Мамлакатимизда амалга оширилаётган янгиланиш жараёни ижтимоий ҳаётнинг барча жабҳаларини тобора кўпроқ қамраб олмоқда. Бунда халқимизнинг асрлар давомида шаклланган маънавий қадриятларини тиклаш, узоқ ва яқин тарихдаги маданий-адабий меросни мустақиллик мафкураси асосида ўрганишга катта аҳамият берилмоқда. Зеро, Президентимиз Ш.М.Мирзиёев таъкидлаганидек: “Юртимизда дунё адабиётининг бебаҳо мулки бўлган минг-минглаб асарлар таржима қилиниб, китобхонлар қалбидан жой олгани, бадиий таржима ва таржимашунослик бўйича ўзига хос ижодий мактаб шаклланганини алоҳида таъкидлаш лозим”.
Биз ёшлар буюк аждодларимизнинг илмий-маърифий ва маданий меросига ҳурмат ва миллий ифтихор руҳида тарбиялансак, мамлакатимизнинг тараққиётига салмоқли ҳисса қўша оламиз. Заминимизда улғайиб ўз асарлари билан башарият тамаддунига ҳисса қўшган алломалар, мутафаккирлар, ҳунармандлар ва хаттотларнинг ҳаёти ва илмий фаолиятини ўрганиш, уни келажак авлодга етказиш, улар қолдирган илмий ва маънавий мерос акс этган қўлёзмалар, осори-атиқалар воситасида ислом динининг тинчликпарварлик, инсонийлик ва бунёдкорлик моҳиятини тарғиб қилиш бизнинг асосий бурчимиз ҳисобланади.
Ўзбек адабиёти тарихида тазкирачилик анъаналари алоҳида ажралиб туради. Тазкира арабча сўз бўлиб “зикр”, яъни “эслатиб ўтиш”, “ёзиб қўйиш” маъноларини англатади. Тазкира миллий ва ўзаро яқин бўлган адабиётлар тарихини яратишда, муайян даврнинг адабий муҳитини ўрганишда, адабий сиймолар ва асарларни тадқиқ этишда адабиётшуносликнинг беназир жанри сифатида хизмат қилади. Тазкиранинг энг қадимги намунаси Абу Мансур Саолибий яратган “Ятимат уд-даҳр фи маҳосини аҳл ал-аср” (“Замона аҳлининг фазилатлари ҳақида ягона дурдона”) асаридир. Бу асар (XII аср) Араб, Ажам, Мовароуннаҳр, Хоразм ва Хуросон адабиёти ҳақида қимматли маълумотлар беради.
Кейинроқ тазкирачилик ривожига улкан ҳисса қўшган алломалар етишиб чиқиб, бу анъанани давом эттирган. Жумладан, Давлатшоҳ Самарқандийнинг “Тазкират уш-шуаро”(ХV), Алишер Навоийнинг “Мажолис ун-нафоис” (ХV), Фазлий Намангонийнинг “Мажмуат уш-шуаро” каби асарларини келтириш мумкин.
ХVIII асрда яшаб ўтган шоирлар тўғрисидаги маълумотлар Ўрта Осиё заминида юзага келган тазкира ва тарихий-бадиий хроникаларда жуда кам учрайди. Шунга қарамай, В.Абдуллаевнинг XVIII асрдаги адабий ҳаёт бўйича кўрсатган саъй-ҳаракатлари туфайли Нишотий, Равнақ, Мавлоно Киромий, Роқим, Яҳё, Умар Боқий, Нурмуҳаммад Андалиб, Муҳаммад Тоҳир Хоразмий каби шоир ва адибларнинг номлари, улар ҳақидаги баъзи илмий ишлар пайдо бўлди.
Тоҳир Эшон Хоразмий Қуръон, ҳадис ва бошқа исломий китобларда келтирилган азиз-авлиёлар, машойихлар ҳақидаги ривоят ва нақллар асосида “Силсилатул авлиё” китобини ёзган. Бу асар 1747 йили Бухорода форсийда ёзилган, сўнгра Хоразмда ўзбек тилига таржима қилинган. Унда Хоразм, Самарқанд, Бухоро, Туркистон, Хуросон ва бошқа жойларда яшаб ўз кароматлари, диний эътиқодлари билан шуҳрат топган азиз авлиёлар, шайхлар, сўфийлар тўғрисида зикр қилинган. Акмал Хўқандий ҳам ХVIII асрнинг 60 йилларида Возеҳ ёзган “Туҳфатул аҳбоб” тазкирасида у ҳақидаги маълумотлар билан бирга, шоир ўзбек тилида ёзган шеърларини бир девонга, форс-тожик тилида ёзган шеърларини бир девонга мунтазам қилганини айтади.
ХVIII асрнинг охири ХIX аср бошларида яшаб ижод этган тасаввуфшунос олим, ўзига хос тил ва услубга эга бўлган шайх ва шоир Абдулазиз Мажзуб Намангоний ҳам тазкирачилик анъанасида ижод қилган эди. Бу тариқатшунос олим ҳақида маълумотлар жуда кам.
Халифа Абдулазиз Ҳасан Кўчак ўғли Мажзуб Намангоний Фарғона тасаввуф мактабининг намояндаси, Туркистонда кенг ёйилган мажзубийлар даврасининг асосчисидир. Унга замонасининг алломалари “роқими ҳуруфий” (ҳуруфийлик тариқатини рақам қилган,) нисбасини берган. У Мажзуб тахаллусли шеърлари асосида “Девон” жамланган. “Маноқиби аҳли сулук”, “Дар тавзеҳ” (“Изоҳлаш ҳақида”) номли рисолалар битган. Тасаввуфда зикри жаҳрия (ошкора зикр) йўлини нақшбандийлик таълимотига татбиқ этган. Унинг “Девон”ига кирган “Соқийнома” (181 саҳифа) асари сўфийларнинг жаҳр мажлисларида ўқилган.
Асар тўғрисида ҳали алоҳида илмий иш яратилган эмас. Уни форсийдан адабиётшунос Жалолиддин Жўраев ўзбек тилига таржима қилган (2015). Манбашунос олим Отабек Жўрабоев, Алихон Ҳалилбековлар Намангонийнинг ҳаётига, ижодий меросига оид бир қанча қимматли маълумотлар берган. Шунингдек, Наима Алиқулова, Дилором Абдуллаева каби ёш адабиётшуносларимиз ҳам тасаввуфшунос олимнинг ҳаёти ва ижоди тўғрисида илмий иш олиб боришмоқда.
“Тазкиратул авлиё” (“Валийлар тазкираси”) Мажзуб Намангонийнинг валийлар ҳаётига оид муҳим асарларидан бўлиб, “Тазкирайи Мажзуб Намангоний” номи билан ҳам юритилган. Форс тилида битилган бу тазкира, асосан, муаллифга замондош ва унга яқин тарихий даврда яшаган тариқат арбоблари ва авлиёлар зикрига бағишланган. Асарда тасаввуфнинг умумий қоидалари, сулук одоби ва айрим шайх ва машойихларнинг манқабалари бир қатор ҳикоятлар асосида баён қилинган. Тазкирада Иброҳим Хожа Эшон, Пири Аввал Ҳазрат Мусохон, Хожа Халифа Ашур (Абдулазиз Намангонийнинг халифаси), Мулла Лутфиллоҳ (Эшон Шаҳид), Сўфи Оллоҳёр, Эшон хожа, Муҳаммад Ризо, Мирзои Жони Жонон, Мирзо Бедил, Мавлавий Намангоний, Девона Машраб, Мавлоно Шариф каби юздан ортиқ тасаввуф аҳли ҳақида тарихий маълумотлар келтирилган.
Мажзубнинг тазкираси Аттор, Жомий, Навоий, Рушдий ва бошқа муаллифларнинг шу тахлит асарларидан ўзига хослиги билан ажралиб туради. Бу тазкира ХVI-ХIX асрларда яшаган тасаввуф шайхлари, айрим тасаввуфий мақомлар, сўфиёна истилоҳларнинг мазмунига бағишланган нодир асардир. Унда масалан, Алишер Навоий тазкирасидаги каби исмлар кўрсатилиб, алоҳида шайх хусусида изчил сўз юритилмайди, лекин бирор тасаввуфий масала юзасидан навбати билан мазмунли ҳикояту мисоллар ёрдамида фикр билдирилади, айрим ўринларда (кўпроқ ҳикоятларнинг охирида) форсча ёки ўзбекча байтлар келтирилади. Кўп ҳолларда “эшон”, “азиз”, “дарвеш” деб номлари кўрсатилмасдан ўша зотнинг ҳолати ёки у билан боғлиқ бирор воқеа тўғрисида сўзланади. Мисол учун, Махдуми Аъзам Косоний-Даҳбедий, Мусохон Даҳбедий, Шариф Хожа Тошкандий, Мирмақсуд Хожа эшон, Офоқ Хожа эшон, Ҳазрат Имлои Бухорий, Домла Исо Охунд, Халифа Ҳусайн, Мавлавий Намангоний, Мавлавий Жабалий, Халифа Ашур, Мулло Лутфуллоҳ Чустий, Халифа Абдуқаюм ва бошқа яна кўплаб замонасининг валийлари ҳақида ҳикоялар қилинади. Сўфи Оллоҳёр, Машраб, Мирзо Жони Жонон, Мирзо Абдулқодир Бедил каби машҳур шахсларнинг ҳаётидан келтирилган воқеалар асар мундарижасини бойитади. Шунингдек, тазкирада айрим шоирлар асарнинг мазмун-моҳиятига кўра, фақат авлиё сифатида талқин қилинади, лекин шеърлари хусусида сўзланмайди. Мисол учун, Бобораҳим Машраб тазкирада “Девона Машраб” деб келади ва баъзи ўринларда у тўғрисидаги воқеалар ҳикоя қилинади.
Мажзубнинг тазкирасида асосан унга замондош бўлган ва яқин тарихий даврда яшаган тариқат арбоблари, авлиёлар ҳақидаги ҳикоятлар келтирилган. Тазкирада келтирилган тасаввуф арбобларининг деярли барчаси билан унинг ўзи суҳбат қурган. Шунинг учун ҳам у зикр аввалида бу шахсларнинг тўлиқ исми, қаерда яшагани, илми ва фазилатлари ҳақида гапиради. Бу асар маноқиб асар деб ҳам юритилади.
Ўзбекистонда илк бора тўлиқ ҳолда чоп этилаётган бу асарнинг муайян қисмини Ҳофизхон Муҳаммадиев форс тилидан ўзбекчага ўгирган. Бу асар 2000 йилда Наманганда араб ёзувида босмадан чиққан.
Хулоса ўрнида шуни айтишимиз мумкинки, миллий маънавиятимизнинг такомилида тасаввуф ва тасаввуфий адабиёт алоҳида мавқега эга. Унинг пайдо бўлиши ва такомили тўғрисида кўплаб илмий ишлар қилинган. Мазкур мавзу ҳам ватанимиз тарихидаги тасаввуфий адабиётнинг йирик ва ўзига хос вакилларидан бири Шайх Абдулазиз Мажзубнинг меросини ўрганишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Тарих бугунги кунимизгача яшаганларнинг бошидан кечирган ҳодисаларини ва қаҳрамонлигини ҳикоя қилади. Ўша воқеаларга алоқадор бўлган, уларда иштирок этган кишиларнинг ҳаёти ҳақидаги лавҳалар ва ҳикоялар воқеанинг ўзи каби муҳимдир. Адабиёт гулзоридаги ҳар бир “гул”нинг табиати ҳақида мозийдан келажакка ёлланган “мактуб” – тазкиралар маълумот беради. Китобхон эса ижодкорлар тўғрисидаги тўлиқ маълумотларни олиш учун тазкираларга юзланади. Шу сабабдан тазкиралар адабий сиймолар ва уларнинг асарларини тадқиқ этишда адабиётшуносликнинг беназир жанри сифатида хизмат қилади.
Шу ўринда Мажзуб Намангонийнинг манқабавий характердаги тазкирасига юзлансак. Тазкира ўзбек тилида ёзилган. У бошқа тазкиралардан маноқиблик жиҳатдан фарқ қилади. Шунингдек, бу асар XVIII асрнинг нодир дурдонасидир.
Ёш авлодга адабиётнинг улуғ инсонларидан бири – Мажзуб Намангонийни таништирмай, тарихий хотирамизни янгиламай, кучайтирмай туриб ўтмиш, бугун ва келажак орасидаги маънавий боғлиқликни таъминлай олмаймиз.
-
Мирзиёев Шавкат Миромонович. Халқимизнинг розилиги бизнинг фаолиятимизга берилган энг олий баҳодир. – Т.: Ўзбекистон, 2018. – 508 б.
-
Орзибеков Р. Ўзбек адабиёти тарихи (ХVIII аср ва ХIХ асрнинг иккинчи ярми). – Т.: Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Адабиёт жамғармаси нашриёти, 2006. –272 б.
-
Жўрабоев О. Мажзуб Намангоний ва унинг адабий мероси манбалари хусусида. Ўзбек тили ва адабиёти масалалари тўплами. –Т.: Фан, 2005. – 28 б.
-
Асар нусхалари ФА Шарқшунослик институти қўлёзмалар асосий фондида 2662/II, 1337, 10169 инв. рақамлари остида сақланади.
-
ФА Шарқшунослик институти. Қўлёзма, инв. 12503.
-
Мажзуб Намангонийнинг поэтик маҳорати. Наима Алиқулова Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти тадқиқотчиси.
-
Мажзуб Намангоний. Девон. Нашрга тайёрловчи С.Рафиддинов. Туркистон (Қозоғистон), 2008. – 37 б.
-
ЎзР ФА Шарқшунослик институти қўлёзмалар фонди Ҳамид Сулаймон бўлимида сақланади. Инв. рақамлари: 1018, 2125, 2567, 2580, 1123, 1481, 2351, 12503.
-
http://www.e-tarix.uz/shaxslar/95403