Ўзбекистон мусулмонлари идораси (ЎзМИ) мамлакатимиздаги имон аҳлини бирлаштириб турувчи, уларга маънавий раҳбарлик ва ҳомийлик қилувчи катта нуфузга эга бўлган расмий диний, мустақил нодавлат ташкилотдир. ЎзМИ 1943 йилда ташкил этилган. У кезлари Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси деб юритилган. ЎзМИ XV-XVI – асрларда қурилган иморатлардан таркиб топган тарихий меъморий ёдгорлик – “Бароқхон” мадрасаси биносида фаолият юритиб келган.
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг кутубхонаси “Бароқхон” мадрасаси рўпарасидаги “Тилла Шайх” жомеъ масжиди ҳовлисида бунёд этилган “Мўйи Муборак” (XVI аср) мадрасасида жойлашган эди. У 1943 йилда диний идора асосчиси, марҳум муфтий Эшон Бобохон ибн Абдулмажидхон (1860-1957 й.) томонидан ташкил этилган. Кутубхона очилгач, “Мўйи Муборак” мадрасаси қайта таъмирланган (XX аср), янги хоналар қўшилган. Унга дастлаб идора раиси, муфтий, шайх Эшон Бобохон ибн Абдулмажидхон шахсий кутубхонасидан мингдан ортиқ қўлёзма тақдим этган.
Кутубхона мудири этиб навоийшунос, бедилшунос олим Нодирхон домла Алауддинов (1899-1975) тайинланган[1]. У дастлабки китобларни тартиблаш, соҳаларга ажратиш ва рўйхатга олиш ишларини амалга оширган. Нодирхон домла 1943 йилдан 1970 йилгача кутубхонани аҳолидан сотиб олинган ва ҳадя қилинган қўлёзма ва тошбосма ёдгорликлар билан бойитган.
Хорижий давлатлардан келтирилган китоб ва даврий журналлар кутубхонанинг алоҳида катта мажмуини ташкил этади. Ҳозир у ерда 20 мингга яқин диний ва илмий китоб сақланади. Шундан 3 мингга яқини нодир қўлёзмалардир. Диний идора уларни таснифлаш учун Ўзбекистон Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги шарқшунослик институти ходимлари Ҳ.Ҳикматуллаев ва А.Казибердиевни жалб этган, бироқ турли сабабларга кўра бу иш чала қолган.
Сўнгги йилларда кутубхонада анча салмоқли ишлар амалга оширилди. Китобларнинг сақланишини назорат қилиш яхши йўлга қўйилган. Жуда эскириб кетган китоблар таъмирланмоқда. Кутубхона хазинасини бойитиш ишларига ҳам кенг аҳамият қаратилмоқда. Бугунги кунда кутубхонада турли тилларга таржима ва шарҳлари билан нашр қилинган Қуръони карим нусхалари тўпланмоқда.
Ислом ҳамкорлик ташкилотининг (ИҲТ) Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича тузилмаси (ISESCO) томонидан 2007 йилда Тошкент шаҳрининг Ислом маданияти пойтахти деб эълон қилинишида бу ерда Усмон Мусҳафи сақланишининг ўрни катта бўлди[2]. Зеро, бу манба ўн беш асрлик тарихни ўзида мужассам этган.
Тошкентдаги Усмон Мусҳафи қанчалик кўп вақт ўтса, шунчалик кўп тадқиқотчилар – шарқшунослар, палеографлар, тилшунослар, санъатшунослар ва бошқа соҳа вакилларининг диққатини ўзига жалб этиб келмоқда. XX асрнинг иккинчи ярмига келиб, энг қадимий Қуръон нусхалари бўйича кўплаб тадқиқотлар амалга оширилди.
Қуръони каримнинг мазкур кутубхона фондидаги “Катта Лангар” номи билан машҳур қадимий қўлёзмаси ва Санкт-Петербург нусхаси бир китобнинг икки бўлаги эканини аниқланди. Қашқадарё вилояти Қамаши тумани Катта Лангар қишлоғидаги “Лангар ота” масжидида 2003 йилнинг 11 декабрига қадар сақланиб, шу куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси кутубхонасига келтирилган 12 варақдан иборат бу ноёб қўлёзма ҳижозий хатда терига ёзилган[3].
Лангарлик нуроний отахонларнинг сўзларига кўра, 1941 йили ушбу қўлёзманинг 143 варағи мавжуд бўлган. Аммо даҳрийлик мафкураси ҳукм сурган шўро тузуми даврида муқаддас қадамжолар ва улардаги осори атиқаларни йўқотишга қаратилган хатти-ҳаракатлар ушбу ноёб нусха анчагина қисмининг йўқолишига сабаб бўлган. 1983 йилга келиб, ундан 63 варақ қолган. Худди ўша йиллари бошланган диний қадриятлар, масжиду мақбаралардаги осори атиқаларга қарши курашнинг янги тўлқини бу нодир қўлёзма тақдирини яна ҳам салбий томонга ўзгартирди. Ана шу машъум даврда Қуръоннинг мусодара қилинишидан қўрққан қишлоқ оқсоқоллари уни ўз уйларига яширган. Аммо, фақат 12 варағинигина сақлаб қолишга муваффақ бўлган.
Бундан ташқари, “Катта Лангар” қадимий нусхаларининг баъзи варақлари Бухоро (2 та) ва Шарқшунослик институти қўлёзмалар фондида (1 та) сақланиб келмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 24 майда қабул қилинган “Қадимий ёзма манбаларни сақлаш, тадқиқ ва тарғиб қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида мусулмонлар идораси томонидан қадимий ёзма асарларни сақлаш ва реставрация қилиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, илғор хорижий тажриба ўрганилди, соҳанинг етук мутахассислари иштирокида ўқувлар ташкил этилди ва чет эллик моҳир экспертлар юртимизга таклиф этилди.
Диний идоранинг консервация ва реставрация лабораториясида Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Дин ишлари бўйича қўмита, Маданият вазирлиги ҳамкорлигида “Мўйи муборак” музейида сақланаётган “Катта Лангар Қуръони” саҳифалари маҳаллий ва Лувр музейи реставраторлари иштирокида реставрация қилинди. Бу ишларнинг биринчи босқичи 2019 йил 7-11 ноябрь ва иккинчи босқичи 2020 йил 4-11 февраль кунлари якунланди. Таъмирлаш ишларининг якуний босқичини 2021 йил 25-29 май кунлари Лувр музейи мутахассислари Аксель Дело ва Аурелия Стрери Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси “Реставрация ва консервация” бўлими бош мутахассиси Шуҳратуллоҳ Пўлатов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси вакиллари Камолиддин Маҳкамов ва Саидраҳмат Икрамов кўмагида амалга оширди.
Кутубхона фондида сақланаётган қадимий Шарқ қўлёзма асарлари тўплами дунёдаги бой ва беқиёс илмий аҳамиятга эга бўлган жамғармалардан бири ҳисобланади. Хазинадаги энг қадимий асарлардан бири бўлган, минг йилдан кўпроқ тарихга эга, куфий хати билан кўчирилган Усмон Мусҳафи бунга тасдиқ бўла олади. Умуман Қуръон нусхалари кўплиги бўйича Ўзбекистон Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги шарқшунослик институти қўлёзмалар фондидан кейинги ўринда турадиган ушбу кутубхонада VIII-XX асрларга мансуб нодир нусхалар сақлаб келинади. Шунингдек, жамғармада туркий, арабий ва форсий асарлар йиғилган бўлиб, улар фаннинг турли соҳаларига оиддир.
Кутубхонада фиқҳ, калом, ҳадис, тафсир, адабиёт, араб грамматикаси каби фан соҳаларига оид асарлар жамланган. 711 китоб фиқҳ илмига оид бўлиб, улардан бири Бурҳонуддин Марғиноний (ваф. 1187 й.) қаламига мансуб “Ҳидоя” асарининг қўлёзма нусхасидир. Ҳанафий фиқҳига оид энг мўътабар манба саналувчи бу китобдан асрлар мобайнида бутун ислом олами мадрасаларида қўлланма сифатида фойдаланилган. Шу билан бирга, у ерда Убайдуллоҳ ибн Масъуд Бухорийнинг (ваф. 1346 й.) “Мухтасарул виқоя”, Лутфуллоҳ Насафий Фозил Кайдонийнинг (ваф. 750/1349 й.). “Фиқҳ Кайдоний”, “Усулуш Шоший”, “Жунг” (қозилик ҳужжатлари тўплами), “Ҳайратул фуқаҳо” (“Фақиҳлар ҳайрати”) асарларининг нусхалари сақланади.
Ҳадис илмига оид 80 га яқин асарлар тўпланган. Улар орасида Муҳаммад ибн Исмоил Бухорийнинг (810-870) “Саҳиҳул Бухорий”, Ҳаким Термизийнинг (820-932) “Наводирул усул фи маърифат ахбор Расул” (“Расулуллоҳ хабарларини билишда нодир усуллар”), Валийуддин Муҳаммад Хатиб Табризийнинг “Мишкотул масобеҳ” асарлари бор.
Ақоид илми бўйича Абу Ҳанифанинг “Фиқҳул акбар”, Абу Ҳафс Умар Насафийнинг “Ақоидун насафийя”, Саъдуддин Тафтазонийнинг “Шарҳ Ақоидин насафийя” асарлари сақланади.
Тафсир илмига оид китоблар ҳам талайгина. Жумладан, Жалолиддин Суютийнинг “Тафсирун Жалолайн”, Абу Баракот Насафийнинг “Мадорикут танзил”, Маҳмуд Замахшарийнинг “Тафсирул кашшоф”, Абдуллоҳ ибн Абул Қосим Байзовийнинг “Анворут танзил ва асрорут таъвил”, Яқуб Чархийнинг “Тафсир Яқуб Чархий” асарлари тўпланган.
Тасаввуф ва адабиётга тааллуқли асарлар орасида Алишер Навоийнинг “Девони Навоий”, “Лисонут тайр”, Бобораҳим Машрабнинг “Қиссаи Девонаи Машраб”, Ҳофиз Шерозийнинг “Девони Хожа Ҳофиз”, Абдулқодир Бедилнинг “Девони Бедил”, Муҳаммад Фузулийнинг “Девони Фузулий”, Фаридуддин Атторнинг “Мантиқут тайр”, Сўфи Аллоҳёрнинг “Саботул ожизин”, “Маслакул муттақин” асарлари ҳам мавжуд.
Тасаввуфга оид асарлар сирасига “Нақшбандия тариқатига оид рисола”, “Анис толибин”, “Силсилаи Нақишбандия”, “Шарҳут таъарруф ли мазҳабит тасаввуф”, “Маноқибул ғовсия”, “Нурул муридин”, “Минҳожул орифин” каби асарлар нусхаларини қўшиш мумкин.
XIХ аср охири – XX аср бошларида Марказий Осиё ҳудудида мактаб ва мадрасалар, кутубхоналар кўпайгани хаттот ва китоблар сони ортишига сабаб бўлди. Марказий Осиёда ҳукмронлик қилган хонликлардаги сарой, мадраса ва хусусий кутубхоналар ва уларнинг соҳиблари фаолиятини ўрганиш Ўзбекистон илм-фани ва маданияти тарихини янада бой маълумотлар билан таъминлашга йўл очади. Шу маънода Бобохоновлар асос солган мазкур фонднинг тарихи ва ундаги асарларни тадқиқ этиш ҳам ғоят муҳим аҳамият касб этади.