. Одамларни мудом яхшиликка, гўзалликка ва яхши одамларга эргашишга тарғиб қилиб келадиган асарлар қолдириб кетган.
Абу Бакр ибн Айёш раҳимаҳуллоҳ: “Ҳақиқатан, аҳли сунна уламолари ўлади, аммо номлари барҳаётдир. Бидъат эгалари ўладилар, уларга қўшилиб номлари ҳам йўқ бўлиб кетади. Чунки аҳли сунна олимлари Пайғамбар алайҳиссалом олиб келган нарсани ҳаётга татбиқ қилиб яшайди. Шунинг учун уларга ҳам Аллоҳ таолонинг: “Зикрингизни (исмингизни) ҳам баланд кўтариб қўйдик”(Шарҳ сураси, 4-оят), деган сўзидан баҳрамандлик насиб этди.
Бидъат эгалари Пайғамбар алайҳиссалом олиб келган нарсани ёмон кўрсатиб яшайди. Шунинг учун уларга Аллоҳ таолонинг: “(Эй Муҳаммад!) Албатта, Биз Сизга Кавсарни ато этдик”(Кавсар сураси, 3-оят), деган сўзидан муносиб улуш тегади”.
Қилишимиз лозим бўлган иш улар экиб кетган кўчатларнинг пишиб етилган ҳосилини териб олиш, ёзган асарларидан фойдаланиш, қилган яхшиликларини эътироф этиш, уларни фақат яхшилик билан тилга олиш ва қалбимизни уларнинг муҳаббати билан суғоришдир.
Илмни уларга нисбат бериш илмий омонатдорлик ҳисобланади. Шу боис бирор олимнинг китобидан бирор маълумотни нақл қиладиган бўлсак, унинг хизматини унутмаслик, масалан, “Ҳофиз Фалончи айтиб ўтганидек”, “Шайх Фалончи таъкидлаганидек”, дея уларнинг номларини ҳам тилга олиб ўтишимиз, одамларга уни худди ўзимиз топган илмий янгиликдек қилиб кўрсатмаслигимиз керак.
3. Олим одамнинг жанозасида иштирок этиш, уларга Аллоҳнинг раҳматини тилаб дуо қилиш.
Бирор олим вафот этса, унинг жаноза намозида қатнашиш, унга Аллоҳнинг раҳматини сўраб дуо қилиш мусулмонларнинг яхшиликка бўлган ишончини оширадиган ишлардан ҳисобланади. Бу нарса улар ўртасидаги риштанинг мустаҳкамлигидан далолатдир. Чунки мусулмон одам биродарининг хурсандчилигидан шод, хафалигидан маҳзун бўлади. Бу – мусулмон биродарининг ҳаққини адо этишнинг амалий ифодаси ҳам. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Мусулмоннинг мусулмондаги ҳаққи бештадир.Саломга алик олиш, касални бориб кўриш, жанозага эргашиш, таклиф этса бориш ва акса урса “ярҳамукаллоҳу!” деб яхшилик тилашдир”, деб айтаётганларини эшитдим”(Имом Бухорий ривояти).
Вафотэтиб кетган уламолар ҳақига Аллоҳнинг раҳматини сўраб дуо қилиши, жанозасида қатнашиши ва бошқалар мусулмонлар зиммасига вожибдир. Масалан, Имом Аҳмад ибн Ҳанбал вафот этганида мусулмонлар худди шундай иш қилган. Марвазий раҳимаҳуллоҳ бундай ёзади: “Абу Абдуллоҳ ҳижрий 241 (мил.855) йилнинг Рабиул аввал ойидан икки кун ўтиб, чоршанба кечаси касал бўлиб қолди. Касаллиги тўққиз кун давом этди. Бу хабарни эшитган одамлар уни кўриш учун оқиб кела бошлади. Кеча-ю кундуз эшигининг олдидан кетмади. Олдига киришга изн берганида одамлар гуруҳ-гуруҳ бўлиб унинг олдига кирар ва унга салом берар, у эса қўли билан ишора қилиб, алик олар эди. Вафот этганида одамлар дод-вой солиб йиғлади, ҳатто дунё ҳам тебраниб кетгандек бўлди”.
Мусо ибн Ҳорун раҳимаҳуллоҳ бундай дейди: “Айтишларича, Имом Аҳмад ибн Ҳанбал вафот этганида одамлар жаноза намози ўқиш учун турган текис ернинг майдони ўлчанди. У тахминан олти юз мингдан кўпроқ одамни сиғдирадиган майдонга тенг ҳудудни ташкил этган. Ўша майдондан ташқарида, тепаликлар, томлар ва турли жойлардаги минг-минглаб мусулмонлар бундан мустасно” (Ибн Жавзий. Сифатус софвати. Ж. 2. – Б. 356-358).
Демак, олимларнинг ўлими оғир мусибат, катта фалокатдир. Чунки ҳалол билан ҳаромни, фойда билан зарарни, ҳақ билан ботилни билиб олишда уларнинг хизматлари каттадир.
Имом Ожуррий раҳимаҳуллоҳ уламоларнинг даражалари ҳақида гапираётиб бундай ёзади: “Уларнинг тириклиги ғанимат, ўлимлари мусибатдир. Улар ғофилларга эслатма, жоҳилларга илм берадилар. Улардан ёмонлик ва хавф-у хатар етмайди. Одоблари гўзаллиги учун итоаткор бандалар савоб ишда ўзаро беллашади, чиройли панд-у насиҳатлари сабаб исёнкорлар тўғри йўлга қайтади. Барча одамлар уларнинг меҳнатларига муҳтож, қарши чиққанларга уларнинг сўзларида ҳужжат бор. Уларга итоат қилиш барча одамлар зиммасига вожиб, итоатсизлик ҳаромдир. Уларга итоат қилганлар тўғри йўлда, итоатсизлик қилганлар залолатдадир” (Ахлоқул уламо. – Б. 6).
Хулоса қилиб айтганда, мусулмонлар уламоларнинг ҳаққини адо этиши, ҳатто мавқелари, яхши ишлари, илм ва динни кенг тарқатишларини ёдда тутиши керак. Бу – уларни яхши кўриш, обрўларини ҳимоя қилиш ва ҳурматларини жойига қўйиш билан бўлади. Чунки олимлар таъна қилинадиган бўлса, ҳайбати йўқолади, илмни одамларга етказувчи кишилар айнан ўшалар бўлгани учун шариат ҳам одамларга қадрсиздек кўриниб қолади. Етарли диний илмга эга бўлмаган кишилар ўзларининг илмга бўлган эҳтиёжларини дуч келган манбадан олавериши, натижада ўзлари ва ўзгаларнинг адашиб қолишига сабаб бўлади.