Юртимиз заминидан етишиб чиққан улуғ аллома ва мутафаккирларнинг жаҳон илм-фани, дину диёнат ва цивилизация ривожига қўшган улкан ҳиссаси дунё ҳамжамияти томонидан эътироф этилган. Ўрта асрларда юртимизда Қуръон ва ҳадисларга асосланган илм-маърифат ғоялари таъсирида халқимиз орасидан кўплаб олимлар дунё саҳнига чиқди. Муқаддас ислом дини ривожига беқиёс ҳисса қўшган, ҳадис илмининг султони, буюк ватандошимиз Имом Бухорийнинг улкан меросини илмий асосда чуқур ўрганиш, халқимиз ва жаҳон жамоатчилиги ўртасида кенг тарғиб этиш ва ёш авлоднинг руҳий ва маънавий оламини бойитиш мақсадида Самарқанд шаҳрида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ташкил этилган эди.
Албатта, ушбу марказда муқаддас ислом дини ривожига беқиёс ҳисса қўшган буюк муҳаддис ватандошимизнинг асарларини илмий асосда тадқиқ қилиш ва тарғиб этиш борасида кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда. Яна бир эътиборли жиҳати, марказ қошидаги музейда Имом Бухорий ҳазратларининг шарафли ҳаёти ва фаолиятига бағишланган экспозицияда бой маълумотлар жамланган.
Бу ерда Ўзбекистон санъат арбоби, профессор Алишер Алиқулов томонидан ишланган “Имом Бухорийнинг ҳаёт йўллари ва мероси” деб номланган маҳобатли деворий сурат ўзининг бадиий-илмий ечими, тугал композицияси, ҳадисшунос аллома яшаган давр муҳитини тўлақонли ифода этиб берганлиги билан кўпчиликнинг назарига тушди.
Умумий ўлчами 280х42 метрдан иборат ушбу маҳобатли санъат асарида буюк муҳаддиснинг илм ўрганиш мақсадида қирқ йилдан ортиқ давом этган сафарлари тафсилоти ажойиб тарзда ўз ифодасини топган. Музейга кираверишда ўнг томондаги деворнинг юқори қисмига ишланган суратда Имом Бухорийнинг 16 ёшида бошланган биринчи илмий сафари, туя устида ўтирган онаси, от минган акаси Аҳмад билан биргаликда Ҳаж ибодатини адо этиш мақсадида Бухородан жўнаб кетиши манзаралари маҳорат билан акс эттирилган.
Тасвирий санъат асарида Имом Бухорийнинг таҳсил олиш жараёнлари, унинг ўткир зеҳн ва кучли хотирага эга бўлганидан далолат берувчи лавҳалар билан танишиш мумкин. Имом Бухорийнинг устозлари билан ҳадис илми тўғрисидаги суҳбатлари, ислом ўлкаларида энг саҳиҳ – ишончли ҳадисларни саралаш борасида чеккан заҳматлари жонли ва табиий йўсинда акс эттирилган. Шунингдек, мазкур суратнинг икки томонида алломанинг нафақат ҳадисшунослик, балки фалакиёт илми ва меъморчилик санъатига бўлган қизиқишлари ҳам рамзий деталлар ёрдамида кўрсатиб берилган.
Яна бир суратда Бағдодда ўтказилган имтиҳон жараёни тасвирланган. Тарихдан маълумки, кўплаб Шарқ мамлакатларининг муҳаддис олимлари ҳам ҳадисларни тўплаш билан машғул бўлишган. Асарда турли-туман либослардаги олимлар тасвирлангани ҳам шундан далолат беради. Ўз даврининг пешқадам алломалари ҳисобланган 10 нафар муҳаддис иштирокида ўтказилган синов чоғида Имом Бухорий ўзининг ўткир зеҳни ва илмига ишонган ҳолда, мағрур қиёфада тасвир этилган. Мусаввирнинг маҳорати боис навқирон муҳаддис бобомиз таниқли олимларнинг ҳар қандай мураккаб саволларига ҳам аниқ ва пухта жавоб бераётганини ҳис қилиш мумкин. Композицияда тасвирланган барча олим ва уламоларнинг кийган либослари ва ҳатто асардан ўрин олган интерьер кўриниши ҳам кишида ўша давр муҳити ҳақида бой тасаввур уйғотади. Бунга эришиш учун рассомдан қанчалик катта билим ва маҳорат талаб этилишини англаш қийин эмас.
Маҳобатли рангтасвир асарининг яна бир қисмида Имом Бухорийнинг Бағдодда ўз илми билан муҳаддислар орасида катта эътирофга сазовор бўлиб, Ватан соғинчи ила она юртига ёруғ юз билан қайтиши, Бухоро халқи томонидан жуда катта шодиёналар билан кутиб олиниши манзаралари тасвирланган. Эл-улус қуршовида келаётган Имом Бухорий ва у кишига пешвоз чиққан ватандошларининг юз-кўзи қувончдан ёришиб турибди. Бу ўринда лавҳ устида тасвирланган Қуръони карим халқимизнинг ҳамиша ислом арконларини мукаммал билгани ва унга қатъий амал қилиб яшагани, маърифат ва эзгулик ҳамма даврларда бош ғоямиз бўлганидан далолат беради.
Кейинги суратда улуғ алломанинг Бухорода талабаларга ҳадис илмидан сабоқ бериши манзараси акс эттирилган. Шу орқали Имом Бухорий ҳазратлари қирқ икки йиллик шарафли илмий-маърифий фаолияти давомида кўплаб шогирдлар етиштиргани, ўша даврлардан мерос бўлган устоз-шогирд анъаналари бугунги кунда ҳам изчил давом этаётгани мусаввир томонидан катта маҳорат билан бадиий талқинда деворга дарж этилган.
Яна бир суратда Имом Бухорийнинг ўз ватани Бухорони тарк этиб, Самарқандга кириб келиши манзараси тасвирланади. Деярли бутун умрини саҳиҳ ҳадисларни тўплаш мақсадида олис ва машаққатли сафарларда ўтказган аллома айрим сабабларга кўра ҳаётининг сўнгги йилларини Самарқанд яқинидаги қишлоқлардан бирида кечиргани кўпчиликка маълум… Асарнинг фон қисмларига эса Имом Бухорий тўплаган ҳадисларнинг ўзбек, инглиз, рус, араб, турк, испан, форс ва хитой тилларидаги таржималаридан намуналар берилгани ҳам ул зот қолдирган улкан маърифий мерос бугун бутун башариятнинг маънавий хазинасига айланганидан далолатдир.
Шу билан бирга, тажрибали рассом ушбу кенг қамровли ижодий ишида Марказий Осиё китобат санъатининг ўзига хос ривожланиш жараёнларини гавдалантириш мақсадида қадимий қўлёзмалар саҳифалари ва араб ёзувининг турли кўринишларига оид тасвирлардан унумли фойдаланганини таъкидлаш лозим.
Алоҳида таъкидлаш жоизки, Алишер Алиқулов мўйқаламига мансуб “Имом Бухорийнинг ҳаёт йўллари ва мероси” деб номланган маҳобатли рангтасвир асари улуғ муҳаддис аллома Имом Бухорийнинг шарафли ҳаёти ва фаолияти ҳақида бой тасаввур уйғотиш билан бирга, бугунги ёшларни уларга ҳар томонлама муносиб авлод бўлиб етишиш ҳамда оламшумул ишларни давом эттиришга ундаши билан ҳам катта тарбиявий аҳамиятга эга. Бир сўз билан айтганда, юксак савияда ишланган мазкур ижодий ишни санъат ва меъморчилик соҳасида давлат мукофотига ҳар томонлама муносиб асар десак хато бўлмайди.