Шайбонийлар (1500-1599) даври илм-маърифат ва маданиятда темурийлар (1370-1500) давомчилари бўлиб, улар даврида ҳам Бухоро ва, айтиш мумкинки, Мовароуннаҳр диёри бутун ислом оламида ўз шон-шуҳратини йўқотмаган эди. Масалан, Бухорода XVI асрда пайдо бўлган ва илмий фаолият юрита бошлаганига бугун 500 йил бўлган “Мир Араб” мадрасаси илк давриданоқ бутун ислом оламида шуҳрат қозонди. Унга бутун дунёдан талабалар келиб, таҳсил ола бошладилар. Унинг шуҳратига яна бир сабаб, дунёнинг машҳур олимлари келиб, у ерда дарс берганлар. Мустафо ар-Румий, Камолиддин Иброҳим аш-Ширвоний, Мавлоно Фазлуллоҳ ибн Рўзбеҳон аш-Шерозий, Асомиддин Иброҳим ал-Исфароиний ва Ғиёсиддин ал-Баҳрободий каби олимлар “Мир Араб” мадрасаси қурилгандан кейин Мовароуннаҳрга келиб, илмий фаолият олиб борганлар. Бироқ, ҳанузгача ушбу олимлар тўғрисида етарлича маълумотлар учрамайди, унинг Мовароуннаҳрдаги илмий фаолиятлари тўлиқ ўрганилган эмас. Мазкур олимларнинг ҳаёти ва ижоди Ўзбекистонда деярли илмий тадқиқ қилинмаган, десак муболаға бўлмайди.
XVI асрда Бухорога келиб илмий фаолият олиб борган олимлардан бири Мустафо ар-Румий (ваф. 963/1556) ҳисобланади. У зот узоқ муддат Бухорода истиқомат қилиб, ҳадис фанида дарс берган.
Мавлоно Сафийуддин Мустафо ар-Румий ҳақида “Музаккири аҳбоб” тазкирасида “Мавлоно Румнинг таниқли кишиларидандир”, дейилган. Бошқа ўринда эса уни “Санад ал-муҳаддисин” деб зикр қилинган. Унинг аввалига Маккаи мукаррамада “Фаржаи Аъло” мадрасасида ҳадис ва “Қуръон” тафсиридан дарс бергани, кейин Бухорода бир муддат ҳадисдан дарс бериш билан ҳам шуғуллангани айтиб ўтилган. У мантиқ, ҳикмат, тиб, усул ва фуруъ илмларида маҳорат касб этгани қайд қилинган. Бироқ, унинг айнан қайси санада Бухорога келгани ва бу ерда қанча муддат бўлгани айтилган эмас[1].
“Айн ат-таворих” асарида олимни “Мударрис ал-ҳадис” (“Ҳадис фанидан дарс берувчи”) ва “Муснид ал-Бухоро” (“Бухоронинг ҳадис илмидан санад берувчиси”) деб таърифланган ва уни Саййид Жамолиддин муҳаддис ал-Ҳаравий (ваф. 926 ҳ./1520 м.) шогирди, деб қайд қилинган[2].
Ҳадис илми бўйича мутахассис бўлган Мустафо ар-Румий, Бухорода асосан, “Мишкот ал-масобеҳ”дан дарс берган. Уни ўқиб тугатилганидан сўнг эса ўз шогирдларига ижоза (шаҳодатнома) ҳам тақдим қилган. Унинг берган ижозатномасидан 2 та матни ЎзР ФА ШИ қўлёзмалар фондида сақланаётган “Мишкот ал-масобеҳ”нинг иккита қўлёзмасида сақлаб қолинган[3]. Бир қўлёзмадаги ижоза эса Муслиҳиддин Мустафо ар-Румий томонидан 963 ҳ./1556 м. йили ёзилган[4]. Демак, шу йили ҳам Мустафо ар-Румий талабаларга дарс берган.
Мазкур қўлёзмалар ва улардаги қайдлар асосида Мустафо ар-Румий Бухорода 945-963 ҳ./1538-1556 м. йилларда истиқомат қилиб, “Мир Араб” мадрасасида ҳадис фанидан талабаларга дарс берган, деб тахмин қилишимиз мумкин[5].
Бухорода машҳур бўлган олимлардан яна бири Асомиддин Иброҳим ибн Муҳаммад Арабшоҳ ал-Исфароиний (ваф. 943/1537) ҳисобланади. У Ҳиротда “Шоҳруҳ Мирзо” мадрасасида мударрис бўлган, 1520 м. йилда эса Бухорога келган. Унинг “Шарҳ ал-Ақоид ан-насафия”га ҳошияси мавжуд.
“Музаккири аҳбоб”да Убайдуллоҳхон (ҳукмронлик йиллари 1533-1540) Асомиддин Исфароинийга пешиндан кейин араб тилида битта рубоий ёзиб юборгани, у эса намозшомгача рубоийни шарҳ қилиб битта рисола ёзиб жўнатгани қайд қилинган. Тазкирада айтилишича, “мазкур рубоийнинг ҳар бир мисраси бобида олти юз эллик маъно айтганлар”[6].
“Кашф аз-зунун”да Асомиддин Иброҳим ал-Исфароинийнинг “Шарҳ аш-Шофия” асари тўғрисида маълумот берилган[7].
Бироқ, Асомиддин Исфароиний билан Убайдуллоҳхоннинг ораси бузилиб қолади. Бунга Қози Маҳмуд Азизон (XVI аср) билан бўлган баҳс-мунозара сабаб бўлади. Қози Азизон Убайдуллоҳхоннинг фиқҳдаги устози ва фатво тўплами муаллифи эди[8]. Шунинг натижасида, уни Бухородан чиқариб юборилади.
“Музаккири аҳбоб”да айтилишича, Асомиддин Исфароиний Самарқандда 943 ҳ./1537 м. йили вафот қилган ва Хожа Аҳрор валий ҳазратлари қабрлари ёнига дафн қилинган.
XVI асрда Бухорога келиб илмий фаолият олиб борган олимлардан яна бири Мавлоно Фазлуллоҳ ал-Амин ибн Рўзбеҳон ал-Хунжий аш-Шерозий ал-Исфаҳоний (1458-1521) бўлиб, йирик олим. 1475-1482 йилларда Бағдод, Шом, Макка, Мадина шаҳарларида таҳсил олган. Шиалар хуружи даврида Бухорога келиб яшаб қолади. Шайбонийхон вафот қилганида, у Самарқандда эди. Убадуллоҳхонни қўллаб-қувватлагани боис яна Бухорога келиб умрининг охиригача яшаб қолади.
“Музаккири аҳбоб”да “Кексалик ёшига етиб, Бухорода вафот этган кишилар” фаслида Фазлуллоҳ ибн Рўзбеҳон муҳаддис ва муфассир сифатида зикр қилинган. Кўплаб асарлари борлиги, форс тилида тафсир ёзгани, ҳадис китобларини шарҳлаб бергани, шогирдлари кўп экани, “суннат бидъат аҳли орасидаги тафовутларни аниқ кўрсатувчи китоб” муаллифи экани, ошкора (жаҳрий) зикр қилиши, Бухоронинг Хиёбон кўчасида дафн қилингани қайд қилинган[9].
Фазлуллоҳ ибн Рўзбеҳон Мовароуннаҳр ҳукмдори Убайдуллоҳхонга атаб 1512 йили “Сулук ал-мулук” асарини битган. 1508-1509 йилда эса “Меҳмонномаи Бухоро” асарини битган. Бундан ташқари, “Ҳалли тажрид”, “Бадеъ аз-замон фи қиссати Ҳайй ибн Яқзон”, “Таърихи оламоройи Яминий”, “Шарҳ Қасидаи бурда” асарларини ёзган. Олимнинг “Меҳмонномаи Бухоро” асарининг илмий-изоҳли таржимаси 1976 йили Москвада нашр қилинган.
XVI асрда Бухорога келиб илмий фаолият олиб борган олимлардан яна бири “Сайф ал-уламо”, яъни ўз даврида “Олимлар қиличи” фахрий унвони билан танилган Камолиддин Иброҳим аш-Ширвоний ҳисобланади. У зот Бухорода истиқомат қилган, Самарқандда бир муддат яшаган. Бухорода Баҳоудин Нақшбанд (1318-1389) қабри ёнига дафн қилинган. Бухорода дарс бериш билан шуғулланган[10]. Иброҳим ибн Али аш-Ширвоний ҳақида “Мўъжам ал-муаллифин”да 892 ҳ./1487 м. йилдан олдин ҳаёт экани ёзилган[11]. К.Броккелманн унинг “ар-Рисола аш-шофия фи маърифат ал-аруз ва-л-қавофий” номли асари борлигини ёзган[12].
XVI асрда Бухорога келиб илмий фаолият олиб борган олимлардан яна бири ҳиндистонлик файласуф олимлардан ҳисобланган Ғиёсиддин ал-Баҳрободийдир. У фалсафа (ҳакамиёт) илмида моҳир бўлган. Талабалар мадрасаларда энг охирги босқичда ўқийдиган “Ҳикмат ал-айн” китобидан сабоқ берган. “Музаккири аҳбоб”да айтилишича, “Ҳикмат илми бўйича яхши асарлари бор” ва у ҳам Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратларининг қабрлари ёнига дафн қилинган[13].
Қадим Мовароуннаҳр диёри азалдан илм-фан марказларидан бўлиб келган. Бу ернинг ҳукмдорлари ҳам илм-фан ҳомийлари сифатида бутун дунёга донг таратган. Мадрасалар ва ўқув юртларида Мусулмон Шарқининг барча томонларидан талабалар оқиб келишган. Мовароуннаҳрнинг барча йирик шаҳарларида дунёнинг турли томонларидан келган олимлар ва уламолар илмий фаолият олиб борганлар. Бу барча даврларга хос жиҳат экани сир эмас. XVI асрда ҳам шайбонийлар ҳукмронлик қилган Мовароуннаҳр илм маркази сифатидаги ўрнини сақлаб қола билди. Бухоро, Самарқанд, Кеш, Хоразм, Тошкент ва Фарғона шаҳарларига дунёнинг турли томонларидан олимлар келиб-кетиб турар, айримлари бир муддат, бошқалари эса бутунлай қолиб, ўзларининг илмий фаолиятларини олиб боришган, бу ерлик олимлар билан илмий ҳамкорлик қилишган. Ана шундай олимлардан бир нечтаси ҳақида, гарчи уларнинг сони кўп бўлса-да, Мустафо Румий, Асомиддин Исфароиний, Фазлуллоҳ ибн Рўзбеҳон Исфаҳоний, Камолиддин Ширвоний, Ғиёсиддин Баҳрободий каби олимлар тўғрисида бу ерда бирламчи маълумотлар беришга ҳаракат қилдик.