Мовароуннаҳрда Ўрта асрларга келиб буюк муҳаддис Имом Бухорийнинг “Саҳиҳул Бухорий” асарининг таъсирида жуда катта илмий муҳит вужудга келган. Бу даврда фиқҳ йўналишида ҳам бир қатор илмий асарлар ёзилган. Наршахийнинг билдиришича, биргина Бухорода Ўрта асрларда яшаган уламоларнинг рўйхати тузилса, икки дафтар тўлиб кетиши мумкин экан. Ўрта Осиё фақиҳлари ўз илмий услуби ва яшаган давридаги шароитга қараб ислом ҳуқуқи, айниқса ҳанафий мазҳабининг ривожи йўлида хизмат қилиб, улкан мерос қолдирган.
Ўрта асрларда Бухоро фақиҳлари усул, фуруъ ва калом илми бўйича кенг қамровли асарлар ёзган. Бухорога Эрон, Ироқ ва бошқа араб мамлакатларидан талабалар келиб таҳсил олган. Яъни, ҳаётнинг айрим мураккаб саволларига ўз юртида жавоб топмагач шу ерга келиб керакли илмларни ўрганиб кетган.
Бухоролик аллома Садруш шариа Убайдуллоҳ ибн Масъуд Маҳбубийлар сулоласининг буюк вакили бўлади. Алломанинг тўлиқ исми Убайдуллоҳ ибн Масъуд Садруш шариа асғор ибн Масъуд ибн Тожуш шариа Маҳмуд ибн Жамолиддин Убайдуллоҳ Маҳбубий Бухорийдир. Катта Садруш шариа, Тожуш шариа ва кичик Садруш шариа каби унвонларнинг соҳиби Убайдуллоҳ ибн Масъуд (ваф.747/1346) [1:369] ва унинг боболари ислом оламида ном қозонган алломалардан бўлган. Мадрасаларда улардан қолган илмий мерос ҳозиргача талабаларга фиқҳ илмидан дарслик сифатида ўқитилади.
Манбалардаги маълумотларга кўра, алломанинг боболари Кирмон шаҳрида вафот этган. Аммо Убайдуллоҳ ибн Масъуднинг қалби доимо она ватани Бухорога талпинади. Кейинчалик у Кирмондан ўша даврда Хуросоннинг йирик маркази бўлган Ҳирот шаҳрига келади ва илмий фаолиятини шу ерда давом эттиради.
Имом Садруш шариа Убайдуллоҳ ибн Масъуд Бухорий (ваф.747/1346.) усулул фиқҳ, фуруъ ал-фиқҳ, хилоф, жадал, ҳадис, наҳв, луғат, адабиёт, калом, мантиқ каби илмларда пешқадам бўлган [8:419]. Алломанинг таълим беришдаги ўзига хос услуби шундай бўлганки, толиблар масаланинг туб моҳиятини англаб етиши учун ўта дақиқлик билан илгари ҳеч ким пайқамаган нозик нуқтасигача тушунтирган. У зотнинг фанга ҳассослиги тасниф этган рисола ва шарҳларида ҳам яққол намоён бўлади.
Алломанинг “Шарҳул Виқоя” ва унинг қисқартирилган шаклдаги “Нуқоя” китоби, “Танқиҳул усул” ва унга ёзилган “Тавзиҳ” номли шарҳи катта эътибор қозонган ва илмий аҳамият касб этган.
Убайдуллоҳ ибн Масъуд мўғуллар Мовароуннаҳрни босиб олиб, талон-тарож ва хароб қилган даврда яшаб ижод қилган. 1219 йилда Чингизхон Бухорони забт этиб, харобага айлантиради. Ибн Баттута бу воқеа ҳақида бундай ёзади: “Бухоро – муҳаддислар имоми Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил Бухорийнинг ватани. Бу шаҳар Чингиз вайрон қилган Жайҳун (Амударё) ортидаги юртларнинг пойтахти эди. У ердаги масжид, мадраса ва бозорларнинг аксарияти вайронага айланди. Аҳолиси эса ночор аҳволда қолди…” [1:181].
Фиқҳ илмида юксак мақомдаги асарлар таълиф этган Садруш шариалар силсиласини Бухоронинг алломалари қаторида зикр этиш мумкин. Замонасининг машҳур ҳуқуқшунос олими Садруш шариа – Аҳмад ибн Жамолиддин Убайдуллоҳ Маҳбубий Бухорий бўлиб, у XIII асрда яшаб ижод этган ва муҳим фиқҳий асарлар, жумладан, “Ҳидоя”га ёзилган шарҳлардан бирининг муаллифи сифатида танилган. Унинг ўғли Тожуш шариа унвони билан шуҳрат қозонган Маҳмуд ибн Сардуш шариа ҳам отаси сингари ислом ҳуқуқи бўйича ҳанафий мазҳабида унутилмас илмий асарлар қолдирган. Тожуш шариа набираси (Садруш шариа соний, яъни иккинчи ёки кичик Садруш шариа)ни ислом ҳуқуқшунослиги илмида етук қилиб тарбиялайди. Фиқҳий илмни унинг қалбига сингдириш мақсадида Бурҳонуддин Марғинонийнинг шоҳ асари – “Ҳидоя”нинг энг асосий масалаларини қисқа жумлаларда тартиблайди (бошқа бир манбада “ижодий шаклда жамлаб” дейилган) ва уни “Виқоятур ривоя фи масоилил Ҳидоя” (“Ҳидоя масалаларида ривоятларни сақлаш”) деб атайди.
Асар “Ҳидоя”нинг энг яхши ва қулай қисқартмаси сифатида эътибор қозониб, асрлар давомида ўқилиб, шарҳланиб келган ва уни изоҳлаш учун кўплаб ҳошиялар ёзилган.
Кичик ёки иккинчи Садруш шариа унвони билан машҳур Убайдуллоҳ ибн Масъуд бу оиланинг фахри ва ҳанафийлар фиқҳининг сўнмас юлдузидир. У бобоси Тожуш шарианинг тарбиясида камол топиб, Шарқ ҳикмати (фалсафаси), калом илми ва табиатга доир фанларни ўзлаштириб, фиқҳ илмида буюк аллома сифатида танилади ва ҳанафий мазҳабининг атоқли ва сермаҳсул олимларидан бири бўлиб етишади. Аждодларидан қолган илмий асарларни жамлаб, нафис ёдгорликларни тўплаш билан шуғулланади ва бобоси ёзган “Виқоятур ривоя”ни араб тилида шарҳлаб, қайта тавзиҳ этиб, “Шарҳул виқоя” китобини ёзади. Бу асар ҳозиргача мадрасаларда дарслик сифатида ўқитиб келинаётган муаллифнинг бошқа бир китоби “Мухтасарул виқоя”нинг энг тўлиқ ва ишончли шарҳи ҳисобланади.
Убайдуллоҳ ибн Масъуднинг фикри теран ва сўзи ўткир бўлгани боис ҳар қандай олим ҳам у билан илмий баҳс ва мунозара олиб боришга журъат қила олмаган. У ҳар бир масалага шаръий далиллар ва раддияларни керакли ўринларда дақиқ тарзда етказиб бера олган. Тошкўприлизода[1]дан ҳикоя қилинади: “Аллома Қутбиддин Розий Садруш шариа билан илмий мунозара қилмоқ истагида шогирдларидан бири мавлоно Муборакшоҳни у кишининг ҳузурига юборади. Садруш шариа у вақтда Ҳиротда эди. Муборакшоҳ алломани Ибн Синонинг “Ишорот” китобидан талабаларга дарс ўтиб турган ҳолида учратади. Муборакшоҳ дарс жараёнида Садруш шарианинг китоб мусаннифи Ибн Сино ва унинг шориҳи Муҳаммад Тусийга эргашмай, кучли ва ёрқин далиллар билан раддия бераётганини кўриб ақли шошади ва устози Қутбиддин Розийга бундай мактуб йўллайди: “Бу киши “норун ваққодун”, яъни “ёндирувчи олов”дир. У киши билан мунозара қилишингиз сизга маломат олиб келиши мумкин. Аллома ўз фикри ва ижтиҳоди ила иш кўрар экан…”. Шу билан аллома Розий шогирдининг эътирофини қабул этиб, мақсадидан қайтади.
Абдулҳай Лакнавий “Фавоид” асарида: “Садруш шариа тасниф этган китобларнинг барчаси уламолар наздида мақбул, фуқаҳолар наздида эътиборга сазовор”, деб эътироф этган.
Убайдуллоҳ ибн Масъуд қаламига мансуб мўътабар асарлар:
- “Танқиҳул усул”. Ҳанафийлик усули фиқҳига оид бўлиб, аҳли илм орасида “Танқиҳ” номи билан машҳур.
- “Тавзиҳ алат Танқиҳ”. “Танқиҳ”нинг матнига ёзилган шарҳ бўлиб, мусанниф унда бошқа усул китобларида учрамайдиган дақиқ масалаларни ёритган.
- “Муқаддаматул арбаъ”. Бу ҳам “Тавзиҳ” масаласини ўз ичига олади ва унда усулда мушкул саналган масалалар баён этилади.
- “Шарҳул виқоя”. Ҳанафий мазҳаби фиқҳининг муфассал манбаларидан бири.
- “Мухтасарул виқоя”. Бошқа бир номи “Ниқоя” бўлган.
- “Шурут вал маҳозир”.
- “Таъдилул улум”.
- “Шарҳул фусулил хомсийн”.
- “Виҳош фил маони вал баён”.
- “Арбаъун ҳадис”.
У таълиф этган асарлар ҳанафий мазҳабида ёзилган бошқа йирик манбалардан тубдан фарқ қилади. Яъни, мусаннифнинг асар таълиф этишда ўзига хос йўналиши мавжуд. Унинг асарларида билдирилган танқидий фикрлар асосли ва ишонарли тарзда, ўқувчи фаҳмига тез етиб борадиган услублар билан баён қилинган. Шунинг учун ҳам Бухоро мадрасаларида Садруш шарианинг асарлари асосий дарслик сифатида қунт билан ўқитилган. Ҳозир ҳам юртимиздаги мадрасаларнинг таълим дастури фиқҳ фани бўйича алломанинг “Мухтасарул виқоя” асари асосида шакллантирилган.
Айтиб ўтиш жоизки, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказининг манбалар хазинаси фондида мовароуннаҳрлик алломаларнинг қаламига мансуб кўплаб асарларнинг қўлёзма ва тошбосма нусхалари сақланмоқда. Жумладан, Убайдуллоҳ ибн Масъуд қаламига мансуб бир нечта асар мавжуд бўлиб, “Шарҳул виқоя”нинг араб ва форс тилидаги қўлёзма нусхалари фонднинг № inv. MR 2 (Араб-форс), № inv. MR 53 (Араб), № inv. MR 225 (Араб), № inv. MR 110 (Араб), № inv. MR 9 (Араб) тартиб рақами остида сақланмоқда [8].
Айни пайтда Марказ фондидаги китоб қўлёзмаларининг орасида № inv. MR 110 (Араб) рақами остида сақланаётган “Шарҳул виқоя” асарининг Таҳорат китоби таржима қилинди.
Марказнинг № inv. MR 110 рақами остида сақланаётган “Шарҳул виқоя” қўлёзма асари араб тилида, настаълиқ хатида ёзилган. 1288/1871 йил октябрда хаттот Муллажон Муҳаммад ибн Эркабой ибн Хўжа Пардабой кўчирган.
Убайдуллоҳ ибн Масъуд “Мухтасар”дан ташқари, Абу Ҳанифа мазҳабига таяниб усулул фиқҳ, фуруъул фиқҳ соҳасида турли асарларга шарҳлар ёзгани учун тадқиқотчилар унинг исмига “фақиҳун ҳанафийун” (ҳанафий фиқҳининг олими ё ҳанафий мазҳабидаги ҳуқуқшунос олим) сўзларини қўшиб ёзган [3]. Айниқса, “Мухтасарул виқоя” асарининг турли тилда ёзилган шарҳ ва таржималари Абу Ҳанифа мазҳаби асосида юзага келган Мовароуннаҳр ҳуқуқшунослигининг ривожига катта ҳисса қўшди. Бу асар “Ҳидоя”нинг мағзини қамраб олгани учун “Кичик Ҳидоя” номи билан эътибор қозонди.
Миллатимизнинг етук фиқҳий олими, авлодларга муносиб мерос қолдирган Убайдуллоҳ ибн Масъуд 1346 (ҳижрий – 747) йили бу фоний дунёдан кўз юмди. Аллома ва ундан кейинги барча авлодларининг қабри Бухоронинг Шеробод мавзесида жойлашган [2:132].
- Абдулқодир ибн Муҳаммад Қураший. Жавоҳирул мазия фи табоқотил ҳанафия. 2008 й. – Ж. 4.
- Абу Ҳасанот Муҳаммад Абдулҳай Канавий. Фавоидул баҳия фи тарожимил ҳанафия. Император. – Қозон 1903.
- Муаллифлар жамоаси. Мавсуа. Доиратул Маъориф; 2007.
- Салоҳ Муҳаммад. Шарҳул виқоя ва мааҳу мунтаҳо ан-ниқоя ала шарҳил Виқоя. Муассасатул варроқ. – Иордания. 2006 й. – Ж. 1.
- Тақйиддин Абу Бакр ибн Ҳусайний. Китоб аъломил ахёр фи ҳалли ғоятил ихтисор. 2012 й.
- Умар Ризо Каҳҳола. Мўъжамул муаллифин. Байрут. Мактабатул мусанна. 2008. – Ж .6.
- Убайдуллоҳ ибн Масъуд. Мухтасарул виқоя. – Т.: Чўлпон. 1994.
- “Шарҳул виқоя” асарининг қўлёзма нусхаси. Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази фондида № inv. MR 110 (араб) рақами остида сақланмоқда. 1871 йил октябрь. Хаттот: Муллажон Муҳаммад ибн Эркабой ибн Хўжа Пардабой.
- Ҳожи Халифа. Кашфуз зунун; 2008.