Home / МАҚОЛАЛАР / Мазҳабга эргашиш динимиз талаби

Мазҳабга эргашиш динимиз талаби

Муҳаммад Зоҳид Кавсарий:
“Бемазҳаблик – динсизлик кўпригидир”.

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин. Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бемазҳаблар жонланиб қолган бир даврда яшар эканмиз, уларга аҳли илмларимиз муносиб жавоблар ва раддиялар бериб келишяпти. Шу ўринда биз ҳам қисқача ўз фикримизни билдириб ўтсак.

Aввало “мазҳаб” сўзига таъриф берсак мақсадга мувофиқ бўлади. “Мазҳаб” сўзи арабча сўз бўлиб, “йўл”, “йўналиш” маъноларини билдиради. Мазҳаблар шаръий ҳукмларни чиқариш ва уларни ўрганиш йўлидир. Улар ўз асосчиларининг номлари билан – тақво, салоҳият, ижтиҳод ва илмларини барча мусулмонлар эътироф этган мужтаҳидларнинг номлари билан аталади. Мазҳаблар Қуръон ва суннатнинг маҳсулидир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётлик пайтларида шариатга боғлиқ барча масалаларнинг ечимини У Зот алайҳиссаломнинг ўзлари кўрсатар эдилар. Саҳобаи киромлар эса, У Зот алайҳиссаломдан содир бўлган ҳар бир гап ва ишларни катта эътибор билан қабул қилиб, ўз ҳаётларига тадбиқ қилардилар. Aста-секин мусулмонларнинг сафи кенгайиб, ислом дини бошқа ўлкаларга ҳатто араб бўлмаган диёрларга ҳам етиб борди. Натижада, шариат ҳукмларини яхши ўрганган инсонларни кўмагига эҳтиёж сезилди. Мазҳаблар айнан шу пайтдан бошлаб пайдо бўлди.

Аҳли сунна вал жамоа бўлган тўрт мазҳаб яъни ҳанафий, моликий, шофеъий ва ҳанбалий мазҳабларидан бирини лозим тутиш мусулмон умматининг бирлиги учун мусулмонлардан талабдир.

Аллоҳ таоло Ўзининг каломид шундай деган:

فَاسْأَلُوا أَهْلَ الذِّكْرِ إِنْ كُنْتُمْ لَا تَعْلَمُونَ

яъни: “Бас, агар билмайдиган бўлсангиз, зикр аҳлидан сўрангиз!” (Анбиё сураси, 7-оят). Мазкур мазҳабларнинг тўғрилиги ва ҳақ эканлиги ҳақида барча мусулмон уммати ижмо (иттифоқ) қилганлар. Далил сифатида қуйидаги олимларнинг сўзларини келтирамиз:

Имом ибн Aҳмад аш-Шаъроний ўзларининг “Aл-Мийзан аш-шаърония” асарларида мазҳаблар ҳақида қуйидаги фикрларни зикр қилган. “Aслида саҳоба ва тобеинлар даврида мазҳабларнинг сони ўн саккизта бўлган. Уларнинг барчаси ўз вақтида амалда бўлган. Лекин вақт ўтиши билан улар орасида тўрт йирик: ҳанафий, моликий, шофеъий ва ҳанбалий мазҳаблари ажралиб чиқди. Мазкур тўрт мазҳабнинг сақланиб қолишининг асосий омили бу мазҳабларнинг таълимотлари бошқа мазҳаблардан кучлироқ бўлгани учун эмас, балки тўрт мазҳаб бошқа ўн тўрт мазҳаб таълимотини ҳам қамраб олганидир”.

Аллома Ибн Ражаб раҳматуллоҳи алайҳ ўзларининг “Тўрт мазҳабдан бошқага эргашганга раддия” номли китобида шундай деган: “Аллоҳ таоло шариатни сақлаш ва динни муҳофаза қилиш учун ўз ҳикмати билан одамлар ичидан тўрт забардаст имомларни чиқариб берди. Уларнинг илму маърифатда юқори мартабага эришганларини ва чиқарган фатво ва ҳукмлари ҳақиқатга ўта яқинлигини барча уламолар бир овоздан эътироф қилганлар. Барча ҳукмлар ўшалар орқали чиқариладиган бўлди”.

Имом Бадриддин Заркаший “Баҳрул муҳит” китобида шундай ёзади: “Мусулмонларнинг эътироф қилинган тўрт мазҳаби ҳақдир ва ундан бошқасига амал қилиш жоиз эмас”.

Ашраф Али Таҳонавий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Мен йигирма беш йиллик илмий тажрибам асосида шуни билдимки, ҳозирги даврда бирор мазҳабни тутмаслик охир-оқибат динсизликка олиб борар экан” (“Малфузот” китоби).

Имом Али ибн Абдуллоҳ Самҳудий ўзларининг “Иқдул фарид фи аҳкомит-тақлид” номли асарларида шундай деганлар: “Билингки, ушбу тўрт мазҳабдан бирини ушлашда катта фойда бор. Ундан юз ўгиришда эса, катта муаммо ва ихтилофлар бор”. Имом Самҳудий сўзларини давомида шундай дейди: “Бир мазҳабда юришда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилган қуйидаги ҳадисга амал қилиш бор: “Агар ихтилофни кўрсангиз, ўзингизга кўпчилик томонини лозим тутинг” (Имом Ибн Можа ривояти). Демак, мазҳабга эргашиш катта жамоага эргашиш ҳисобланади”.

Аллома Зафар Аҳмад Усмоний роҳматуллоҳи алайҳ “Эълоус-сунан” номли китобларида шундай деганлар: “Тўрт мазҳаб имомлари ҳақиқатан тўғри йўл ва ҳидоятдадирлар. Бир юртда улардан қайси бирининг мазҳаби тарқалган бўлса, унинг уламолари ва китоблари кўп бўлса, ижтиҳод даражасига етмаган киши учун ўша мазҳабга эргашиш вожиб бўлади. Ўз юртида кенг тарқалмаган ва уламолари кўп бўлмаган мазҳабга эргашиш жоиз эмас. Чунки бундай ҳолатда мазкур мазҳабнинг барча ҳукмларини ўрганиш имкони бўлмайди. Буни яхши билинг. Иншааллоҳ, ҳақиқат бундан бошқада эмас”.

Машҳур аллома Абдулҳай Лакнавий ҳазратлари ўзларининг “Мажмуатул фатово” китобларида Шоҳ Валиюллоҳ Деҳлавийнинг қуйидаги сўзларини келтирганлар: “Ҳиндистон ва Мовароуннаҳр юртларида шофеийларни ҳам, ҳанбалийларни ҳам, моликийларни ҳам мазҳаби тарқалмаган, бошқа мазҳаб китоблари ҳам етиб келмаган. Шунинг учун ушбу диёрларда яшовчи, ижтиҳод даражасига етмаган кишиларга Абу Ҳанифа мазҳабига эргашиш вожиб бўлади. Маккаи мукаррама ва Мадинаи мунавварада яшовчи кимсаларга ундай эмас. Чунки у ерда барча мазҳабларни топиш имконияти бор”.

Имом Нафровий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Тўрт имомдан бирига эргашмоқ вожиб эканига мусулмонлар иттифоқ қилишган”.

Юқоридаги қувватли гаплар бемазҳабларни ер билан битта қилиб юборганига қарамасдан, ҳозирги кунимизда тарқалаётган: “Қуръон ва ҳадисдан ўзимиз ҳукм оламиз”, “Абу Ҳанифага эргашасизларми ёки Пайғамбаримизгами (с.а.в) ?”, “Қуръон ва суннатга эргашамиз”– деб, катта даъво ва хато устига хато қилмоқдалар. Билмайдиларки, ҳадис илмининг султонлари бўлган ва минглаб ҳадисларни ўрганиб, уларни жамлаб, ҳадис китобларини ёзган буюк муҳаддислар ҳам мазҳабда юрганлар. Хатоларининг асосий сабаби – улар мазҳаб ўзи нима, мазҳаб асосчилари қанақа мартабадаги зотлар эканини билмасликларидир.

Саналган далиллардан маълум бўладики, мазҳабга эргашиш баъзилар ўйлагандек гумроҳлик эмас, балки Аллоҳ таолога, унинг расулига ҳамда ишбоши (уммат эътироф этган уламолар) ларга итоат этиш экан.

Хулоса қилиб айтганда, мазҳабларга эргашиш – шариат кўрсатмасига эргашишдир! Уни инкор қилиш эса шаръий кўрсатмаларга ва бутун Ислом уламоларига қарши чиқиш ҳисобланади. Зеро, Ислом тарихида бирор муфассир ёки муҳаддис ёхуд фақиҳни бемазҳаб бўлгани маълум эмас. Фақатгина мужтаҳид бўлган кишилар бундан мустасно холос. Шаръий илмлар борасида мусулмонларнинг илми етарли бўлмаган бугунги даврда, баъзилар томонидан мазҳабларни инкор  қилиш фақат мусулмонларнинг бирдамлигига футур етказади холос.

Қуръон ва суннатдан ҳар ким ўзбошимча ҳукм чиқариш мусулмонларни куфрда айблаш, уларнинг қонини тўкишни ҳалол ҳисоблаш, боғийлик, фитна ва ихтилоф қўзғаш каби динимизда қатъиян ман қилинган хатти-ҳаракатларга сабаб бўлмоқда.

Инсон дунё ва охиратда гўзал ҳаётга эришиши учун Аллоҳ ва унинг расули йўлини маҳкам тутмоқлиги керакдир. Бу эса ўз-ўзиданмас, балки пайғамбаримиз ва у зотнинг йўлидан юрган уламоларга эргашиш билан бўлади. Аллоҳ таоло барчаларимизни тўғри йўлдан адаштирмасин.

Умиджон ХОДЖАЕВ,
Тошкент ислом институти проректори
Манба: oliymahad.uz

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …