Home / МАҚОЛАЛАР / ФАЗО ВА ВАҚТДА ИМКОНИЯТ ҲАМДА ВИРТУАЛЛИК МУАММОСИ

ФАЗО ВА ВАҚТДА ИМКОНИЯТ ҲАМДА ВИРТУАЛЛИК МУАММОСИ

Инсоният глобаллашган, ахборотлаштирилган ва компьютерлаштирилган ижтимоий-иқтисодий ва маданий тузилмалардан иборат постиндустриал цивилизация дунёсига кириб келди. Бу цивилизация ўтган асрда жамланган барча креатив потенциалларни ишга солиб, маълум жиҳатдан инқилобий бўлган постноклассик маданиятни, фан ва технологияга асосланган инновацион оламни бунёд этмоқда. Онтологик қарашлар информацион ва илмий-техник инқилоб таъсирида постноклассик фалсафа доирасида янги сиймога эга бўлмоқда. Бу сиймога оид чизгилар виртуаллик, виртуал реаллик, ночизиқли характерга эга бўлиб, бу борлиққа, универсумга янгича назар ташлашда намоён бўлади.

Хўш виртуаллик ўзи нима? Виртуаллик тушунчаси лотинчадан олинган бўлиб, «virtus» – «фаразий», «хаёлий» деган маъноларни англатади. Ғарбий Рим маданиятида «virtus» сўзини тўрт маънода тушунишган: Биринчидан, бу ахлоқий қадрият, яхшилик, (масалан, инглиз тилида «virtus» – яхши фазилат дегани); иккинчидан, бу қандайдир актуал, мавжуд ва таъсир этувчи реаллик; учинчидан, қандайдир артефакт; тўртинчидан, виртуаллик кўпроқ хаёлий, фаразий, потенциаллик, нореаллик кабиларга синоним [1:156].

Виртуаллик постноклассик фанининг муҳим муаммоси. Бу муаммо бўйича алоҳида бир йўналиш – виртуалистика шаклланиб, ривожланиб келмоқда. Виртуалистика фалсафий йўналиш сифатида 1980-1990 йиллардан бошлаб шаклланмоқда. Янада конкретлаштирадиган бўлсак виртуалистиканинг вужудга келган санаси 1986 йил деб ҳисобланади. Чунки шу йили Россиялик муҳандис олим О.И.Генисаретский ўзининг «Оператор – инсон фаолиятида виртуал ҳолат» (Виртуальный состаяние в деятельности человека – оператора) номли мақоласининг кириш қисмида виртуал ҳодиса ҳақидаги тушунча янги типдаги ғоя эканини таъкидлайди. Ҳозирги кунга келиб виртуалистика ўзида фалсафий илмий ва амалий қисмларни қамраб олади.

Россия мактабининг виртуалистлари виртуал реалликнинг қайси соҳада қўлланишидан қатъий назар унинг тўрт асосий хусусиятини ажратиб кўрсатади:

  • Оқибатлилик (виртуал реалликнинг қандай бўлса ҳам бошқа фаол реалликка айланиши).
  • Актуаллик (виртуал реаллик фақат актуал мавжуд, у ўз фазо ва вақтига эга).
  • Интерактивлик (виртуал реаллик бошқа ҳамма реалликлар билан биргаликда ҳаракат қилади. Шу жумладан, улар бир-биридан мустақил равишда оқибатга эга).
  • Мустақиллиги (виртуал реалликнинг ўзининг қонун-қоидаларига эга экани) [1:15].

Мана шу хислатлари билан виртуал реаллик бошқа реалликлардан ажралиб туради. Бу тўрт хусусият виртуал реалликнинг ажралмас хусусияти ҳисобланади.

Виртуал реаллик тушунчасига олимлар турлича таъриф берган. Хусусан, Н.А.Носовнинг фикрига кўра, виртуал реаллик мустақил мавжуд бўлган субстанционал атрибут эмас. “Виртуаллик объекти мавжуд, лекин субстанционал тарзда эмас…”, деб ёзади у [1:153]. Виртуал реаллик тушунчасининг маъносини олим виртуал объект ва келтириб чиқарувчи (туғдирувчи) реаллик тушунчалари орқали очиб беришга ҳаракат қилади. Бундай ёндашувга кўра, туғдирувчи яъни (констант) реалликдан келиб чиқадиган виртуал объектлар мажмуаси виртуал реалликни ҳосил қилади [1:157]. Р.А.Нуриллиннинг фикрича, виртуал реаллик ноборлиқдаги матрица кўринишини олган виртуал фазо бўлиб, бу фазо борлиқнинг асосини ташкил қилади. Борлиқнинг асосида ноборлиқ (оралиқ) ётади. Ноборлиқда »ноль-нуқталар”дан иборат ахборот нуқталари мавжуд, улар борлиқни вужудга келтирадиган имкониятдир. Ахборот нуқталарининг мажмуаси виртуал фазони ташкил қилади. Ахборотли виртуал фазода бўладиган жараёнлар ноборлиқни борлиққа айлантиради [2:8-14]. П.Е.Солопов виртуалликни инъикос хоссаси билан боғлаб, “виртуал реаллик – бу инъикоснинг инъикоси”, деган ғояни илгари сурмоқда. Ғоя муаллифи методологик ва эпистемологик кўрсатма сифатида ахборотнинг 46та атрибутивистик талқинига асосланади [3:99].

Виртуал реалликни семиотик ёндашув асосида талқин қилиш ҳам мавжуд. В.М.Розин бу концепциянинг муаллифи ҳисобланади. Унинг фикрига кўра, виртуаллик белгилар орқали намоён бўлади ва табиатан символик характерга эга [4:43]. Виртуал реалликнинг моҳияти ҳақидаги бундай хилма-хил ёндашув ва таърифларнинг кўплиги уни мураккаб категория сифатида намоён этади. Бу таърифлар виртуал реалликнинг кўп жиҳатларини очиб берган лекин, моҳиятини тўлиқ қамраб олмаган. Юқоридаги ёндашувларга асосланган ҳолда виртуал реалликни қуйидагича таърифлаш мумкин: Виртуал реаллик – бу реалликнинг бир тури бўлиб, реал ҳодисалар, жараёнлар ва воқеалар асосида ҳосил бўлган ёки вужудга келтирилган, ноборлиқдан борлиққа ўтишни белгилайдиган, мойиллик, оралиқ ҳолат, потенциаллик, имконият, модел каби хоссаларда намоён бўладиган, олдинги ва кейинги констант реалликларни боғловчи ҳолатни билдиради. Бу таърифда виртуал реалликка оид фактлар, ишлаб чиқилган тасаввурлар, виртуалистика фанининг асосий ғоялари умумлаштирилган ва уни ишчи гипотеза сифатида ишлатиш мумкин.

Виртуал реаллик борлиқда ўзига хос моҳиятга эга. Борлиқ деганда мавжудликнинг барча (моддий ва маънавий) шаклларини, (реал ва нореал) турларини ва (ўтмишдаги, ҳозирги ва келажакдаги) кўринишларини ўзига қамраб олувчи энг умумий ва универсал фалсафий категория [5:15] тушунилади. Борлиқнинг ўзига хос мавжудлик шакллари бор. Улар қуйидагилар: Фазо, вақт ва ҳаракат. Биз асосан фазо, вақт ва уларнинг постноклассик муаммоларидан бири виртуаллик билан алоқадорлигини таҳлил қиламиз.

Фазо ва вақт – борлиқнинг умумий яшаш шакли бўлиб, фазо дунёни ташкил этувчи объектлар ва уларнинг таркибий нуқталарининг ўзаро жойлашиш тартиби, кўлами ва миқёсини ифода этади, вақт эса дунёда содир бўлувчи ҳодиса ва жараёнларнинг рўй бериш кетма-кетлиги ва давомийлигини ифодалайди. Фазо ва вақтнинг метрик хусусиятлари (кўлами, биржинслиги, изотроплиги, эгилгани, вақтнинг биржинслиги, бирхиллиги, давомийлиги, анизотроплиги ва бошқалар) ва топологик хусусиятлари (фазонинг топологик хусусиятларига узлуксизлиги ёки дискретлиги, ўлчамлилиги, тартиблангани, компактлиги, боғлангани, вақтникига узлуксизлиги, бир ўлчовлиги, орқага қайтмаслиги, чизиқли боғлангани ва бошқалар) [6:16] мавжуд бўлиб, виртуаллик бу хусусиятларга янгича маъно ва мазмун бағишлайди.

Фазода турли хил виртул жараёнлар бўлиши билан бирга, бу виртуаллар фазонинг ўзига ҳам янгича мазмун бериб боради. Фазо чексиз бўлиши билан бирга виртуалсферага эга. Виртуалсфера умумилмий моҳиятга эга ва у ўзида биосфера, литосфера, ноосфера каби бир қанча сфераларни мужассамлаштиради. Виртуалсферанинг мавжудлигини таъминлаб турувчи асосий жиҳатларидан бири – бу виртуал зарралардир. Виртуал зарралар сфералар ўртасида ўзаро таъсир, боғланиш, ахборот алмашинувини таъминлаб турувчи асосий восита ҳисобланади. Виртуалсфера микро объектлардан тортиб мега оламгача мавжуд. Бундай сфераларга мисол қилиб ўсимлик, ҳайвон ва инсонлардаги биоаура, ернинг биосфераси, галактикаларнинг маълум сферада ҳаракатланиши ва бошқа шу кабиларни келтириш мумкин. Виртуал сферанинг ичида ўзига хос виртуал куч мавжуд. Бу куч жуда катта қудратга эга ҳисобланади. Бундай кучни табиатда момақалдироқ, чақмоқ тарзида, инсонларда эса ултрабинафша аурага эга кишиларда кўришимиз мумкин (инсоннинг инсонга ҳайротомуз қараши натижасида касал бўлиши, кўз тегиши).

Информацион ва илмий-техник инқилобнинг таъсири натижасида виртуал фазо ва вақт тушунчалари шаклланмоқда. Виртуал фазо ва вақтнинг денотати (объектив соҳаси) реал фазо ва вақтнинг ўзи ҳисобланади. Реал фазо ва вақтда нарса ва ҳодисалар табиий, сабабий, зарурий ва эҳтимолли жараёнларни ўз ичига қамраб олса, виртуал фазо ва вақтни вужудга келтирувчилари компьютер ва компьютер технологиялари ҳисобланиб сунъий, дастурий, моделли жараёнларни ўз ичига олади. Компьютер технологиялари асосида яратилган фазода акс эттириш жараёнлари мультимедиа режимида содир бўлади, реал фазода эса ҳодисалар табиий тарзда рўй беради. Виртуал фазо реал фазодан фарқли равишда сунъийлик, моделлашганлик, ирреаллик каби хусусиятларга эга. Виртуал фазонинг сунъийлиги унинг инсоннинг ақли ва қўли билан яратилганидир. Моделлашганликка компьютер технологияси асосида яратилган турли моделларни, ирреалликка эса хаёлий объектлар билан ишлаш имкониятининг мавжудлигини келтириш мумкин. Виртуал вақтнинг ўзига хос хусусияти шундаки, у тегишлича орқага қайтарилиши, тўхтатилиши, келажакка қараб бориши мумкин. Виртуал фазо ва вақтда нарса ва ҳодисаларни тўхтатиш, секинлатиш, тезлатиш, олдинга ўтказиш, орқага қайтариш, танаффус қилдириш ва хоҳлаганча ўзгартириш киритиш мумкин. Ҳаракат эса мутлақ ўзгарувчанлик  мақомига эга бўлмайди. Ривожланиш тегишлича инверсион бўлиши, яъни орқага қайтарилиши мумкин. Ўзаро таъсирларнинг ранг-баранглиги биз кўниккан дунёвий сабабият шароитида номаълум сирли хоссаларни намоён этиши мумкин.

Реал фазодаги сингари виртуал фазо ҳам кўп ўлчовлилик хусусиятига эга ҳисобланади. Виртуал фазонинг кўп ўлчовлигига мисол қилиб 5D, 7D форматдаги кинофильмларни кўрсатиш мумкин.

Реал фазо ва вақтнинг ўзида ҳам виртуал жараёнлар мавжуд. Масалан, гравитацион майдон интенсив бўлган сингуляр нуқталарда (виртуал нуқталарда Ҳ.Муҳаммадиев) фазонинг табиати мутлақо ўзгариб кетади, оқибатда унинг хусусиятлари ҳам шунга мувофиқ кескин ўзгаради. Сингуляр нуқталар нима? Сингулярлик – бу фазонинг муайян кичик бир виртуал нуқтасида ўта катта массанинг зичлашган ҳолда тўпланиши. Бундай нуқталарда фазонинг ўлчамлари компактлашиб бир нуқтага ўралиб қолиши рўй беради, натижада вақт билан фазонинг ўлчамлари бир бирига алмашиб қолади. Фазо бир ўлчамли ва орқага қайтмас табиатга эга бўлиб қолади, вақт эса квантлашиб, кўп ўлчовли, кўп йўналишли, кўп тармоқли реалликка айланади. Бундай нуқтада фазонинг ҳар қандай ўлчови фақат марказга интилувчи ва орқага қайтмас хусусиятга эга бўлиб, вақтнинг ўтиши ҳар бир нуқтада алоҳида йўналишларга эга бўлган хусусий вақт квантларига парчаланиб кетади [6:53]. Реал фазода виртуалликнинг намоён бўлишини виртуал зарраларда ёки нарса ва ҳодисаларнинг имкониятдан реалликка айланишида кўришимиз мумкин. Бу ерда имконият қайсидир маънода виртуаллик хислатини намоён этади, лекин имконият деганда виртуалликни тушунмаслик лозим.

Имкониятнинг реалликка айланиши эҳтимолли характерга эга ҳисобланади. Имкониятнинг эҳтимолли даражаси қанчалик кам бўлса унинг реалликка айланиши шунчалик конкретлашади. «Имкониятнинг рўёбга чиқишида икки йўл бор: Биринчиси, мойиллик куртак ҳолатидаги жараённинг реалликка айланиши учун етарли шарт-шароит бўлиши; иккинчиси, имкониятнинг ўзини табиат ва жамиятда мавжуд объектив шарт-шароитларга, қонуниятларга зид келмаслиги» [7:43-44]. Шундай экан имконият объектнинг пайдо бўлиши учун шарт-шароит борлигини ёки ҳеч бўлмаганда объектнинг пайдо бўлиши учун бундай шарт-шароит йўқлигини ифодалайди. Айни пайтда имкониятни имкониятсизликдан фарқлаш лозим. Уларнинг ўртасидаги асосий фарқ реалликка айланиш эҳтимоли билан боғлиқ. Имкониятнинг реал ва абстракт турларининг орасидаги асосий фарқ ҳам эҳтимоллик миқдорининг даражасига боғлиқ ҳисобланади. Ҳар қандай имконият реалликка айланар экан, маълум бир шакл ва мазмунга эга бўлади.

Имконият ва виртуаллик тушунчалари мазмунан бир-бирига яқин тушунчалар ҳисобланади ва бир-бири билан ўзаро муносабатда бўлади. Бу икки тушунчанинг ўртасидаги муносабат, қисман мослик муносабатида бўлади. Уларнинг ўртасидаги қисман мослик муносабати қўйидагиларда кўринади: Биринчидан, виртуаллик маълум бир маънода имкониятдаги реаллик ҳисобланади, чунки виртуал реаллик ҳали тўла вужудга келмаган воқеа, тўла яратилмаган борлиқдир; иккинчидан, бу икки тушунча ўз моҳиятини реаллик категорияси орқали намоён этади. Шу билан бирга имконият ҳам виртуаллик сингари потенциал ҳолатда мавжуд бўлади. Буни қуйидаги схемада ифодалаш мумкин:

Бу ерда виртуаллик тушунчасининг шаклланиши имконият тушунчасининг ривожланишига олиб келади. Виртуаллик имкониятга янгича маъно ва мазмун беради. У ўз моҳиятини имконият ва реаллик  тушунчаси орқали очиб беради.

Имконият ва виртуаллик тушунчаси бир-бири билан ўхшаш бўлиши билан биргаликда уларнинг ўртасида маълум фарқли томонлар ҳам мавжуд. Аммо буларнинг ўртасидаги фарқни конкрет чегара қўйиш билан аниқлаб бўлмайди, чунки бу икки тушунча бир-бирига жуда яқин ва ўзаро боғланган. Виртуаллик ва имконият ўртасидаги фарқ қўйидагилардан иборат: Биринчидан, имконият эҳтимолли, яъни унинг реалликка айланиш ёки айланмаслиги эҳтимоллик характерига эга. Виртуал объект реал ҳолда мавжуд ва у ҳамиша актуалдир; иккинчидан, виртуал реаллик доимо қандайдир илк (констант) реалликдан яратилади ва виртуал реаллик кейинги даражадаги бошқа виртуал реалликни келтириб чиқариши мумкин ва бу жараён чексиздир. Имкониятнинг реалликка айланиши эса янги нарса ёки ҳодисанинг вужудга келишини англатади; учинчидан, имконият реалликка айланиши билан маълум шаклга эга бўлади. Виртуаллик эса мавжуд бўлиш ҳолатини билдиради.

Ҳозирги пайтда борлиқдаги виртуал фазо ва вақтда ҳодиса ва ҳолатларни ўзгартириш орқали нарса ва ҳодисаларнинг янгидан-янги кўринишлари ўрганилиб, таҳлил қилинмоқда. Постноклассик илмий изланишларнинг олдинги сафида бўлган ва фундаментал натижаларни намоён этган синергетик, глобалистик, экологик, виртуалистик тасаввурлар ва ёндашувлар XXI аср фалсафаси ва онтологиясининг янги моделини ишлаб чиқишда муҳим роль ўйнамоқда.

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:
  1. Н.А.Носов. Виртуальная реальность // Вопросы философии. 1999. – № 10.
  2. Р.А.Нуруллин. Виртуальность как основание бытия. Монография. –Казан: КазГУ,
  3. П.Е.Солопов. Виртуальная реальность как отражение отражения // Труды лаборатории виртуалистики. Вып.4. Виртуальные реальности. –М., 1998.
  4. В.М.Розин. Существование, реальность, виртуальная реальность // Концепция виртуальных миров и научное познание. –СПб, 2000.
  5. Б.О.Тўраев. Ҳозирги замон табиатшунослиги концепциялари. –Т.: Тафаккур, 2009.
  6. Б.О.Тураев. Борлиқ: моҳияти, шакллари, хусусияти. (Борлиқ фалсафаси) Tafakkur. Тошкент –
  7. Ш.С.Қўшоқов. Диалектика. Ривожланиш концепцияси. Самарқанд – 1996.
  8. А.П.Кохановский. Философия и методология науки. –Ростов н/Д.: Феникс, 1999.
 
Ҳусан МУҲАМАДИЕВ,
Тошкент ахборот технологиялари университети
Самарқанд филиали Гуманитар ва ижтимоий фанлар
кафедраси катта ўқитувчиси

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …