Мовароуннаҳрда ижод қилган машҳур ҳанафий уламоларидан бири аллома Абу Лайс Самарқандий ҳаёти ва илмий фаолияти юртимиз ва чет эл тадқиқотчилари томонидан кенг тадқиқ этилган. Мазкур тадқиқотларнинг катта қисмида олимни машҳур фақиҳ ва муфассир сифатида берилган. Ушбу мақолада Абу Лайс Самарқандийнинг калом илмига илмий меросини ўрганишга алоҳида аҳамият берилган. Самарқандийни ҳанафий-мотуридий олимларидан бири сифатида мотуридия таълимоти ривожига қўшган ҳиссаси очиб берилган.
Абу Лайс Наср ибн Муҳаммад ибн Иброҳим Хаттоб Самарқандий Тавзий Ҳанафий мовароуннаҳрлик етук фақиҳ ва тафсир уламоларидан бири бўлган. Ҳанафий фиқҳи борасидаги хизматлари учун “Фақиҳ” ва ҳанафий-мотуридия таълимоти ривожига қўшган ҳиссаси учун “Имом ал-ҳуда” (“Тўғри йўлга чорловчи имом”) унвонлари билан танилган. Олимнинг туғилган йили борасида турли хил қарашлар мавжуд. Уларда 301/914-310/922 йиллар орасида Самарқандда туғилган, деган фикр устунроқ саналади[1].
Абу Лайс Самарқандий Мовароуннаҳрда ислом илмларининг калом, фиқҳ, ҳадис, тафсир, луғат ва тарих каби илм соҳалари ривожланган даврда яшади. У Самарқандда туғилиб, шу ерда улғайди. Самарқанд фиқҳ ва калом мактаби вакилларидан илм ўрганиб, етук олим бўлиб танилди. У дастлаб отаси Муҳаммад ибн Иброҳим Тавзийдан таълим олади[2]. Ундан сўнг эса замонасининг фақиҳлари Абу Жаъфар Ҳиндувоний, Халил ибн Аҳмад Қози Сажний, Муҳаммад ибн Фазл ва бошқа устозлардан ҳадис, калом ва тафсир илмларидан таҳсил олади. Шунингдек, Балх, Бухоро, Бағдод каби шаҳарларга у ердаги уламолардан илм олиш учун сафарлар қилади.
Самарқандий устози Абу Жаъфар Ҳиндувоний орқали ҳанафий фақиҳлари шажарасида, Абу Мансур Мотуридий орқали эса ҳанафий-мотуридий вакиллари шажарасида мустаҳкам ўрин эгаллайди. Ушбу икки шажара эса билвосита мазҳаб асосчиси имом Абу Ҳанифага етиб боради.
Кўп йиллик риёзат ва илм йўлидаги заҳматлар натижаси ўлароқ Самарқандий фиқҳ, калом, ваъз, зуҳд ва тафсир борасида машҳур олим бўлиб танилди. Шундан сўнг Аллома устоз-шогирдлик анъанасини давом эттириб, умрининг охирига қадар кўплаб талабаларга устозлик қилди. Улар орасида Луқмон ибн Ҳаким Фарғоний, Абу Молик Наъим Хатиб, Муҳаммад ибн Абдураҳмон Зубайрий, Абу Саҳл Аҳмад ибн Муҳаммад, Абу Абдуллоҳ Тоҳир ибн Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Наср Ҳаддодий каби етук олимлар етишиб чиқди[3].
Абу Лайс араб тили билан бир қаторда форс тилини ҳам мукаммал билган. Икки тилда кўплаб асарлар таълиф этган. Шунингдек, олим ўзининг “Баҳр ал-улум” тафсирида оятлардаги сўзларнинг луғавий маънолари, жумлаларнинг фалсафий жиҳатларини ҳамда баъзи оятларнинг тиббий фойдаларини ҳам келтириб ўтган.
Самарқандийнинг тафсир, фиқҳ, усул ад-дин (калом), тасаввуф (зуҳд ва рақоиқ) илмларига оид китоблари маълум ва машҳур. Жумладан: Тафсир илмига оид “Баҳр ал-улум” (“Илмлар денгизи”) асари. Ушбу асар “Тафсири Самарқандий”, “Тафсир Аби Лайс Самарқандий” ва “Тафсир ал-Қуръон” номлари билан машҳур.
Олимнинг “Хизона ал-фиқҳ” (“Фиқҳ хазиналари”) асарида ҳанафий фиқҳига оид масалаларнинг мухтасар таърифи берилган. Жами асарнинг жаҳон фондларида 62 та қўлёзма нусхаси мавжуд. Унинг 1229/1814 ва 872/1467 йиллари кўчирилган икки қўлёзма нусхаси Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Шарқшунослик институтида сақланмоқда.
“Уюн ал-масоил” (“Масалаларнинг қудуқлари”) асари. Бу асарда Самарқандий ҳанафий фиқҳига оид назарий масалаларни жамланган. Асарда Абу Ҳанифа ва у кишининг шогирдларидан бошлаб то олим яшаган даврга қадар бўлган вақт оралиғида яшаган ҳанафий уламолари томонидан келтириб ўтилган масалалар зикр этилган.
“Муқаддима Абу Лайс” (“Абу Лайс муқаддимаси”) асари. Ушбу асар “Муқаддима фи ас-солат” ва “Муқаддима фи ал-фиқҳ” каби номлар билан аталади. Ушбу асар намоз ва унга тегишли масалаларни ўзида жамлаган. Баъзи ақидавий масалалар ҳам баён этилган.
“Ан-Навозил” (“Нозил бўлганлар”) асари. Унинг “ал-Фатово”, “ан-Навозил мин ал-фатово”, “Фатово ан-навозил” ва “Муҳтарат ан-навозил” каби номлар билан ҳам аталгани маълум. Бу асар фатволар ҳақидаги китоб бўлиб, Мовароуннаҳрда фатво жанрида ёзилган илк манбалардан бири саналади. Кейинги аср олимлари ушбу асар асосида ўз фатво тўпламларини ёзишган.
“Мухталиф ар-ривоя” (“Ривоятлардаги қарама-қаршиликлар”) асари. Мазкур асар мужтаҳидлар орасида мавжуд фарқли фиқҳий қонун-қоидалар ва ихтилофли масалаларни ўзида жамлаган. Ушбу асар хилоф илмига оид мўътабар манба бўлиб, Нажмуддин Насафийнинг “ал-Манзума” асари мазкур асарнинг шарҳи саналади.
Бундан ташқари “Таъсис ан-назоир ал-фиқҳийя”, “Ал-Мабсут”, “Ан-Наводир ал-муқайяда”, “Шарҳ ал-жомеъ ал-кабир”, “Шарҳ ал-жомеъ ас-сағир”, “Муқаддима фи баён ал-кабоир вас-сағоир” ва “Фатово Аби Лайс” каби асарлари фиқҳ фанида муҳим рол ўйнайди.
Олимнинг тасаввуф илмига оид асарлари ислом уламолари орасида жуда машҳур. “Танбеҳ ал-ғофилин” асари ҳозиргача кўплаб таълим муассасаларида ўқиб, ўрганиб келинади. Мазкур асар 94 бобдан иборат бўлиб, унда Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.)нинг сўзлари ҳамда салафи солиҳларнинг ваъз-насиҳатлари жамланган. Китобда ақида, ибодат, одоб-ахлоқ, Қуръон ва рамазон ойининг фазилати, ота-онанинг ўз болалари олдидаги ҳуқуқ ва мажбуриятлари, боланинг ўз ота-онаси олдидаги мажбуриятлари, шароб ичишдан, ёлғон сўзлашдан, ҳасад қилишдан қайтариш, етимларга хайру саховат, раҳм-шафқатли бўлиш, касбнинг фазилатлари, ҳалол меҳнат қилиш каби боблар ёритилган.
Кейинги машҳур асар “Бўстон ал-орифин” китоби ҳисобланади. Бу китоб ахлоқ ва тарбияга оид муҳим манба бўлиб, унда таълим-тарбияга оид кўп ривоятлар, тарихий воқеалар, ҳикоялар ва ҳадислар келтирилган. Асар 159 бобдан иборат бўлиб, унда илм ўрганиш, салом бериш, овқатланиш одоби, ичимликлар, табобат, илм ва адаб фазилатлари каби боблар мавжуд. Мазкур китоб ҳам бир неча марта араб тилида нашр этилган. Юртимизда ҳам асарнинг ўзбек тилидаги нашри амалга оширилиб, кенг жамоатчиликка етиб борган[4].
Юқорида айтилганидек олим усул ад-дин (калом) илми бўйича улкан илмий меросга эга. У асарларда ҳанафий-мотуридийлик таълимоти бир неча мавзулар орқали тадқиқ этилган. Калом илми бўйича асарлар қуйидагиларни ўз ичига олади:
“Баён ақида ал-усул” (“Асосий ақида баёни”) асари. Самарқандийнинг ушбу асари калом илмига оид бўлиб, у яна “Усул ад-дин” (“Диннинг асоси”) номи билан ҳам машҳур. Бунга калом илми мазкур даврда “усул ад-дин” номи билан номлангани ҳам сабаб бўлган. Мазкур асар Индонезия, Малайзия ва Африка минтақасида аҳли сунна вал жамоа ақидасини жамлаган манба сифатида кенг ёйилган. Асар ҳақидаги маълумотларни А.В.Жуйнболл 1881 йилда Лейденда чоп этган рисоласида айтиб ўтади.
“Асрор ал-ваҳий” (“Ваҳийнинг сир-асрорлари”) асари.
“Рисола фи ал-маърифа ва иймон” (“Иймон ва маърифат (Аллоҳни таниш) ҳақида рисола”) асари.
“Рисола фи ал-ҳикам” (“Ҳикматлар ҳақида рисола”) асари.
“Қувват ан-нафс фи маърифа ал-аркон ал-хомс” (“Беш арконни билишда нафснинг қуввати”) асари[5].
“Шарҳ ал-фиқҳ ал-акбар” (“Катта фиқҳнинг шарҳи”) асари. Мазкур асар Абу Ҳанифанинг “ал-Фиқҳ ал-акбар” асарига ёзилган шарҳ хисобланади. Баъзи манбаларда “Шарҳ ал-фиқҳ ал-абсат” номи билан ҳам зикр этилган. Бунга Абу Ҳанифанинг шогирди Абу Мутиъ Балхий устозининг китобини шу номда зикр этгани сабаб бўлган. “Шарҳ ал-фиқҳ ал-акбар”да мотуридий мактаби вакилларига оид жумлалар учраса-да, тадқиқотчи Ҳанс Даибер уни Абу Лайс Самарқандий қаламига мансуб эканлигини таъкидлаган.
“Уқубат аҳл ал-кабоир” (“Гуноҳи кабира аҳлининг оқибатлари”) асари. Абу Лайс Самарқандийга нисбат берилган мазкур асар Мустафо Абдулкарим Ато томонидан 1983 йил Байрутда ва 1989 йил Бағдодда нашр этилган.
Юқорида зикр этилган асарлар сони ва мавзуларидан келиб чиқиб айтиш мумкинки, Абу Лайс Самарқандий ўз даврининг ислом илмларида етук олимларидан бири бўлган. Олим қайси соҳада фаолият олиб бормасин, унинг қарашлари ва соҳага оид китоблари мазкур соҳа ривожига улкан ҳисса қўшган.
Абу Лайс Самарқандийнинг калом илмидаги қарашлари Абу Ҳанифа ва унинг шогирдларининг ҳанафий ақидаси борасидаги таълимотларини давом эттирган ҳамда мотуридийлик таълимоти вакилларининг фикрлари билан ҳамоҳанг бўлган. Олимнинг калом илмига оид мероси ва уларда баён этилган масалалар моҳияти бунга яққол мисол бўлади.