Бугунги Янги Ўзбекистонда ҳар томонлама миллий ва диний қадриятларимизни юксалтириш, тарихий илдизларигача илмий тадқиқот асосида етиб бориш каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
«Бугун маърифатга эътибор қаратиш ҳар қачонгидан ҳам муҳимдир. Буюк тарихда ҳеч нарса изсиз кетмайди. У халқларнинг қонида, тарихий хотирасида сақланади ва амалий ишларида намоён бўлади. Шунинг учун ҳам у қудратлидир. Тарихий меросни асраб-авайлаш, ўрганиш ва авлодлардан авлодларга қолдириш давлатимиз сиёсатининг энг муҳим устувор йўналишларидан биридир. Азалий қадриятларимиз ва ахлоқий фазилатларни ўзида мужассам этган муқаддас динимизни асраш ва қадрлаш ҳар биримизнинг шарафли бурчимиздир. Ислом — ҳақиқатни англаш демакдир, у одамзодни эзгу амалларни бажаришга ундайди, ҳар биримизни яхшилик ва тинчликка чорлайди, ҳақиқий инсон бўлишни ўргатади», – дея Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан таъкидланиши бежиз эмас[1].
Юқоридаги фикрларга асосланган ҳолда ушбу мақолада ислом динининг ҳуқуқий асосини ташкил этувчи ал-фиқҳ илми хусусида илмий хулосалар тақдим этилади.
Маълумки, ислом илмлари, жумладан, ал-фиқҳ, халқимизнинг тарихий-маданий ва ижтимоий-ахлоқий юксалиш идеалининг негизидир. Динийлик ва дунёвийлик борасидаги қарашлар кишиларни борлиқ билан уйғунликда, гармонияда яшашга ундайди.
Буни ҳуқуқ илми ва диний меъёрларнинг ўзаро муносабатлари, хусусан, ислом ҳуқуқи тизимининг шаклланиш жараёнларини қиёсий таҳлил этиш, унинг шаклланиш тарихини янада чуқурроқ очиб бериш, фиқҳ мактаблари ривожининг асосий босқичларини аниқлаш жараёнида кўриш мумкин.
Илк ислом даврида ал-фиқҳ (610–632)
VIII–XII асрлар бутун мусулмон жамиятида фан ва маданият, илм ва тафаккур ривожланган бир давр бўлди. Бу даврда диний билимлар билан бир қаторда дунёвий илмлар ҳам ўз ривожига эга бўлди. Ислом дини – Арабистон ярим ороли доирасидан чиқиб, тараққий этган жаҳон динига айланди. Ислом дини пайдо бўлган VII аср бошларида икки буюк ва ҳукмрон давлат: Эронда Сосонийлар[2] (224-651) ва Римда Византия (грек. Βασιλεία Ρωμαίων — Рим империяси[3], 476-1453) бир-бири билан ҳар жиҳатдан курашаётган пайт эди. Шунингдек, Ҳижоз хусусан, Ясрибдаги ижтимоий ва сиёсий ҳаётни ўз таъсири остига олган яҳудийлар[4] ҳамда исломдан аввалги араблар – иккита асосий оиладан келиб чиққан: қахтонийлар ва аднонийлардан иборат[5] «жоҳилият даври араблари» бор эди[6].
Мана шундай турли тизимлар ҳар томондан ўраб турган бир шароитда ислом динининг ажралмас қисми бўлган ислом ҳуқуқи мустақил теократик сиёсий тизимлар ҳуқуқи сифатида шаклланди.
«Бошқа ҳуқуқ тизимларининг ислом ҳуқуқига таъсири» тўғрисидаги фикрлар ислом ҳуқуқи тарихи бўйича илмий изланишларнинг тўлиғича амалга оширилмаганлиги боис маълумотлар етарли бўлмаган даврларда баъзи Ғарб олимлари қисқа бир фурсатда дунёга келиб жадал ривожлана бошлаган ислом ҳуқуқи учун Қуръони каримдан ташқарида бўлган бошқа манбаларни излаш ташаббусини кўтариб чиқдилар. Улар Рим-Византия, яҳудий, жоҳилият, сосоний ва бошқа тизимларга эътиборни қаратиб, ислом ҳуқуқи, буларнинг биридан ёки бир нечтасидан оз-оздан олиб шакллантирилган деган иддаоларни илгари суришган. Фақат бу даъволарини илмий далиллар билан асослай олмаганлар. Бу даъвога қарши чиққан маҳаллий ва баъзи хорижий тадқиқотчилар эса илмий қўлёзмалар, тарихий воқеалар ва ислом ҳуқуқшунослиги тадқиқотларига таянган ҳолда ислом ҳуқуқининг мустақил равишда, ўз доирасида ривожланган ҳуқуқий тизим эканлигини асослаб берганлар[7]. Масалан, таниқли олим Жозеф Шахт шундай ёзади: «…Ислом фиқҳи, мавжуд бўлган бир ҳуқуққа асосланмаган, балки ўз-ўзини шакллантирган»[8]. Ж.Шахт китобининг бошқа ўринларида, таъсир мавзусида баъзи муаммоларга дуч келган бўлса ҳам охирида, юқорида келтирилган ҳукмларни очиқ-ойдин эълон қилишга мажбур бўлган.
Шунингдек, Париж университети профессори Рене Давид эътироф этганидек: ислом ҳуқуқи ёки фиқҳ таркибий тузилиши, ички категорияларининг мукаммаллиги ва кенг қамровлиги жиҳатидан шу кунгача тадқиқ этиб келинаётган халқаро ҳуқуқ тизимларидан ўзига хослиги билан ажралиб туради[9].
Исломнинг дин сифатида шаклланиб, ривожланиши айнан шу даврларга тўғри келади. Албатта бунга турли минтақалардаги цивилизациялар ўз таъсирини кўрсатди. Хусусан, Мовароуннаҳрнинг ислом маданияти ва фаннинг алгебра, астрономия, фалсафа, тарих, ҳадис, калом ва бошқа соҳаларига кўрсатган таъсири жуда каттадир. Айниқса, фиқҳ илми соҳасида Мовароуннаҳрнинг тутган ўрни беқиёсдир. Умуман олганда ислом фиқҳи ўзига хос ривожланиш тарихига эга.
Муҳаммад Пайғамбар (с.а.в) яшаган даврлари[10] (570-632) фиқҳнинг шаклланиши нуқтаи назаридан энг аҳамиятли давр ҳисобланади. Чунки ваҳийга таяниб қонун чиқариш шу даврнинг ўзида якунланган ва кейинги даврлар учун ҳам замин яратилган эди. Бу даврда ҳали ал-фиқҳ термин сифатида шаклланмаган эди. Буни яхши билган ҳолда биз ушбу терминдан исломнинг илк даврига нисбатан шартли равишда фойдаланамиз, сабаби ҳуқуқ тизими айни ўша даврда шакллана бошлаган. Тарихчилар томонидан Муҳаммад Пайғамбар (с.а.в) даврлари икки қисмга ажратилади: Макка даври[11] (610-622) ва Мадина даври[12] (622-632).
Фиқҳ – ғарбда Islamic Law, Muslim Law, Muhammadan Jurisprudence (инглиз тилида), Le Droit Musulman (француз тилида), Islamische Gesetz (олмон тилида) каби номлар билан юритилади. Дунёда амалдаги ҳуқуқ нормаларидан фарқли ўлароқ, фиқҳ ибодат масалаларини ҳам қамраб олади. Фиқҳ қадимдан мавжуд ҳуқуқий нормалар ибодат ва муомала масалалари билан муштарак ҳолда маълум тартибга солинган ҳуқуқий тизимдир.
Луғатда: الفقه «ал-фиқҳ» калимаси – «англамоқ, ақл билан тушунмоқ» каби маъноларни беради. Бу сўзнинг маъноси араб тилининг асл манбаси ҳисобланадиган Қур’они Каримда шундай келтирилганини кўрамиз:
– فَمَالِ هَؤُلاءِ الْقَوْمِ لا يَكَادُونَ يَفْقَهُونَ حَدِيثًا (النساء IV/78):
«… Нега бу қавм кишилари ҳеч гап англамайдилар–а?!» [13].
Яна бир ояти каримада шундай талқин этилади:
–لَهُمْ قُلُوبٌ لا يَفْقَهُونَ بِهَا… (الاعراف VII/179):
«… Уларнинг диллари бору англай олмайдилар…»[14].
Истилоҳда: الفقه – «Ислом ҳуқуқи» деб юритилади. Бу ўринда ислом олимлари томонидан берилган қуйидаги таърифни келтирамиз:
الفقه هو العلم بالأحكام الشرعية العملية من أدلتها التفصيلية
«Фиқҳ – шаръий ва амалий ҳукмларни тафсилотли далиллардан чиқариб олиш илмидур»[15].
Фиқҳ замонавий фанлар асосида ҳозиргача чуқур ўрганилмаган бўлиб, мутахассис олимлар олдига катта муаммоларни қўйиб келмоқда.
Фиқҳ – одатда فروع الفقه «фуру‘ ал-фиқҳ» (сўзма-сўз: «фиқҳ тармоқлари») шариатни муайян соҳаларга татбиқ этишдан ва أصول الفقه «усул ал-фиқҳ» (сўзма-сўз: «фиқҳ манбалари») шаръий ҳукм олинадиган асосларни илмий ишлаб чиқишдан иборат бўлади. Тарихий тадрижга кўра фуру‘ ал-фиқҳ ( (فروع الفقه – усул ал-фиқҳдан (أصول الفقه)аввал пайдо бўлган. Фиқҳ илмининг тадрижий ривожи мутахассис олимлар томонидан бир неча даврларга тақсим этилган.
Усул ал-фиқҳ диний ҳукмларнинг манбалари ва бу манбалардан ҳукм чиқариш усулларини, фуру‘ қисми эса мазкур манбалардан маълум бир усуллар орқали чиқарилган ҳукмларни, диний-амалий қоида ва таълимотларни ўз ичига олади[16].
Нафақат «усул»нинг, балки «фуру‘»нинг пойдеворлари Муҳаммад Пайғамбар (с.а.в) замонларида вужудга келтирилиб, тамал тоши қўйилган эди, шу билан бир қаторда кейинчалик нинг усул ал-фиқҳ ва «фуруъ ал-фиқҳ»нинг илмнинг алоҳида соҳалари сифатида ёритилиб, ўқитила бошланди, ёзма шаклга келтирилди. Фиқҳнинг дастлабки даврларида ушбу манбалардан иккиси – Қуръони карим бошдан оёқ бир неча ҳофизлар томонидан ёд олинган ва ёзилган, Суннат эса қисман ёзилиб, эсда сақланган. Бошқа манбалардан эса фойдаланилганлиги (жорий қилинганлиги ёки кейинчалик ҳукмлар чиқарилганлиги) таъкидланган[17]. Бу даврда фиқҳнинг фуру‘ қисмига доир ҳукм ва мисоллар эса жуда ҳам кўпдир.
Саҳобалар даврида ал-фиқҳ (11/632-II/VIII асрнинг бошлари)
Муҳаммад Пайғамбар (с.а.в) вафотларидан кейин саҳобалар даврига келиб давлатчилик тез суръатлар билан кенгая борди. Рум, Эрон, Турк ва Барбар ҳуқуқий нормалари жорий этилган Арабистон ярим ороли, Андалус, Эрон, Ироқ, Сурия, Мовароуннаҳр, Миср, Шимолий Африка ҳудудлари қамраб олинди. У ерларга қозилар ва фақиҳлар юборила бошланди. Бир-биридан узоқ бўлган ерларда фиқҳ марказлари пайдо бўлди. Бу марказлар бир-биридан илмий жиҳатдан деярли фарқ қилмас эди. Мадина, Макка, Миср, Куфа, Басра ва Шом каби маҳаллий марказларнинг урф-одатлари, эҳтиёж ва шарт-шароитлари бошқа-бошқа эди. Фиқҳни татбиқ этувчи саҳобалар етук қобилиятли, очиқ фикрли ва кенг дунёқарашга эга эдилар. Шу сабабдан фиқҳ илми тезлик билан халқ орасига сингиб кетди.
Фиқҳ тарихчилари саҳобалар даврини белгилаётиб, турли нуқтаи назарларни эътиборга олган ҳолда ҳаракат қилганлар. Ҳуқуқий ҳаётни назарда тутганларга кўра, бу давр Муҳаммад Пайғамбар (с.а.в) вафотларидан бошлаб, Хулафои Рошидин даврининг охирига (41/661) ёки саҳобаларнинг сўнггилари яшаб ўтган иккинчи асрнинг бошларигача бўлган даврни ўз ичига олади[18]. Сиёсий ҳокимиятни эътиборга олганлар фикрича, иккинчи давр Хулафои Рошидин ёки уммавийлар даврининг охиригача давом этади. Чунки хоҳ Хулафои Рошидин (632–661), хоҳ уммавийлар даври (661–750) бўлсин, бу вақтдаги фиқҳий ҳаёт асосини саҳобалар ташкил қилади.
Мужтаҳид саҳобалар юқорида айтиб ўтилган сабаблар туфайли, фиқҳий масалаларда қисман ихтилоф қилишларига қарамай халқ орасида ўз услубларига эга олимлар сифатида эътиборли бўлганлар. Айнан шу даврда диний ижтимоий институтлар сифатида мазҳаблар вужудга келган[19].
Фиқҳ нуқтаи назаридан ушбу даврга оид қуйидаги хулосаларни бериш мумкин:
– ислом ўлкасининг ҳудудлари кенгайиши ва аҳолиси турли-туман миллат ва элатлардан иборат бўлиб кўпайиб боргани, маданиятлари ривожлана бошлагани учун Муҳаммад Пайғамбар (с.а.в) замонларида бўлмаган ҳаётий масалалар пайдо бўла бошлаган. Саҳобалар уларнинг ҳукм ва ечимлари учун ижтиҳод услубига мурожаат қилганлар;
– кейинги даврларга нисбатан янги масалалар ва уларга боғлиқ ҳукмлар кўп эмас, чунки фақиҳ бўлган саҳобалар фақат содир бўлган воқеа, ҳодиса ва масалалар устида иш олиб боришган. Ҳали содир бўлмаган воқеа ва ҳодисаларнинг фаразий ҳукмини қидиришмаган, балки буни бекорга вақт йўқотиш деб билишган;
– айниқса, илк тўрт халифа даврларида фиқҳ бошқарувга эмас, бошқарув фиқҳга бўйсунган, яъни фиқҳга кўра бошқарилган. Хулафои Рошидинлар одатда илмли, олим саҳобаларни ўз ёнларидан узоқлаштиришмаган. Янги ҳодисаларни маслаҳат мажмуасига (шўро) ҳавола қилишар, яхшилаб ўрганиб чиқилгач ҳукм беришарди. Шу сабабли саҳоба замонида фикрлар қарама-қаршилиги йўқ деса бўладиган даражада кам эди. Кейинги даврларда турли гуруҳларнинг манфаати асосий ўринга чиқа бошлаганлиги сабабли ҳам фикрлар хилма-хиллиги кўпая борди ва чуқурлашди;
– Қуръон ва ҳадис ҳамда ижтиҳод йўли билан шаклланган фиқҳ бу даврда давлатнинг ҳуқуқий асосини ташкил этган. Бу даврда ҳуқуқшуносларнинг нуфузи кейинги даврларга солиштириб бўлмайдиган даражада устун эди;
– айниқса, Усмон ибн Аффон (644–656) даврига қадар шўро аъзоларининг Мадинадан узоқ муддатга кетишларига рухсат берилмаганлиги учун буюк саҳобалар халифанинг ёнида бўлишар, маслаҳат беришарди. Шу сабабли янги масалаларнинг кўпчилигида ижмоъ ҳукмига кўра якдиллик бўларди. Камдан-кам ҳолларда фикрлар қарама-қаршилиги бўлган бўлса-да, бу таассуб, сиёсий ва баъзи гуруҳларнинг манфаати каби омиллар туфайли эмас, балки самимий фикрга ва ижтиҳодга асосланар, бирдамликни бузмасди. Кейинги даврларда ҳам мужтаҳидлар Ислом дунёсига тарқалганликлари ҳамда ихтилоф сабаблари орасида, касбий ижтиҳод ва илмдан бошқа омиллар аралашганлиги учун ихтилоф кўпайди, чуқурлашди ва баъзи мужтаҳидларга кўра, имконсиз ҳолатга келди[20].
Саҳобалар даврида қуйидаги фиқҳ марказлари мавжуд бўлган:
Мадина мактаби. Мадинада фиқҳ илмида машҳур бўлган бир гуруҳ саҳобалар мавжуд эди. Улардан ‘Умар ибн ал-Ҳаттоб (634–644), ‘Али ибн Аби Толиб (656-661), ‘Абдуллоҳ ибн ‘Умар (610-693), Зайд ибн Собит (615-665), Убайй ибн Каъб (ваф. 649 й.), Абу Мусо ал-Аш‘арий (602-673) ва ‘Абдуллоҳ ибн Мас‘уд (594-650) энг машҳурларидандир[21]. Бу фақиҳларнинг кўплаб талабалари бўлиб, улар орасида ўзлари тоби‘инлардан бўлган ва الفقهاء السبعة «етти фақиҳ» номи билан тарихда машҳур бўлганлари алоҳида ўрин тутадилар[22]. Улардан Абу Бакр ‘Абдурраҳмон ибн ал-Ҳорис ибн Ҳишом (ваф. 94/712 й.), ал-Қосим ибн Муҳаммад ибн Аби Бакр ас-Сиддиқ (ваф. 107/725 й.), ‘Урват ибн аз-Зубайр ибн ал-‘Аввом ал-Асадий (ваф. 94/712 й.), Са‘ид ибн ал-Масаййиб (ваф. 94/712 й.), Сулаймон ибн Йасор (ваф. 104-107/722-725 й.), Хорижа ибн Зайд ибн Собит (ваф. 99-100/717-718 й.), ‘Убайдуллоҳ ибн ‘Абдуллоҳ ибн ‘Утба ибн Мас‘уд (ваф. 98/716 й.) кабиларни мисол қилиш мумкин.
Бу фақиҳлар ҳақида табақот китобларида етарли маълумотлар берилган[23].
Макка мактаби. Бу ердаги фақиҳ саҳобалардан энг машҳури ‘Абдуллоҳ ибн ‘Аббос (619-686)дир[24]. Бу фақиҳнинг ҳам тоби‘инлардан саналмиш кўплаб талабалари бўлиб, улардан ‘Икрима Абу ‘Абдуллоҳ ал-Барбарий (ваф. 105/723 й.)[25], Абу Муҳаммад ‘Ато ибн Аби Рабоҳ (ваф. 114/732 й.)[26], Абу-л-Жассос Мужоҳид ибн Жабр ал-Махзумий (ваф. 103/721 й.)[27] кабилардир[28].
Бу мактаб вакиллари ҳақида ҳам табақот китобларида маълумотлар келтирилган.
Куфа мактаби. Куфа мактаби фақиҳларининг энг машҳури ‘Абдуллоҳ ибн Мас‘уддир[29]. Бу саҳоба Пайғамбар (с.а.в) ҳаётлик чоғларида кўп вақтларини У зотнинг ёнларида юриб ўтказар эди. Унинг кўплаб талабалари бўлиб, уларнинг энг машҳурларидан ‘Алқама ибн Қайс (ваф. 62/681 й.)[30], Масруқ ибн ал-Асда‘ ал-Ҳамадоний (ваф. 63/682 й.)[31], Шурайҳ ибн ал-Ҳорис ибн Қайс (ваф. 78/697, 80/699 й.)[32], Са‘ид ибн Жубайр (ваф. 95/713 й.)[33], Абу ‘Амр аш-Ша‘бий ‘Амр ибн Шараҳбил ал-Ҳамадоний (ваф. 114/732 й.)ю[34], Ҳабиб ибн Абу Собит ал-Коҳилий (ваф. 119/737 й.)[35] кабиларни мисол келтириш мумкин.
Миср мактаби. Бу мактабнинг энг машҳурларидан ‘Абдуллоҳ ибн ‘Амр ибн ал-‘Ос (ваф. 65/684 й.) ва унинг қўлида таҳсил олган Йазид ибн Абу Ҳабибни мисол тариқасида келтириш мумкин. Булар каби фақиҳлардан кўплаб талабалар таълим олган бўлиб, уларнинг фаолияти бутун Шимолий Африкадаги ислом минтақасини ўз ичига қамраб олган[36].
Шом мактаби. Бу ўлкада ҳам кўплаб саҳобалар илмий фаолият олиб борганлар. Уларнинг аксарияти ‘Умар ибн ал-Хаттоб томонидан у ерга юборилиб, таълим бериш билан шуғулланганлар. Уларнинг энг машҳурларидан Фаластин ва Шом фақиҳи ‘Абдурраҳмон ибн Қумм ал-Аш‘арий (ваф. 78/697 й.)[37], Абу Идрис ибн ‘Абдуллоҳ ал-Хулоний ад-Дамашқий (ваф. 80/699 й.)[38], Абу ‘Абдуллоҳ Макҳул ибн Муслим ал-Ҳузалий (ваф. 112/730 й. ёки 113/731 й.)[39] каби фақиҳларни мисол қилиш мумкин.
Юқорида номлари ва энг машҳур намояндалари мухтасар қилиб зикр этилган илм марказлари вакилларининг таълим бериш услуби ўша ўлканинг мавжуд маданияти ва урф-одатларидан келиб чиққан ҳолда бир-биридан бир оз бўлса-да, фарқ қилар эди. Шунингдек ибодат ва муомалот масалаларидаги ижтиҳодлар ҳам турли шаклларда эди. Бу ҳолат маълум ўлкаларда турли мазҳабларнинг пайдо бўлишига асос сифатида хизмат қилди.