Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий зеҳни ўткир, хотираси кучли, жуда уқувли, тез ёдлаб олиши билан биргаликда заковатли, фатонатли, иқтидорли, кенг тафаккурли ва истаган нарсасини жуда тез эсга олиб такрорлаши билан тенгдошлари орасида ўхшаши йўқ эди. У 10 ёшиданоқ ҳадис тинглашни бошлайди ва 15 ёшигача 70 мингга яқин ҳадисни ёд олади. У ўзи ҳақида шундай дейди: “Мен бошланғич мактабда ўқиб юрган кезларимдаёқ ҳадис ёдлаш менга илҳом қилинди”. Энг аввало, у Абдуллоҳ ибн ал-Муборак ва Вакиъ ибн ал-Жарроҳнинг ҳадис тўпламларини тўлиқ ёд олади. Муҳаммад илм талаб қилиш ва ҳадис ўрганишга шу даражада киришиб кетдики, у бамисоли бу иш учун яратилгандек эди. Талабалик даврида Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий билими ва маълумоти чуқур эканлигига далил бўладиган кўпгина воқеа ва ҳодисалар бўлиб ўтган. У ёдлаб олиши учун бир марта кўриши ёки эшитиши етарли эди. Бир маротабасида, устози имтиҳон қилганда 15 000 га яқин ҳадисни ёддан айтиб беради. Муҳими шундаки, у бу ҳадисларни ёзиб бормаган эди. У барча ўтилган ҳадисларни бирма-бир айтиб берганда қолган тенгдошлари ёзган дафтарларидаги хатоларини тўғрилаб олишади.
Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий Бухорода Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Жаъфар ибн ал-Ямон ал-Жуъфий ал-Муснадий, Муҳаммад ибн Салом ал-Бийкандий, Муҳаммад ибн Юсуф ал-Бийкандий ва бир қатор олимлар жамоасидан таълим олади ва илмини янада мустаҳкамлайди. Лекин улар катта устозлари эмаслар.
Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий 16 ёшида онаси ва биродари Аҳмад билан биргаликда ҳаж зиёратига бориш чоғида ислом ўлкаларидаги илм марказларига саёҳат қилади. Онаси ва биродари Бухорога қайтаётганларида Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий илм ўрганиш истаги билан Маккада қолади. У Ҳижозда олти йил истиқомат қилади ва у ерда ҳадис илми билан янада мукаммал шуғулланади. Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий 18 ёшида “Китоб қазояс саҳоба ват тобеъин” ва “ат-Тарих ал-кабир” номли асарларини ёзади.
Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий жуда кўп илмий саёҳатлар уюштирган. У Балхда – Маккий ибн Иброҳимдан ҳадис тинглайди. У Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорийнинг катта устозларидан биринчиси ҳисобланади. Марвда – Абдон ибн Усмон, Али ибн ал-Ҳасан ибн Шақиқ ва Садақа ибн ал-Фазлдан, Нишопурда – Яҳё ибн Яҳёдан, Райда – Иброҳим ибн Мусодан, Бағдодда – Муҳаммад ибн Исо ибн ал-Тоббаъ, Сурайж ибн ан-Нуъмон, Муҳаммад ибн Собиқ ва Аффондан, Басрада – Абу Осим ан-Нубайл, ал-Ансорий, Абдурраҳмон ибн Ҳаммод аш-Шуъусий, Муҳаммад ибн Аръара, Ҳажжож ибн Минҳол, Бадл ибн Муҳаббир ва Абдуллоҳ ибн Ражоадан, Куфада – Абдуллоҳ ибн Мусо, Абу Нуъайм, Холид ибн Махлад, Толқ ибн Ғанном ва Холид ибн Язид ал-Муқрийдан, Маккада – Абу Абдурраҳмон ал-Мукрий, Халлод ибн Яҳё, Ҳассон ибн Ҳассон ал-Басрий, Абул Валид Аҳмад ибн Муҳаммад ал-Авзоъий ва ал-Ҳумайдийдан, Мадинада – Абдулазиз ал-Увайсий, Айюб ибн Сулаймон ибн Билол ва Исмоил ибн Абу Увайсдан, Мисрда – Саъид ибн Абу Марям, Аҳмад ибн Ишкоб, Абдуллоҳ ибн Юсуф ва Асбағадан, Шомда – Абул Яман, Одам ибн Абу Иёс, Али ибн Айёш, Башр ибн Шуаъйб, Абул Муғийра Абдулқуддус, Аҳмад ибн Холид ал-Ваҳбий, Муҳаммад ибн Юсуф ал-Фирёбий, Абу Мусҳир ва яна жуда кўпгина илм аҳлидан ҳадис тинглаган ва таълим олган.
Заҳабийнинг таъкидлашича, “Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий таҳсилини тамомлаб китоб ёзишга ва ҳадис ривоят қилишга бошлаган пайтида ҳали юзида бир тук чиқмаган ўспирин эди”[1]. Фақат китоб ёзишга киришиши ҳадис талабини сўнгига етганини билдирмайди. “Киши ўзидан катта бўлганлардан, тенгдошларидан ва ўзидан кичик бўлганлардан илм олмагунча камолга эришмайди”, деган Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий 1080 та кишидан ҳадис тинглаб, илм ўрганган[2].
Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий машғул бўлиб фаолият олиб борган илмларни қуйидагича тартиблаш мумкин:
- Ҳадис илми. Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий ҳадисларни ёд олиш билан биргаликда уларнинг иснодларини ва уни хилма-хил йўлларини мукаммал ўрганган ушбу соҳада тенгсиз эди. Унинг бу илмнинг энг чўққисига чиққанлигини тасдиқловчи жуда кўп ҳаётий мисоллар мавжуд. Жумладан, Юсуф ибн Мусо ал-Марваррузий дейди: «Мен Басра масжидида эдим. Муаззин баланд овозда: “Эй илм аҳли! Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий ташриф буюрди”, деди. Шунда биз унга қараб юзландик. Биз соқоллари қоп-қора ёш йигитни кўрдик. У устун орқасида намозни адо қилди. Намоздан сўнг одамлар уни ўраб олиб, уларга ҳадис айтиб ёздиришни сўрадилар. У бунга розилик билдирди. Муаззин иккинчи марта масжидда баланд овозда: «Эй илм аҳли! Барчангизга маълум бўлсинки, Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий бизларга ҳадис айтиб, ёздиришга розилик билдирди. Аллоҳнинг изни билан эртага шу ерда йиғиламиз”, деди. Эртаси куни муҳаддислар, ҳофизлар, фақиҳлар, усул олимлар қисқаси Басра шаҳрининг барча олимлари ва фозиллари бирма-бир йиғилиб 1000 га яқин одам тўпланди. Абу Абдуллоҳ ҳадис сўзлаш учун келиб ўтирди. У ёздиришни бошлашдан олдин шундай деди: “Эй аҳли Басра! Мен бир йигит бўлсам ҳам мендан сизларга ҳадис айтиб беришимни сўрадингиз. Мен фойдали бўлиши учун сизларга маълум бўлмаган шаҳрингиздан бўлган ровийлар ривоятидан айтиб бераман”. Шунда одамлар унинг сўзидан ажабланди. У ҳадис айтиб бера бошлади. Айтган ҳадислари биз билмаган шаҳримиздан бўлган ровийлар ривоятлари эди.
Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий деди: “Мен мингдан ортиқ ҳадис уламосидан ҳадис тингладим. Уларни ҳар биридан ўн мингта ёки ўн мингдан ортиқ ҳадис ўргандим. Мен билган ҳадисларни барчасини исноди билан биламан”.
Абул Азҳар деди: “Самарқандда 400 та ҳадис толиблари 7 кун давомида тўпланиб, Муҳаммад ибн Исмоилни хатога туширмоқчи бўладилар. Улар Шом иснодини Ироқ иснодига, Яман иснодини Ҳаромайн(Макка ва Мадина) иснодига аралаштириб, матнларни ҳам чалкаштириб юборадилар. Муҳаммад ибн Исмоил барча ҳадисларни иснодлари билан жой-жойига қўйиб айтиб беради”.
Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий деди: “Мен ҳадис иснодидаги барча ровийларни туғилган ва вафот этган йили, яшаб истиқомат қилган жойларини билмагунча қабул қилмадим. Саҳоба ва тобеъинлардан (мавқуф)ҳадисларни Қуръон ва Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳадисларида асли бўлмаса ривоят қилмадим. Мен 100 000 та “саҳиҳ”(тўғри) ва 200 000 та “ғайри саҳиҳ”(нотўғри) ҳадисни иснодлари билан ёд олганман”.
- Тафсир илми. Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий буюк муҳаддис олим бўлиш билан биргаликда Қуръон оятлари нимага далолат қилишини жуда яхши билар эди. У Қуръон ва ҳадисдан шаръий масала бўйича ҳукм чиқара олиш қудратига эга эди. Унинг “саҳиҳ”идаги тафсир китобини ва “ат-Тафсир ал-кабир” асари бу соҳада ҳам тенгсиз эканлигига ёрқин мисол бўлади.
- Фиқҳ илми. Ҳадислардан ҳукм олишда нималарга эътибор қаратиш кераклигини аъло даражада ўрганган Имом ал-Бухорий ҳадис илми билан шуғулланиш билан биргаликда фиқҳ илми билан ҳам машғул бўлган. У ёшлигидан бошлаб “аҳли рай” мазҳабини жуда яхши ўрганди. У саҳобаларни сўзлари ва тобеъинларни фатволарини яхши ўрганди. У ҳатто 18 ёшида уларга бағишлаб бир мустақил асар ёзди. Уни буюк фақиҳ ва тенгсиз мужтаҳид эканлигини жуда кўп устозлари таъкидлаганлар:
- Нуаъйм ибн Ҳаммод ал-Хаззоиъй: Муҳаммад ибн Исмоил бу умматнинг фақиҳидир, деди;
- Муҳаммад ибн Башшор(Бундор) деди: Муҳаммад ибн Исмоил замонамизнинг энг фақиҳидир. У Басрага келганда эса, бугун фақиҳлар саййиди ташриф буюрди, деган;
- Абу Мусъаб аз-Зуҳрий деди: Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий ичимизда энг фақиҳимиздир. У ҳадисда ҳатто Аҳмад ибн Ҳанбалдан ҳам билимдон ва моҳирдир. Шунда ёнидагилардан бири, жуда ошириб юбордингку, деди. У деди: агар сен Молик ибн Анас билан Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорийни бир орага келтириб қиёслаб кўрсанг, уларни ҳадис ва фиқҳда тенг эканликларини кўрасан. Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорийни фақиҳлигига ва Молик ибн Анас билан бир даражада эканлигига ёрқин далил сифатида устози Исҳоқ ибн Роҳвайҳ хузурида фатво беришидир. У деди: «Мен Исҳоқ ибн Роҳвайҳ хузурида ўтирган эдим. Бир киши келиб, билмасдан талоқ қилиш тўғрисида савол сўради. Устозим ўйга чўмиб, узоқ сукут сақлади. Шунда мен дедим, пайғамбар (с.а.в.) шундай деганлар: “Аллоҳ умматимни билмасдан қилган амалини ва айтган сўзларини кечирди”. Бу ҳадисдан кўриниб турибдики, инсонни қалби ва амали ёки қалби ва сўзи бир бўлиши лозим. билмасдан талоқ қилган одам эса, қалби билан ишонмаган. Устозим Исҳоқ: “Сен мени қувватладинг, Аллоҳ сени қувватласин» деди ва бу билан фатво берди”.
Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий “саҳиҳ”ини бобларини тартибга солишга фиқҳий ғоя асос қилиб олинган. У буни шу даражада нозиклик ва латифлик билан амалга оширганки, кўпчилик осонликча тушуниб олмайди. Тушуниш учун чуқур билим ва маърифатга эга бўлиш талаб қилинади. “Саҳиҳ”и ва бошқа асарларига қараб шуларни айтиш мумкинки, Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий ҳеч кимга тақлид қилмаган. Мисол сифатида баъзиларини кўриб чиқсак:
- Ҳар намозхон ҳар бир ракатда фотиҳа сурасини қироат қилиши вожиб. Имомга ҳам, эргашганга ҳам ёки ёлғиз ўқувчига ҳам, овоз чиқариб ўқиса ҳам, ичида ўқиса ҳам барибир;
- Рукуъга етишмаган ракатни қочирган бўлади;
- Қунут дуоси ўқишлик рукуъдан олдин ва кейин ҳам жоиз;
- Аёллар эркак касалларни кўришга боришлиги жоиз;
- Аҳли фасодни ғийбат қилиш жоиз;
- Аёл киши келин бўлса ҳам эркак кишиларга хизмат қилиши жоиз;
- Ҳоким ҳаромни ҳалол ва ҳалолни ҳаром қила олмайди;
- Имом орқасида қироат қилиш;
- Намозда қўл кўтариш.
Юқоридаги мисоллар етарли бўлади деб, ўйлаймиз.
- Тарих ва сияр илми. Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий бу илм соҳасида тенгсиз эди. У ҳадис ривоятидаги ровийлар силсиласини ҳар томонлама мукаммал ўрганган эди. У ҳадисни “саҳиҳ”лигини белгиловчи энг муҳим жиҳат бу ровийнинг аҳволидир, деган. Унинг энг биринчи ёзган асари “ат-Тарих ал-кабир” ҳисобланади.
- Жарҳ ва таъдил илми. Ҳадис илмининг муҳим бир соҳаси бўлмиш “аж-Жарҳ ват таъдил” илмига оид фикрлар саҳобалар даврида билдирилган. Лекин, бу соҳа бўйича ёзилган энг қийматли асарлар Имом ал-Бухорий даврига тўғри келади. Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий бу илмда тенгсиз ҳисобланарди. Чунки, у саҳоба давридан бошлаб, ўзини давригача бўлган барча иснодларни жуда мукаммал ва аъло даражада ўрганиб, ишончли ва моҳирини муттаҳам ва ёлғончидан ажратган. У ровийларни жароҳатлашда ёки адолатли дейишда далил бўлган. Лекин ровийларни жароҳатлашда эҳтиёткор бўлган. Чунки, ғийбатга кириб қолишдан хавфсираган. Бу уни тақвоси ва зоҳидлигидандир. У шундай дер эди: “Мен бирор кимсани ғийбат қилмасдан Аллоҳ билан кўришишни истайман”. У деди: “Охиратда менга ҳеч ким хусумат қилмайди. Чунки, мен бировларни ғийбат қилишдан қочдим”.
Баъзилар унга сен “тарих” китобларингда одамларни ғийбат қилгансан, деб маломат қилганлар. Шунда, Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий уларга пайғамбар (с.а.в.)нинг бу қандай ярамас одам, деган сўзларини келтиради. Пайғамбар (с.а.в.) манфаат йўлида рухсат берган, деб жавоб берган Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий.
Ровий кишилар тўғрисидаги билим ва маълумот жиҳатидан тенгсиз бўлишига қарамай жароҳатлаган(заифлигини айтган) ровий ҳақида ҳам иззатига тегадиган сўзларни ишлатмас эди. Ёлғончилиги маълум бўлган одам ҳақида сўз юритганда “фиҳи назар” – бунда ихтилоф бор, “сакату анҳу” – сиқалиги ҳақида олимлар бирор нарса демаганлар, “тараку ҳу” – уни ривоятини тарк қилганлар, деган. Уни бир одам ҳақида энг оғир сўзлари “мункарул ҳадис” – ҳадиси олинмайди, деган. “Каззоб” – ёлғончи, “ваддоъ” – ҳадис тўқувчи каби сўзлари жуда кам учрайди.
Уни жарҳ ва таъдил илми бўйича ёзган асарлари ўз соҳасида мислсиз ҳисобланади. Унинг асарлари ундан кейинги Абу Ҳотим ва Ибн Ҳиббон каби олимлар учун илмий метод сифатида қўлланма вазифасини бажарган.
- Ҳадис иллати илми. Бу илм махфийлиги учун ҳадис илмининг энг нозик ва энг қийин соҳаси ҳисобланади. Муҳаммад бу илмда бамисоли ҳилпираб турган байроқ кабидир. Унинг бу илмдан хабардорлиги ва билимдонлигига ёрқин мисол Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий “саҳиҳ” асаридир. Бу илмдан бехабар бўлган муҳаддис қанча ҳадис ёд олмасин “саҳиҳ” ҳадисни бошқасидан ажратиб мустақил бир асарда жамлай олмайди.
Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий деди: “Мен “саҳиҳ”ни сақим(нотўғри)дан ажратиб олмагунча, ҳадис ёзишга киришмадим”.
У бу илмда маърифатли олимларнинг биринчиларидан бўлиб, у Аҳмад ибн Ҳанбал ва Али ибн ал-Маданийдан кейин табақанинг бошидир. Ахир унинг устози кимсан Али ибн ал-Маданий бу илмда унда тенглашадиган олим топилмайди. Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий устозидан бу илмни барча нозик жиҳатларигача мукаммал ўрганган. У шундай деган: “Мен ўзимни фақатгина Али ибн Маданий олдида яхши сезмайман. Ундан бошқа барчани олдида ўзимни яхши ҳис қиламан”.
Абу Зуръа ар-Розий ёш йигитни олдига ўтириб олиб, ушбу илм бўйича таълим олар эди. Унинг асарларидан бу илм мукаммал ва камчиликсиз ёритилиб берилган. Бу илм соҳаси бўйича унинг изидан шогирди ат-Термизий юриб фаолият олиб борган.
- Луғат илми. Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий бу илмдан бўйича ҳам бенасиб қолмаган. Бу илм айниқса, фақиҳнинг асосий қуролидир. “Саҳиҳ”ни кўп ерида келган ғариб нарсаларни тушунтириб изоҳлаш учун қўллаганини кўришимиз мумкин.
Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий ҳадис илми бўйича тенгсиз олим бўлиши билан бирга уни таълим беришда ҳам мислсиз эди. У жуда кўп буюк олимларга устозлик қилган. Улар Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий изидан бориб, у очган йўлдан юрганлар. Улар ҳақида тушунча ҳосил қилиш учун баъзиларини келтириб ўтамиз:
- Абул Ҳусайн Муслим ибн ал-Ҳажжож ан-Найсабурий(204-261). У “саҳиҳ” асарининг муаллифи. Доруқутний шундай деган: “Агар Бухорий бўлмаганда, Муслим каби олим бўлмас эди”.
- Абу Исо Муҳаммад ибн Исо ат-Термизий(210-279). У “сунан” асарининг муаллифи.
- Солиҳ ибн Муҳаммад(205-293).
- Абу Бакр Муҳаммад ибн Исҳоқ ибн Хузайма(223-311). У “саҳиҳ” асарининг муаллифи.
- Абул Фазл Аҳмад ибн Салама ан-Найсабурий(…-286). У Муслимнинг дўсти бўлган.
- Муҳаммад ибн Наср ал-Марвазий(202-294).
Бундан ташқари ҳадис аҳлидан бўлган буюк фақиҳларга ҳам устозлик қилган:
- Абу Бакр ибн Абу Довуд Сулаймон ибн ал-Ашаъс(203-316).
- Ҳофиз Абул Қосим Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Абдулазиз ал-Бағавий(214-317).
- Ҳофиз Қози Абу Абдуллоҳ ал-Ҳусайн ибн Исмоил ал-Маҳомилий(235-330).
- Абу Исҳоқ Иброҳим ибн Муаққал ан-Насафий(…-295). У Бухорий “саҳиҳ”ини ривоят қилганлардан бири ҳисобланади.
- Абу Муҳаммад Ҳаммод ибн Шокир ан-Насафий(…-311). У ҳам Бухорий “саҳиҳ”ини ривоят қилганлардан бири ҳисобланади.
- Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Юсуф ибн Матор ал-Фаробрий(231-320). У ҳам Бухорий “саҳиҳ”ини ривоят қилганлардан бири ҳисобланади. Одамларга у орқали тарқалган.
Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий илмий мажлислар ва дарс ҳалқаларида ҳадислар айтиб ёздирарди. Ундан ташқари ҳадис илмидан ҳам дарс берарди. Шулар билан биргаликда, у кейинги авлодлар фойдаланишлари учун жуда кўп асарлар ёзиб қолдирган. Унинг илмий меросини икки қисмга бўлиш мумкин. Биринчиси бизларгача етиб келган асарлари. Иккинчиси ҳалигача топилмаган асарлари.
Биринчи қисм асарлари:
- “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ”. Бу китоб “Саҳиҳ ал-Бухорий” номи билан танилган.
- “Ат-Тарих ал-кабир”. Бу китоб ўз бобида ва соҳасида ўхшаши йўқ. Ушбу асарда саҳобалар давридан бошлаб ўз замонасигача бўлган ҳадис ривоят қилган кишилар ҳақида маълумотлар келтирилган. Шунингдек, у ҳадис иллати, жарҳ ва таъдил илми ҳақидаги турли маълумотлар ўз ичига олади. Ушбу асар аллома Абдурраҳмон ал-Муаллимий тадқиқи остида 1691 йилда Ҳайдарободда босилган.
- “Ат-Тарих ал-авсат”. Бу китоб йиллар бўйича тартибга келтирилган. Бизгача бир қисми қўлёзма ҳолида етиб келган.
- “Ат-Тарих ас-сағир”. Бу китоб йиллар бўйича тартибга келтирилган. Бу китоб бир неча марта босилган.
- “Китобул куна”. Бу китоб “ат-Тарих ал-кабир” билан бирга Ҳайдарободда босилган.
- “Аз-Зуафо”. Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорийнинг бу ном билан иккита китоби бўлган бири “ал-кабир” иккинчиси “ас-сағир”. Бизгача “ас-Сағир” китоби етиб келган. Бу асар ҳадис ривоят қилган заиф кишиларга бағишланган.
- “Ал-Адаб ал-муфрад”. Бу китоб одоб ва ахлоққа бағишланган бўлиб, ўз бобида жуда нафисдир. Китоб янги йўналиш асосида бобларга бўлинган. Бу китоб бир неча марта босилган.
- “Ал-Қироат халфал имом”. Бу китоб жузьул қироат номи билан танилган. Бу китобда имомга эргашган кишини қироат масаласи батафсил ёритилган. Шунингдек, ҳар ракатда намозхон қандай ҳолда бўлишидан қатъий назар фотиҳа сурасини қироат қилиши вожиб эканлиги масаласи ҳам ҳар томонлама ўрганилган. Яъни, намозхон киши имом, имомга эргашувчи, ёлғиз адо қилувчи намозни яширинми ёки овоз чиқариб ўқийдими фарқи йўқ барча ҳолда фотиҳа сурасини қироат қилишлик вожибдир. Ракат бошқа ракатдан ажратиб олинмайди. Бу китоб бир неча марта босилган.
- “Рафъул ядайн фи ас-салот”. Бу китоб жузьул рофъул ядайни номи танилган. Бу китобда намозхон намозда такбир ҳолида қўлларини кўтаришлик масаласи батафсил ёритилган. Бу китоб бир неча марта босилган.
- “Халқ афоълул ибод”. Бу китоб ақида ва эътиқод масаласига бағишланган бўлиб, унда бандаларнинг феъллари махлуқ, яъни яратилгандир. Аллоҳнинг каломи Қуръони карим махлуқ эмас, яъни яратилган эмасдир. Бу китобни ёзилишига асосий сабаб Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий бу масала бўйича туҳматга қолган ва қийинчиликлар бошига келган. Бу китоб бир неча марта босилган.
Иккинчи қисм асарлари:
- “Биррул волидайн”. Бу китобни Ибн Ҳажар ва бошқа мутааххир олимлар айтиб ўтганлар.
- “Ал-Жомеъ ал-кабир”. Бу китобни Ибн Тоҳир ал-Мақдисий зикр қилиб ўтган.
- “Ал-Муснад ал-кабир”. Бу китобни ал-Форобрий зикр қилиб ўтган.
- “Ат-Тафсир ал-кабир”. Бу китобни ҳам ал-Форобрий зикр қилиб ўтган.
- “Ал-Ашриба”. Бу китобни Доруқутний “ал-Муъталиф вал мухталиф” асарида зикр қилиб ўтган.
- “Ал-Ҳиба”. Бу китобни котиби Муҳаммад ибн Абу Ҳотим зикр қилиб ўтган.
- “Асомис саҳоба”. Бу китобни Абул Қосим ибн Мандаҳ ва бошқалар зикр қилиб ўтган.
- “Ал-Мабсут”. Бу китобни ал-Халилий “ал-Иршод” асарида зикр қилиб ўтган.
- “Ал-Ваҳдон”. Бу китобда саҳобалардан кимни биргина ҳадиси бўлган бўлса шундай саҳобаларга бағишланган. Бу китобни Абул Қосим ибн Мандаҳ “ал-Маърифа” асарида зикр қилиб ўтган.
- “Ал-Иълал”. Бу китобни Абул Қосим ибн Мандаҳ зикр қилиб ўтган.
- “Ал-Фавоид”. Бу китобни ат-Термизий ўз сунанида зикр қилиб ўтган.
- “Қазояс саҳоба ват тобеъин2. Бу китоб Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий ёзган китобларнинг биринчиси бўлиб, уни 18 ёшида ёзган.
- “Ал-Машйаҳа”. Бу китобда Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий кўришган барча устозларини ёки унга ривоят қилишга ижозат берган устозларини келтириб, улар ҳақида маълумот келтирган. Бу китобни Ибн ас-Субкий зикр қилиб ўтган.