ҲАЖ — 2022
Фуқароларимизнинг диний эътиқод борасидаги ҳуқуқ ва эркинликлари тўла таъминланиб, мўмин-мусулмонларимиз ибодат амалларини эмин-эркин бажармоқдалар. Бу ҳақда сўз юритганда, икки йиллик коронавирус пандемияси чекловларидан сўнг бу йил 12 минг ватандошимиз муқаддас ҳаж амалларини бажариш имконига эга бўлгани, кейинги 6 ойда 40 мингга яқин юртдошимиз умра зиёратини адо этганини таъкидлаш лозим. Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон халқига Қурбон ҳайити табригидан.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Ҳаж мавсуми — улуғ амаллар адо этиладиган, олий мақсадлар, эзгу ниятлар ушалиши сўраладиган, дуо-тилаклар ижобат бўладиган палла. Шу боис, ҳар бир мўмин-мусулмон киши умри давомида бир марта бўлсада, Каъбатуллоҳни тавоф қилишни, Арафотда туришни, Сафо ва Марва тепаликларида саъй қилишни орзу этади. Зотан, ҳаж инсон ҳаётини яхшиликлар сари тубдан ўзгартирадиган, бир сўз билан айтганда, Жаннат мукофоти ваъда қилинган буюк ибодатдир.
Ҳазрати Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мабрур ҳажнинг мукофоти фақат жаннатдир», «Ким Аллоҳ учун ҳаж қилиб, фаҳш сўз айтмаса ва фисқу фасод қилмаса, худди онасидан янги туғилгандек бўлиб қайтади», деб марҳамат қилганлар. Демак, гўзал одоб, чиройли хулқ ва чин ихлос ила қилинган ҳажнинг мукофоти жаннатдир.
Табиийки, ана шундай буюк ибодатни адо этиш учун юртимиз мўмин-мусулмонларига давлатимиз томонидан яратиб берилаётган шарт-шароитларни, бу борада амалга оширилаётган улкан ислоҳотларни эътироф этиш зарур.
Кейинги йилларда Ҳаж ва Умра сафарларини юқори даражада ташкил этишга катта эътибор қаратилмоқда. Натижада юртимиздан умрага чекланмаган миқдорда зиёратчилар юборилди ва ҳаж қилувчилар сони 2016 йилда 5200 нафар, 2017 йилда 7200 нафарни ташкил этган бўлса, бу йил 12 минг нафардан ошди.
Бутун дунёда кузатилган пандемия туфайли икки йил ҳаж ибодати адо этилмади. Ўтган давр мобайнида давлатимиз раҳбари илгари сурган «Инсон қадри учун» тамойили асосида зиёратчиларимизга янада мукаммал шароитлар яратиш бўйича пишиқ-пухта ишлар қилинди. Ҳаж зиёратини адо этиш учун йўлга чиққан юртдошларимизни кузатишдан тортиб, то кутиб олишгача бўлган жараёнларнинг барчаси юқори даражада ташкил этилди. Бу эса ҳожилар кайфиятига кўтаринкилик, шижоатига жўшқинлик ва рисоладагидек ибодат қилишлари учун куч бағишлади.
Бу йилги ҳаж мавсумида ўзбекистонлик ҳожилар учун яратилган шарт-шароитларга бутун дунё мусулмонларининг ҳаваси келди. Гап шундаки, юртдошларимиз учун барча имкониятлар ишга солинган, ҳаммаси ҳожилар манфаатига хизмат қиладиган, барча шароит яратилган жойларда ибодат қилишди.
Давлатимиз раҳбари илгари сурган инсон қадри ва манфаатлари ҳар нарсадан устунлиги тамойилининг амалдаги ифодасини фуқароларимиз бу муборак заминда ҳам ҳис этдилар.
Мадинаи мунаввара зиёрати
Ҳожиларимиз ибодатларини хотиржам бажаришлари учун Мадинаи мунавварада барча қулайликларга эга беш юлдузли «Замзам Пуллман» ва «Cроwн Плаза» меҳмонхоналари ўзбекистонликлар хизматида бўлди. Ушбу турар жой мажмуаларининг Масжиду Набавийнинг шундоққина ёнгинасида жойлашгани юртдошларимизнинг намоз ва зиёратларни кўпроқ адо этишига имкон берди. Ушбу меҳмонхоналарда уч маҳал иссиқ таомдан тортиб, 24 соат узлуксиз тиббий пунктларгача барча шароитлар муҳайё қилинди.
Одатга кўра, ҳамюртларимиз зиёратни Мадина шаҳридан бошладилар. Бу бежиз эмас, албатта. Чунки ушбу муборак кент ислом оламининг маркази, пайғамбарлик ери, ваҳий манзили сифатида алоҳида қадрланади. Шу боис, дунё мусулмонлари табаррук зиёратгоҳларни ўз бағрига олган, кўплаб оятлар нозил бўлган мазкур шаҳар томон талпинадилар.
Юртдошларимиз дастлабки уч кун давомида Пайғамбар алайҳиссалом равзаларини зиёрат қилиб, Уҳуд тоғи, ислом оламида биринчи қурилган масжид — Қубода, кейин эса Қиблатайнда бўлдилар. Асосий вақтларини эса Расул алайҳиссаломнинг муборак Масжид ан-Набавийида тоат-ибодатда ўтказдилар.
Буюк ибодат
Мадинаи мунаввара зиёратини тамомлаган ҳамюртларимиз Макка шаҳрида иззат-икром ила кутиб олинди. Икки шаҳарнинг ораси 460 километрни ташкил этади. Ушбу масофа автобусда ўртача тезликда 5-6 соатда босиб ўтилади. Тилидан «лаб-байка» тушмаган йўловчилар муборак шаҳарга оҳисталик ила кириб келдилар.
Зиёратчиларимиз 25 қаватли, шаҳар кафтдек кўриниб турадиган, барча шарт-шароитларга эга «Аброж ал-Ҳидоя»да жойлашдилар. Меҳмонхонанинг кираверишидаги «Ўзбекистон» ёзуви ва давлатимиз байроғи ҳар бир ўзбекистонлик ҳожига ўзгача ғурур бағишлади.
Каъбатуллоҳга 24 соат давомида узлуксиз автобус қатнови қўйилгани ҳожиларга кўп бор Байтуллоҳга бориш учун имкон берди. Ватандошларимиз шу аснода зулҳижжа ойининг саккизинчи кунида ҳаж амалларини бажаришга киришиб, оппоқ эҳромларини боғлаган ҳолда «лаббайка» айтиб, Мино водийси томон йўл олдилар. Ният билан эҳромга кириш, Арафотда туриш ва Байтуллоҳни тавоф қилиш ҳажнинг фарзлари саналади.
Бу йил Мино водийсида ўзбекистонлик ҳожилар учун шинам чодирлар ажратилди. Кенг ва текис ҳудудда қад кўтарган чодирлар ҳар йилгидан фарқли равишда юмшоқ ўринлар, ёстиқ-чойшаблар, махсус совиткичлар билан жиҳозланди. Озода, саранжом-саришта ушбу масканда салқин ичимликлар ҳозирланди ва самоварларда чой қайнаб турди. Таомлар эса уч маҳал ҳар бир чодирга етказиб берилди. Аллоҳга шукрки, Арафот ва Муздалифа водийларида ҳам кенг ва қулай жойлар ҳозирлашга эришилди.
Юртимиз зиёратчилари арафа куни эрта тонгдан ҳажнинг яна бир фарзини бажариш мақсадида Арафот томон йўл олдилар. Ҳадисларда келтирилишича, Арафот энг улуғ манзиллардан бири. Бу ерда қилинган дуолар шак-шубҳасиз қабул бўлади. Буни яхши англаган ҳожилар ҳар дамни ғанимат билиб, ундан оқилона фойдаланишга интилдилар.
Ислом манбаларида Арафот дуолар қабул ва ниятлар ижобат бўладиган улуғ макон экани баён этилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Дуоларнинг энг яхшиси Арафотда қилинган дуодир», деб хушхабар берганлар (Имом Термизий ривояти).
Ҳақ таоло ушбу табаррук жойда илтижо қилаётган бандалари ила фахрланади ва сўраганларини ато этади. Шундоқ муродбахш кунларда инсонлар ота-онаси, қариндоши, дўсту биродари ва бутун мусулмонлар ҳақига дуо қилишга бор куч-қувватларини сарф этадилар.
Юртдошларимиз бу йил ҳажи акбар бўлишини эшитиб, ибодатда янада собит турдилар. Ҳажи акбар — энг улуғ ҳаж, катта ҳаж маъносини англатади. Мўътабар китобларимизда бу ҳажнинг ажри ва фазилати катта экани, хусусан, 70 та ҳожининг савоби берилиши айтилган.
Ҳожиларимиз Арафот водийсига чиққанларида Аллоҳдан, аввало, ўзларининг гуноҳларини мағфират қилишни, дилларига тугиб қўйган ниятларини, юртимизни самовий, арозий балолардан сақлашини сўраб, чин дилдан дуолар қилишди.
Арафот водийсида Президентимизнинг Ўзбекистон халқига Қурбон ҳайити байрами муносабати билан йўллаган табригини эшитиб, ҳожиларимизнинг қувончлари чексиз, кайфиятлари ниҳоятда чоғ бўлди. Зеро, табрикни юртда эшитиш бошқа, мусофирчиликда, узоқ жойлардан туриб эшитиш бошқа экан. Табрикни Муҳаммад алайҳиссалом туғилиб ўсган, Қуръони карим нозил бўлган улуғ жойларда эшитиш инсонга ўзгача руҳ бахшида этаркан. Ҳожиларимизнинг қайси бири билан гаплашманг, мамнунликларини ифода қилди. Давлатимиз раҳбарининг юртимиз мўмин-мусулмонларига кўрсатаётган бундай юксак эътибори ва эҳтироми ҳожиларимизни руҳлантириб юборди.
Ҳожиларимиз Арафот водийсида кун ботгунга қадар дуою тазарруларда бўлиб, Муздалифа водийси томон йўл олдилар. Улар Қурбон ҳайитининг учинчи кунига қадар муборак жойларда тоат-ибодатда бардавом бўлдилар, ҳажнинг шайтонга тош отиш, тавофи ифоза каби қолган рукнларини ҳам адо этдилар.
Аллоҳнинг меҳмонларига хизмат қилиш — катта шараф
Ҳаж қилувчи киши Аллоҳ таолонинг меҳмонидир. Ҳаж амалини бажараётган кишига кўмак берган, унинг оғирини енгил қилган инсон улуғ савобларга ноил бўлиши ҳақида кўплаб далиллар бор. Шу маънода, «Ҳаж — 2022» ташкилотчилари ва ишчи гуруҳ аъзолари ана шундай улуғ даражаларни мақсад қилиб, Раҳмоннинг меҳмонларига Ўзи рози бўладиган даражада сидқидилдан хизмат этишга ҳаракат қилдилар. Хусусан, «Ҳаж — 2022» делегацияси, ишчи гуруҳлар, элликбошилар доимо уларнинг ёнида, шифокорлар соғлиқларидан хабардор бўлиб турди. Ошпазлар эса ибодатга қувват бўладиган тансиқ миллий таомлардан тайёрлаб берди.
Уламоларимиз, аҳли илмларимиз ва элликбошилар зиёратчилар билан доимий суҳбатлар ўтказиб, ибодатларини чиройли адо этишларига яқиндан кўмакчи бўлдилар.Ҳожиларга сифатли транспорт хизматлари кўрсатиш, уларни белгиланган манзилга кечиктирмасдан етказиб қўйиш мақсадида кўплаб автобуслар ҳам жалб этилди. Бизнинг бош мақсадимиз зиёратчиларнинг ҳар бир қадамини осонлаштириб, кўп вақтини ибодатга сарфлаш эди ва бунга Аллоҳ муваффақ қилди.
Эътироф…
Аллоҳ назари тушган муқаддас манзил — Маккага ҳар йили зиёратчилар оқиб келади. Бир хил либос, бир мақомдаги инсонларга муносабат ҳам бир хил. Аммо биз, ўзбекистонликлар нафақат маҳаллий аҳоли, балки хорижликларнинг ҳам ўзгача меҳрини ҳар қадамда туйдик. Бинобарин, мусулмон оламида улуғ муҳаддис Имом Бухорий авлодларининг ҳурмати баланд бўлиб, уларга ўзгача ҳавас билан қарашади, алоҳида иззат-икром кўрсатилади. Ана шундай кезда улуғ муҳаддис ва алломаларга бешик бўлган замин фарзанди эканингдан фахрланиб кетаркансан.
Ўзбекистонданлигимизни билганлар дарҳол ёнига чорлаб, жой беради. Улуғ алломалар етишиб чиққан юртимизга бориш, Имом Бухорий мангу қўним топган манзилни зиёрат қилиш истагини айтади. Демак, Ўзбекистон яқин келажакда мусулмон дунёсининг диққат марказидаги мўътабар манзилга айланиши шубҳасиз.
Юртимиз ҳожилари ислом динининг бешинчи фарзини бажариш чоғида давлатимизнинг кўмагини, беқиёс ғамхўрлигини ҳис қилиб турдилар. Зотан, тараққиётимизнинг янги даврида динимиз арконларини адо этиш учун барча шарт-шароитлар ҳозирланмоқда. Пировардида, ҳожиларимиз тартиб, одоб жиҳатидан, амалларни бажариш бўйича ҳам кўпчиликка ибрат бўлдилар.
Саудия Арабистонининг етакчи ОАВлари — «Ҳарамаин Арчивес», «Ҳарамаин сервант», «Алриядҳ» ва «Иқра» кабилар ўзбекистонлик зиёратчилар ҳақида кўп бор лавҳалар намойиш этди. Уларда ҳожиларнинг ҳусни хулқи, ўзларини тутишларига алоҳида тўхталинар экан, улар муносиб иззат-икром қилингани юқори баҳоланди. Бу Ўзбекистондаги ислоҳотларнинг муносиб эътирофи бўлди, десак айни ҳақиқат.
Буларнинг барчаси одамларни рози қилиш йўлида олиб борилаётган хайрли ишлар мевасидир. Аҳолиси рози юртга Яратган ҳам неъматларини ёғдиради, иншааллоҳ.
Ҳожилик — ибрат мактаби
Ҳаж қилган кишининг юзида нур пайдо бўлади. Ҳаёти фаровон ва осуда, яхши ишларга рағбати ошади. Шундай қилиб, юртдошларимиз ҳаж ибодатининг барча рукнларини бажариб бўлдилар. Зиёратчилар сафар якунида тавофи видони бажариб, жорий йилнинг 14 июлидан 4 августига қадар навбатма-навбат она Ватанга қайтиб келдилар.
Табаррук жойларда гуноҳдан пок бўлиб, юртимизга соғ-омон қайтган ватандошларимиз ибратли фазилатлари, жамият ҳаётидаги фаол иштироки билан барчага намуна бўлиб, ўсиб келаётган ёш авлодни ватанпарвар, маънавиятли, маърифатли, ота-онасига, юртига хизмат қиладиган содиқ, солиҳ фарзандлар бўлишига ўз ҳиссаларини қўшадилар. Ёрдамга муҳтож кишилар, камбағаллар, мискин ва фақирларнинг ҳолидан хабардор бўлишга кўпроқ ҳисса қўшишга ҳаракат қиладилар.
Ҳақ таоло ҳамюртларимиз ҳажларини мабрур, дуоларини мустажоб айласин. Юртимизни офат-кулфатлардан ўзи асрасин. Ўзбекистонимизнинг дунё майдонида номи ва ўрни бунданда сарбаланд бўлсин!
Дил изҳорлари
Музаффар ЭШМУРОДОВ,
Навоий вилояти:
— Аллоҳга беҳисоб ҳамду санолар бўлсинки, ҳажи акбар бўлишдек улуғ мақом бизга насиб этди. Бу учун, аввало, Яратганга шукроналар айтамиз ва бу йилги ҳаж мавсумини ташкиллаштирган барча мутасаддиларга миннатдорлик билдирамиз. Чунки сафар чоғида юртдошларимизга хизмат кўрсатиш учун катта тайёргарлик кўрилгани шундоқ сезилди. Ҳатто бошқа мамлакат фуқаролари бизга ҳавас билан қаради.
Барча қулайликларга эга меҳмонхонада яшаб, масжидда жамоа бўлиб намоз ўқишимиз, Масжидул Ҳарамда ибодат қилмоқчи бўлсак, туну кун автобуслар қатнови ташкил этилгани ҳукуматимиз кўмаги, республика раҳбарияти ғамхўрлиги деб Ҳақ таолога шукроналар айтдик. Албатта, бундай қулайликлар ибодатларни мукаммал адо этишга омил бўлди.
Қайд этиш жоизки, Ҳаж ва Умра амалларини бажаришдан тортиб, муборак жойларда киши ўзини қандай тутишигача бўлган барча амаллар гуруҳ раҳбарлари томонидан доимий тарзда ўргатилди. Тақдим этилган “Ҳаж — буюк ибодат” китобида амаллар бажарилиши жараёнида ўқиладиган дуолар, уларнинг талаффузидан тортиб, мазмун-моҳиятигача тушунтирилган.
Бундай сидқидилдан қилинган меҳнат зиёратлар, ибодатларни рисоладагидек бажариб хотиржам бўлишга замин ҳосил қилди. Меҳрибон Аллоҳ таоло ибодатларимизни қабул айлаб, ҳожиларимизнинг ҳажини мабрур айлаган бўлсин!
Дилафрўз ЭГАМБEРДИЕВА,
Наманган вилояти:
— Биз яқин бир ой давомида Саудия Арабистонининг муқаддас икки шаҳри — Мадина ва Маккада бўлиб, исломнинг бешинчи арконини юксак савияда адо этдик. Минг карра шукр! Табаррук масканлар, улуғ зиёратгоҳларда Ўзбекистонимизга тинчлик ва офият, Президентимиз томонидан олиб борилаётган хайрли ва савобли ишларга юксак марралар, халқимизга эса омонлик тилаб, дуо қилдик.
Албатта, бундай муборак жойларда бўлиш ҳар кимга ҳам насиб этавермайди. Буни яхши англаган юртдошларимиз ҳар дамни ғанимат билиб, ҳар сониядан унумли фойдаланиш ҳаракатида бўлиб, ҳаж амалларини мукаммал адо этишга интилдилар. Уларнинг ибодатларини Аллоҳ ўз даргоҳида қабул айлаган бўлсин.