Тўлиқ исми Шайх Сулаймон ибн Ҳусайн ибн Муҳаммад ибн Шалабий ал-Жамзурий. Афандия куняси билан машҳур бўлган бу киши 1160-ҳижрий йиллар (1747- милодий) робиъул аввал ойида Жамзур шаҳрида зиёли оилада дуёга келган. Жамзур шаҳри ҳозирги кунда Мисрнинг Тонто шаҳридан 7-8 км узоқликда жойлашган.
Ҳижрий XII асрнинг энг катта Қуръон уламоларидан бири бўлган бу олим шофеъий мазҳабига мансуб бўлган. Бошланғич илмларни ўз қишлоғида олди. У киши аввал фиқҳ илми билан шуғулланиб кейин Қуръон илмига киришган ва кўплаб шайх устозлардан таълим олган.
Улардан бири Нуриддин Алий ибн Умар ибн Ҳамд ибн Умар ибн Нажий ибн Фанийш Ал-Мийҳий бўлиб, 1139 – 1204 йилларда яшаган. Мазкур шайх Азҳар университетида бир муддат илм билан машғул бўлиб Тандата (ҳозирги кунда Танта)га кўчиб келган ва толиби илмларга Қуръон ҳамда тажвид илмидан дарс бера бошлаган. Шайх Жамзурий мазкур илмларни айнан шу зотдан олган. Демак, Шайх Мийҳийни Сулаймон Жамзурийнинг хос устози деб атасак муболаға бўлмайди. Жамзурийнинг устозларидан яна бири шайх Муҳаммад Абу Нажо Мужоҳид бўлиб, Аҳмадий номи билан машҳурдир. Бу киши ҳам ҳижрий XII асрнинг машҳур Қуръон уламоларидандир. Айнан Шайх Мужоҳид Сулаймон Жамзурийга “Афандий”[1] деб мурожаат қилган. Шундан кейин Афандий номи Сулаймоннинг кунясига айланган.
Шайх Сулаймон Жамзурий йиллар давомида кўплаб шогирдлар етиштириш билан бир қаторда илмий асарлар ҳам битди. У қироат ва тажвид илмида йирик уламолардан саналишига қарамай, болаларга дарс беришни яхши кўрган ва уларга алоҳида дарс ҳалқаларини ташкил этди.
Шайх Сулаймон Жамзурий кўплаб асар ва манзумалар таълиф этган бўлиб улардан энг машҳурлари қуйидагилардир:
- “Туҳфатул-атфол вал-ғилмон фи тажвидил-Қуръон”
Мазкур асар назм яъни, шеърий байтлардан иборат бўлиб, олтмиш бир байтни ўз ичига олади. Шайх Жамзурий бу асарда Устози Нуриддин Мийҳийдан ўрганган айрим тиловат ва тажвид ҳукмларини баён этган. Бу асар ҳақида кейинроқ батафсил маълумот берамиз.
- “Фатҳул-ақфол бишарҳи туҳфатил-атфол”.
Бу асар Туҳфатул-атфол китобига ёзилган шарҳ ҳисобланади. “Фатҳул ақфол бишарҳи туҳфатил атфол”, “Туҳфатул-атфол фи тажвидил-Қуръон” нинг муаллифи Шайх Сулаймон Жамзурий. Ушбу асарнинг муқаддимасида Шайх Жамзурий раҳимаҳуллоҳ шундай дейди: “Ушбу асрнинг асл манбаи сифатида устозим Нуриддин Миҳийнинг ўғли Муҳаммад Миҳийнинг шарҳини танладим. Хос ва омма бу шарҳдан тенг фойда олишлари учун қоидаларни ўзини келтиришга чекландим. Бу шарҳда қайси маълумотларни ташлаб кетган бўлсам, у шарҳ (Муҳаммад Миҳийнинг шарҳи) суяниб тарк қилдим (яъни, бу асарда келтирилмаган маълумотларни унинг асли бўлмиш устозимнинг фарзандини шарҳидан топасизлар)…”. Сабаби Муҳаммад Миҳий “Фатҳул малик ал мутаъолий бишарҳи туҳфатил атфол” номли шарҳида тажвид қоидаларини кенг ва муфассал келтирган эди.
- «Назм-у канз ал-маъоний битаҳрири ҳирз ал-амоний».
Ушбу асар етти қироат ва тажвид илми борасида Шайх Шотибий томонидан ёзилган энг машҳур ва эътироф этилган «Ҳирз ал-амоний ва
важҳ ат-таҳоний» асарининг назмий шарҳи ҳисобланади;
- «Ал-фатҳ ар-раҳмоний шарҳ канз ал-маъоний битаҳрири ҳирз ал-амоний». Юқоридаги асарнинг шарҳи;
- «Манзума фий ривая ал-имам варш»
Етти мутавотир қироатнинг биринчиси, Нофеъ ал-Маданийнинг ровийси Варш ривоятининг қоидалари ҳақида ёзилган;
- «Жамиъ ал-масарро фий шаваҳид аш-Шотибийя ва ад-Дурра»
Шайх Шотибийнинг еттита мутавотир қироат борасидаги «Ҳирз ал амоний ва важҳ ат-таҳоний» асари ва Шайх Жазарийнинг учта мутавотир қироат борасидаги «Ад-дурра ал-музийя фил-қироат ас-салас ал-мутаммима лил-Башр ал-мурзийя» асарларининг шарҳи;
- «Ад-дурр ал-манзум фий узр ал-маъмум». Фиқҳ борасида ёзилган асар;
- «Ат-тороз ал-маркум бишарҳ ад-дурр ал-манзум». Юқоридаги фиқҳий асарнинг шарҳи.
Шайх Сулаймон Жамзурий том маънода ҳақиқий олим бўлган. Тахминларга кўра у киши узоқ умр кечирмаган. Бироқ шу фурсат ичида жуда ҳам кўп асарларнинг муаллифига айланган. Улар асосан тиловат, тажвид ҳамда фиқҳга оид бўлган. Шайх ёзган асарларнинг кўп қисми назм шаклида эканлиги олимнинг шеъриятда ҳам моҳир бўлганини билдиради.
Шайх Сулаймон Жамзурийнинг қачон вафот этгани аниқ маълум эмас. Лекин, 1209- ҳижрий (1795-милодий) йилларда ҳам ҳаёт бўлганлиги манбаларда келтирилади. Сабаби, у киши ўзининг “Ал-фатҳ ар-роҳманий шарҳи канз ал-маоний битаҳрири ҳирз ал-аманий” асарини айнан шу йили таълиф этиб тугатган. Шайх Айман Саид эса: «Имом Жамзурий ҳижрий 1213-йил, милодий 1799 йилда тирик бўлган» деган ва ушбу гапни Жамзурийнинг «Жамиъ ал-масарро фий шаваҳид аш-Шотибийя ва ад-Дурра» асарига нисбат берган. Шунингдек, Шайх Илёс Бармовий «Имтоъ ал-фузало битарожим ал-курро» китобида шу фикрга тўхталган.
Бошқа баъзи тадқиқотчилар, хусусан Абул Вафо Наср ал-Ҳуриний «Ал-матолиъ ан-насрийя» асарида ҳижрий 1227 йил, милодий 1812 йилда Тонтодаги «Аҳмадий» масжидида Шайх Жамзурий роҳимаҳуллоҳнинг дарсларида ҳозир бўлганини айтган. Шунга асосланиб баъзилар ушбу санада Шайх Жамзурий роҳимаҳуллоҳ ҳаёт бўлган дейишади.
Хулоса шуки, Шайх Сулаймон Жамзурий раҳматуллоҳи алайҳнинг вафот этган йили ҳақида аниқ маълумот йўқ.
Аллоҳ таоло у зотдан рози бўлиб, кенг жаннатларига дохил айласин.