Мамлакатимиз ҳудудида илк ўрта асрларда илм фаннинг турли йўналишлари жадал суратларда ривожланди. Илмий адабиётда “илк уйғониш даври” деб аталадиган бу вақтда минтақамизда етишиб чиққан алломалар мазкур илмий тараққиётга улкан ҳисса қўшдилар. Бу даврнинг алоҳида хусусиятларидан бири Мовароуннаҳрнинг турли ҳудудларида ўзига хос алоҳида илмий мактаблар шаклланди ва мазкур мактаблар Мовароуннаҳр ўлкасининг умумий илмий ривожига ўз ҳиссаларини қўшди.
Илк ўрта асрларда Фарғона минтақасида ўзига хос илмий мактаб шаклланганлиги кейинги тадқиқотлар натижаларида ўз тасдиғини топган ҳақиқатдир. Айни шу даврда Фарғона водийсида Фарғона фиқҳ мактаби ҳам шаклланиб, ўрта асрларда нафақат Мовароуннаҳр, балки бутун Ислом дунёсида ислом илмлари ривожида алоҳида ўрин тутган алломалар етишиб чиқишига хизмат қилди.
Фарғона фиқҳ мактабининг илк ўрта асрларда Фарғона водийсининг турли шаҳарларидан етишиб чиққан йирик намояндаларининг ўзи юз нафардан ортиқ. Водийнинг Ахсикат/Ахсикент шаҳридан(Абу-л-Вафа Муҳаммад ибн Муҳаммад ал-Ахсикатий (ваф. 519/1126), Зу-л-Фазоил Аҳмад ибн Муҳаммад ал-Ахсикатий (465/1073-528/1134), Асируддин ал-Ахсикатий (501/1108-594/1198), Абдуллоҳ ибн Қоид ибн Ақил ибн ал-Ҳусайн ибн Аҳмад ибн Али ибн Аҳмад ал-Ахсикатий (461/1069-514/1121), Асируддин ал-Ахсикатий (501/1108-594/1198), Абу Рашод Аҳмад ибн Муҳаммад ибн ал-Қосим ал-Ахсикатий (406/1067-535/1140)), Косондан (Абу Бакр ибн Масъуд ибн Аҳмад Алоуддин ал-Косоний (ваф. 585/1191), Абу-л-Жавд Ато ибн Аҳмад ибн ас-Содиқ ал-Холидий ал-Косоний(XII аср), Бакр ибн Сулаймон ибн Имрон ибн Илёс ал-Косоний (ваф. 513/1120 йилдан кейин)), Марғилондан (Абдулазиз ибн Абдурраззоқ ал-Марғиноний (ваф. 477/1085), Али ибн Абдулазиз ибн Абдурраззоқ Заҳируддин ал-Кабир ал-Марғиноний (ваф. 506/1113), Ал-Ҳасан ибн Али Заҳируддин ал-Кабир ибн Абдулазиз ал-Марғиноний (ваф.XII аср), Аш-Шайхулимом Абу-л-аимма Абдулазиз ибн Абдурраззоқ ибн Абу Наср ибн Жаъфар ибн Сулайман ибн Маткан ал-Марғиноний (406/1016-476/1084)), Ўзганддан (Али ибн Сулаймон ибн Довуд ал-Ҳотибий Абу-л-Ҳасан ал-Ўзгандий(XI аср), Абу Муҳаммад Абдурраҳмон ибн Абдуллоҳ ибн Исҳоқ ибн Аҳмад ал-Ўзгандий (ваф. 513/1120),) Ўшдан (Масъуд ибн Мансур ибн Мурсал ал-Ўший (ваф. 518/1125 й), Муҳаммад ибн Сулаймон Абу Абдуллоҳ ал-Ўший – Шайхул ислом, Насируддин(XII аср) Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Холид Абу Абдуллоҳ ал-Ўший (ваф. 612/1216)), Андукон(Андижон)дан Абу Ҳафс Умар ибн Муҳаммад ибн Тоҳир ал-Андуконий ас-Суфий (480/1087-545/1150). Ҳўқанд (Қўқон)дан Абу Тоййиб Тоҳир ибн Муҳаммад ибн Жаъфар ибн ал-Хайр ал-Махзумий ал-Хуқандий (ваф. 501/1107), Хўжанддан Абу Имрон Мусо ибн Абдуллоҳ ал-Муаддиб ал-Хўжандий (ваф. 360/1067) каби турли илм соҳаси вакилларининг номларини мисол тариқасида келтириш мумкин.
Фарғона фиқҳ мактаби вакилларининг номлари, таржимаи ҳоллари ва илмий мерослари ҳақидаги маълумотларни излаб топиш ва илмий муомалага киритиш ишлари давомли бўлиши лозим. Чунки қўлёзмалар хазиналарида сақланаётган асарларни тадқиқ қилиш ва уларни рўёбга чиқариш машаққатли меҳнат ва узоқ муддатни талаб қиладиган жараёндир. Зеро мамлакатимиз ҳудудидаги шарқ қўлёзма манбаларининг ўзи бир неча ўн минг жилдни ташкил қилиши, ундан ҳозирги кунгача жуда кам қисми ўрганилганлигини инобатга оладиган бўлсак, янги янги номлар ва асарлар кашф этилишига мутлақо шубҳа йўқ. Бундан ташқари дунёнинг йирик илмий марказлари Россия, Туркия, Англия, Франция, Германия ва бошқа мамлакатларда сақланаётган минтақамиз алломалари илмий меросига оид қўлёзмаларни ҳам ҳисобга олсак иш кўлами нақадар катта ва шу билан бир қаторда янги ном ва асарларни кашф этиш имкони ҳам шунчалик умидли эканлигига амин бўлиш мумкин.
Фарғона водийсида қадим замонлардан мавжуд бўлган шаҳарлар, уларнинг ўрта асрлардаги тараққиёт даражаси, шаҳарлар архитектураси, илм-фан ва маданиятнинг ривожланиш ҳолати каби масалалар турли манбаларда анча-мунча ёритилган[1].
Қадимги Фарғона, ўрта аср тарихчилари, жумладан, Абу Саъд Абдулкарим ибн Муҳаммад Самъоний (506/1113-562/1167) маълумотларига кўра, Жайҳун ва Сайҳун дарёлари ортидаги катта ҳудудни эгаллаган вилоятдир. Вилоят ҳақида маълумотлар келтирган Истахрий, Фарғонанинг тоғлари қазилма бойликларга бой эканлигини таъкидлаб, у ерда олтин, кумуш, темир, кўмир, симоб ва бошқа қазилмалар қазиб олинганини ёзади.
Ўрта асрларда Фарғона водийсида қатор йирик шаҳарлар барпо этилганлиги ва уларда илм-фаннинг турли соҳалари муваффақиятли ривожланганлиги аниқланган. Тарихий манбалар водийнинг кўплаб шаҳар ва қишлоқлари ҳақида маълумот беради. Жумладан, Муқаддасий (X аср) Фарғона водийсида қирқдан ортиқ катта-кичик шаҳарлар бўлганлигини хабар қилган[2]. Абдулкарим Самъоний эса, тўққизта шаҳар, еттита қишлоқ ва битта маҳаллани зикр қилган. Ахсикат, Косон, Марғилон, Қува, Ўш, Ўзганд, Хайлам, Қўқон, Хўжанд каби шаҳарлар, Андукон, Газак, Заркан, Йадухкат, Навқад, Ломиш каби қатор қишлоқлар шулар жумласидандир[3].
Қадимги Фарғонанинг пойтахт шаҳарларидан бири Ахсикент (Ахсикат) бўлган. Абдулкарим Самъоний бу шаҳарни Фарғонанинг энг гўзал ва озода шаҳарларидан эканлигини айтса[4], Ёқут ал-Ҳамавий унинг Сирдарёдан бир фарсах масофада тоғлар орасидаги текисликда жойлашганлиги ҳақида хабар берган. Унинг таъкидлашича, шаҳар қўрғони ва работи девор билан ўралган ва тўртта дарвозаси бўлган[5]. Шаҳар атрофида боғлар, работ ичида эса кўплаб ҳовузлар бўлган ва анҳорлар ўтган[6]. Катта жомеъ масжиди, бозор, қалъа ва бошқа бинолар Ахсикентнинг ички шаҳар қисмида жойлашган[7]. Бу ердаги тоғлардан олтин ва кумуш қазиб олинган.
Ҳозирги Наманган вилоятида жойлашган Эски Ахси ҳудудида олиб борилган археологик қазишмалар Ахсикент шаҳри Марказий Осиё, жумладан, Ўзбекистон тарихида муҳим аҳамият касб этиб, минтақадаги маданий юксалишда алоҳида ўрин тутганлигини кўрсатмоқда. Зеро, бу шаҳарнинг бир неча минг йиллик тарихга эга эканлиги археологик тадқиқотлар натижалари билан ҳам тасдиқланган. Мутахассисларнинг фикрича, Ахсикент милоддан аввалги III асрда бунёд этилган ва араблар истилоси арафасидан то IX асрнинг ўрталаригача у водийнинг номи билан “Фарғона” деб аталган[8]. Ахсикент марказлашган Сомонийлар давлати даврида ҳам Фарғона водийсининг сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий маркази сифатида гуллаб-яшнаган[9]. Бундай хулосани айни шу даврда Ахсикентда зарб қилинган ва Ўрта Осиёнинг кўпчилик вилоятларидан топилган мис тангалар ҳам тасдиқлайди. Демак, Ахсикентда зарб қилинган танга пуллар Сомонийлар давлати иқтисодиётида муҳим роль ўйнаган. Кейинчалик Қорахонийлар давлати даврида сиёсий пойтахт Ахсикентдан Ўзгандга кўчирилган бўлса-да, Ахсикент XI-XII асрларда ҳам бутун Фарғона водийсининг иқтисодий маркази бўлиб қолаверган. Бу ерга Ўрта Ер денгизи мамлакатларидан, Ҳиндистондан узлуксиз карвонлар келиб турган. Эски Ахси харобаларидан топилган моддий ва маданият ашёлари сирасида, айниқса, сирланган сопол идишлар диққатга сазовордир. Чунки уларнинг баъзиларида куфий ёзувидаги битикларни ўқиш мумкин. Бу нарса Ахсикент ҳунармандлари бу даврда сопол идишларни сирлаш ва безаш борасида ўзига хос мактаб яратганликларидан далолат беради.
Ўрта асрларда Хўжанд ҳам Фарғона водийсининг йирик шаҳарларидан бири ҳисобланган. Сирдарё бўйида жойлашган бу шаҳар 721-22 йилларда халифа Язид ибн Абдулмалик даврида фатҳ қилинган[10]. Ёқут ал-Ҳамавий шаҳар тоғ ёнбағрида жойлашиб, унинг ўртасидан дарё кесиб ўтганлигини хабар қилган. Истахри эса бу дарёда савдо кемалари қатнови йўлга қўйилганлигини айтади[11]. “Ҳудуд ал-Олам” асарида Хўжанд шаҳри атрофида кўплаб ҳосилдор ерлар бўлиб, мевали дарахтлардан кўпроқ анор етиштирилганлиги, шаҳар аҳолиси эса жанговар ва шижоатли одамлар бўлганлиги ҳақида маълумотлар келтирилган[12]. Хўжанд шаҳри Искандар Зулқарнайн даврида ёки ҳатто ундан ҳам олдинроқ мавжуд бўлган антик Эсхата шаҳри ўрнида барпо этилган деган фикрлар ҳам бор[13].
Қўлёзмалар хазиналарида олиб борилаётган изланишлар натижасида Фарғона фиқҳ мактабининг айнан ана шу икки ҳудудига алоқадор бўлган яна бир вакили ва унинг қаламига мансуб асарни топишга муваффақ бўлдик. Бу асар Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Али ибн Абу-л-Қосим ибн Абу Ражо ал-Қоидий ал-Хўжандий қаламига мансуб “ал-Фатово ал-Қоидия” асаридир.
Асар минтақамизда устувор бўлган ҳанафий фиқҳига оид ҳисобланади. Қўлёзманинг кириш қисмида муаллиф ушбу асарни кўпчилик замондошларининг талабларига жавобан битганлигини ва уни таълиф этишда мутааххир уламоларнинг “ан-Навозил” ва “ал-Воқеъот” жанридаги тўпламларга киритилган фатволарга асосланганлигини айтади. Бу ўриндаги энг муҳим маълумот Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Али ибн Абу-л-Қосим ибн Абу Ражо ал-Қоидий ал-Хўжандий мазкур асарни тайёрлашда шайх, имом, қози Тожуддин Абу Бакр ибн Аҳмад ал-Ахсикатий ал-Хўжандий фатволарига мурожаат қилганини зикр қилади[14]. Асар муаллиф алломани номларини келтираркан “ал-Ахсикатий мавлидан, ал-Хўжандий мавтинан” яъни “Туғилган жойи [нисбатидан] Ахсикатий, яшаб ўтган жойи [жиҳатидан] Хўжандий” деб атайди. Шу нуқтаи назардан ҳам бу асарда Фарғона фиқҳ мактабининг икки вакилининг иштироки бор эканлигини кўришимиз мумкин. Асар муаллифининг ва уни таълиф этишда фатволарига таянган Тожуддин Абу Бакр ибн Аҳмад ал-Ахсикатийларнинг шахсиятларига ойдинлик киритувчи маълумотларни ҳозирча топишга муваффақ бўлмадик. Бироқ Шайх, ал-Имом ал-Ажал, ал-Устаз, Устаз ал-Аимма, Муфти аш-Шарқ ва-с-Син унвонларига сазовор бўлган Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Али ибн Абу-л-Қосим ибн Абу Ражо ал-Қоидий ал-Хўжандий, ҳамда Шайх, Имом, Қози Тожуддин, Қози лиллаҳ ва фи-л-лаҳ номларига муяссар бўлган Тожуддин Абу Бакр ибн Аҳмад ал-Ахсикатий ал-Хўжандий каби зотлар ўз замонасининг етук алломаларидан бўлганликлари шубҳасиз. Уларнинг таржимаи ҳоллари ва илмий меросларига аниқлик киритиш борасидаги изланишларимизни давом эттиришимиз аниқ. Броккельман асар муаллифининг вафот санасини 644/1247 деб белгилаган[15]. Демак, аллома Тожуддин Абу Бакр ибн Аҳмад ал-Ахсикатий ал-Хўжандийни Фарғона фиқҳ мактабининг Фахруддин Қозихон (ваф.1196) ва Бурҳонуддин ал-Марғиноний (1118-1197) каби етук вакиллари билан ҳамзамон бўлган деб ҳисоблашга асос бор.
“Фатово Қоидия” асари анъанавий фиқҳий асарларнинг таркибий тузилишига мос равишда таълиф этилган. Натижада асардаги фиқҳий масалалар 54та китоб ва яна бир нечта “масаил” (масалалар) деб номланган қисмлар таркибида келтирилган. Асар кам ҳолларда боб ва фаслларга бўлинган. Фатволарни асослашда Қуръони карим оятлари ва Пайғамбар алайҳиссалом ҳадислари зикр қилинган. Қуръон карим оятлари келтирилган ўринларда оят бошланиши қизил сиёҳда ажратиб ёзилган.
Асардаги алоҳида хусусиятлари сифатида айрим мавзуларни бошқа маънодош китоблар таркибига киритилганини таъкидлаш мумкин. Масалан таҳорат масалалари “Китаб ас-Солат” (Намоз китоби) таркибида, мерос масаласи “Китаб ал-Васая” (Васиятлар китоби) таркибига киритлган ва ҳ.з.
Асарга аллома Тожуддин Абу Бакр ибн Аҳмад ал-Ахсикатий ал-Хўжандий билан бир қаторда ал-Ҳасан ибн Сулаймон ал-Хўжандий, ал-Ҳасан ибн Али ал-Марғиноний, Фахруддин Қозихон, Заҳируддин ал-Марғиноний, Али ас-Сўғдий, Умар ан-Насафий каби ўнлаб минтақамиз алломалари фатволари киритилган.
“Фатово Қоидия” асари қўлёзмалари бизнинг давримизгача етиб келган. Унинг нусхалари турли мамлакатлар қўлёзмалар фондларида сақланади. ЎзР ФА Шарқшунослик институти қўлёзмалар фондида асарнинг икки нусхаси сақланади. Биринчиси 2392 ашёвий рақам остида сақланадиган қўлёзма нусхаси бўлиб у анча қадимий. Қоғози, ёзув услуби умуман полеографик белгиларидан келиб чиқиб 13 асрда, эҳтимол ҳатто муаллиф ҳаётлик пайтида кўчирилган деб айтиш мумкин. Қўлёзма умумий ҳажми 400 варақдан иборат. Ўлчами 19,5х29,5см. Ҳар саҳифага 29 қатордан матн насҳ хатида битилган. Нуқсонли, айрим варақлари йўқ.
Асарнинг иккинчи қўлёзмаси мазкур қўлёзмалар хазинасида 4918 ашёвий рақам остида сақланади. Қўлёзма 1226/1811 йилда ҳатто Қилич Ниёз томонидан настаълиқ хатида кўчирилган. Қўлёзманинг умумий ҳажми 364 варақдан иборат. Ҳар бир вараққа 24 сатрдан матн битилган. Қўлёзманинг ўлчами 25х29см. Ўрта Осиё қоғозига битилган мазкур қўлёзма яхши сақланган.
“Фатовои Қоидия” асарининг 624 ашёвий рақам остида Туркияда сақланадиган қўлёзма нусхаси 1122/1710 йилда насҳ хатида кўчирилган. Қўлёзманинг ҳар бир саҳифасига 27 қатордан битилган матн тилла суви рангли рамка ичига олинган. Қўлёзманинг китоб, боб ва фасл номлари қизил сиёҳда битилган. Умумий ҳажми 515 варақ. Ўлчами 20,9х30,9см.
“Фатовои Қоидия” асарининг яна бир эътиборли томони ундаги фатволар араб ва форс тилларида келтирилганлигидир. Эҳтимол Хўжанд аҳолиси орасида форс тилида сўзлашувчилар ҳам кўпчиликни ташкил қилганлиги фатволарни икки тилда келтирилишига сабаб бўлгандир. Аслида Фарғона фиқҳ мактаби вакилларининг ҳаммаларининг фиқҳий асарларида ҳам форс тили элементлари, айрим жумлаларни форс тилида келтирилиши ҳолати тез-тез учраб туради. Бунинг сабаби айрим сўз ва ибораларни маҳаллий аҳолига изоҳлаб, шарҳлаб бериш зарурати билан боғлиқ бўлса керак. Лекин “Фатовои Қоидия” асарида форс тилидаги матн анча катта қисмни ташкил қилади. Ҳар бир саҳифада матннинг деярли тенг ярми араб тилида бўлса иккинчи ярми форс тилида эканлигини кўрамиз. Демак, бу ҳолатнинг сабаби ўша даврда фиқҳий асарлар Фарғона фиқҳ мактаби доирасида аксар араб тилида битилиши анъанасидан аста секин форс тилига ўтиб бориш жараёнининг бошланиш даври натижаси бўлиши мумкин.
Хулоса қилиб айтганда Фарғона фиқҳ мактаби алломаларидан Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Али ибн Абу-л-Қосим ибн Абу Ражо ал-Қоидий ал-Хўжандий, ҳамда Шайх, Имом, Қози Тожуддин Абу Бакр ибн Аҳмад ал-Ахсикатий ал-Хўжандийларнинг илмий мероси Мовароуннаҳр ҳудудига мўғуллар босқинининг илк даврларида муайян сабаблар фиқҳий асарлар матнини тузишда форс тилидан фойдаланишни кучайиб боришига таъсир қилганини кўрсатмоқда. Натижада айни шу даврдан бошлаб кейинчалик минтақада фиқҳий асарларни форс тилида битилиши устувор мавқега эга бўлган. Фарғона фиқҳ мактаби вакилларининг мазкур асари ҳали тадқиқ ва нашр қилинмаган. Демак асар устида олиб бориладиган тадқиқотлар Фарғона фиқҳ мактабига хос бўлган янги жиҳатларини кашф қилишга хизмат қилишига умид билдирамиз.