Home / АЛЛОМАЛАР / АҲМАД ЗИЁУДДИН АЛ-КУМУШХОНАВИЙНИНГ МАЪНАВИЙ МЕРОСИ

АҲМАД ЗИЁУДДИН АЛ-КУМУШХОНАВИЙНИНГ МАЪНАВИЙ МЕРОСИ

XIX асрда Нақшбандия тасаввуф таълимотини дунё бўйлаб кириб боришига сабабчи бўлган, машҳур олим ва мутасаввиф “Силсилаи шариф” “Олтин занжирда” 32-ҳалқада бўлган Аҳмад Зиёвуддин ал-Кумушхонавий (1893й. вафот этган.) ҳисобланади[1][1:28]. Аҳмад Зиёуддин ал-Кумушхонавийнинг маънавий мероси жуда катта аҳамиятга эга.

Тадқиқотларимиз натижасида аниқладикки, Кумушхонавийнинг маънавий мерослари икки қисмдан иборат: 1. Аҳмад Зиёуддин ал-Кумушхонавий тасаввуфдаги Нақшбандия–холидия тармоғини ривожлантириб янги кумушхонавия йўналишига асослаган; 2. Кумушхонавий тасаввуф, ҳадис, фиқҳ, сарф, наҳв каби илмларга оид асарлар ёзган.

Кумушхонавий беш ёшида ўқишни бошлаб, саккиз ёшида Қуръони каримни ёд олиб, “Ҳофизи Қуръон” бўлган, “Далоили хойрот”, “Қасидаи Бурда” ва “Ҳизбул Аъзам” каби китобларни қироат қилишга устозлардан рухсат олган[2][2:24-25].

Манбаларда қайд этилишича, болалигидан олган таълим-тарбияси туфайли сўфийлик ҳаётига яқин бўлган. Аҳмад Зиёуддин Кумушхонавий илм олиш даврида ҳам, Истанбулдаги ўқитувчилик фаолиятида ҳам, тасаввуфий илмни ўзида камлигини доимо ҳис этган. Чунки у диний илмлар билан шуғулланган. Ботиний илмлар тўғрисида билса ҳам, мукаммал бўлиши учун, комил устоз кераклигини англаган.

1845 йилда Аҳмад Зиёуддин ал-Кумушхонавий мажлисларнинг бирида Мавлоно Холид ал-Боғдодий (қуддиса сирруҳу)нинг халифаларидан бири муфтий “Траблусшама” номи билан машҳур бўлган Абдулфаттоҳ Мавлонони кўриб муриди бўлиш истагини билдирган[3][ 3].

У зот: “Сизнинг тариқатдаги насибингиз ва тақдирингиз менинг воситам билан эмас. Маъно оламингизни нурлантирмоққа вазифадор бўлган бошқа бир зот бор. Вақту соати келганда унга интисоб қиласиз ва файзингизни ундан оласиз. Кутинг”,- дедилар[4][4:303].

Ҳазрат Кумушхонавий интизорликда устоз билан учрашув умидида юрди.

Мавлоно Холиди-ал Бағдодий Кумушхонавийнинг тасаввуфда қандай мавқе ва катта таъсирга эга бўлишини олдиндан кўра олгани учун унга раҳбарлик қилган: ўз халифаларидан бирига “Эй дўст Истанбулга бор ва фалон кишини иршод қил. Чунки у биздан кейин соҳиби замон ва раҳбари тариқат бўлгайдир.У гул ҳали очилмаган ғунчадир. Ул шаҳарга бошқа ҳар қанча халифалар жўнатилган бўлса-да, унинг насиби азалдан сенга омонат топширилган. Боргил, ҳасрат оловида куйиб, пири муршид қидираётган ўша мушку анбар ҳидли валоят ғунчасининг очилмоғига хизмат қил. Бу хусусда саодати киром Ҳазратларимизнинг руҳониятлари сенга мададкор бўлгай”, деб буюрди[5][5:9].

Яна бошқа бир манбага қуйидагича ёзилган: “Шу орада Мавлоно Холиди ал-Боғдодий ҳазрат Аҳмад Сулаймон Арводийга : “Эй дўст! Порлаш Шимолий Африкани, Бухорони, Мисрни, Маккани, Мадинани, Ҳиндистонни ва Узоқ Шарқни мунаввар қиладиган инсон. У билан сизнинг исмингиз кўпроқ эшитилади ва у билан сиз кўпроқ эшитиласиз, таниш бўласиз. Чунки у биздан кейин замоннинг соҳиби ва тариқатнинг бошловчиси бўлади”, деган[6][6:104].

1845 йил вазифа буюрилган шайх, Ливан – Триполи муфтийси Аҳмад Сулаймон Арводий Истанбулга келган. Кумушхонавий ҳазратлари пири муршидларининг келишларидан илоҳий илҳомлар, ҳақиқий тушлар билан хабардор бўлган. Улар шайх Адулфаттоҳ ҳазратнинг кулбасида кўришган. Кумушхонавий ҳеч қачон кўрмаган бу одам, Кумушхонавийга деди: “Эй Аҳмад! сизнинг қайсарлигингиз ва сизнинг раҳбарлигингиз азалдан менга ишониб топширилган ва фақат сиз учун Дамашқдан Анадолуга саёҳат қилишга келдим”. Кумушхонавий бу сирли нотаниш одамдан номини эшитган заҳоти юраги қизиб кетган, жуда ҳайратда қолган. Унинг ҳузурига қўл қовуштириб турган. Абдулфаттоҳ Кумушхонавийга юзланиб, “Бу сизнинг шайхингиз. Буни дарҳол ҳал қилинг. Орамизда бегона йўқ, биз бир шайхдан илҳомланган бир дарахтнинг икки атиргулимиз”[7][7]. Кумушхонавий шайхга интисоб қилган.

Кумушхонавий шайхини Маҳмуд пошо мадрасасидаги ҳужрасига олиб бориб, у ерда қирқ кунлик раҳмат ва мағфират даврини ўтган. Шайх Кумушхонавийга бир қанча тариқат, зикр ва сайру сулук йўлларини таълим берган. Шайх ва шогирд Мавлоно ва унинг ўртасидаги иршод фаолиятида ҳам фавқулодда ҳодисалар бўлган. Шамс-и Табризий мисолида бўлгани каби, тасаввуфий ва фавқулодда муҳит содир бўлган. Шайх Арводий ҳам худди Шамс Мавлонони тарк этганидек, Кумушхонавийни бирдан тарк этган.

 1848 йил устоз Арводий иккинчи марта Кумушхонавий билан ёлғизликда қолиб, унга нақшбандия, қодирия, суҳравардия, кубравия, шозилия, чаштия, мавлавия тариқатларига ижозат берган.

Тасаввуф яъни, тариқат йўллари жуда нозик, башар аҳлини ростлигу покликка, касб-ҳунар эгаллашга, маърифатга ва Ҳақ йўлга ҳидоят қиладиган зотлар йўллидир.

Кумушхонавий Истанбулдаги холидийларнинг энг буюк шайхи Адулфаттоҳ ҳазратнинг бўлгани учун “Энг катта халифага қаттиқ содиқлик сабабли, мустақил ҳаракатлардан ўзини тийиб” ўзини тариқат ишга тўлиқ бағишламаган.

Абдулфаттоҳ (1864)  вафотидан сўнг Кумушхонавий нақшбандия таълимотини холидия тармоғининг бир новдаси бўлган кумушхонавия тариқатини ривожлантирган. Холидияга аъзо бўлган одамлар билан кумушхонавия тармоғи жуда кенгайган.

Кумушхонавий дарвешгоҳининг бошқа сўфий масканларидан муҳим фарқи шунда эдики, у ҳадис илми мадрасаси сифатида фаолият юритган. Бу фанда Хотиматул-Муҳаддисин “34” лақаби билан машҳур Кумушхонавий ҳар куни ўзининг дарвеш кулбасида “Рамузул-аҳодис” (Ҳадислар денгизи) номли ҳадиси шарифини ҳар ҳафта сешанба ва жума кунлари камида етмиш киши ўқиган.

 Манбаларда ёзилишича Аҳмад Зиёуддин ал-Кумушхонавий олтмишга яқин тасаввуф, ҳадис, фиқҳ, сарф, наҳв ва бошқа мавзуларда араб тилида ёзилган илмий-қимматли асарлари билан машҳур бўлган[8] [1:29].

Зиёуддин Аҳмад ал-Кумушхонавийнинг энг машҳур асарларидан айримларини номи қуйида келтирилган[9] [4:308]:

  1. “Жомиъул – усул Фий – л – авлиёи ва анвоиҳим”. Асар номи четига: “Ас- суфийяту ва фавоиди соир” деб қайд этилган. Ҳозир турк тилига таржима қилиниб, нашр этилган.
  1. “Жомиъ ул-мутун” фий ҳаққи анвоис-сифатил илоҳиййа вал-ъақоидил – Мотуридиййа ва алфозил куфри ва тасдиқил-аъмалил – ъажибиййа”. (“Аллоҳ таолонинг анвойи исм сифатлари. Мотуридия эътиқоди, куфр сўзлар баёни ва амалларнинг дуруст бажарилмоғи ҳақида матнлар тўплами”). Турли нашрлари мавжуд. Ўзбекистонда 2000 йил Тошкент, “Мовароуннаҳр” нашриётидан Мирзо Кенжабек таржималари асосида чоп этилган.
  2. “Ромузул – аҳодис ъала тартиби хуруфил хижо”,(“Ҳадислар денгизи”). Турли нашрлари мавжуд. Ўзбекистонда 2007 йил “Мовароуннаҳр” нашриётидан Баҳриддин Умрзоқ таржимаси асосида чоп этилган.
  3. “Мажмуатул аҳзоб”. (“Катта дуо ва зикр”). Ўзи 2014 йили “Шарқ” нашриётидан бир гуруҳ таржимонларимиз томонларидан, ҳазрат Зиёуддин Аҳмад ал-Кумушхонавийнинг 2000 саҳифалик китобларидан саралаб олинган энг зарурий дуолар китоби чоп этди.

Хулоса қилиб қуйидагиларни айтиш мумкин:

  1. Шайх Аҳмад Сулаймон Арводий тасаввуфда Аҳмад Зиёуддин ал-Кумушхонавийга устозлик қилган. Шайх иршоди асосида тасаввуф йўлидаги нақшбандия, қодирия, суҳравардия, кубравия, шозилия, чаштия, мавлавия тариқатларининг муршиди сифатида фаолият юритишга ижозат олган.
  2. 1864 йилдан бошлаб, Аҳмад Зиёуддин ал-Кумушхонавий тасаввуф тариқатининг кумушхонавия тармоғига асос солган.
  3. Аҳмад Зиёуддин ал-Кумушхонавийни кумушхонавия тариқатининг бошқа йўналишлардан фарқи ҳадис илмини ўрганишга эътибор берган. Кумушхонавийдан бой маънавий мерос қолган : уларнинг тўрттаси ўзбек тилда таржима қилинган, қолган асарларини ҳам ўзбек тилига таржима қилиш мақсадга мувофиқдир.
  1. Кумушхонавийнинг маънавий меросини ҳар томонлама ўрганиш халқимизни ислом маърифатини ўрганишига ёрдам беради.
[1] Гуламова М.Т. Мушку анбар ҳидли валоят ғунчаси Зиёуддин Аҳмад Кумушхонавий // Имом Бухорий сабоқлари журнали. – 2020. – № 2. – 28-29 б.
[2] М.Гуламова. Кумушхонавийнинг валийлик ва унинг даражалари ҳақидаги ғоялари. Islom tafakkuri. -2021. 3-son. -24-28 b.
[3] Meчеть Фатыма Султан / Лодж Гумушаневи. / [Электронный ресурс]. –Режим доступа: URL: https://mec.foundation/projeler/gumushanevi-dergahi/Ahmed-Ziyeddin-Gumushnev-Rha (дата обращения: 20.01.2022)
[4] Зиёвуддин Ахмад Ал-Кумушхонавий,таржимон Мирзо Кенжабек, Жомеъ ул-мутун. Т.:Мовароуннаҳр; 2000 й.313 б.
[5] Гуламова М.Т. Силсилаи шарифдаги пири комил – Зиёуддин Аҳмад ал-Кумушхонавий //“Жаҳон маданий цивилизацияси контекстида хожагон, нақшбандия тасаввуфий таълимотлари илмий-маънавий меросининг умумбашарий аҳамияти” мавзусидаги халқаро илмий конференция материаллари. 2 – китоб, – Навоий: “НавДПИ”, 2019. -Б. 8-9
[6] Kılıç, Rüya, «Osmanlı Devletinde Yönetim-Nakşibendî ilişkilerine Farklı Bakış Halidi Sürgünleri», Tasavvuf Tasavvuf: İlmi ve Akademik Araştırma Dergisi, Sayı: 17, Sayfa: 103-119, Ankara, 2006.
[7] Gündüz, Gümüşhânevî Ahmed Ziyâüddîn, s. 65; Süleyman Zeki Bağlan, “Gümüşhaneli Zinciri”, Keşkül Dergisi, 2011, sy. 20, s. 37.
[8] Гуламова М.Т. Мушку анбар ҳидли валоят ғунчаси Зиёуддин Аҳмад Кумушхонавий // Имом Бухорий сабоқлари журнали. – 2020. – № 2. – 28-29 б.
[9] Зиёвуддин Ахмад Ал-Кумушхонавий,таржимон Мирзо Кенжабек, Жомеъ ул-мутун. Т.:Мовароуннаҳр; 2000 й.313 б.
Мавжуда ГУЛАМОВА,
кимё фанлари номзоди, доцент,
Бухоро давлат тиббиёт институти

Check Also

АБУ БАКР ЖАССОС ИЛМИЙ МЕРОСИНИНГ ҲАНАФИЙ МАЗҲАБИ РИВОЖИДА ТУТГАН ЎРНИ

Абу Бакр Жассос (ваф. 370/981) қолдирган илмий мерос ҳанафий мазҳабида ўзига хос аҳамиятга эга. Аллома …