Home / МАҚОЛАЛАР / ТОБЕИНЛАР ДАВРИДА ҲАДИСЛАРНИНГ ЁЗИЛИШИ

ТОБЕИНЛАР ДАВРИДА ҲАДИСЛАРНИНГ ЁЗИЛИШИ

Тобеинлар нафақат суннатни, балки бутун динни саҳобаи киромлардан ўрганди. Устозларидан кейин рисолатни бутун инсониятга етказишни ўз зиммасига олди ва бу вазифани ниҳоятда эҳтиёткорлигу омонатдорлик билан бажарди. Чунки бу даврда фитналар авж олди, адашган фирқалар кўпайди ва ҳар хил бидъатлар урчий бошлади. Шу билан бирга, инсон ўз феъли (хатти-ҳаракати)нинг яратувчиси дейдиган қадарийлар, ақлга таяниб Қуръон ва суннатни “танқид” қилган жаҳмийлар, суннатни инкор қилган рофизийлар, ақл-идрокни ақиданинг асоси деб эътироф этган, ўзини тавҳид ва адолат тарафдори, деб билган мўътазилийлар каби бузғунчи оқимлар пайдо бўла бошлади.

Тобеинлар саҳобалардан кейинги энг яхши авлод бўлган. Улар Қуръон ва суннатни бузиб талқин қилган душманлардан асраб-авайлаш, одамларга омонатни тўлиқ етказишга ниҳоятда қаттиқ эътибор қаратган. Суннатни ишончли ва адолатли ривоятлардан олишни, суннати набавиянинг пок, соф эканини исботлашни ўз олдига вазифа қилиб қўйган.

Қуйида тобеинларнинг суннатни муҳофаза қилиши йўлидаги саъй-ҳаракатларидан мисоллар манбаларга асосланган ҳолда қисқача баён этилади.  

Дастлабки тамойил шуки, тобеинлар одамларни суннатга амал қилишга, ёдлашга, ёзиб олишга, ривояти ва тингланишида бардавом бўлишга ундаган. Бу вазифалар суннатни ёзиб олишга устувор аҳамият берилган.

Имом Омир Шаъбий бундай деган: “Бирор нарсани эшитсангиз, деворга бўлса ҳам ёзиб қўйинг. Шу сизга саҳифадаги ҳолатидан кўра яхшироқдир. Бир кун келиб ўзингизга керак бўлиши муқаррар”.

Ҳасан Басрий яна ҳам аниқроқ баён қилади: “Илм китоб ичида қолиб кетмаслиги даркор. Биз уни ўрганишимиз жуда ҳам зарур. Бунда эса ёзув алоҳида аҳамиятга эга. Ёзув билан илм мустаҳкамланади”.

Тобеинлар бу тамойилга катта қатъият билан амал қиларди. Саид ибн Жубайр айтади: “Ибн Аббоснинг ҳузурида саҳифам тўлгунича ёзардим. Сўнг пойабзалимнинг устига, кейин кафтимга ёзардим”.

Солиҳ ибн Кайсон қуйидагича эслайди: “Зуҳрий иккимиз илм ўрганаётган пайти учрашдик. Шунда: “Суннатни ёзамиз”, деб Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган нарсаларни ёзишга киришдик. Сўнг Зуҳрий: “У зотнинг саҳобаларидан ривоят қилинган нарсаларни ҳам ёзамиз, чунки у ҳам суннатдир”, деди. Айтдимки: “Мен бундай суннат тарафдори эмасман, уни ёзмаймиз”. У ёзди, мен ёзмадим. Натижада у муваффақиятга эришди, мен эса йўқотганлардан бўлиб қолдим”.

Ибн Шиҳоб Зуҳрийдан ривоят қилинади: “Агар бизга ҳадислар машриқ томондан келмаганида эди, уларни эътироф этмаган бўлардик. Буткул инкор қилардик. Менга қолса, бирор ҳадис ёзмас ва ёзишга рухсат ҳам бермас эдим”.

Ёзишнинг муҳимлигини Муовия ибн Қурра бундай ифодалайди: “Биз илмини ёзиб бормаган кишининг илмини илм деб ҳисобламас эдик”.

Кейинги тамойил суннатни бевосита саҳифаларга ёзишдир. Ҳадис ёзиш саҳобалар давридагидан кўра тобеинлар асрида кенгроқ миқёсда тарқалган. Чунки китобат ўша пайтда ислом шаҳарларида кўпайиб, илм ҳалқаларининг ажралмас қисмига айланган.

Илм ёзилишининг кенг кўламда ёйилишига қуйидагилар сабаб бўлган бўлиши мумкин: ривоятларнинг катта миқдорда тарқалиши, санадларнинг узун бўлиб кетгани, ровийларнинг исм, куня ва насл-насаблари ниҳоятда кўплиги.

Кейинги сабаб суннат ҳофизлари бўлган саҳоба ва катта тобеинлардан кўпчилигининг вафот этишидир. Уларнинг кетиши билан суннатнинг кўпи йўқолишидан хавотирлар кўпайган.

Айни пайтда одамлар орасида ёзиш тарқалиши туфайли ёдлаш малакасининг аввалгилардан кўра заифлашиб бормоқда эди. Шу билан бирга фиқҳ, ақида каби илмларда ҳар хил йўналишлар кўпайиб кетаётганди.

Таъкидланганидек, турли бидъатлар ҳам урчиб бошлаган эди. Ҳавои нафс йўлида ўзини олим деб даъво қилувчилар сафи кенгайгандан кенгайганди. Тарқалаётган сон-саноқсиз ёлғонларни жиловлаб бўлмай қолганди.

Тобеинлар суннатни ёдда сақлаш ва ғайри нарсаларнинг унга киришидан ҳимоя қилиш учун ҳам ёзишга киришган.

Ўша даврда бир қанча саҳифалар ёзилган. Жумладан, қуйидагиларни санаб ўтиш мумкин.

Ибн Аббоснинг шогирди Саид ибн Жубайрнинг саҳифа ёки саҳифалари.

Башир ибн Наҳикнинг Абу Ҳурайра ва бошқалардан ёзган саҳифаси.

Ибн Аббоснинг шогирди Мужоҳид ибн Жабрнинг саҳифалари. Абу Яҳё Киносий: “Мужоҳид мени хонасига олиб бориб, ёзганларини чиқарарди. Мен ундан кўчириб олардим”, деган.

Жобир ибн Абдуллоҳнинг шогирди Абу Зубайр Муҳаммад ибн Муслим Тадрус Маккийнинг саҳифаси.

Зайд ибн Абу Унайса Руҳовийнинг саҳифаси.

Абу Қилобанинг саҳифаси.

Айюб ибн Абу Тамийма Сижистонийнинг саҳифаси.

Ҳишом ибн Урва ибн Зубайрнинг саҳифаси.

Иккинчи ва учинчи асрда ёзилган мана шундай саҳифалар саҳобаларнинг саҳифаларидан кейинги асосий манбага айланган.

Яна бир тамойил Умар ибн Абдулазиз ва Муҳаммад ибн Шиҳоб Зуҳрийнинг суннатни ёзишдаги саъй-ҳаракатларидир. Улар суннатни тарқатиш ва бидъатни йўқотиш борасида назарий ва амалий фаолият олиб борган. Ҳадисларни ёзиб, тўплам тузиш расмий равишда халифа Умар ибн Абдулазизнинг амридан кейин кенг тус олган. 

Имом Бухорий ўз “Саҳиҳи”да Абдуллоҳ ибн Динордан бундай ривоят қилади: “Умар ибн Абдулазиз Абу Бакр ибн Ҳазмга мактуб ёзди: “Қара, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларидан нима бўлса, шуни ёз. Чунки мен илмнинг йўқолиб битишидан, уламоларнинг вафот этиб кетишидан қўрқяпман. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларинигина қабул қил. Илмни кенг ёйинглар, (илмий) мажлислар қуринглар, токи билмайдиганлар билимли қилинсин. Чунки илм сир тутилмас экан, йўқ бўлиб кетмайди”.

Ибн Шиҳоб Зуҳрий эслайди: “Умар ибн Абдулазиз бизга суннатларни йиғишни буюрди, уларни дафтарларга ёздик. Сўнг ўзи ҳукмронлик қилган ҳар бир ҳудудга дафтар юборди”.

Доримий ўз санади билан ривоят қилади: “Умар ибн Абдулазиз Мадина аҳлига бундай деб ёзди: “Қаранглар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг (қанча) ҳадислари бўлса, шуларни ёзинглар. Чунки мен илмнинг йўқолиб битишидан ва илм аҳлининг кетишидан қўрқаяпман”.

Имом Молик: “Илмни биринчи бўлиб ёзган Ибн Шиҳоб Зуҳрийдир”, деган.

Юқоридаги омиллар туфайли тобеинлар даврида суннатни ўрганишнинг, китобатнинг ўзига хос жиҳат ва шартлари пайдо бўлди. Албатта, бунда ҳадис ровийларининг ҳолати, хабарларнинг нақл қилиниши ва ишончли бўлмаганларини муомалага киритмаслик каби масалалар устуворлик касб этган.

Бинобарин, тобеинлар даврида шу тариқа ҳадислар ёзилиб, ҳадис мажмуалари ва тўпламлари тузилган. Шу асрда ҳадисларни ёзиб олиш, китобат қилиб тарқатишга давлат сиёсати даражасида аҳамият берила бошлаган.

Қодирхон МАҲМУДОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …