Home / МАҚОЛАЛАР / ТОШКЕНТ ҚОЗИСИ ШАРИФХЎЖА ПОДШОҲХЎЖА ЎҒЛИНИНГ КУТУБХОНАСИ

ТОШКЕНТ ҚОЗИСИ ШАРИФХЎЖА ПОДШОҲХЎЖА ЎҒЛИНИНГ КУТУБХОНАСИ

Бугунги кунда Самарқанд, Бухоро, Хива ва Қўқон шаҳридаги шахсий кутубхоналар ва мадраса-масжидларнинг вақф кутубхоналари ҳақида айрим тадқиқотлар эълон қилинган. Лекин Тошкентдаги бу каби кутубхоналарга бағишланган тадқиқотлар анча кам. Ҳозирча бизга Тошкентдаги Исахўжа қози, Бекларбеги, Эшонқули додхоҳ, Бўрихўжа мадрасалари, Юнусхон мақбарасидаги вақф китоблар маълум холос [1:3-7; 10:288-294]. Шахсий кутубхоналар ҳақида эса кўп нарса билмаймиз. Тошкентдаги кўзга кўринган шахсий кутубхоналардан бири Шайхонтоҳур даҳасининг қозиси Шарифхўжа эшон Подшоҳхўжага тегишли эди. Бу мақолада мазкур кутубхонага тегишли китоблар ҳақида сўз юритмоқчимиз.

Аввало кутубхона асосчиси Шарифхўжа қозининг шахсияти ҳақида қисқача тўхталиб ўтсак. Шарифхўжа қози машҳур мутасаввиф Шайх Хованд Таҳур авлодига мансуб оиладан бўлган. Хонадон вакилларининг орасида тарқалган оғзаки хотираларга қараганда, XVIII асрнинг иккинчи ярмида яшаган Ўзбекхўжа эшоннинг Қаландархўжа, Подшоҳхўжа ва Кичкинахўжа исмли уч ўғли бўлган. Подшоҳхўжа эшоннинг тўққиз ўғли – Отахўжа, Турсунхўжа, Муҳаммадхўжа, Нуриддинхўжа, Шарифхўжа, Жалолхўжа ва тўрт қиз фарзанди бўлган [2:4-5]. Булардан Шарифхўжа қози ўз даврининг уламоларидан эди. Унинг Туркистон ўлкаси маъмурларидан П.В.Благовещенский (1866-1936) билан суҳбати давомида берган маълумотига қараганда, Шарифхўжа қози эллик йилга яқин Бухоро ва Тошкентда муфтий, аълам, раис ва қозилик мансабида хизмат қилган. Шу билан бирга Тошкентдаги Эшонқули додхоҳ ва Хожа Аҳрор мадрасасида мударрис ва мутавалли вазифасини ҳам бажарган. XIX асрнинг 70-90-йилларида қисқа танаффуслар билан Тошкентнинг Шайхонтоҳур даҳасининг қозиси ва маълум бир йилларда Тошкент шаҳар қозилар съездининг раиси (садрнешин) бўлиб турган. Шарифхўжа қози 1904 йилда Тошкентда вафот этган. Шарифхўжа қозининг фарзандлари ва набираларининг кўпи XX асрнинг бошида Туркистон ўлкасида кечган ижтимоий-сиёсий жараёнларнинг фаол иштирокчиси сифатида танилган.

Шарифхўжа қози замонасининг маърифатпарвари эди. У Фурқат, Собирбек Улфат каби шоирлар билан илиқ алоқада, Туркистон тарихига қизиқувчи ўлка маъмурлари билан доимий мулоқотда бўлган. Шарифхўжа қози китобсевар ва ўз даврида каттагина кутубхонанинг эгаси ҳам бўлган. Ҳозирда Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти фондида Шарифхўжа қозининг шахсий кутубхонасига тегишли қирқдан ортиқ қўлёзма асарлар сақланади. Бу қўлёзмаларга босилган муҳр изларига қараганда, Шарифхўжа қозининг кутубхонасига тегишли китоблар XIX асрнинг 40-80 йиллари давомида жамлаб борилган. Кутубхонага тааллуқли қўлёзмаларга босилган илк сана 1262/1845 йил кўрсатилган. 2х1,5 см. ўлчамдаги саккиз бурчакли муҳрда “Муҳаммад Шарифхўжа Умарий, 1262” битиги ёзилган [12:92а, 114а, 333а]. Шунингдек, қўлёзмаларда 4,5 см. ўлчамдаги “Домулла Муҳаммад Шарифхўжа аълам бин Подшоҳхўжа Умарий Таҳурий” [14:1а], 3,7 см. ўлчамдаги “Қози Шарифхўжа раис бин Подшоҳхўжа Умарий, 1278/1861-1862” [13:1а], 4,5 см. ўлчамдаги “Муҳаммад Шарифхўжа қози садрнешин бин Подшоҳхўжа Умарий Шайх Хованд Таҳурий, 1300” [12:1а] битикли ва 4,4 см. ўлчамдаги “Қози Муҳаммад Шарифхўжа ибн Подшоҳхўжа Умарий, 1300” [11:1а, 85б; 15:1а] битикли катта думалоқ муҳрлар босилган.

Айрим қадимий қўлёзмаларда аввалги соҳибларининг ҳам муҳрлари сақланган бўлиб, улар кейинчалик Шарифхўжа қозининг кутубхонасига келиб тушган. Масалан, 967/1559-1560 йилда кўчирилган 3312-тартиб рақамли қўлёзманинг ўзида 2,5х1,8 cм. ўлчамдаги овалсимон муҳрда “Муҳаммад Комил бин Саййид Абулфайз, 1086/1675-1676” ва 3 см. ўлчамдаги думалоқ муҳрда “Қози Низомиддин ибн Имомберди, 1103/1691-1692” ёзувлари шундан дарак беради [12:1а, 117а]. Бундай қўлёзмаларнинг тақдирига келгуси изланишларда аниқлик киритишга ҳаракат қиламиз. Бу мақолада эса Шарифхўжа қозининг кутубхонасига тегишли асосий қўлёзмаларнинг кўлами ҳақида дастлабки маълумотларни ёритиш асосий мақсад қилиб олинди. Асарларнинг муаллифи ва номини аниқлаштиришда Шарқ қўлёзмалари тавсифининг 11 жилдлик нашри ва Герда Хенкел фонди ҳомийлигида тайёрланган Шарқшунослик институтининг асосий фондидаги қўлёзмаларнинг электрон каталогидан фойдаланилди [3:16].

Шарифхўжа қозининг кутубхонасидаги китобларнинг орасида аввало XVIII асргача бўлганлари эътиборни тортади. Масалан, 8745/I тартиб рақамли қўлёзмада Яъқуб Чархий (ваф. 1447) қаламига мансуб “Тафсири Яъқуб Чархий” асари ўрин олган. Бу қўлёзма Шайх Муҳаммад ибн Шайх Маҳмуд ал-Бухорий тарафидан 932 йил 2 сафар/18 нобярь 1525 йилда кўчирилган. Жами 181 варақдан иборат [14; 7:435-436, №6642]. Шунингдек, кутубхонада Абу Тоҳир Мажидиддин Муҳаммад ибн Яъқуб аш-Шерозий ал-Фирузободий (1329-1415) қаламига мансуб “Сафар ас-саодат” асарининг 28 сафар 1027/24 февраль 1618 йилда (Инв. №1755, ҳадис ва фиқҳ. 85 в.) [8:376, №3346] ва машҳур “Ал-Қомус ал-Муҳит” асарининг 1090/1679-1680 йилда (Инв. №9144, луғатшунослик. 505 в.) кўчирилган нусхалари мавжуд. Бу зот Шерозда туғилган бўлса-да, узоқ йиллар Макка ва Таиз (Яман) шаҳрида яшаб ижод қилган. XIV асрнинг 90-йилларида бир муддат Бағдод ва Шерозда келган вақти Соҳибқирон Амир Темур қабулида ҳам бўлган. Кутубхонадаги қадимги қўлёзмалар орасида Абдулқодир ибн Юсуф Нақибзоданинг (ваф. 1695) “Воқеот ал-муфтийн” асари ҳам бўлиб, у 1082/1671-1672 йилда (Инв. №7069, фиқҳ. 308 в.) кўчирилган.

Кутубхонадаги қўлёзмалар орасида ўзида бир неча рисолаларни жамлаган мажмуалар ҳам мавжуд. Масалан, 1356 тартиб рақамли мажмуада асосан тиббиёт ва доришуносликка оид рисолалар ва луғатлар ўрин олган 22та рисола жамланган. Мир Муҳаммад Замони Тенкабуний ад-Дайламийнинг (XVII аср) “Туҳфат ал-мўминийн” (XIX асрда кўчирилган, 3 в.) [4:286,№647], Саййид Амир Бахш ал-Ҳасаний ал-Ҳусайний ал-Маккийнинг (XVIII аср) “Интихоби латиф” (1240/1825 й., кўч., 92 в.) [4:289, №655], Муҳаммад Тақийнинг (XVII аср) “Мужарработи Муҳаммад Тақий” (XIX асрда кўч., 11 в.) [4:270-271, №608], Юсуф ибн Муҳаммад ал-Ҳиравийнинг (ваф. 1544) “Тибби Юсуфий” номи билан машҳур бўлган “Жомеъ ал-фавоид” (XIX асрда кўч., 69 в.) ва “Қасида дар асмаъ ажноси адвия” (XIX асрда кўч., 3 в.) асарлари шулар жумласидан.

4146 тартиб рақамли қўлёзмада эса 1220-1232/1805-1817 йиллар оралиғида кўчирилган ўндан ортиқ асар ўрин олган. Хусусан, мажмуада Бурҳон ал-Қурайший ал-Аббосийнинг “Туҳфат ал-мутакаллимин” (илоҳиёт ва мантиқ, 45 в.), Абу Муъин ал-Насафийнинг (ваф. 1114) “Табсират ал-адилла” (фиқҳ, илоҳиёт, 20 в.), Абулмунатаҳа Исматуллоҳ ибн Муҳаммад ал-Мағнисавийнинг (XVI аср) “Шарҳи Фиқҳи акбар” (фиқҳ, 16 в.), Низомиддин аш-Шошийнинг (ваф. 936) “Ал-Мухтасар фи илм ал-усул” (усул ал-фиқҳ, 138 в.), Лутфуллоҳ Насафий Кайдонийнинг (ваф. 1349) “Фиқҳи Кайдоний” асарига битилган шарҳнинг тўртта нусхаси, Мулло Муҳаммад Амин Зоҳиднинг фиқҳга оид “Туҳфат ал-ахёр” асарининг иккита нусхаси мавжуд. Бундан ташқари, мажмуада муаллифи кўрсатилмаган рисолалар ҳам бор.

8825 тартиб рақамли мажмуадан ўнга яқин асар ўрин олган. Уларнинг орасида Абдураҳмон Жомийнинг (1414-1492) “Рисола шароити зикр”, “Шарҳи рубоиёт” ва “Такмила фи ал-мадҳи соҳиб ли-нафаҳот” номли асарлари ҳам қайд қилинган. Уларни Муҳаммад Ризо валади Аллоҳқули Хонақоҳий 1183/1769-1770 йилда кўчирган [9:478, №6718]. 4126-тартиб рақамли қўлёзмада асосан ақидага оид асарлар жамланган. Ундан Аҳмад ибн Умар ал-Жандийнинг “Ҳошият ала шарҳ ақоид ан-Насафия” (51 в.), муаллифи кўрсатилмаган, “Таълиқа ли-шарҳ ақоид ан-Насафия” (20 в.) ва Муҳаммад Қосим ибн Муҳаммад Солиҳ ал-Бухорий ал-Фатҳободийнинг “Ҳошия ала ҳошият ал-Хаёлий” (237 в.) асарлари ўрин олган [5:344, №3294].

Шарифхўжа қози кутубхонасига тегишли айрим қўлёзмаларнинг қисқа тавсифи қуйидагича:

Инв. №1349. Муҳаммад ибн Қавом ибн Рустам ибн Аҳмад ибн Маҳмуд қаламига мансуб “Баҳр ал-фазоил фи манофеъ ал-афзал” номли луғат ва одоб-ахлоққа оид “Пандномаи Ҳазрат Луқмони Ҳаким” номли кичик ҳикоя.
Инв. №8388. Муҳаммад Содиқ ибн Абдулбоқий ибн Изиддин ал-Фарғоний (XVI аср). “Ҳадойиқ ал-ахбор”. 32 ҳадиқадан тасаввуфга оид асар. Матнда “Риёз ал-аброр” номи билан ҳам тилга олинган. XIX асрда кўчирилган, 200 варақ [6:423-424, №5979].
Инв. №1968. Мир Саййид Роқим (XVII-XVIII асрлар). “Тарихи Роқимий. XIX асрда кўчирилган, 178 варақ [4:70, №165].
Инв. №3312. Имом Носир ибн Абдусаид ал-Мутарризий (1144-1214). “Ал-Мисбоҳ фи ан-наҳв”. XIX асрда кўчирилган, 11 варақ [9:147, №7153].
Инв. №3438. Убайдуллоҳ ибн Масъуд Садр аш-Шариа (ваф. 1346). “Танқиҳ ал-усул”. 1254/1838-1839 йилда кўчирилган, 225 варақ.
Инв. №4021. Яъқуб ибн Саййид Али. “Мафотиҳ ал-жинон ва масобиҳ ал-жинон”. 1277/1860-1861 йилларда кўчирилган, 367 варақ.
Инв. №11944/I. Жалолиддин Даввоний (1426-1502). “Шарҳи Мухтасари Виқоя”. 1247 йил 7 рабиъ ал-аввалда/16 август 1831 йилда кўчирилган, 596 варақ.
Инв. №4024. “Шарҳ Мухтасар ал-Виқоя”, 368 варақ.
Инв. №4138. “Шарҳ ал-Виқоя”, 259 варақ.
Инв. №4027. Исмоил Каланбави (?). “Ҳошия ба шарҳ ал-Ақоид ал-Азудия”. Муҳаммад Одил ибн Қурбон Али ал-Осий 1230/1814-1815 йилларда кўчирган, 263 варақ [5:370, №3335].
Инв. №4028. Қўлёзмада муаллифи кўрсатилмаган иккита асар ўрин олган. Биринчиси фалсафа ва мантиққа оид “Шарҳ ас-Суллам ал-улум” асари, 125 варақ. Иккинчиси илоҳиётга оид “Шарҳ Рисолат ат-тасаввур ат-тасдиқ” асари, 34 варақ. Иккаласи ҳам 1234/1818-1819 йилларда кўчирилган.
Инв. №4066. “Ҳошия ли-шарҳ Ҳикмат ал-айн”. 1230/1815 йилда кўчирилган, 134 варақ.
Инв. №4089. Фиқҳга оид “Захират ал-уқбо фи шарҳ Садр аш-Шариа ал-Узмо” номли асар. 1282 йил жумод ул-аввал/ сентябрь-октябрь 1865 йилда кўчирилган, 454 варақ.
Инв. №4118. Мажмуада тиббиётга оид “Рисола дар тайини Каъб” ва Носириддин Тусийнинг “Тажрид ал-калом” асарининг шарҳи бўлмиш “Шарҳ Тажрид” (218 в.) номли асар ўрин олган.
Инв. №4140. Иноятулоҳ Бухорий. “Ҳошия ала Шарҳ ақоид ан-Насафия”. XIX асрнинг биринчи ярмида Бухорода кўчирилган, 357 варақ [8:369, №3333].
Инв. №4143. Юсуф ал-Қорабоғий (ваф. 1624). “Татиммат ал-ҳавоши фи изолат ал-ғавоший”. 1225/1810 йилда Бухорода кўчирилган, 244 варақ [8:365, №3324].
Инв. №7562. Абу Исо Муҳаммад ат-Термизий (824-892). “Шамоил ан-Набий”, 125 варақ.
Инв. №9116. Муъин ибн Сафо. “Жомеъ ал-байён фи тафсир ал-Қуръон”, 652 варақ.
Инв. №11488. Шайх Низомиддин Бурҳонпурий раҳнамолигида Ҳинд уламолари жамлаган “Фатавойи Оламгирий” асарининг аввалги жилди, 95 варақ.
Инв. №12978/I. Абдураҳмон Жомий. “Шарҳи Мулло Жомий бар Кофия”, 8 варақ.
Инв. №12787. Қўлёзмада Жалолиддин Даввонийнинг “Шарҳи Ақоиди Азудия” (87 в.) ва муаллифи кўрсатилмаган “Ҳошия ала шарҳ Ақоид ал-Азудия” (165 в.) асари ўрин олган. Иккаласи ҳам 1205 йил 11 сафар/21 сентябрь 1790 йил кўчирилган.
Инв. №13217. Қўлёзмада Жомийнинг “Нафаҳот ал-унс” (368 в.) ва унинг шогирди Абдулғафур Лорийнинг (ваф. 1506) “Такмила” (13 в.) асари ўрин олган.

Умуман олганда, Шарқшунослик институтининг фондида Шарифхўжа қозининг укаси Муҳаммадхўжа аълам, ўғли Садриддинхон муфтийга тегишли китоблар ҳам бўлиб, улар ўз тадқиқотчиларини кутмоқда. Хулоса қилиб айтганда, Шарифхўжа қозининг шахсий кутубхонасидаги китобларнинг соҳаси анча кенг. Кутубхонада фиқҳ, тафсир, ақида, ҳадис ислом илмларидан ташқари мантиқ, фалсафа, тасаввуф, луғатшунослик, тиббиёт ва доришуносликка оид асарлар ҳам мавжуд. Бу кутубхонада хорижий ва ўлкамиз ҳудудида нашр этилган тошбосма китобларнинг ҳам бўлгани шубҳасиз. Келгусида бу кутубхонага тегишли қўлёзма ва тошбосма асарларни кенг кўламда тадқиқ этиш XIX аср ва XX асрнинг бошида яшаб ўтган юртимиз уламоларининг дунёқараши ва илмий салоҳиятини янада чуқурроқ очиб беришга хизмат қилади.

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:

  1. Ш.Зиёдов, Ў.Султонов. Тошкент мадрасаларининг вақф китоблари масаласига доир // Имом Бухорий сабоқлари. – Тошкент, 2015. № 2.
  2. Т.Искандаров. Менинг хўжа аждодларим ва авлодларим. – Тошкент, 2004.
  3. Собрание восточных рукописей института востоковедение АН УзССР (СВР). Т. I-ХI. – Ташкент: Фан, 1952-1987.
  4. СВР. T. I. – Ташкент: Фан, 1952.
  5. СВР. Т. IV. – Ташкент: Фан, 1957.
  6. СВР. T. VIII. – Ташкент: Фан, 1967.
  7. СВР. Т. IX. – Ташкент: Фан, 1971.
  8. СВР. Т. Х. – Ташкент: Фан, 1975.
  9. СВР. T. XI. – Ташкент: Фан, 1987.
  10. Ў.Султонов. Тошкент вақф мулкчилиги тарихи: Тарихий ҳужжатлар тадқиқи ва талқини (1507-1917). – Тошкент: Фан, 2021. – 368 б.
  11. ЎзРФАШИ фонди, қўлёзма №1755.
  12. ЎзРФАШИ фонди, қўлёзма №3312.
  13. ЎзРФАШИ фонди, қўлёзма №
  14. ЎзРФАШИ фонди, қўлёзма №
  15. ЎзРФАШИ фонди, қўлёзма №11944.
  16. http://beruni.uz/en-ca/
 Шовосил ЗИЁДОВ,
Тарих фанлари доктори, доцент
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори
 Ўктам СУЛТОНОВ,
Тарих фанлари доктори
ЎзРФАШИ етакчи илмий ходими

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …