Home / МАҚОЛАЛАР / ҲИЖРАТНИНГ II АСРИДА СУННАТНИНГ ҲОЛАТИ

ҲИЖРАТНИНГ II АСРИДА СУННАТНИНГ ҲОЛАТИ

Ҳижрий II аср икки авлод даврини ўз ичига олади. Биринчиси 140/757 йилдан кейин яшаган кичик тобеинлардир. Биламизки, тобеинлар саҳобалардан кейинги энг яхши авлод бўлган. Одамларга шариатни тўлиқ етказишга ниҳоятда қаттиқ эътибор қаратган. Суннатни ишончли ва адолатли ривоятлардан олишни, суннати набавиянинг пок, соф эканини исботлашни ўз олдига вазифа қилиб қўйган. Бу авлод одамларни суннатга амал қилишга, ёдлашга, ёзиб олишга, ривояти ва тингланишида бардавом бўлишга ундаган.

Иккинчиси эса, умматга суннатни ривоят ва динни нақл қилган учинчи ҳалқа табаа тобеинлардир. Мана шу авлод бидъат ва ҳавои нафс йўлида ўзини олим ҳисоблаганларни фош этиб, ислом цивилизациясининг ривожланиш жараёнига катта таъсир кўрсатган. Шу аср ўрталарида суннат ва ровийларга қарши чиққан бидъатчи зиндиқлар энг юқори чўққига чиққанди. Бу авлод ўшаларнинг ёлғон тўқималарини ажратиб, динни ҳимоя қилган. Ҳатто халифа Маҳдий ўз одамларидан бирини уларнинг хабарларини кузатиш учун хуфя тарзда зиндиқлар орасига киритган. Лекин улар шунчалик кўпайган эдики, ҳатто кузатишга тайинланган одам ҳам пировардида бидъатчи зиндиқ бўлиб чиқарди.

Мана шундай тубанлик даврида бу авлоднинг имому уламолари булғанган ҳар бир нарсадан суннатни ҳимоя қилишда фаоллик кўрсатган. Шунингдек, суннатни кенг қамровли тартиблаш ва бўлимларга ажратишни бошлаган. Ҳадисларни текширувлардан ўтказиб, қоғозларга битиб жамлаган. Гарчи санадни суриштириш саҳобалар асрининг охири ва катта тобеинлар даврида бошланган бўлса-да, “илми рижол” (ровийларни билиш илми) айни шу пайтда пайдо бўлган ва ривожланган. Бу авлод ҳадисларни боб ва фаслларга ажратиб тартибга солишда кашшоф бўлгани каби илми рижолни тасниф этишда ҳам пешқадам бўлган. Ровийлар тарихи ҳақида ёза бошлаган. Шу битикларни биринчилардан бўлиб Лайс ибн Саъд (ваф. 174/790 й.), Абдуллоҳ ибн Муборак (ваф. 181/797 й.), Замра ибн Робиа (ваф. 202/817 й.), Фазл ибн Дукайн (ваф. 218/833 й.) каби алломалар тасниф этган.

Шу авлод вакиллари ровийларнинг буюк билимдонлари бўлиб, пок суннат илмларининг асосчилари ҳисобланади. Молик (ваф. 179/797 й.), Шофеий (ваф. 204/820 й.), Саврий (ваф. 161/778 й.), Авзоий (ваф. 157/774 й.), Шуъба (ваф. 160/777 й.), Ибн Муборак, Иброҳим Фазорий (ваф. 188/804 й.), Ибн Уяйна (ваф. 198/814 й.), Ибн Маҳдий (ваф. 198/814 й.), Вакиъ (ваф. 196/812 й.) каби алломалар шулар жумласига киради.

Ушбу асрдаги ҳадисларнинг ёзилишини уч шаклга бўлиб ўрганиш мумкин. Биринчисида ёзишнинг ривожланиши бўлиб, бунда ҳадисларнинг таснифида тартиблаш ва бобларга ажратиш устувор бўлган. Шунингдек, бу даврда ёзилган китобларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари билан бир қаторда, саҳобаларнинг сўзлари ва тобеинларнинг фатволари ҳам жамланган. Бундан аввалги саҳифаларда фақат набавий ҳадислар бўлган, холос.

Бу асрдаги ёзиш усули шундан иборат бўлганки, бир-бирига мутаносиб ҳадислар битта умумий бобга жамланган, сўнг китобга тартиб билан жойланган. Асарларнинг асоси саҳоба ва тобеинлар давридаги саҳифаларга ёзилган ҳадислардан, шунингдек, саҳобаларнинг оғиздан-оғизга етиб келган сўзлари, тобеинларнинг фатволаридан ташкил топган. Бу битиклар “муватто”, “мусаннаф”, “жомиъ”, “сунан” каби категорияларга бўлинган.

Иккинчи ўрганиладиган жиҳати ҳадис асарларини тасниф этган машҳур алломалар бўлиб, айримларининг номлари юқорида келтирилди.

Учинчиси шу даврда тасниф этилган ҳар хил асарни қисқача ўрганишдан иборат. Намуна сифатида Имом Моликнинг “Муватто”сини олсак. Ўз замонасининг имоми бўлган Абу Абдуллоҳ Молик ибн Анас Асбаҳийни тарихчи Имом Заҳабий ҳофиз, имом, уммат фақиҳи ва шайхулислом каби сифатлар билан улуғлаган.

Асарнинг “Муватто” деб номланишига иккита сабаб кўрсатиш мумкин. “Ватаъа” сўзи луғатда босиш, тепсаш, текислаш, тайёрлаш, келишиб олиш каби маъноларни билдиради. Биринчидан ҳадисларни оддий одамлар тушунадиган қилиб оммалаштиргани учун, иккинчидан Мадина уламолари Имом Молик билан ўзаро келишган, яъни фикри бир жойдан чиққани боис шундай ном берилган. Бу ҳақда Имом Моликнинг ўзи китобини мадиналик етмишта фақиҳга кўрсатгани, барчаси уни маъқуллагани ва “осонлаштирилган” маъносида “Муватто” деб ном берганини айтган.

Асардан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари, саҳобаларнинг сўзлари ва тобеинларнинг фатволари ўрин олган. Муаллиф уларни юз минг ривоят орасидан танлаб олган. Яҳё ибн Яҳё Андалусийнинг ривоятига кўра, асарда жами 853та ҳадис келтирилган.

Абу Бакр Абҳарийнинг билдиришича, Имом Моликнинг “Муватто”сида 1720та ҳадис бўлиб, шундан 600таси муснад – санади Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга кўтариб етказилган хабар, 222таси мурсал – санадининг охирида тобеиндан кейин бирор ровий тушиб қолган ҳадис, 613таси мавқуф – саҳобийга изофа берилган сўз, ё феъл, ё тақрир ва 285таси тобеинларнинг сўзларидир.

Кўриниб турибдики, турли манбаларда “Муватто”даги ҳадислар сони кескин фарқланади. Бунинг сабаби Имом Молик асарни қирқ йил давомида саралаб, такомиллаштириб борганидир. Китобни кимдир олдинги нусхасини, кимдир кейинги нусхасини ўқиган бўлиши мумкин. Ўша кезлари китобнинг ҳажми ҳозирги даврдагисига қараганда анча катта бўлган.

Имом Шофеий: “Муватто” Аллоҳнинг Китобидан кейинги энг саҳиҳ асар”, деган. Аллоҳнинг Китобидан кейинги энг саҳиҳ китоблар Имом Бухорий ва Имом Муслимнинг “Саҳиҳ”лари экани ҳақидаги кейинги уламоларнинг сўзлари билан бу гап ўртасида ҳеч қандай зиддият йўқ, албатта. Чунки Имом Шофеийнинг сўзи “Саҳиҳул Бухорий” ва “Саҳиҳи Муслим” вужудга келишидан олдин айтилган. Юқорида кўрсатилганидек, Имом Шофеий 204/820 йилда вафот этган. Бу вақтда Имом Бухорий ҳали ўн ёшга ҳам тўлмаган бўлган. Имом Муслим эса 204/820 йили таваллуд топган.

Баъзи алломалар “Муватто”ни “Сиҳоҳи ситта” (“Олти саҳиҳ китоб”)нинг олтинчисига муносиб кўрган. Жумладан, буни Разин ибн Муовия Сарақустий (ваф. 353/964 й.) “Ал-Жамъу байнал кутубис ситта” ва Мажд ибн Асир (ваф. 606/1209 й.) “Жомиъул усул” асарларида таъкидлаб ўтган. Аммо кейинги уламолар асарни “Кутуби тисъа” (“Тўққиз китоб”) деб аталувчи энг ишончли ҳадис тўпламлари қаторига киритган.  

Шундай қилиб, ҳижратнинг иккинчи асрида ҳадис китоблари ёзилиб, ҳадис тўпламлари тузилган. Шунингдек, ҳадис илмлари шариатнинг қимматли манбасига айланган.

Қодирхон МАҲМУДОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …