Home / АЛЛОМАЛАР / ДАҲБЕД МАКТАБИ ВА УНИНГ ТАСАВВУФДАГИ ЎРНИ

ДАҲБЕД МАКТАБИ ВА УНИНГ ТАСАВВУФДАГИ ЎРНИ

“Инсоннинг вазифаси Аллоҳи таоло томонидан унинг измига берилган тириклик оламини яшнатишдан, бу дунё неъматларидан келгуси авлодларни хам баҳраманд қилишдан иборатдир” Махдуми Аъзам Косоний.

2017 йил 15 июнь куни Тошкент шаҳрида “Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш – давр талаби” мавзусида бўлиб ўтган анжуманда президентимиз Шавкат Мирзиёев “Мамлакатимизнинг деярли барча ҳудудларида динимиз равнақи йўлида беқиёс хизмат қилган буюк азиз-авлиёлар, аллома зотлар хотирасига барпо этилган ёдгорлик мажмуалари, илмий марказлар фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг қошида ислом динининг алоҳида йўналишлари бўйича илм олишга, мутахассис бўлишга тайёрлаб борадиган илмий мактаблар ташкил этсак, нима дейсизлар?”, деган мурожаатлари анжуман иштирокчилари томонидан кўтаринки кайфиятда қабул қилинди[1].

Анжуманда йиғилганлар Президентимизнинг “Келгусида чуқур билимли имом-хатиблар, исломшунос мутахассислар, уламолар тайёрлашда, энг муҳими, фарзандларимизни буюк аждодларимизнинг бебаҳо мероси руҳида, соғлом эътиқод руҳида тарбиялашда бу мактаблар таянч бўлиб хизмат қилади. Имом Бухорий бобомиз ёдгорлик мажмуасида бўлганимда бу масаланинг нақадар муҳим ва долзарб эканини айниқса чуқур ҳис этдим” [1] деган фикрлари бугунги кунда жамиятда ёшларимиз тарбиясида муҳим аҳамиятига эга эканлиги ўз исботини топиб бормоқда.

Шу мақсадда Президентимизнинг Самарқандда – Имом Бухорий халқаро марказида ҳадисшунослик, Имом Мотуридий марказида калом илми, Фарғонада – Марғиноний илмий марказида ислом ҳуқуқи, Бухорода – Баҳоуддин Нақшбанд марказида тасаввуф, Қашқадарёда – Абу Муин Насафий марказида ақида илми мактабларини ташкил этиш, келгусида чуқур билимли имом-хатиблар, исломшунос мутахассислар, уламолар тайёрлашда, энг муҳими, фарзандларимизни буюк аждодларимизнинг бебаҳо мероси руҳида, соғлом эътиқод руҳида тарбиялашда бу мактаблар таянч бўлиб хизмат қилишини амалда исботлашимиз керак. Чунки, жаҳон фани, диний илмларни ривожланишида қўшган ҳиссасида мутасаввифларимиз, муҳаддисларимиз, мутакаллимларимизда ана шундай мактабларнинг аҳамияти катта бўлган.

Шундай мактаблардан бири XVI асрда Марказий Осиёда вужудга келган Даҳбед мактаби бўлиб, нақшбандия таълимотини дунёга тарқалишига муҳим роль ўйнаган. Мактабнинг асосчиси нақшбандия тариқатининг назариётчиси Махдуми Аъзамнинг тўлиқ исми Саййид Аҳмад Хожаги ибн Саййид Жалолиддин Косоний Даҳбедийдир. У Фарғона водийсининг Косон шаҳрида таваллуд топган. Косонийнинг отаси Қорахонийлар (840-1212) сулоласига мансуб султонлардан Бурҳониддин Қилич (XI аср) авлодларидан бўлиб, онаси эса Косон саййидлари оилаларига мансуб эди. Махдуми Аъзам илк таълимни Косон мактабларидан бирида олган. Сўнг Ахсикатда, Хожа Муборак мадрасасида ўқишни давом эттиради. Косонийнинг домласи Мулла Зиё ўз шогирдининг аъло даражадаги қобилиятини эътиборга олиб, унга “илм уз-зоҳир” ва “илм ул-ботин” дан яхши таълим беради.

Мутасаввифнинг Саййид Аҳмад Косонийнинг тариқат илмидаги фавқулодда истеъдод ва қобилиятлари туфайли ўз даврининг забардаст уламолари томонидан эътироф этилиб, “Махдуми Аъзам” унвонига мушарраф бўладилар. “Маҳдум” – хизмат қилувчи одам. Одатда у пиру устозларга бериладиган тахаллус, чунки уларга ўз муридлари ва шогирдлари хизмат қилишади. Бу тахаллусни баъзи жойларда пиру устоз ва уламоларнинг ўғилларига нисбатан ҳам ишлатадилар.

Нақшбандия тариқатининг назариётчи пири муршиди Ҳазрати Махдуми Аъзами Даҳбедий ва ушбу тариқатнинг йирик намояндаси Махдуми Аъзам Ҳофиз ал-Басир, кубравия тариқатининг пиру муриди Ҳазрати Махдуми Хоразмийлар шундай муборак ва шарафли ном билан шарафланганлар.

“Аъзам”, яъни улуғ деган маънога эга. Тасаввуф ва фиқҳшунослик илмлари бобида уч буюк зот “Аъзам” (Улуғ) унвонини олишган. Булар Имоми Аъзам [2], Ғавсул Аъзам [3] ва Махдуми Аъзам.

Даҳбед мактаби ва унинг фаолияти нафақат Марказий Осиёда балки узоқ Ғарбда ҳам кенг ўрганилган. Масалан, Буюк Британиялик манбашунос олим Algar Hamid ўзининг «Dahbidiya» номли мақоласида нақшбандия тариқати пири Махдуми Аъзам ҳамда у кишининг авлодлари фаолиятига юқори баҳо беради[4]. Рус тадқиқотчиси профессор Н.Веселовскийнинг “Дагбед” номли тадқиқотида ҳам Махдуми Аъзамнинг қабртошларидан кўчирилган тўлиқ шажараси келтирилган.

Махдуми Аъзам шариат ва тариқат илмига оид, ахлоқ ва илоҳиёт масалаларига доир ўттиздан ортиқ диний, фалсафий, ахлоқий, илмий ва адабий рисолаларни ёзиб қолдирган.

Мутасаввиф “Асрор ун-никоҳ” рисоласида муридларни куз шабадаси сингари дарахтларнинг япроғини хазон қилиб уларни ғафлат томон етакловчи ноқобил “пирлар”нинг бехосият нафасларидан огоҳ бўлиш лозимлигини уқтиради. Махдуми Аъзам ҳар бир жамиятнинг келажагини унинг қўйнида ўсиб, улғаяётган ёшларнинг етарли ва тўлиқ парвариш олишга боғлиқ деган ғояни илгари сурган. Бу масалада лоқайдлик қилиш ёки эътиборсиз бўлишнинг оқибати ҳалокат эканлигидан огоҳ этганлар. Бу эса Даҳбед мактабининг қанчалик аҳамиятли эканлигини кўрсатиб беради.

Махдуми Аъзамнинг издошлари, муридлари ва мухлисла­ри жуда кўп бўлган. Манбаларда Махдуми Аъзамни олтмишта авлиёни етиштирган муршид, (пири шасти) деб аташган. Кўпчилик ҳукмдорлар, давлат арбоблари, шоиру уламолар, унга қўл бериб мурид бўлишган. Жумладан, мутасаввиф шайхлардан Муҳаммад Ислом (1494-1563), Мавлоно Лутфуллоҳ ( 967/ 1559-979/ 1571), Мавлоно Поянда (1601.в.э.), Шайбоний ҳукмдорларидан Убайдуллохон (1538.в.э.), Абдулазизхон (1550.в.э.), Жонибек Султон (1529.в.э.), темурийлардан Заҳириддин Муҳаммад Бобур (1483-1530) унга мурид тушишган.

“Бухоро авлиёларининг тарихи” асарида Поянда Муҳаммад Ахсий Файзиободийнинг фаолияти жўйбор шайхлари билан чамбарчас боғланган, деб маълумот берилган. Аслида Поянда (абадий, давом этувчи. –З.Э.) ҳазрати Махдуми Аъзамнинг энг яқин муридларидан бири бўлган.

Махдуми Аъзамдан кейин нақшбандия тариқатига Жўйбор шайхлари пиру муршидлик қилган ва нақшбандиянинг Ўрта Осиё тармоғининг маркази яна Бухорога кўчган. Маълумки, нақшбандия тасаввуфий таълимоти ва тариқати Бухорода Баҳоуддин Нақшбанд томонидан асосланган. Унинг халифалари Алоуддин Аттор, Муҳаммад Порсо ва Яъқуби Чархийлар уни ривожлантирганлар. Яъқуби Чархийдан нақшбандия таълимотини олган Хожа Аҳрори Валий бу тариқатни Туркия ва Ҳиндистонда ёйилиши, шу туфайли бутун жаҳонга тарқалишига сабаб бўлган. Унинг ғояларини Муҳаммад Қози орқали Махдуми Аъзам ривожлантирган.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, биринчидан, Махдуми Аъзам вафотидан сўнг нақшбандия тариқатларида халифалар ўртасида пирнинг мақомини олиш, иршод ҳуқуқини қўлга киритишга интилиш кучайган дейиш мумкин. Пирлик мақомини, иршод ижозатномасини олиш бўйича нақшбандия тариқатининг намояндалари Махдуми Аъзамнинг муридлари Хожа Ислом Жўйборий ва Мавлона Лутфуллоҳ ўртасида кураш кучайган дейиш мумкин.

Проф. А.А. Семёнов Маҳдуми Аъзамнинг муриди Мавлоно Лутфуллоҳ Чустийнинг [5] ижтимоий-сиёсий фаолияти ҳақида фикр юритган. Америкалик тадқиқотчи Весс Девин ҳам нақшбандия-кубровия таълимотининг баъзи келишмовчиликлари ҳақида айтиб ўтган. Унда Мавлоно Лутфуллоҳ Чустий билан кубравия тариқати намояндалари ўртасидаги келишмовчилик бўйича сўз кетади. Ушбу тадқиқотларда манбаларга асосланган ҳолда, Мавлоно Лутфуллоҳни турли шаҳар ва вилоятларда маълум таъсирга эга бўлган шайхларнинг пинҳона ва гоҳо ошкора ҳужуми қуршовида қолганини кўрсатиб ўтганлар. Бу ҳолатдан маълумки, Марказий Осиёда Махдуми Аъзам вафотидан кейинги даврда нақшбандия мактаблари ичидаги рақобат тобора кескинлашиб борган.

Манбаларни ўрганиш натижасида шундай хулосага келишимиз мумкинки, Хожа Ислом Самарқанд, Кармана, Бухоро вилоятларида, Мавлоно Лутфуллоҳ эса, Тошкент, Фарғона водийси, Ҳисор, Афғонистон ҳудудларида нақшбандия тариқатидаги фаолиятларини олиб борганлар.

Даҳбедия мактабининг XVIII аср вакиллари тўғрисида тадқиқотчи Хайдархон Юлдашходжаев “Мусохон Даҳбедийнинг Нақшбандия-мужаддидия тариқати ривожида тутган ўрни” (XVIII аср) мавзуидаги диссертациясида алоҳида тўхталиб ўтган.

Мусохон Даҳбедий Махдуми Аъзам Косоний Даҳбедий (1461-1542) авлодларидан бўлиб, Самарқанддан 15 км шимолда жойлашган Даҳбед мавзесида дунёга келган. Илк таҳсилини Самарқанддаги Тиллакори мадрасасида олган Мусохон Даҳбедий кейинчалик Кубравия тариқатидан кўзга кўринган вакили Муҳаммад Ризо Қарнакий ҳамда Нақшбандия-Мужаддидия тариқатидан Миён Обид Жаҳонободий (ваф. 1738-39) қўлида таълим олади. Шайх Муҳаммад Обид Мусохон Даҳбедийга тўрт тариқат: Нақшбандия, Қодирия, Суҳравардия ва Чиштияга раҳбарлик қилиш ижозатини берган. 1756 йилларда Мусохон Даҳбедий ва унинг издошлари Ҳиндистондан Самарқандга келади. Шу тариқа Нақшбандия таълимотининг маркази Ҳиндистондан Марказий Осиёга кўчади. Мусохон Даҳбед мактабининг фаолият доираси бутун Марказий Осиё, Шарқий Туркистон, Хуросон, Ҳиндистон ўлкаларини ўз ичига қамраб олган.

Хулоса қилиб айтганда, Мусохон Даҳбедий Нақшбандия-Мужаддидия сулукининг назарий ривожига катта ҳисса қўшди, Нақшбандия тариқатини эътиқод ва амалиёт борасидаги турли хурофотлардан тозалаб, асарларида тариқат таълимотини Қуръон ва сунна асосида қайта ишлаб чиқди. Нақшбандия тариқати Мовароуннаҳрда ташкил топиб, шу маконда гуркираб ривожланган бўлса-да, лекин XVII асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб, унинг маркази Ҳинд диёрига кўчган эди. Мусохон Даҳбедий бу тариқатни ўз диёри – Мовароуннаҳрга қайтариб олиб келди ва ривожлантирди.

Тадқиқотлар шуни кўрсатадики Даҳбед мактаби ўз вақтида Марказий Осиёдаги ижтимоий-сиёсий ҳаётда муҳим ўрин эгаллаган. Махдуми Аъзам меросидан бизгача етиб келган рисолалалар глобаллашув шароитида ёшларни ғоявий-тарбиявий иммунитетини кучайтиришда, оила фаровонлиги ва никоҳ тушунчаларини қадрлашни шаклланишида фойдаланиш йўлларини тадқиқ этишда муҳим аҳамиятга эгадир. 

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:
  1. «Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш – давр талаби» мавзусидаги анжуманда президентимиз Ш.М. Мирзиёев маърузаси; 2017 йил 15 июнь, Тошкент.
  2. 699-767 йилларда яшаган: “Ханафия” мазҳабининг асосчиси.
  3. 1079-1166 йилларда яшаган: “Қодирия” тариқатининг асосчиси.
  4. Algar Hamid. Dahbidiya.http://www.iranicaonline.org/articles/dahbidiya. Интернет маълумоти.
  5. Семёнов А.А. Уникальный памятник агиографической среднеазиатской литературы XYI в // Известия Узбекистанского филиала Академии наук СССР, № 12 (1940), С. 42-52; № 13 (1941).
Эркин ЗОЙИРОВ,
 Бухоро муҳандислик технология институти
“Ижтимоий фанлар” кафедраси доценти
Дониёр ҒАФУРОВ,
тадқиқотчи

Check Also

АБУ БАКР ЖАССОС ИЛМИЙ МЕРОСИНИНГ ҲАНАФИЙ МАЗҲАБИ РИВОЖИДА ТУТГАН ЎРНИ

Абу Бакр Жассос (ваф. 370/981) қолдирган илмий мерос ҳанафий мазҳабида ўзига хос аҳамиятга эга. Аллома …