Home / МАҚОЛАЛАР / “КИЧИК ТИБ ҚОНУНИ” АСАРИ ҲАҚИДА

“КИЧИК ТИБ ҚОНУНИ” АСАРИ ҲАҚИДА

“Кичик тиб қонуни” услубининг қисқалиги ва мазмунан бойлиги билан Ўрта асрларда оддий аҳоли ва амалиётчи табибларга ундан ҳар томонлама кенг фойдаланиши учун имкон яратган. Амалдорлар бу асарни вақф муҳри билан тасдиқлаб, шахсий кутубхонасида сақлаган. Асарнинг ҳудудларга тарқалиб, турли даврларда котиблар томонидан кўчирилгани, бу асарга эҳтиёж жуда юқори бўлганини кўрсатади.

Тиб илмининг назарий ва амалий қоидалари қисқа ва ихчам шаклда баён қилинган араб тилидаги бу асар Ибн Синога нисбат берилади.. Китоб муқаддимасида келтирилган маълумотларга кўра, асар табобат илмининг қоидаларини ўзида мухтасар жамлаган, ҳар бир зиёли киши билиши керак бўлган ва оммабоп бўлиши учун тушунарли сўзлар билан ёзилган қўлланма ҳисобланади [1:1]. Тадқиқот ишлари асарнинг мухтасарлигидан ташқари, тиб илмидан хабари йўқ кишиларга ҳам мўлжаллаб ёзилганини кўрсатди.

Бу мақоладан асосий мақсад “Кичик тиб қонуни” асарини илмий жамоатчиликка таништириш учун асар ва унинг қўлёзмалари ҳақида маълумот беришдан иборат.

Айтиш жоизки, Ўрта аср мусулмон Шарқи табобати тарихида табибликдан хабари йўқ оддий кишиларга ҳам тиббий асарлар ёзиш анъанаси мавжуд бўлиб, бу турдаги асарларда уй шароитида даволаш мумкин бўлган касалликлар, уларнинг сабаб ва белгилари, даволаш усуллари ҳақида, шунингдек, табиб келгунича кўрсатиладиган биринчи ёрдам чоралари айтиб ўтилади. Масалан, Абу Бакр Розий (865-925)нинг “Ман ла йаҳдуруҳу ат-табиб ав табибука қабла вусулика ат-табиб” (“Уйига табиб келмаган киши учун ёки табиб келгунича сенинг табибинг”) номли рисоласини ҳам шу турдаги асарлар жумласига киритиш мумкин. Розий бу асарида оддий халққа кўпроқ фойдали бўлиши учун касалликни овқат билан ва зарур бўлганда осон топиладиган, арзон дорилар билан даволаш усулларини кўрсатган [2:9].

Бу асар қўлёзмаларининг кенг тарқалгани тарихда бу асарга эътибор юқори бўлганини кўрсатади. Ҳозирда унинг Туркияда 6та, Мисрда 2та, Испанияда 2та қўлёзмаси борлиги аниқланди.

Биз асарнинг қўлёзмалари ҳақидаги кодикологик маълумотларни қуйида, жадвал шаклида келтирдик.

 

    Асар номи

     Муаллифи

 Котиби

Қўлёзма кўчирил-

ган сана

 Кўчирил-ган жойи

   Хат тури

 Сақланадиган

  жойи

Ҳажми

(варақ)

1

Ал-қонун ал-асғар (сағир) (Энг кичик қонун)

 

Абу Али ибн Сино

аш-Ширво-ний

 

670/1271

 

Мароға

 

Насх

Сулаймония кутубхонаси, Раис ул- куттаб коллекцияси (Туркия), № 000103

 

30

2

Ал-қонун ас-сағир (Кичик қонун)

  Абу Али ибн Сино

VIII/XI  аср

 

 

   Қадимий андалусий

Қоҳирадаги араб қўлёзмалари институти (Миср)

 

20

3

Ал-қонун ас-сағир (Кичик тиб қонуни)

  Абу Али ибн Сино

  

1333 (тахми-нан ўқилди)

 

 

Мағрибий

Эскуриал Manuscrito Arabe Codico (Испания), № 873

 

10

4

Ал-қонун ас-сағир (Кичик тиб қонуни)

 

Абу Али ибн Сино

 

 

1388

 

 

Мағрибий

Эскуриал Manuscrito Arabe Codico (Испания), № 868

 

20

5

 Китобун фиҳи Мухтасар ал-Қонун ва йуъраф би ал-Қонун ас-сағир (Кичик тиб қонуни )

 

Абу Али ибн Сино

Муҳам-мад ибн Аҳмад ибн Муҳам-мад ибн Йусуф аш-Шандувайлий

 

793/1390-91

 

Аш-Шандувайл (Мароғага қарашли қишлоқ)

 

Насх

 

Боязид кутубхонаси (Туркия), № 04123

 

64

6

Китоб ал-қонун ас-сағир фи-т-тибб

 

Абу Али ибн Сино

 

 

983/1576

 

Насх

Сулаймония кутубхонаси, Фотиҳ коллекцияси. (Туркия), № 03593

 

46

7

Ал-қонун ас-сағир (Кичик тиб қонуни)

 

Абу Али ибн Сино

 

 

 

 

Насх

Испарта кутубхонаси, (Туркия), № 1955

 

46

8

Ал-қонун ас-сағир (Кичик тиб қонуни)

 

Абу Али ибн Сино

 

Абдулваҳҳоб ибн Иброҳим

 

 

Тираблус (Триполи)

 

 

Насх

Боязид кутубхонаси Валийуддин Эфенди коллекцияси.

(Туркия), № 02529

 

53

9

Мухтасар          ал-қонун

(Қонун қисқартмаси)

 

Абу Али ибн Сино

 

 

 

 

Қадимий андалусий

Қоҳирадаги араб қўлёзмалари институти (Миср)

 

40

10

Мухтасар фи усули-т- тибб (Тиб амалиёти бўйича қисқартма)

 

Абу Али ибн Сино

 

 

 

 

Насх

 

Сулаймония қўлёзма асарлар кутубхонаси.Ая-софия коллекцияси. (Туркия), № 03642

 

23

 

Биз бу мақолада фойдаланган нусха* (жадвалдаги № 8) 53 варақдан иборат (1б-53а). Қўлёзманинг 1а варағида асарнинг номи, муаллифнинг исми ва котиб томонидан қуйидаги жумлалар ёзилган:

Арабчаси: Катабаҳу линафсиҳи ал-‘абдул фақир илаллоҳи та’aла ал-мўътариф бизанбиҳи ар-рожии афва роббиҳи вал-масамаҳиҳи явмал ҳисаб аш-шайх Абдулваҳҳаб ал-васиқу бир-раббир-Рауф аш-шаҳир би ибни Харуф ас-Салтий баладан,ат-Тираблус саканан, аш-Шафиъий мазҳабан.

 Ва ин тажид айбан фасудда ал-халала, жалла ман ла айба фийҳи ва аъла. Раҳималлоҳу ман такаллама фағанима ав саката фасаллама.

Таржимаси: Бу [китоб]ни Аллоҳ таолонинг фақир бандаси, гуноҳларини тан олувчи, Ҳисоб кунида Раббиси авфу мағфиратидан умидвор, ар-Рауф Раббисига ишонувчи, ибни Харуф [номи] билан машҳур, шаҳари Салт[1], яшаш жойи Тараблус[2] , Шофеий мазҳабли Шайх Абдулваҳҳоб, ўзи учун кўчирган.

Агар хато ва камчилигини топсангиз, бекитинг.

Камчилиги бўлмаган киши буюк ва улуғ бўлди[3].

[Яхши]сўзни сўзлаб, фойда олган ёки сукут қилиб, омонда қолган [бандани]Аллоҳ раҳматига олсин[4].

Юқоридаги абзац айрим қўшимчалар билан асар охирида қайта такрорланган.

Асарда Аллоҳга ҳамд ва Муҳаммад (С.А.В.)га салавот (1б варақ)дан кейин муқаддима (1б – 2а варақлар ) ва китоб мундарижаси (2а -4а варақлар) берилган. Асардаги мавзулар 10та мақолага ва 105 бобга ажратилган. Асосий матн 4а варақдан бошланади. Қўлёзманинг 1б, 16б, 30б, 53б варақларида туркиялик шайхулислом Валиюддин Эфенди (1684 -1768)нинг вақф муҳри босилган. Муҳр матни қуйидагича:

Арабчаси: Вақфу шайхул ислам Валиюддин Эфенди ибн ал-марҳум ал-ҳаж Мустафо Оғо ибн ал-марҳум ал-ҳаж Ҳусайн Оғо, санат: 1175/1761-62.

Таржимаси: Шайхулислом Валиюддин Эфенди ибн марҳум ҳожи Мустафо Оғо ибн марҳум ҳожи Ҳусайн Оғо вақфи, санаси: 1175/1761-62.

Кичик тиб қонунининг биринчи мақоласи (4а-17а варақлар) етти бобдан иборат. Уларда инсоннинг она қорнида шаклланиши, тана тузилиши, тиб илмининг қисмлари, томир уриши ва сийдикдан далил олиш ва танани чиқиндидан тозалаш ҳақида сўз боради. Бу мақолада ҳомиланинг она қорнида шаклланиш босқичлари батафсил ёритилган. Муаллиф бунда қадимги юнон табибларининг фикрига эргашган. Масалан, “отилиб чиқувчи сув (маний) бачадонга жойлашса, маний соғлом, кучли, бузилмаган ва заиф бўлмаса, шунингдек, бачадон соғлом бўлиб унда иллат бўлмаса, Аллоҳнинг изни билан ундан ҳомила пайдо бўлади”[5].

Иккинчи мақола (17а– 24а варақлар) овқат ва ичимликлар, кийимлар ва уларнинг қуввати ҳақида бўлиб, йигирма бобдан иборат. Дон, гўшт, балиқ турлари ва қуввати, сут маҳсулотлари, кўкатлар, сабзавотлар, ҳўл ва қуруқ мевалар, ўсимлик ёғи, хушбўй ўсимликлар, хушбўй нарсалар, ўсимлик ва ҳайвон терисидан тайёрланадиган кийимлар, зираворлар, сирка, бўза, тузлама ва нордонликлар, сув, қор, муз, шаробнинг турлари, шарбатлар, қиёмли мурабболар, қайнатма ва қовурмалар, шунингдек, ширинликлар ҳақида маълумотлар келтирилган[6].

Учинчи мақола (24а-28а варақлар) ўн бобдан иборат. Соғликни сақлаш, ҳомиладорлик тадбири ва бола тарбиясига бағишланган. Муаллиф саломатликни сақлашда биринчи навбатда баданни кучайтирувчи машқларни бажариш; ҳаммомда чўмилиш; тўғри овқатланиш; сув ичиш тартибига риоя қилиш; меъёрий уйқу ва уйғоқлик; нормал жинсий алоқада бўлиш ва руҳий ҳолатларга эътибор беришни киритади. Кейинги бобларда ҳомиладор ва эмизикли аёл, балоғат ёшига етмаган бола ва ўн тўрт ёшдан катта бўлган кишиларнинг тадбирлари баён қилинади.

Муаллиф руҳий ҳолатлар деганда хурсандлик, ғам, хижолат бўлиш, қўрқув, ғазаб ва ҳасадни назарда тутган. Жумладан, у шундай дейди: Ўртача хурсандчилик руҳга қувват беради, ғам руҳни кучсизлантиради ва танани заифлаштиради. Хижолат бўлиш биринчи навбатда бадандаги ҳароратни оширади, ҳаттоки бадан ундан терлаши мумкин. Қўрқув – умид ва умидсизликдан келиб чиқувчи ҳолат. Баъзида танадаги ҳароратни оширади, баъзида уни баданнинг тубига тўплайди. Ғазаб эса танадаги иссиқликни исталмаган ҳолатда ортиқ даражада оширади[7].

Тўртинчи мақола (28а-36а варақлар) ўн саккизта бобни қамраб олган. Муаллиф танадаги касалликларнинг аломатлари, ташхис қилиш усуллари ва даволаш чораларини олдин ўтган табиблар усулига мувофиқ юқори аъзолардан пастки аъзоларга қараб баён қилган. Яъни, бошдан кўкрак соҳасигача. Бош оғриғи, шақиқа, бош айланиши, менингит, молихулиё, тутқаноқ, ишқ касаллиги, сакта, фалаж, юз фалажи, увишиш, қалтираш, ташаннуж (тиришиш), тумов, рамад (кўз яллиғланиши), кўришнинг заифлиги, кўздан ёш оқиши, қулоқ оғриқлари, бурун оғриқлари ва ундан қон оқиши, лабнинг ёрилиши, тиш ва милклар оғриғи, оғиз ва тишдаги чақалар, тишларга жило бериш, оғиздаги ёмон ҳидларни йўқотиш, тилча, бодомсимон без ва томоқ яллиғланиши ва томоққа тиқилиб қолган зулук ҳақида[8].

Бешинчи мақола (36а-37а варақлар) томоқ касалликларига бағишланган. Тўрт бобдан иборат. Йўтал, назла, зотилжам, рабу (бронхиал астма), хафақон ва қон туфлаш касалликлари, уларга ташхис қўйиш ва даволаш усуллари қисқача баён қилинган[9].

Олтинчи мақола (37б-45б варақлар) қорин соҳасида пайдо бўлувчи касалликлар: Меъда заифлиги, кўнгил айниши, қориндаги ўткир оғриқлар, ҳиқичоқ, ҳайза (диарея), заҳир (тўғри ичак буралиши), қуланж, қоринда пайдо бўлувчи қуртлар, жигар ва талоқ оғриқлари, ярақон ва буйрак, қовуқ, мақъад касалликларига доир. Бу мақола ўн тўрт бобга бўлинган.

Еттинчи мақола (46а-47а варақлар) олти бобдан иборат. Таносил аъзолари, олат касалликлари, мазий ва вадийнинг чиқиши, мояк касалликлари, даббалик, бачадон касалликлари ва боҳ ҳақида.

Саккизинчи мақола (47а-47б варақлар) бир бобдан иборат бўлиб, ниқрис (подагра), қуймич асаби ва бўғин оғриқларини ташхислаш ва даволашга бағишланган.

Тўққизинчи мақолада (47б-51а варақлар) соч касалликлари, юзни доғ ва ҳуснбузарлардан тозалаш, қубо (псориаз), саъфа (яралик тошма), баҳақ (витилиго), қичима, чечак, қизамиқ, эшакеми, темиратки, сўгал, чипқонлар, тирноқ атрофида пайдо бўлувчи шишлар, тўпиқ ва бармоқ атрофидаги ёриқлар, оловдан куйиш, заҳарланиш, томирдан қон олиш, ҳижомат, сурги қилиш, ҳуқна ва қустириш каби мавзулар ўн олти бобда баён қилинади.

Ўнинчи мақола (51б-53а варақлар) етти бобдан иборат бўлиб, иситмага доир. Бир кунлик иситма, балғам хилтидан пайдо бўлувчи ҳар кунлик иситма, сафро хилтидан пайдо бўлувчи кунора тутадиган иситма, савдо хилтидан келиб чиқувчи бир ёки икки кунлик иситма, қон хилтидан пайдо бўлиб, бутун баданни қоплаб олувчи иситма, мураккаб иситмалар ва диққий (урувчи) иситмалар баён қилинади.

Асар содда ва равон тилда ёзилган бўлиб, муаллиф бир айтилган фикрни қайта-қайта такрорламайди ва мавзуни қисқа тушунтиради. Агар бир касалликни даволаш усуллари бошқасига ўхшаш бўлса, у сифатлар ҳақида айтилганларни қайта такрорламай, ўқувчига ўша аввалги айтилганларга мурожаат қилишни таклиф қилади. Масалан, ярақон касаллигидаги хилт бузилишидан танада пайдо бўладиган иситмани даволаш сариқ касаллигини даволаш билан бир хил эканини айтади.[10]

Бу асар оммабоп тиббий асар бўлибгина қолмасдан, тил тарихини ўрганишда ҳам муҳим аҳамиятга эга. Ўрта асрларда доришунослик илми табобат илмининг энг юқори қисми ҳисобланиб, у билан шуғулланувчи киши барча тиббий фанлардан ташқари қўшимча равишда доривор ўсимликлар тарқалган ерларни ҳам билиши керак бўлган. Бунга сабаб шу ўсимликлар таъсирининг улар ўсган жойга боғлиқлигидир. Масалан, ҳалилажи қобулий (Қобул ҳалиласи), Рум карами (القنبيط), ва Ҳинд уди(العود الهندي).

Рисола хилма-хил тиббий терминларга жуда бой бўлиб, уларни кўпчилиги классик араб тилининг луғат фондига оид. Унда юнон, форс ва бошқа тиллардан кирган сўзлар ҳам учрайди. Масалан, юнонча тиббий термин “мания” (مانيا), меланхолия (ماليخوليا) ва бир қанча форсча доривор ўсимликларнинг номи, жумладан, “наргиз” (نرجس), “бинафша” (البنفسج), “нилуфар” (النيلوفر) ва бошқалар.

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, ўн мақола ва 105 бобдан иборат бу асар ўзининг қисқа ва мазмунан бойлиги билан Ўрта асрларда оддий ўқувчи ва амалиётчи табиблар томонидан кенг фойдаланиб келинган. 

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:
  1. Абу Бакр ар-Розий. “Ман ла йаҳдуруҳу ат-табиб ав табибука қабла вусулика ат-табиб”./ Нашрга тайёрловчи: Муҳаммад Амин Занновий. Дорул кутуб ал-илмиййа. Байрут – Ливан.
  2. Kadircan Keskinbora. İbn Sina’nın Küçük Tıp Kanunu. Bahçeşehir üniversitesi yayınları. 2013, 2015. Sayfa – 282.
  3. Муҳаммаджон Ҳакимов. Шарқ манбашунослиги луғати. –Т., DAVR PRESS НМУ 2013.
  4. Қосимжон Содиқов. Матншунослик ва манбашунослик асослари. –Т., – 2017.
* Иқтибослар туркиялик олим Қодиржон Кескинбора томонидан 2015 йилда Сулаймония кутубхонаси, Валиюддин Эфенди коллекцияси 2529 рақамдаги қўлёзма асосида Истанбулда нашр қилинган факсимиле нусхасидан олинди.
[1] Ҳозирги Иордания Ҳошимийлар қироллиги пойтахти Аммон шаҳридан  ғарбда жойлашган шаҳар.
https://ar.wikipedia.org/wiki/%D8%A7%D9%84%D8%B3%D9%84%D8%B7
[2] Триполи –  Ливия пойтахти.
[3] Бу иккилик араб шоири ва тилшуноси Абу Муҳаммад ибн ал- Восим ал- Басрий ал- Ҳаририй (1054/1122) нинг “Милҳат-ал-иъроб ” асарида келган.
[4] Бу жумла Муҳаммад (с.а.в.) нинг “Раҳималлоҳу абдан такаллама фағанима ав саката салима” ҳадислари бўлиб, қўлёзма матнида “абд” (банда) сўзи тушиб қолган.
[5] Ўша манба. Б.4б- 5а.
[6] Ўша манба. Б. 7б-24а.
[7] Ўша манба. Б. 26б
[8] Ўша манба. Б. 28а-35б
[9] Ўша манба. Б.36а – 37б.
[10] Ўша манба. Б. 43б
Фахриддин ИБРАГИМОВ,
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси
Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти
илмий ходими

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …