Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Дунёда ўхшаши йўқ илмий марказ ва ҳадис мактаби

Дунёда ўхшаши йўқ илмий марказ ва ҳадис мактаби

Самарқанд вилояти Пайариқ туманидаги Имом Бухорий ёдгорлик мажмуаси ёнида ташкил этилган илмий-тадқиқот маркази ва унга ёндош жойлашган Ҳадис илми мактаби Имом Бухорий ва бошқа мусулмон дунёси буюк мутафаккирларининг бой меросини чуқур тадқиқ этиш ва кенг тарғиб қилиш, ёш авлодни ислом динининг асл қадриятларига садоқат руҳида тарбиялаш, халқаро ҳамкорлик ва мулоқотни мустаҳкамлашга хизмат қилади. Шу тариқа дунё цивилизациясига муносиб ҳисса қўшган илмий меросимиз қайта жонланиб, янгиланаётган илм дунёсида ўз сўзини айтади.

Имом Бухорий илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш таклифини илк бор Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2016 йили Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 43-сессияси очилиш маросимида илгари сурган эди. Қисқа фурсат ичида иш бошлаган марказ фаолияти билан танишиш кишига илоҳий қудрат бағишлайди.

Марказда алломаларнинг бебаҳо меросини ўрганишда ўзига хос мактаб яратган буюк муҳаддислар Имом Бухорий, Имом Термизий, улуғ фақиҳлар Бурҳониддин Марғиноний, Абуллайс Самарқандий, калом илмининг буюк мутафаккирлари Абу Мансур Мотуридий, Абул Муин Насафий каби аждодлар бой меросини алоҳида-алоҳида ўрганиш ва илмнинг шу соҳалари бўйича мукаммал билимга эга бўлган етук мутахассислар тайёрлашни йўлга қўйиш учун барча керакли шароитлар яратилган.

7.JPG

 
12.JPG
 

– Нафақат Марказий Осиёда, балки бутун мусулмон дунёсида ноёб бу марказ ислом динининг асл моҳиятини, унинг фалсафасини кенг тарғиб қилиш, илмий бойитишга салмоқли ҳисса қўшган алломаларимизнинг сўнмас мероси тимсолида ташкил этилди, – дейди Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари Нуриймон Абулҳасан. – Бунга марказ биносини миллий меъморчилик анъаналари асосида бунёд этишда ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Президентимиз таклифлари билан, аввало, бинога кириш фойесида улкан гумбаз қурилиб, унинг ички томонига Қуръони каримнинг биринчи нозил бўлган оятлари, яъни “Алақ” сурасининг беш ояти ёзилди. Бу оятларнинг учтасида пайғамбаримиз Муҳаммад саллалоҳу алайҳи вассалламга “Ўқинг” деб мурожаат қилинган. Бу ушбу даргоҳга кирганданоқ унинг мазмун-моҳиятини ифода этиб, марказнинг илму урфон, зиё маркази эканлигини намоён этади. Шунингдек, гумбазда Имом Бухорий ҳазратларининг “Жоме ас-саҳиҳ” китобларида келтирилган биринчи – “Барча эзгу амаллар ниятга боғлиқдир” деган ҳадиси битилдики, бу марказнинг ташкил этилиши бизнинг эзгу ниятларимиз билан боғлиқ, деган маънони ифодалайди. Буюк аждодларимизнинг руҳини шод этиш, файзли Ўзбекистонимизнинг муборак заминида макон топган ҳаётий билимларни яна шуълалантириш бизнинг эзгу ниятларимиздир.

Марказнинг биринчи қаватида ташкил этилган музейга кирган киши асл илм манбаидан куч олиши табиий, ўзингизни руҳан поклангандек сезасиз. Музей марказига «Саҳиҳи Бухорий» китобининг қадимий қўлёзма нусхаси ва буюк муҳаддиснинг айни пайтда дунёнинг турли мамлакатларида сақланаётган ноёб асарларининг нусхалари қўйилган.

Имом Бухорий ҳазратлари ўзларининг илмий сафарлари чоғида Бағдодда ҳадис илми билан шуғулланиб, мукаммал ҳадислар тўпламини яратгани ва уларни ёд олганларига Бағдод уламолари шубҳа билан қарайди. Шу сабабли улар Имом Бухорийни таклиф этиб, у кишининг илмларини синовдан ўтказишади. Музей тўридаги деворда ишланган суратда ушбу жараён акс эттирилган бўлиб, бу мазкур масканга келган киши қалбида буюк муҳаддис бобомиз билан фахрланиш туйғусини жўш урдиради.

Марказ томонидан ўтган вақт давомида буюк алломаларимиз меросини ўрганиш, кенг тарғиб этиш, нуфузли халқаро марказлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича тизимли чора-тадбирлар амалга оширилди.

– Жумладан, дунёнинг 14 етакчи ислом тадқиқот маркази, университетлар билан ҳамкорликка оид меморандумлар имзоланди, – дейди Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази раҳбари Шовосил Зиёдов. – Бундан ташқари, Буюк Британия, Франция, Германия, АҚШ, Саудия Арабистони, Миср, Туркия, Малайзия, Покистон, Ҳиндистондаги илмий марказлар билан ҳамкорлик алоқалари ўрнатилди. Малайзиянинг Ислом илмлари университети, Ислом цивилизацияси институти, Исломни англаш институти билан буюк алломаларимиз илмий меросини ўрганиш йўналишида келишувларга эришилди, Саудия Арабистонининг Подшоҳ Абдулазиз университети, Суннат ва набавий меросни ўрганиш маркази билан хорижда сақланаётган нодир қўлёзмаларнинг нусхаларини олиш масалалари муҳокама қилинди.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан буюк аждодларимиз асос солган ҳадис мактаблари фаолиятини қайта тиклаш ва ривожлантириш, улар қолдирган бой илмий меросни тадқиқ қилиш, халқимиз, кенг жамоатчиликка ушбу мероснинг бой маънавий-маърифий асосларини етказиш мақсадида Ҳадис илми мактаби фаолиятини ташкил қилиш мамлакатимиз маънавий тараққиётининг бугунги босқичида муҳим аҳамият касб этди.

Маълумки, Президентимизнинг 2018 йил 16 апрелдаги “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Ҳадис илми мактаби фаолиятини ташкил этиш ва қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинган эди.

Қарорга кўра, Ўзбекистон мусулмонлари идораси муассислигида Ҳадис илми мактаби олий диний таълим муассасаси ташкил этилди. Бу мактабда ўқиш муддати беш йил бўлиб, кундузги таълим шаклида олиб борилади. Ҳадисшунослик фанлари билан бир қаторда Қуръони карим, фиқҳ, ақида, тафсир, ислом тарихи каби фанлар ҳамда хорижий тиллардан чуқур билим бериладиган мактабга араб тили ва ҳадис фанларини ўзлаштирган, мумтоз матнларни ўқий оладиган ҳамда уларни ёд олишга салоҳияти бўлган 5-10 нафар Ўзбекистон ва хорижий мамлакатлар фуқаролари суҳбат асосида саралаб олинади.

– Тарихдан маълумки, заминимизда узоқ ўтмишда исломий илмларни ўргатувчи мактаблар шаклланган, – дейди Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Убайдулла Уватов. – Масалан, Самарқандда ҳадис илми, Қаршида калом илми, ақида илми, Марғилонда фиқҳ илми, Бухорода тасаввуф илми мактаби бўлган. Мана, орадан бир неча аср ўтиб ташкил этилаётган ушбу марказларда замонамизнинг бухорийлари, насафийлари, марғинонийлари етишиб чиқиши керак. Ва иншоолоҳ, бу мақсадларимиз рўёбга чиқгай.

Ҳадис илми мактаби фаолиятининг асосий мақсади Ислом динининг, Қуръони карим ва ҳадис илмининг асл моҳиятини, илмий-маънавий асосларини, ҳадис илми ривожига беқиёс ҳисса қўшган алломаларимизнинг илмий меросини ўрганиш, динлар тарихи ва назариясини мукаммал эгаллаган, ислом дини асослари ва араб тилини, хусусан, ҳадис ва унга доир илмларни чуқур ўзлаштирган етук мутахассисларни тайёрлашдир.

Маълумот учун айтиш жоизки, ислом билим юртларида барча диний фанлар бўйича бошланғич билим ва тушунчалар берилади. Ҳадис илми мактабида эса фақат ҳадис илмига хос ёки уни ўрганишга кўмак берувчи мумтоз манбалар «устоз-шогирд» анъанаси асосида ўқитилади.

Ҳадис илми мактаби тингловчилари модуль тизими асосида, 2-3 ой давомида битта асар бўйича шуғулланади. Курс якунида имтиҳонлардан ўтган тингловчиларга муайян китобни ўзлаштиргани тўғрисида гувоҳнома ҳамда кейинги асар бўйича машғулотларга қатнашиш имкони берилади.

Мактабга ўқув жараёнини самарали ташкил этиш мақсадида Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг уламолари, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Тошкент ислом институтининг профессор-ўқитувчилари, хорижлик кўзга кўринган мутахассислар жалб қилинади. Илмий салоҳиятга эга профессор-ўқитувчиларни танлаш, уларни Ҳадис илми мактабига жалб қилиш Тошкент ислом институти зиммасига юклатилади.

Ҳадис илми мактабининг ўқув биноси, ётоқхона ва ахборот-ресурс маркази моддий таъминоти билан боғлиқ харажатлар, профессор-ўқитувчи ва ходимларни ойлик-маош билан таъминлаш Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан амалга оширилади.

Мактаб курсларини муваффақиятли тамомлаган тингловчиларга диний таълим муассасаларига кириш учун ўтказиладиган қабул имтиҳонларида ҳар бир сертификат бўйича тўплаган балининг 5 фоизи миқдорида қўшимча балл тақдим этилади.

Фахр билан айтиш мумкинки, Ватанимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, аввало, иқтисодиётимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилмоқда. Маънавий-маърифий жабҳада эришаётган ютуқларимиз эса жаҳон цивилизацияси ривожига беқиёс ҳисса қўшган Ўзбекистондек муқаддас заминда бугун ҳам буюк илм-фан соҳиблари етишиб чиқаётгани, улар, албатта, эзгуликка хизмат қилишидан далолатдир.

19.JPG

 
20.JPG
 
21.jpg
 
26.JPG
 
27.JPG
 
34.JPG
 
35.JPG
Манба: uza.uz

Check Also

Марказда бадиий фильм суратга олинмоқда

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида индонезиялик бир гуруҳ киноижодкорлар томонидан “Ҳижрат орзуси” номли бадиий фильмнинг …