Home / МАҚОЛАЛАР / ИЛМИЙ ИЖОДДА ИНТУИЦИЯГА БЎЛГАН МУНОСАБАТ

ИЛМИЙ ИЖОДДА ИНТУИЦИЯГА БЎЛГАН МУНОСАБАТ

Интуиция рационал ва иррационал тафаккур, ижод, хусусан, «бадиий ва илмий ижод», «ақл», «хотира», «тасаввур», «диққат», «фаҳм-фаросат», «онглилик», «онгсизлик», «онг ости соҳаси» ва «инстинкт» кабилар билан диалектик боғлиқликдаги муҳим тушунчадир. Интуиция, интуитив билиш ва тафаккур инсоннинг нафақат ҳиссий ва ақлий билиш қобилияти, балки руҳияти билан ҳам бевосита боғлиқ мураккаб, серқирра ва яхлит билиш жараёни ҳисобланади. У лотинча «intueri» сўзидан олинган бўлиб, диққат билан қараш (фаҳм-фаросат), деган маънони билдиради.

Интеллектуал интуиция ақлнинг ҳодисаларнинг моҳиятини бевосита англаб етишидир. Интуиция инсайт, мушоҳада, машаққатли илмий изланиш, янги далилларни топиш ва уларни илмий гипотезалар, тизимлар, назариялар ва қонунларда рационал, мантиқий дискурсив англаб етишдир. Интуитив билиш бу кишининг бирор бир нарса ёки ҳодиса ҳақида муайян тасаввурларга, билимларга эга бўлиши ва фикрини маълум муаммо ёки масалани ечишга йўналтирган ва шу асосда ўз фикрини ривожлантираётган пайтда рўй берадиган жараён.

Олимларнинг қайд этишича, интуитив билиш бу ҳиссий ва мантиқий билишдан фарқ қилиб, ўз табиатига кўра ҳеч бир воситасиз, ҳиссий идроксиз ва мантиқий муҳокамасиз бирор тасаввур ёки фикрнинг бирданига, кутилмаганда туғилишидир. Интуицияни ўрганиш илмий билишда ҳозирги замон концепциясининг янги қирраларини очиш имконини берувчи билимларни ҳосил қилишда муҳимдир. Фалсафа тарихида интуиция Рене Декартнинг интеллектуал интуиция ғояси, Бенидект Спинозанинг универсал заруратни англаш ва билишнинг асоси, И.Фихтенинг ички ҳаракат маҳсули иррационал билиш тарзи сифатида ифодалангани кўрсатилган. А.Шопенгауэр интуицияни «фаросат» тушунчаси билан боғлаган. Фома Аквинский уни ақл ва эътиқод, фан ва диннинг уйғунлиги, Зигмунд Фрейд эса онгсизликнинг ижоддаги ифодаси сифатида тушунган. Ф.Ницше «иррационаллик» тушунчасини «ахлоқ» тушунчаси билан боғлаб қуйидагича тушунтирган: «Ахлоқ инсондан ажралмаган, у ер юзидан 20 минг метр баландликда парвоз этувчи руҳ. Янги ҳикматлар айнан қалбда бўлади» [1:34-35]. Г.Зиммель интуицияни тарифлашда «ҳаётдан афзал», «ҳаётдан муҳим» тушунчаларидан фойдаланади. Ҳаётнинг биринчи даражаси – табиат, оила, жамият кўринишида, иккинчиси (олий руҳ) эса маданиятнинг турлари сифатида намоён бўлади [2:34].

Француз файласуфи А.Бергсон ўзининг «Онгнинг бевосита маълумотлари» номли асарида мантиқийлик ва интуитивлик билишнинг бир-бирини тўлдирувчи махсус воситалари эканини, уларни умумий ижодий жараённинг ўзаро боғлиқ томонлари сифатида тушуниш ва талқин этиш лозимлигини таъкидлайди [3:210] ва интуицияни ўрганишни фалсафанинг вазифаси деб ҳисоблайди.

А.Бергсон ўзининг материя ва хотира асарида юқори даражадаги интуиция шаклини спонтан образли фикр юритиш қобилияти деб атайди. У спонтан образли фикр юритиш қобилиятини тафаккурдан ажратади ва космик даражадаги руҳий энергия шакли деб ҳисоблайди. Юқорида айтганимиздек, бу ҳис-туйғуга руҳий муҳаббат хосдир. Бу туйғу орқали инсон табиатдаги барча мавжудотларни ҳис қилиши ва улардаги ҳаётий куч-қувватга шерик бўлиши мумкин. Бергсоннинг таъкидлашича, инсоннинг табиатдан бегоналашуви унинг интуитив ҳис туйғусини сўндириб бормоқда. Фақатгина инсоннинг ҳаёти катта хавф остида қолгандагина унда интуитив ҳис-туйғу кучайиб боради ва у оғир вазиятлардан чиқиб кетиш йўлларини одамзодга кўрсатади. Бергсон инсон тафаккурини зулматда ёниб турган шамга ўхшатса, интуицияни бутун борлиқни ёритиб турувчи ва унга ҳаётий куч берувчи қуёшга ўхшатади. Тафаккур қонун-қоидалари билан чегараланган инсоннинг онги бу қуёш нурини илғаб олишга қодир эмас.

Бергсон руҳнинг ҳаёти ҳақида ёзар экан, тафаккурни ҳам руҳий энергия оқимининг бир шакли деб ҳисоблайди. Лекин айнан бу шакл қолипга тушиб қолган бир механизмга ўхшайди. Унда ижодкорлик қобилияти сўнган. Бергсон инсонда ижодий қобилиятни кучайтириш учун тафаккур ва интуицияни бирлаштириш керак деб ҳисоблайди. Унинг айнан шу фикри юқорида келтирилган Ж.Румий ва Ш.А.Гхошнинг фикрига ўхшайди. Бергсон спонтан образли кўриш ҳақида ёзар экан, уни онг остидаги тимсолларга асосланган деб ҳисоблайди. Унинг онг остидаги спонтан тимсоллари К.Юнгнинг онг остидаги тимсолларига ўхшаб кетади. Ҳинд йога таълимотида А.Гхош интуитив кўриш ҳақида гапирар экан, унга онг остидаги спонтан тимсоллар хос деб ёзади. У бу қобилиятни ички кўриш деб атайди.

Борлиқдаги жамики нарса ва ҳодисалар ўзининг муайян шаклига, хусусиятига, белги-аломатлари ва миқдорига эга бўлиб, шулар орқали уларнинг сифати аниқланади. Бу ҳолат миқдор ўзгаришларининг сифат ўзгаришларига ўтиши қонунида акс этган. Айни пайтда миқдор ва сифат нарса ва ҳодисаларнинг ўзаро муносабатлари ҳақида яхлит билим берувчи фалсафий категориялардир. Билиш жараёнида интуиция йўқ жойдан пайдо бўлмайди, унинг юзага келиши учун ижодкор изланаётган соҳаси бўйича чуқур билимга, кўникмага, етарли тажрибага эга бўлиши керак ва бундан ташқари объектив ва субъектив омиллар мавжуд бўлиши зарур. “Интуиция – тўғридан тўғри, далиллар билан асосланмасдан туриб ҳақиқатга етишиш қобилиятини ифодалайди. Баъзида инсон фикри мавжуд бўлган билиш усуллари доирасидан ташқарига чиқиб, муаммога янгича ёндашиш усулини илғаб олади ва муаммога ечим топади” [4:102]. Мантиқийлик «онг ости» даражасида аҳамиятга эга бўлиб, интуитив билишнинг таркибий қисмидир. “Онг – инсон миясининг фаолияти, маҳсули. Онг – инсоннинг руҳий ҳолати” [5:106]. Илмий билишда мантиқийлик ва интуитивликни бир-бирини тўлдирувчи воситалар, умумий ижодий жараённинг ўзаро боғлиқ томонлари сифатида тушуниш ва талқин этиш лозим.

Маълумки, фан соҳасидаги изланишлар олимнинг маънавий фаолияти ҳисобланади. Олим муайян муаммонинг ечими устида ишлаётганда шу муаммога дахлдор тадқиқот объектини илмий ўрганиш орқали унинг моҳияти, алоқа ва муносабатлари мажмуини аниқлашни ўз олдига мақсад қилиб қўяди. Бунда у илмий билишнинг мантиқий методологик асоси ҳисобланган диалектикага таянади. Диалектика эса оламдаги барча жараёнлар объектив қонунларнинг рўёбга чиқиши деган ғояга асосланади.

Албатта, илмий кашфиётларда интуициянинг ролини инкор қилиб бўлмайди. Шунинг учун ҳам француз олими М.Заар ўзининг “Ижод йўллари” номли китобида интуиция ҳис-туйғулар ҳам қодир бўлмаган нарсага қодирлигини асослаш мақсадида: “У нарсалар борлиғини ва уларни яширин қийматини (қадрини) қамрайди, забт этади”, деб таъкидлайди. Интуиция илмий гипотезага йўл очади. Илмий ижодда ижодкор тасаввур ва фантазия орқали борлиқдаги мавҳумликни дарров пайқаш мумкин бўлган тарзда тасвирлайди. Аммо тасаввур ва интуиция ақлий чегарада олимларнинг илмий кашфиётлар қилишида қўлланувчи ёрдамчи восита бўлиб қолади.

Бир-биридан чегараланган интуитив маълумотлар янги ва ҳақиқий билимнинг очилишига восита бўлиб хизмат қилади. Интуиция янги ғояни очишда фанда метод восита вазифасида кўринади. Бу методологик эвристик билиш интуицияси «кутилмаган фикр» тарзида «ёришувдек» тасвирланади. Интуитив билиш имкониятининг муаммоси (воситасиз) билиш фикрдан айнан фикрга олиб боради. Бунда билишнинг моҳияти ҳақида савол туради. Интуициянинг асосида эса билишнинг моҳияти – ҳақиқат ётади. Фалсафа тарихида интуитив билиш мутлақ ҳақиқатни, воситасиз ёришувни ва ёрқин билишни англатади.

Билиш жараёнида тасаввур, хотира, диққат, фаҳм-фаросат каби тушунчалар интуициянинг асоси сифатида ўрганилган. «Тасаввур – бу ҳиссийлик, мантиқийлик ва интуитивликнинг ўзига хос уйғунлиги бўлиб, бунда тафаккур ҳиссий образларни умумлаштириб уларга мазмун бағишлайди» [6:133]. Ижодий тасаввурнинг кучи ҳосил қилинган билимнинг ўзига хослигида, муаммонинг ўзгача ечимларининг топилишида намоён бўлади.

Хуллас интуитив билиш жараёнида инсон интиҳога эмас, балки ибтидога қараб интилади. Интуитив билиш муаммо ечимини излаш жараёнида тарихийлик ва мантиқийликка асосланиб, объектив хулоса чиқариш имконини яратади ва бу жараён муаммо ҳақида янги бир фикрнинг пайдо бўлишига олиб келади. Назаримизда, интеллектуал интуиция бир вақтнинг ўзида рационал ва иррационал тафаккур бирлигида акс этувчи билиш жараёнидир. 

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:
  1. В.Виндельбанд. История новой философии в ее связи с общей культурой и отдельными науками. Т. 2. От Канта до Ницше. –М.: Гиперборея; Кучково поле, 2007.
  2. А.П.Кухтенков. Георг Зиммель и Карл Ясперс о трагическом положении человека в современной культуре // Философия. Наука. Культура. Вып. 6: Сб. ст. слушателей, соискателей кафедры философии ИППК МГУ. –М.: МГУ, 2003.
  3. А.Бергсон. Философская интуиция // Путь в философию: Антология. –М.: Наука, 2001.
  4. М.Н.Абдуллаева. Миллий ғоянинг илмий-фалсафий асослари. –Т.: Фалсафа ва ҳуқуқ институти, 2011.
  5. Б.О.Тўраев. Борлиқ: моҳияти, шакллари, хусусияти. –Т.: Фалсафа ва ҳуқуқ институти, 2011.
  6. О.В.Степаносова. Современные представления об интуиции // Вопросы психологии, 2003. – № 4.

 

Зойира НАДИРОВА,
Тошкент ахборот технологиялари университети
Қарши филиали тадқиқотчиси

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …