Home / АЛЛОМАЛАР / БУЖАЙРИЙ НИСБАЛИ РОВИЙЛАР

БУЖАЙРИЙ НИСБАЛИ РОВИЙЛАР

IX-XII асрлар ислом оламида илм-фан ривожининг олтин даври деб эътироф этилган. Кўплаб манбаларда айни ўша даврда Бужайрий нисбаси билан танилиб, самарали ижод қилган алломаларнинг ҳаёти ва илмий мероси ҳақидаги маълумотларни учратиш мумкин.

Тадқиқотлар натижаси шуни кўрсатадики, Бужайрий нисбаси бирор жой ёки касбга эмас, Бужайр исмли шахсга нисбатан берилган. У Бужайр ибн Ҳозимнинг исмидир. Мисрлик тадқиқотчи олим Абдуллоҳ Абдулҳамид Саъд тузган “Ўрта Осиё олимлари қомуси”да: “Бужайр” сўзи “кичкина қоринчаси бўлган бобо” маъносини билдиради[2:53], дейилган. Аслида ҳам араб тилида “Бужайр” сўзи “кичик қорин” деган маънони англатади.

Бужайрнинг авлодлари, яъни фарзанду набиралари ҳам ўз замонасининг олими, машҳур ровийлари бўлган. Уларга Бужайрнинг исми нисбат қилиб берилиб, бу силсила насабда ҳам ровийлар силсиласининг тарих саҳифаларида ҳам Бужайрий нисбаси билан ўрин олган.

Қуйида бу ровийлар силсиласи ҳақида қисқача тўхталиб ўтсак:

Улардан бири Муҳаммад ибн Бужайр ибн Ҳозим ибн Рошид Ҳамадоний Суғдий, Бужайрий бўлиб, у юқорида номи зикр қилинган Бужайр ибн Ҳозимнинг ўғлидир. Муҳаммад ибн Бужайр ҳам замонасининг таниқли ҳадис ровийларидан бўлиб, Қаънабий, Абу Валид Таёлисий, Аъорим ва Аҳмад ибн Юнус каби кўплаб ўз даврининг таниқли ровийлардан ҳадис ривоят қилган. Ўз навбатида ундан ўғли Абу Ҳафс Умар ибн Муҳаммад ибн Бужайр ва Муҳаммад ибн Ҳотам ибн Ҳайсамлар ҳадис ривоят қилган. Муҳаммад ибн Бужайр 268/882 йил шаъбон (март) ойида вафот этган [7:143; 2:108].

Улардан яна бири Абу Амр Усмон ибн Муҳаммад ибн Бужайр ибн Ҳозим ибн Рошид Бужайрийдир. У юқорида келтирилган Муҳаммад ибн Бужайрнинг катта ўғли. Абу Амр Усмон ибн Муҳаммад ўз даврининг таниқли ровийлари Моволий Бани Ҳошим ва Ҳусайн ибн Асвад Куфийдан ҳадис ривоят қилган. Ўз навбатида ундан Абдуроҳман ибн Фатҳ Саррож Самарқандий ҳадис ривоят қилган [1:7-8].

Нажмиддин Умар Насафийнинг “Ал-Қанд фий зикри уламои Самарқанд” китобида Абу Амр Усмон ибн Муҳаммад ибн Бужайрийдан ривоят қилинган ҳадис қуйидагича келтирилган: Абу Амр Усмон ибн Муҳаммад ибн Бужайр: Бизга Муъмил ибн Ҳишом ҳадис айтди, деди. У: Бизга Исмоил ибн Аълия эса Аюбдан, у эса Абу Қалобадан, у эса Молик ибн Ҳувайрис Розиллоҳу анҳудан ҳадис айтди, – деди. У: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бордик, биз ўша вақтда ёш забардаст йигит эдик. У зотнинг ҳузурларида (шариат арконларини ўрганиш учун) йигирма кеча бўлдик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизни оиламизга муштоқ бўлган деб ўйлаб, аҳлимизда қолдириб келганларимиз ҳақида сўрадилар, биз у зотнинг саволларига жавоб бердик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам атрофидагиларга меҳрибон дўст эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Оилаларингизга қайтиб боринглар, уларни (Исломга) буюринглар, (динни) ўргатинглар ва мени намоз ўқиганимни кўрдингиз, худди шундай уларга намоз ўқиб беринглар. Намоз вақти кирганда сизлардан бирингиз азон айтсин ва ёши улуғингиз имом ўтиб сизларга намоз ўқиб берсин”, дедилар”, деди [12:492].

Бужайрий нисбаси билан машҳур бўлган алломалардан яна бири Абу Ҳафс Умар ибн Муҳаммад ибн Бужайр ибн Ҳозим ибн Рошид Ҳамадоний, Самарқандий, Бужайрийдир. У юқорида зикр этилган Муҳаммад ибн Бужайрнинг кичик ўғли. Муҳаддис Абу Ҳафс Бужайрий 223/838 йили Самарқанднинг Сўғд музофотидаги Хушуфағн қишлоғида туғилиб [3:60; 4:374; 5:327], 311/923 йили вафот этган [2:54; 6:162; ]. Абу Ҳафс Бужайрийнинг болалик ва ёшлик даври туғилиб ўсган она қишлоғи Хушуфағнда ўтган. У дастлабки таълимни отаси Муҳаммад ибн Бужайрдан олган. Кейинчалик Абу Ҳафс Бужайрийни илм ўрганишга бўлган шижоати ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ворид бўлган ҳадисларни эшитиш, ўрганишга бўлган қизиқиши сабабли ўша даврда илм-фан ўчоғи ҳисобланган Хуросон, Басра, Куфа, Ироқ, Шом, Миср, Ҳижоз каби бир қанча шаҳар ва мамлакатларга илмий сафар қилган.

Аллома сафари чоғида Дамашқ шаҳрига борганини тарихчи олим Абулқосим Али ибн Ҳасан ибн Ҳибатуллоҳ ибн Абдуллоҳ – Ибн Асокир “Тарихул мадинати Димашқ ва зикри фазлиҳа ва тасмияти мин ҳиллиҳа минал амасил” (“Дамашқ шаҳрининг тарихи, унинг фазилати ва ундаги жойларнинг номланишига мисоллар”) китобида бундай келтиради: “Ҳофиз Абу Ҳафс Умар ибн Муҳаммад ибн Бужайр ибн Ҳозим ибн Рошид Ҳамадоний Самарқандий Бужайрий таълим олиш ва ҳадис жамлаш ниятида Дамашқ шаҳрига борган. У ерда Аҳмад ибн Абдулвоҳид ибн Уъбуд, Абу Омир Мусо ибн Омир Марий, Ҳишом ибн Холид, Муҳаммад ибн Ҳошим Баълабаккий, Сулаймон Ҳамсий, Аюб ибн Али ибн Ҳайсам Каноний каби кўплаб таниқли олимлардан ҳадислар тинглаган ва таълим олган”[8:320]. Демак, Аллома Дамашқда кўплаб таниқли олимлар билан учрашган, улар билан илмий мулоқотда бўлган.

Абу Яъло Халилий ўзининг “Иршод” номли асарида бундай келтиради: Абу Ҳафс Бужайрий Ироқ ва Шомга борганда Назр ибн Тоҳирдан, Куфада Абу Курайб, Усмон ибн Абу Шайбадан, Басрада Бундор ва Абу Мусодан, Шомда Сулаймон ибн Салама Хабоирий, Аҳмад ибн Абдулвоҳид Дамашқий ва Ҳишом ибн Аммордан ва Макка шаҳрида Муҳаммад ибн Зунбур ва Ҳусайн ибн Ҳасан Марвазийдан ҳадис тинглаган[1:9].

Абу Ҳафс Бужайрий ҳадис бўйича асосий таълимни Абу Маҳмуд Муҳаммад ибн Муовия (Абдуллоҳ ибн Абдураҳмон Доримийнинг тоғаси), Абдуллоҳ ибн Абдураҳмон Доримий Самарқандий, Исо ибн Ҳаммод Зуғба Мисрий, Исҳоқ ибн Шоҳин Воситий, Абу Соиб Силм ибн Жаннода Куфий, Абд ибн Ҳумайд Кеший (Абд ибн Ҳумайд Кешийнинг “Муснади Кеший” номли китоби бўлиб, у Имом Бухорийнинг устозларидан ҳисобланади) ва Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий каби кўплаб машҳур муҳаддис олимлардан олган[5:327; 9:490].

Имом Бухорийнинг “Саҳиҳ” тўпламига ёзилган энг мўътабар шарҳлардан бири бўлган Ибн Ҳажар Асқалонийнинг “Фатҳул борий” (“Ижодкорнинг очиб берган шарҳи”) китобининг Муқаддимасида бундай келтирилади: “Умар ибн Муҳаммад Бужайрий: “Муҳаммад ибн Исмоил Бухорийнинг: Мен “Жомеъус саҳиҳ” китобимни Масжидул Ҳарамда тасниф қилдим. Бу китобдаги ҳар бир ҳадисни Аллоҳ таолодан яхшилик сўраб, истихора қилиб – икки ракат намоз ўқиб, унинг саҳиҳлигига ишонч ҳосил қилганимдан кейин киритдим”, деб айтаётганини эшитдим”, дейди”[9:490].

Ушбу ривоят орқали Абу Ҳафс Бужайрий ҳадис илмида мўминларнинг амири деб эътироф этилган Имом Бухорий ҳазратлари билан бир даврда яшаганини, иккаласи бир бири билан учрашганини ва Имом Бухорийнинг бу сўзини айнан ўзидан эшитганини англаб олиш мумкин.

Абу Ҳафс Бужайрий ҳадис ўрганиш ва тўплаш билан бирга, кўплаб шогирдлар ҳам етиштирган. Абу Бакр Муҳаммад ибн Абдулғаний Бағдодийнинг “Такмилатул икмол” китобида Муҳаммад ибн Собир Бухорий, Абу Назр Муҳаммад ибн Бакр Деҳқон Самарқандий, Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Имрон Шоший, Муътамар ибн Жибрил Карминий, Аъюн ибн Жаъфар Самарқандий, Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Али Муаддаб Шоший ва Исо ибн Мусо Кошоний каби ўз замонасининг машҳур муҳаддис ва ровийлари айнан Абу Ҳафс Бужайрийдан ҳадис тинглагани ва ундан ривоят қилгани қайд этилган[5:327]. Бундан ташқари, Абу Ҳафс Бужайрийдан унинг ўғли Абулҳасан Муҳаммад ибн Умар, Имом Абу Бакр Муҳаммад ибн Али ибн Исмоил Қаффол Шоший, Абу Яҳё Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Иброҳим ибн Исҳоқ ибн Ҳозим Самарқандий, Муҳаммад ибн Ҳотам Кошоний, Абулфазл Аҳмад ибн Исмоил ибн Яҳё ибн Ҳозим Аздий Самарқандий ва Али ибн Биндор Сайрафий каби олимлар ҳам таҳсил олган ва ҳадис ривоят қилган[8:37].

Шошлик алломаларнинг ҳаёти ва илмий меросини ўрганиш бўйича улкан ишларни амалга оширган т.ф.д Неъматулло Муҳаммедов ўзининг “Шош воҳаси олимларининг илмий-маънавий мероси” китобида: “Абу Бакр Қаффол Шоший Хуросонга бориб, Муҳаммад ибн Исҳоқ ибн Хузайма, Муҳаммад ибн Исҳоқ Саррож, Умар ибн Муҳаммад ибн Бухайр (Манбаларда турлича “Бужайр”, “Буҳайр” ва “Бухайр” кўринишда келган). Самарқандий каби етук олимлардан дарс олган ва бошқа табақалардан ҳадислар тинглаган”, деб келтирган[10:52].

Юқоридаги манбалардан кўриниб турибдики, Абу Ҳафс Бужайрий фиқҳ, ҳадис, усул ва тилшунослик илми бўйича тенги йўқ олим деб эътироф этилган. У Имом Абу Бакр Қаффол Шоший каби бир қанча алломаларга устозлик қилган.

Абу Ҳафс Бужайрий илм-фанга етук алломаларни етказиб бериш билан кифояланиб қолмасдан, ўзининг бой илмий ижоди билан ҳам улкан ҳисса қўшган. Ҳадис ва тафсир илми соҳасида бир қанча асарлар яратган. Манбаларда келтирилишича, аллома “Саҳиҳ” ҳадислар тўплами ва “Тафсир” каби асарларнинг муаллифи ҳисобланади. “Саҳиҳ” тўпламининг қўлёзма нусхалари хорижий мамлакатларнинг кутубхоналарида сақланмоқда[3:60; 11:206].

Алломанинг “Китобус сафина” (“Кема китоби”) номли яна бир асари ҳам бўлиб, бу борада Абдуллоҳ Абдулҳамид Саъд ўзининг “Ўрта Осиё олимлари қомуси” китобида бундай келтиради: “Абу Ҳафс Бужайрийдан унинг Аҳмад исмли набираси “Жомеъус саҳиҳ” (“Ишончли тўплам”) ва “Китобус сафина” (“Кема китоби”) китобларини ўқиб ўрганган. Бу китобларни Абу Ҳафснинг ўзи ёзган”[2:145; 6:370]. Афсуски бу китоб бизнинг давримизгача етиб келмаган.

Алломанинг қаламига мансуб “Жомеъул муснад” ва “Тафсир” асарларининг бир қисмини қўлёзма нусхаси ҳозирги кунда Дамашқ шаҳридаги Зоҳирия кутубхонасида 1067-рақам остида сақланмоқда”[3:60]. Бу асарнинг электрон нусхаси Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази электрон базасида ҳам мавжуд. Асар 124 варақдан иборат бўлиб, “Жомеъул муснад”нинг учдан бир қисмини яъни ўттизинчи – “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бетобликлари ва вафотлари” бобини ва “Тафсир” китобининг аввалги қисмини қамраб олган.

Бужайрий нисбаси билан танилган ровийлардан яна бири Абулҳасан Муҳаммад ибн Умар ибн Муҳаммад ибн Бужайр Самарқандий, Бужайрийдир. У муҳаддис Абу Ҳафс Умар ибн Муҳаммаднинг ўғли. Абулҳасан Муҳаммад ибн Умар ҳам кўплаб мамлакатларда сафарда бўлиб, Али ибн Абдулазиз Бағавий, Исҳоқ Дабрий, Бишр ибн Мусо, Абу Муслим Кажжий, Абдулазиз ибн Ҳасан ибн Бакр ибн Шаруд, Убайд ибн Муҳаммад ибн Иброҳим Кашурий, Муъоз ибн Мусанно ва бошқа кишилардан ҳадис ривоят қилган. Абулҳасан Муҳаммад ибн Умар 345/956 йилнинг рабиул аввал (июль) ойида вафот этган [1:7-8; 2:108].

Бужайрий нисбаси билан машҳур бўлган ровийлардан яна бири Абулаббос Аҳмад ибн Муҳаммад ибн ҳофиз Абу Ҳафс Умар ибн Муҳаммад ибн Бужайр Самарқандий, Бужайрийдир. У Муҳаммад ибн Умарнинг ўғли яъни муҳаддис Абу Ҳафс Умар ибн Муҳаммаднинг набираси. Аллома халқ орасида Аҳмад Бужайрий ва Аҳмад Хушуфағоний номлари билан машҳур бўлган.

Аҳмад Бужайрий бошланғич илмини туғилиб ўсган қишлоғи Хушуфағонда бобоси Абу Ҳафс Бужайрийдан олган. Юқорида таъкидланганидек Абу Ҳафс Бужайрий “Ал-жомеъ ас-саҳиҳ” (“Ишончли тўплам”) ва “Китоб ас-сафина” (“Кема китоби”) номли китоблар тасниф этган. Аҳмад Бужайрий эса бобосидан ушбу икки китобни эшитиб, таълим олган ва уларни тўлиқ ўзлаштирган. Кейинчалик Аҳмад Бужайрий ўз даврининг кўплаб йирик муҳаддисларидан кўплаб ҳадис тинглаб, уларни ёзиб олгани боис у таниқли ровийлардан бири бўлиб улғаяди. Ўз навбатида ундан ҳам бир қанча илми толиблар ҳадис ривоят қилган. Аҳмад Бужайрий 372/982 йилнинг рабиул аввал (сентябрь) ойида вафот этган [6:370].

Бу сулола нафақат насаб жиҳатидан балки Х асрларда ҳадис ривоят қилиш бўйича ҳам маълум ва машҳур бўлган. Бужайрий нисбаси билан ижод қилган алломалардан баъзилари ўзининг улкан илмий фаолияти билан илм-фаннинг ҳадис ва тафсир каби соҳалари ривожига катта ҳисса қўшган. Лекин шу чоққача уларнинг ҳаёти ва илмий мероси бўйича кенг кўламли тадқиқот ишлари олиб борилмаган. Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида мазкур алломалардан бири Абу Ҳафс Бужайрийнинг ҳаёти, фаолияти ва унинг “Жомеъул муснад” китобини ўрганиш бўйича муайян ишлар бошлаб юборилган. Тадқиқотлар давомида Бужайрий нисбали алломаларнинг фаолиятига доир янги маълумотлар юзага чиқади, деган умиддамиз.

Адабиётлар рўйхати
  1. Абу Умар Муҳаммад ибн Али Азҳарий. Мустахрижу аъла саҳиҳил Бухорий ва мусаммо бил Жомиъил муснад. –Қоҳира. 2020.
  2. Абдуллоҳ Абдулҳамид Саъд. Ўрта Осиё олимлари қомуси. – Т.: Имом Бухорий республика илмий-маърифий маркази нашриёти, 2007.
  3. Хайриддин Зириклий. Аълом. Ж. 5. Дорул илм, 2002.
  4. Абу Абдуллоҳ Ёқут Ҳамавий. Муъжамул булдон. Ж. 2. – Байрут, 1979.
  5. Абу Бакр Муҳаммад ибн Абдулғаний Бағдодий. Такмилатул икмол. Ж. 3. – Макка. Жомеъа уммул қуро, 1410/1990.
  6. Абдулкарим Самъоний. Ансоб. Ж. 2. – Байрут, 1998.

  7. Абу Ҳотам Муҳаммад ибн Ҳаббон. Сиқот. Ж, 9. – Байрут: Дор ал-фикр, 1975.
  8. Абулқосим Али ибн Ҳасан ибн Ҳибатуллоҳ ибн Абдуллоҳ Шофиъ. Тарихул мадинати Димашқ ва зикри фазлиҳа ва тасмияти мин ҳиллиҳа минал амасил. Ж. 45. – Байрут, 1995.
  9. Ибн Ҳажар Асқалоний. Фатҳул борий. Ж. 2. – Миср: Мирий Кубро матбааси, Муқаддимаси.1301/1884.
  10. Муҳамедов Н. Шош воҳаси олимларининг илмий-маънавий мероси. – Т.: ТИУ, 2007.
  11. Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Усмон Заҳабий. Тазкиратул ҳуффоз. Ж. 2. – Байрут, 1998.
  12. Нажмиддин Умар ибн Муҳаммад ибн Аҳмад Насафий. Ал-Қанд фий зикри уламои Самарқанд. – Теҳрон, 1999.
Йўлдошхон ИСАЕВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

АБУ БАКР ЖАССОС ИЛМИЙ МЕРОСИНИНГ ҲАНАФИЙ МАЗҲАБИ РИВОЖИДА ТУТГАН ЎРНИ

Абу Бакр Жассос (ваф. 370/981) қолдирган илмий мерос ҳанафий мазҳабида ўзига хос аҳамиятга эга. Аллома …