Аллоҳ таоло бизга берган буюк неъмат она Ватанимиз мустақил бўлганига ҳам 27 йил тўлди. Ватан ҳақида сўз кетар экан, бу борада кўп ва хўп гапириш мумкин. Ватан тушунчаси баъзилар ўйлагандек, шунчаки оддий тушунча эмас. Ҳар ким Ватан мадҳини ўзича ифода этади. Масалан: ҳофиз ўз тараннуми орқали, шоир шеърлари билан, қўйинки ҳар бир шахс ўз муҳаббатини нималар биландир баён этгиси келади.
Ўтмишга назар солсак собиқ шўролар, даврида Ўзбекистон бўйича 10 та масжид бўлган. Бутун совет иттифоқи бўйича эса битта мадраса фаолият кўрсатган. Павардигори олам бизга берган неъмати истиқлолдан кейин 10 та масжид ўрнида ҳозир икки мингдан зиёд масжидлар, 10 та мадраса ва Имом Бухорий номли Тошкент ислом институти, Тошкент ислом университети фаолият юритмоқда. Мана яқин йиллар ичида Президентимиз Ш. Мирзиёевнинг ташаббуси билан бир қанча масжид ва марказлар ташкил этилди. Мир Араб мадрасасига олий маълумотли диний илмга эга бўлган талабаларни ўқитиш имконияти берилди. Самарқанда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Сурхондарёда Имом Термизий халқаро марказлари ташкил этилди. Бу ҳам бўлса аввало Аллоҳнинг инояти ва мустақилликнинг шарофати билан қўлга киритилмоқда.
Бу марказларнинг қурилиши муқаддас ислом динининг, Қуръони карим ва ҳадисларнинг асл мазмун-моҳиятини, юртимизда асрлар давомида шаклланган ҳадисшунослик мактабининг илмий-маънавий асосларини, Имом Бухорий, Имом Термизий сингари юртимиздан етишиб чиққан буюк муҳаддис, умуман, қомусий алломалар меросини ҳар томонлама теран ўрганиш, халқ оммаси, хусусан, ёшлар орасида кенг тарғиб ва ташвиқ қилиш сингари, бугунги кундаги энг муҳим вазифаларни бажаради.
Зеро, ватандошимиз Имом Бухорий ўзининг “Ал адаб ал муфрад” китобида қуйидаги ҳадисни келтиради.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Ким манзили тинч, тани саломат, бир кеча – кундузлик озуқаси бор ҳолда тонг оттирса гўё унга бутун дунё тўлалигича берилибди”, деганлар.
Ҳадиси шарифни ҳаётимиздаги ўрнига бир эътибор қаратайлик.
Эрталаб уйқудан туриб, кўзимизни очсак ҳаёт эканмиз. Аллоҳ яна яшаш имконини берибди. Сўнг атрофга қараймиз ҳамма жой тинч, осуда. Уй ҳам тинч. Ўғри тушмаган, душманнинг хавфи йўқ. Биров эшигимизни таққиллатиб безовта қилмаган. Ўзимизга қараймиз танимиз саломат, аъзолардан шикоят йўқ. Уйимизда эса қорнимиз тўядиган озиқ – овқатимиз етарли даражада бор. Дам оладиган уйимизга эгамиз. Бировга ялинмаймиз. Дунёда инсон учун ҳақиқатда бундан ортиқ неъмат бўладими?!
Тинчлик улуғ неъмат эканига шак-шубҳа йўқ. Ватанни кўз қорачиғидек асраш, уни ҳар хил бало ва офатлардан ҳимоя қилиш, ватандошлар аҳил ва иноқ бўлиб истиқомат қилишлари шариат талабидир.