Home / МАҚОЛАЛАР / ЁШ АВЛОДЛАР ҚАЛБИДА БАҒРИКЕНЛИК ТУЙҒУЛАРИНИ ШАКЛЛАНТИРИШДА ИСЛОМ ҚАДРИЯТЛАРИНИНГ ЎРНИ

ЁШ АВЛОДЛАР ҚАЛБИДА БАҒРИКЕНЛИК ТУЙҒУЛАРИНИ ШАКЛЛАНТИРИШДА ИСЛОМ ҚАДРИЯТЛАРИНИНГ ЎРНИ

Мамлакатимизнинг мустақилликка эришиши миллий ва диний қадриятларимизни, айниқса, ислом дини ва ундаги бағрикенглик маданиятини холис ўрганишга кенг йўл очиб берди. Ислом динидаги бағрикенглик тамойиллари ҳамиша маънавий-маърифий омиллар билан уйғун ҳолда ривожланиб борган. Ёш авлодни билимли, маърифатли қилиб тарбиялашда ислом дини қадриятлари муҳим роль ўйнайди. Ёшлар ҳар бир давр ва жамият учун, унинг келажаги учун асосий бунёдкорлари сифатида қаралади. Соғлом эътиқодли, юқори билимли ва юксак ахлоқли ёшларни тарбиялаб, вояга етказиш бизнинг вазифамиздир.

Шу боисдан ҳам Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясида “Маърифат ва диний бағрикенглик” деб номланган махсус резолюциясини қабул қилишни таклиф этганида маърифатли ислом динининг асл моҳиятини ёшларга ўргатишни назарда тутган, десак муболаға бўлмайди. Ўзбекистонда фуқаролараро бағрикенгликни таъминлаш, меҳнатни қадрлаш орқали инсонни улуғлаш, диний манбалардаги бағрикенглик ғояларига амал қилиш учун ижтимоий шароит яратилмоқда. Бу диний бағрикенглик ва эркинликни таъминлаш одамларнинг эътиқод ҳуқуқини ҳимоя қилиш жараёнида намоён бўлмоқда. Айни пайтда «Ижтимоий ҳаётимизда кўплаб ижобий жараёнлар билан бирга, ёш авлоднинг қалби ва онгини эгаллашга қаратилган маънавий таҳдидлар ҳам тобора хавфли тус олмоқда».[1]

Шу нуқтаи назардан Ўзбекистоннинг дунё ҳамжамиятини тинч-тотувликка даъват этувчи диний бағрикенглик сиёсати халқлар ва давлатлар орасида ижобий ҳамкорликни янада ривожлантириш учун «Жаҳолатга қарши – маърифат» эзгу ғояси асосида ислом динининг инсонпарварлик ғояларининг эзгу мақсадларга хизмат қилишини тарғиб этиш муҳим аҳамият касб этмоқда. Бугунги  кунда ёш авлодини комил инсон қилиб тарбиялашда ислом динида бағрикенглик маданиятини ўрганиш муҳим аҳамият касб этади. Ислом динидаги бағрикенглик маданиятини ўрганиш нафақат назарий, балки, амалий характерга эга бўлган масалалардан ҳисобланади. Зеро, бу ислом динида бағрикенглик принципларининг устувор бўлган майлларни аниқлаш ва ижобий жараёнлар ривожини таъминлаш имконини беради.

Жаҳонда содир бўлаётган воқеа-ҳодисалар, ҳатто жамиятнинг оддий аъзосига ҳам таъсирини ўтказмай қолмайди. Дарҳақиқат, бугун ислом динининг ичида ҳам кескин қарама-қаршилик мавжудлигини кузатишимиз мумкин. Шу муносабат билан бор куч ва салоҳиятимизни сафарбар этган ҳолда, маърифатли, бағрикенг ислом динига мусулмончиликни ниқоб қилиб олиб, унинг устидан ҳукмронлик қилишга уринаётган жангари, мутаассиб кучларга қарши курашишга ёрдам берадиган соғлом ғояни шакллантиришимиз зарур.

БМТ Бош Ассамблеясининг 2018 йил 12 декабрдаги ялпи сессиясида қабул қилинган «Маърифат ва диний бағрикенглик» тўғрисидаги махсус резолюцияси бунга яққол мисол бўлади. Ушбу резолюция мамлакатимизда қарор топган бағрикенглик ва ўзаро ҳурмат, диний эркинликни таъминлаш, эътиқод қилувчиларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш, уларнинг камситилишига йўл қўймаслик каби вазифаларни халқаро миқёсда амалга ошириш зарурлигини кун тартибидаги асосий масала сифатида қайд этди. Бу ҳақида Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, «Мамлакатимизда мустақилликнинг илк йилларидан бошлаб виждон эркинлигини таъминлаш масаласига устувор аҳамият берилди. Жумладан, муқаддас динимиз, миллий қадриятларимизни, буюк азиз-авлиёларимизнинг хотираси, меросини тиклаш, қадамжоларни обод қилиш бўйича жуда кўп иш қилинди ва қилинмоқда»[2] .

Ёшларда бағрикенглик маданиятини шакллантиришга аксиологик-дифференциал ёндашиш, унда ижтимоий-тарихий тажрибаларга таяниш, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат билан муносабатда бўлиш лозимлиги ҳақидаги фикрлар бағрикенглик муаммолари билан шуғулланувчи ижтимоий фанларни янги ғоя ва ёндашувлар билан бойитади. Бағрикенглик маданиятини ривожлантириш билан бирга, уларни янги замон талабларига мос равишда такомиллаштириб бориш ҳам муҳим масалалар сирасига киради. Бундай хислатга эга бўлган одам ҳеч қачон бировга ҳурматсизлик қилмайди, турли даражадаги ғайриинсоний иллатларга ҳамиша нафрат билан қарайди. Ўз навбатида бағрикенглик инсон онги ва фаолиятининг ўзаро боғлиқлиги, ўзаро таъсир характерини ҳам ифодалайди. Бошқача айтганимизда, бағрикенглик маданияти нафақат инсон онгининг ривожланиш даражасини, балки, унинг амалий фаолиятининг ҳам кўрсаткичи ҳисобланади. Бағрикенглик маданияти деганда инсондаги юмшоқлик, тоза қалблилик ва дилкашлик хусусиятлари ҳам тушунилади.

Диний бағрикенглик ислом динида аввало, Қуръони карим, ҳадиси шарифларда ҳамда саҳобийларнинг амалга оширган ишлари билан кенг тарғиб қилинади. Хусусан, Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг Бақара сураси, 256-оятида шундай марҳамат қилади: “Динда мажбур қилиш йўқдир. Батаҳқиқ, ҳақ ботилдан ажради[3]. Шунингдек, Мумтаҳина сураси, 8-оятида “Дин тўғрисида сизлар билан урушмаган ва сизларни ўз юртингиздан (ҳайдаб чиқармаган) кимсаларга нисбатан яхшилик қилишингиз ва уларга адолатли бўлишингиздан Аллоҳ сизларни қайтармас. Албатта, Аллоҳ адолатли кишиларни севар[4]-деб марҳамат қилади.

Қуръони каримда ушбу мазмундаги ояти карималар бир қанча бўлиб, уларнинг барчасида Аллоҳ таоло ўз бандаларини бошқа дин вакиллари билан аҳил-иноқ яшашга, уларга нисбатан адолатли муносабатда бўлишга буюради.

Шунингдек, ислом динининг бағрикенглигини биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шахсий намуналарида тўлиқ ва равшан кўришимиз мумкин. Ривоятларда келишича, Расулуллоҳ (алайҳиссалом) Ҳабашистондан келган насроний меҳмонларни масжидларига тушириб, ўзлари хизмат қилган эканлар. Мадинага келганларидан сўнг яҳудийлар билан аҳднома тузиб, тинч-тотув ва жамият манфаати учун ҳамкорликда яшаш асосларини белгилаб, унга амал қилиб яшаганлар. У зот бошқа дин вакилларидан берилган ҳадяларни қабул қилар ва ўзлари ҳам уларга ҳадя улашар эдилар.

Диёримизда етишиб чиққан алломаларнинг асарларида диний бағрикенглик билан боғлиқ қадриятлар тарғиб қилинган кўплаб фикрларни учратамиз. Буюк аллома, мотуридия йўналиши асосчиси Абу Мансур Мотуридийнинг (870-944) асарлари бунга яққол мисол бўла олади. Мотуридийнинг Қуръон тафсирига бағишланган, ислом оламида жуда кенг танилган «Таъвилот аҳл ас-сунна» асари Ҳаж сураси 40-ояти “Агар Аллоҳ одамларнинг баъзиларини баъзилари билан даф этиб турмас экан, албатта, Аллоҳ номи кўп зикр қилинадиган (роҳибларда) узлатгоҳлар, (насронийларда) бутхоналар, (яҳудийларда) ибодатхоналар ва (мусулмонларда) масжидлар вайрон қилинган бўлур эди” тафсирида: «Черков ва синагогаларни вайрон қилиш ман этилади. Шунинг учун ҳам мусулмонлар юртида шу давргача улар бузилмай сақланиб қолган. Бу масалада илм аҳли орасида ихтилоф йўқдир»[5] – деб қатъий таъкидлайди.

Мотуридий христианлар мусулмонларга қалби мойилроқ, дўстона муносабатга яқин эканини айтиб ўтган бўлса[6], Абул Баракот Насафий насронийлар мусулмонларга дили яқин эканини, улар орасида тавозели, камтар «қиссис ва роҳиб», яъни олим ва обидлар бор дея таърифлаб, илм кимда бўлишидан қатъий назар, у албатта яхшиликка етаклашини алоҳида таъкидлайди.

Исломдан бошқа динларни тан олмаслик ёки исломни ўзидаги мазҳабларни зўрма-зўраки бирлаштиришга бўлган уриниш ҳам бағрикенглик тамойилларини бузилишига олиб келади. Бундай уриниш бемаъниликдир. Шу маънода, ўз вақтида Мавлоно Жалолиддин Румий ҳазратлари: «Сиз қандай қилиб динни бир қиласиз? Бу фақат қиёматда мумкин. Бу ер дунёдир ва шунинг учун ҳам диннинг бир бўлиши мумкин эмас. Чунки бу ерда уларнинг турли-туман истаги ва тилаги бордир. Дин дунёда бирлашолмайди, фақат қиёматда бир бўлади. Қиёматда уларнинг ҳаммаси бирлашади, бир қулоқ, бир тил ҳолига келади»[7], – деган эдилар.

Бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида юртимизда инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида миллатлар ва диний конфессиялараро ҳамжиҳатлик, аҳиллик ва бағрикенглик тамойилларининг янада мустаҳкамланишига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айниқса, ёшларни баркамол инсон бўлиб етишишларида диний бағрикенглик масаласининг ўрни катта ҳисобланади. Зеро, диний бағрикенглик асосида юксак ахлоқ ва инсонпарвар ғоялар ётади. Бугунги мураккаб ўзгаришлар шароитида ёш авлод дунёқарашида диний бағрикенглик тамойилларини қарор топтириш устувор вазифалардан ҳисобланади.

Хулоса қилиб айтганда, ёшлар тарбиясида миллий ва умуминсоний қадриятларнинг қарор топишида ислом динидаги қадриятларнинг ўрни беқиёс ҳисобланади. Ёшларда бағрикенглик онги, тафаккури ва хулқ-одобини шакллантириш нуқтаи назаридан уларни ижтимоий-ахлоқий жиҳатдан юксалтиришни таҳлил этишга қаратилган илмий-тадқиқотлар муҳим аҳамиятга эга.

[1] Мирзиёев Ш.М. Ёшлар куни муносабати билан Ўзбекистон ёшларига табриги. https  ///daryo.uz. 2020/06/29
[2] Мирзиёев Ш.М. Миллий тараққиёт йўлимизни қатъият билан давом эттириб, янги босқичга кўтарамиз. 1-жилд.-Тошкент:Ўзбекистон, 2017.   – Б.466.
[3] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф “Тафсири Ҳилол”  Т.; “Шарқ”, 2012. 1-жуз. – Б.263
[4] Шайх Абдулазиз Мансур. Қуръони Карим маъноларининг таржима ва тафсири –Тошкент.  “Тошкент ислом университети” 2007. – Б.550.
[5] Абу Мансур ал-Мотуридий. Таъвилот аҳл ас-сунна. –Байрут: Муассаса ар-рисала, 2004. Т.III. – Б.376.
[6] Абу Мансур ал-Мотуридий. Таъвилот аҳл ас-сунна. –Байрут: Муассаса ар-рисала, 2004. Т.II. – Б. 60.
[7] Румий Ж. Ичингдаги ичингдадир. У. Абдуваҳоб таржимаси. – Тошкент: Ёзувчи, 1997. – Б.31.
Абдурасул АБДУЛЛАЕВ,
Тошкент ислом институти,
фалсафа доктори (PhD)

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …