Ўрта Осиёда ислом динининг ёйилиши маънавий ҳаётдан ташқари меъморчиликка ҳам ўз таъсирини кўрсатган. VIII асрнинг бошида Самарқандни араб халифалигининг қўшини забт этгач, бу ерда ҳам ислом динининг тарқалишига замин яратилади. Юқорида таъкидлаганимиздек, янги дин ва мафкура нафақат сиёсий, балки ижтимоий-иқтисодий ҳаётга ҳам катта таъсир кўрсатади. Хусусан, бу моддий маданиятда, айниқса, меъморчиликда яққол намоён бўлади. Илк ислом даврида шаҳар тушунчаси жомеъ масжидининг бор ёки йўқлиги билан белгиланган [8:208]. Оддий қилиб айтганда масжидлар Ўрта Осиё меъморий ландшафтининг одатий ва муҳим қисмига айланади [13:68]. VIII-IX асрларда масжидлар қурилиши ислом меъморчилигининг ажралмас қисми бўлиб қолади. Ўрта Осиёда ислом динига хос иншоотлар Сомонийлар давридан бошлаб кенг кўламда барпо этила бошланди. Бу даврда ислом дини Мовароуннаҳр халқининг маънавий ва маърифий ҳаётининг ажралмас қисмига айланади. Эндиликда шаҳар мақомини олмаган қишлоқларда ҳам жомеъ масжидини қуриш анъанага айланади.
Ривожланган Ўрта асрда ёзма манбалардан етиб келган маълумотларга кўра, Сомонийлар ва Қорахонийлар даврида Самарқанд шаҳри ва унинг атрофида 15 та, жумладан, Абул Аббос ал-Қоид, Абул Қосим, ал-Бакрийин, Билол ибн Исмоил ал-Муқрий, ад-Даҳҳок ибн Музоҳим ал-Ҳилолий, Жомеъ, ал-Манара, Из, Наҳр ал-Қассарин маҳалласидаги масжид, Аббос кўчасидаги масжид, Абу Абд ар-Раҳмон кўчасидаги масжид, Муқотил кўчасидаги масжид, ас-Соға, ал-Фуудайл ибн Ийад, Шохувайх каби масжидлар мавжуд бўлган [9:57-58].
Самарқанднинг “Жомеъ” масжиди Қорахонийлар даврида ҳам Афросиёбнинг қадимги қисми ҳисобланган акропольда, яъни қалъадан ғарбда жойлашган. Маълумотларга кўра Ғарбий Қорахонийлар давлатининг асосчиси Иброҳим Тамғочхон масжидни янгидан қурдирган. Бу масжид 1212 йилда Қорахонийлар сулоласининг охирги ҳукмдори Усмоннинг Муҳаммад Хоразмшоҳга қарши кўтарган исёни даврида вайронага айланган. Муҳаммад Хоразмшоҳнинг буйруғига биноан ярим вайрона ҳолатига келиб қолган масжид қайтадан қурилади. Лекин кўп ўтмай Чингизхоннинг Самарқандни истило қилиши даврида масжид тамомила вайрон этилган ва бошқа тикланмаган [6:77-99].
Қорахонийлар даври масжидларининг энг ажойиб намуналаридан бири айнан Самарқандда барпо этилган (1-расм). XII аср муаллифи Абу Ҳафса ас-Самарқандий шундай маълумотларни қолдирган: “Самарқанддаги жомеъ масжиди ўрнида қадимда маъжусийлар ибодатхонаси бўлган, Усмоннинг халифалиги даврида Самарқанд истило қилингач бу ердаги санамлар вайрон қилиниб, ибодатхона “Жомеъ” масжидига айлантирилган” [9:57]. Бу масжидда илк археологик қазишмаларни XIX асрнинг охири ва XX асрнинг бошида Н.И.Веселовский, В.В.Бартольд ва В.Л.Вяткин олиб борган. Бу археологик изланишлар натижасида масжид Х асрдан ХIII асрнинг бошига қадар фаолият кўрсатгани маълум бўлди. Унинг дастлабки ўлчами 79,6х89 м. бўлиб, деярли квадрат шаклида бўлган. Қорахонийлар даврига келиб бу “Жомеъ” масжиди қайта тикланган. Эндиликда унинг ўлчами 79,6х119,1 м.га кенгайтирилган. Қорахонийлар давлатининг хоқони Иброҳим Тамғачхон даврида масжид деворлари ганчкорлик панеллари билан безатилади ва ёғоч устунли галерея-айвон қўшилади. Бу масжидни кейинчалик Муҳаммад Ҳоразмшоҳ 1212-1214 йилларда янада кенгайтирган. Натижада масжиднинг узунлиги 137 м. га етган [10:273].
1969-1974 йилларда “Жомеъ” масжидининг тарихи ва меъморчилигини ёритиб берувчи муҳим материаллар қўлга киритилган. Хусусан, М. Саадиев 1971-1974 йилларда бу ерда олиб борилган қазиш ишларида дастлаб 7х7 кв м.ли хонани очади. Бу хона шарқ томондан меҳробнинг деворига туташиб кетган. Хона деворларининг кенглиги 45-60 см атрофида бўлиб, ички томони ганч қилинган. Ганчда яшил, жигарранг ва атиргул тусли нақшларнинг изи сақланиб қолган. Хонанинг поли ён томони билан қўйилган пишиқ ғиштлар (ғиштнинг ўлчамлари 32х32х4, 29х16х4, 30х16х4,5) ёрдамида қоплаб чиқилган. Бу хонанинг шимолида ва жанубий томонида кириш эшиклари бор. Хона полини тозалаш жараёнида сирти силлиқланган кичик ўлчамли пишиқ ғиштлар ва геометрик орнамент берилган ўйма терракотали плита синиқлари аниқланди. Бу ерда жойлашган квадрат бино Қорахонийларнинг мақбараси бўлиши мумкин деб тахмин қилинади [12:92-102]. Чунки бу ерда учта саҳна ҳам аниқланган. Археолог В.Л. Вяткин 1929 йилда “Жомеъ” масжиди ҳудудининг шимоли-ғарбий қисмида археологик қазишма олиб бориши жараёнида геометрик, ўсимликсимон ва эпиграфик характерга эга рельефли нақшлар билан қопланган ўндан ортиқ бутун ва синиқ терракотали плиталарни аниқлаган. Бироқ у масжиднинг кириш қисмидаги безаклари деб, нотўғри тахмин қилинган. Бу плиталар М.Е.Массоннинг эпиграфик изланишларидан кейин, Қорахоний хоқонлардан Иброҳим ибн Ҳусайннинг (1180-1198 йй) мақбарасиники экани маълум бўлди [12:98].
Масжид ва мақбарага яқин жойда, яъни мажмуадан 30 м. ғарбда қабристон ҳам жойлашган. Археологик тадқиқотлар натижасида масжиддан шимоли-шарқ томонда Х асрда бир қатор мақбараларни ҳам ўз ичига олган диний-мемориал мажмуа шакллана бошлагани маълум бўлди. Масжиднинг полида ён томони билан ётқизиб чиқилган пишган ғиштлардан иборат устуннинг асослари топилган. Ғиштлар ганчли сувоқ ёрдамида қалаб чиқилган. Масжиднинг шифти ва айвонини кўтариб турувчи устунлар ҳам пишган ғиштлар ёрдамида кўтарилган. Ғиштли устунлар Ўрта Осиёнинг масжидларига хос бўлиб, Х-ХII асрлардаги Эрон масжидларида ҳам учрайди. Хазара ва Термиздаги Чорустун масжидларида шундай устунлар мавжуд бўлган.
С.Хмельницкий масжиднинг қурилган вақтини бу давр диний иншоотларининг меъморий параллеллари асосида сомонийлар даврига қадар қадимийлаштирди. IX-Х асрларда халифаликда Куфадагидек устунли-сарой типидаги масжидлар кенг тарқалган бўлиб, Самарқанд “Жомеъ” масжиди уларга жуда ўхшаш. Самарқанддаги бу қадимий масжиднинг шимол ва жануб томонига пишиқ ғиштли устунлардан иборат айвон бириктирилган. Айвон эса бозорга қаратилган. Шу тариқа бундай йирик иншоотларни шаҳарнинг савдо-ҳунармандчилик қисмига яқин қилиб қуриш анъанаси вужудга келади [13:65-66].
Қорахонийлар даврида масжидларнинг кенг ҳовлиси ва унинг ички томони бўйлаб айвон устунларининг мавжуд бўлиши, шу давр архитектурасининг ўзига хос хусусиятидир. Пишиқ ғиштли устунлар айвон томини кўтариб туришга мўлжалланган ва айвоннинг панасида кўплаб намозхонларнинг иссиқ ва совуқда ибодат қилишларини қулайлаштиришга қаратилган [10:274].
ХI асрнинг охиридан эътиборан масжидларнинг қурилишида пишган ғиштдан фойдаланиш бошланган. Хом ғишт эса фуқаровий монументал иншоотларнинг асосий материали бўлиб қолаверган. Масжиднинг меҳробига яқин жойдаги полидан сиртига ўймакорлик билан безак берилган, оловда қорайиб кетган учта йирик ёғоч бўлаклари топилган. Уларнинг узунлиги ва эни 20 см.га яқин бўлса-да, улардаги нақш композицияларини тиклаш мумкин. Уларнинг юқори қисми хилма хил ўйма нақшлар, қуйи қисми эса бир-бирига боғланиб кетган хочсимон безаклардан иборат. Ёғочларнинг ён томонларига эса бешпанжали пальма ва маълум услубга солинган барглардан иборат нақш берилган.
Афросиёб “Жомеъ” масжидининг меҳроб қисмига ва мақбаранинг полига йирик ўлчамли пишиқ ғиштлар ётқизиб чиқилган. IХ асрга оид Қоҳирадаги ибн Тулун масжиди ва Амир Темур қурдирган Самарқанддаги жомеъ масжидидаги ғиштларнинг ётқизилиш услуби Афросиёб масжидининг полига ҳам хос. Бундан ташқари масжиднинг ички қисмидаги деворларнинг юзасига ҳам майда фигурали силлиқланган пишган ғиштлар ёрдамида безаклар берилган. Бундай ғиштларнинг 10 хил типи аниқланди. З шаклидаги, С кўринишли ва бантикли нақшлар берилган ғиштчалар. Бундай шаклдаги ғиштлар Башанда (IX-X асрларга оид Масжиди ас-Сағит) ва Арслонбобо (XI-XII асрлар) масжидининг деворларини ҳам безашда ишлатилган. X-XII асрларда Ўрта Осиёда турли шаклдаги пишган ғиштлар ёрдамида бино деворига безак бериш анъана ҳисобланган.
Масжид хоналаридан бирининг деворида аниқланган ёзув бинонинг ёшини аниқлашга имкон беради. Ёзув шарқий деворга, полдан 0,9 см баландга беш қатор қилиб туширилган. Унинг сўнгида 1208 йилда битилгани кўрсатилган. Маълумки, масжид мўғуллар ҳужуми даврида ёқиб юборилган. Археологик тадқиқотлар давомида мўғулларга тегишли камон учи ва кўмирга айланиб қолган ёғоч устун, том ёпишда фойдаланилган тўсин бўлаклари аниқланган. Ўтган асрнинг бошидан 80 йилларига қадар ўтказилган археологик тадқиқотлар натижасида Афросиёб “Жомеъ” масжиди шарқдан ғарбга томон бир мунча торайган, қиблага бир оз бурилган ва тўғрибурчакли ҳовли билан ўраб олингани аниқланган. Ҳовли шимолдан жанубга 89 м., шарқдан ғарбга эса 140 м.га чўзилиб кетган. Масжидда ёзги, қишки ва ёрдамчи хоналар ҳам мавжуд бўлган. Унинг еттита дарвозаси бўлиб, учтаси шимол, учтаси ғарб, биттаси шарқ томонда жойлашган эди. Деворларнинг кўп қисми жуда ёмон сақланган, лекин шимолий ва қисман жанубий деворлари анча яхши сақланиб қолган. Бу деворлар асосан пахсадан қурилган бўлса-да, айрим ҳолларда йирик ўлчамли (50х26х10см) пишган ғиштдан ҳам фойдаланилган. Ривожланган Ўрта асрда масжидларнинг ҳовлисини ёпиқ айвонли қилиб барпо этиш урф бўлган. Марвдаги ХI асрга оид, Қоҳирадаги ибн Тулун, Наиндаги ва Амир Темурнинг жомеъ масжидлари худди шундай режа асосида барпо этилган [12:97-01].
Афросиёбдаги “Жомеъ” масжиди Сомонийлар даврида қадимги ибодатхонанинг ўрнига қурилган. У Қорахонийлар даврида маҳаллий шароитларни ҳисобга олган ҳолда янгидан қурилган. Турли мамлакатларда масжидлар қуришда маҳаллий шарт-шароитлардан келиб чиқиб ёндашилган. Афросиёб “Жомеъ” масжидини қуришда ёзнинг иссиғи ва қишнинг қаҳратон совуғи ҳисобга олинган. Масжидларни айвонли қилиб барпо қилиш асосан ХI-ХIII асрларга хос услуб ҳисобланади. Айвонларни устунлар кўтариб турган. Одатда Ўрта асрларда Ўрта Осиёнинг масжидлари устунлар, ёғоч ва пишиқ ғиштдан барпо этилган [8:168]. Ислом даврида олдинги динларга оид диний иншоотларни масжидларга айлантириш ҳоллари учрайди. Масалан, Бухородаги насронийларнинг черковини Бану Ҳанзал қабиласи масжидга айлантирган [12:102].
VІІІ асрнинг бошида Бухорода биринчи “намозгоҳ”га асос солинган. Биринчи жомеъ масжиди шаҳар аркида бунёд этилган. VІІІ асрнинг охирида у арк ва шаҳристоннинг ўртасидаги янги бинога кўчирилган. [2:179].
Пойкентда бир нечта масжиднинг ўрни аниқланган [10:274-278]. “Бойканд жомеъ масжидининг меҳроби Мовароуннаҳрда энг чиройли ҳисобланган”, деб ёзма манбаларда маълумотлар келтирилади [8:181]. Бутун ислом оламида масжидларнинг шаклланиш эволюцияси уч даврни: 1 босқич VІІ-VІІІ асрлар, 2 босқич ІХ-ХV асрлар ва 3 босқич ХVІ аср ва ХVІІІ асрнинг бошини ўз ичига олади [7:95].
Мовароуннаҳрда Сомонийлар даврига келиб ислом дини ва мафкураси узил-кесил ғалаба қозонган. Амирликнинг деярли барча шаҳарларида масжидлар қурила бошлаган. Мусулмон муаррихлари ҳатто катта қишлоқларда ҳам жомеъ масжиди борлигини қайд этган. Мовароуннаҳрдаги илк ислом иншоотларида буддавийлик ибодатхоналари архитектурасининг таъсирини кузатиш мумкин. Мусулмон мадрасаларининг меъморий ечимлари буддавийлик монастр меъморчилигидан келиб чиққани ҳақида ҳам фикрлар мавжуд [4:30]. Марказий Суғднинг Арбинжон-Рабинжон рустоқининг маркази Рабинжонтепада IX-X асрларда фаолият юритган жомеъ масжидининг харобалари топилган. Археологик тадқиқотларга кўра, бу масжид исломдан олдинги ибодатхона ўрнида қурилган [6:155]. Кармана яқинидаги Деггарон масжиди [11:61] ва Бухородаги Мағоки Аттор [14:29] ҳам исломга қадар мавжуд бўлган оташпарастларнинг ибодатхонаси устида барпо этилган деган тахминлар мавжуд.
Мовароуннаҳрда Тоҳирийлар ва Сомонийлар даврига келиб масжид ва мадрасалар қад ростлаган. Бу жараён Қорахонийлар даврига келиб ҳам давом этган. Айнан Сомонийлар даврининг тарғиботчилари сабаб дастлаб, Еттисув ва Шарқий Фарғонада Қорахоний хонлари ва уларнинг қўл остидаги минглаб туркий қабилалар аста-секин исломни қабул қилган. Улар асосан IX-X асрлар мобайнида ислом динига ўтган.
Қорахонийлар даврида Еттисувда ва Мовароуннаҳрнинг барча вилоят ва рустоқларида жойлашган шаҳарларда масжид, мадраса ва миноралар қуриш кўпаяди. Маълумки, Қорахонийларнинг дастлабки ҳудудлари Еттисув ва Шарқий Фарғона ҳисобланган. Улар ислом динини бошқа турк қабила ва сулолаларидан анча олдин қабул қилган. Фарғонада ҳам масжид ва шу каби ислом меъморчилигига хос маҳобатли иншоотлар сомонийлар давридан бошлаб бунёд этилган. Ахсикат жомеъ масжиди [1:119-122], Ўзганд ва Сафед Булондаги мақбаралар юқоридаги фикримизнинг исботидир.
Сомонийларнинг ҳукмдори Исмоил ибн Аҳмад 893 йилда Тароз шаҳрининг бош насроний соборини жомеъ масжидига айлантирган. Айнан сомонийлар даврида қорахоний сулоласининг асосчиси хоқон Сатуқ Х асрнинг бошида ислом динини қабул қилган. Унинг ўғли Буғрохон Хорун ибн Мусо эса 960 йилда ислом динини давлат дини деб эълон қилган [3:92].
Қорахоний хоқонлигининг пойтахти Болосоғунда X-XI асрларда Еттисувдаги энг йирик масжид қурилган. Аммо масжиднинг қолдиқлари етиб келмаган бўлса-да, минораси сақланиб қолган. XII асрнинг охири ва XIII асрнинг бошида қорлуқ ябғусининг пойтахти – Қоялиқ шаҳрининг марказида жомеъ масжиди барпо этилган. Масжиднинг қибла томонида пишиқ ғиштдан меҳроб қурилган. Масжид ёнғин оқибатида вайрон бўлган [3:94-96].
Қорахонийлар даврида Еттисувда ислом дини тўлиқ тарқалиб, янги маданият аллақачон меъморчиликка ҳам кириб улгурган эди. Авваламбор йирик шаҳарларнинг деярли ҳаммасида жомеъ масжидлари қад кўтарган. Ақиртош, Тароз, Кўстоба, Қулан, Ўрнек каби шаҳарларда ҳам масжидлар бўлган [11:99-122].
Ўрта асрларда масжидлар шунчаки диний муассаса ёки иншоот бўлмасдан муҳим ижтимоий-маънавий институт ҳисобланган. VII асрда Мадина шаҳрида Мусулмон оламидаги дастлабки масжид бунёд этилган. Масжидларга қишлоқ, маҳалла ёки бутун шаҳар аҳолиси ҳайит байрами ёки жума намозидан ташқари жамоат учун аҳамияти юқори бўлган масалаларни муҳокама қилиш учун ҳам тўпланишган. Масжидларда дўстона ва иш юзасидан учрашувлар белгиланган, мусофирлар ёки уйсизлар тунашган. Масжидлар кейинчалик, мадрасаларнинг пайдо бўлишига қарамасдан диний мафкуравий ва ҳуқуқий тарғиботнинг асосий маскани бўлиб қолаверди. Шунингдек, фалсафий, адабий ва фиқҳ мавзусида ҳам мунозаралар бўлиб турган. IX асрга қадар ислом мамлакатларида суд жараёнлари ҳам масжидда ўтказилган. Масжидларнинг асосий ва расмий вазифаси жамоат бўлиб, намоз амалини бажариш ва диний ваъз ўқиш бўлса-да, айрим ҳолларда ҳукмдорларни тан олиш, уни дуо қилиш – “хутба” ҳам ўқилган.
XI асрга қадар масжид кўплаб вазифаларни адо этган бўлса-да, айнан шу асрга келиб турли йўналишларни бажаришга мўлжалланган масжид типлари ҳам шакллана бошлаган эди. XI аср ва XIII асрнинг бошидаги Ўрта Осиё масжидларининг вазифаси нуқтаи назаридан бир нечта гуруҳларга ажратиш мумкин:
Биринчи гуруҳ масжидлари жума жомеъ масжидларидир. Бу ерга жума намозини ўқиш учун бутун шаҳар ёки қишлоқнинг аҳолиси (эркаклар) йиғилган.
Иккинчи гуруҳ “намозгоҳ”, “мусалла” [8:169] ёки “ҳайитгоҳ” деб номланувчи масжидлар, бу ерда икки маротаба яъни “Ийд ал-Фитр (Рўза ҳайити)” ва “Ийд ал-Адҳа (Қурбон ҳайити)” нишонланган. Бундай диний байрамлар билан боғлиқ намоз шаҳардан ташқарида ёки унинг чеккасида жойлашган масжидларда адо этилган. Дастлабки пайтларда бу тип масжидларининг биноси бўлмаган, аксинча атрофи девор билан ўралган қибла томонда қурилган меҳробдан иборат бўлган. XI-XII асрларга келиб юқори тоифали кишиларнинг намоз ўқиши учун меҳроб олдида гумбазсимон айвон қурилган.
Учинчи гуруҳ масжидлари шаҳар ва қишлоқлардаги маҳалла ёки гузарларнинг масжидлари. Аммо XI-XII асрларга оид маҳалла, гузар масжидлари кам сақланиб қолган. Кейинги даврларда айниқса, XVIII-XIX асрларда маҳалла масжидлари кўпайган.
Тўртинчи гуруҳ масжидлари зиёратгоҳларда қурилган. Исломга қадар ҳам зиёратгоҳларда ибодатхона қуриш расм бўлган. Шариат бўйича қабр ёки мақбарада намоз ўқиш мумкин эмаслиги учун [13:68-70] уларнинг ёнида алоҳида кичик масжидлар қурилган.
Хулоса қилиб айтганда, Самарқанд жомеъ масжидидан ташқари, юқорида тилга олинган масжидларга ўхшаш масжидларни шаҳар ва унинг атрофида кўп бўлганини кузатиш мумкин. Самарқанд жомеъ масжиди ўзининг меъморий ечимлари ва маҳобатли кўриниши билан ажралиб туради. Шу билан бирга, у диний, маърифий ва маданий марказ сифатида Мовароуннаҳрда алоҳида аҳамият касб этади.
1-расм. Самарқанддаги Қорахонийлар даврига оид жомеъ масжид чизмаси (М.Аҳмедов бўйича) [13:71.Рис.30].
-
А.Анарбаев. Ахсикет – столица древней Ферганы. –Т., 2013.
-
А.Арапов. Архитектура Узбекистана. Художественная культура Центральной Азии и Азербайджана IX-XV вв. Том IV. Архитектура.-Самарканд-Ташкент: МИЦАИ, 2013.
-
К.М.Байпаков. Арабские завоевания, ислам и исламизация Южного Казахстана и Жетысу // Известия Национальной академии наук Республики Казахстан. Серия Общественных наук 1 (274). 2010.
-
В.В.Бартольд. О христианстве в Туркестане в домонгольский период (По поводу семереченских надписей). // Соч. T. 11. ч. 2. –1964.
-
Ю.Ф.Буряков, О.М.Ростовцев. Археологические исследования Рабинджана // Вып. 19. –Т., 1984.
-
Ю.Ф.Буряков, М.Садиев, М.Н.Федоров. Соборная мечеть Самарканда в XI – начале XIII вв. С. 77-100 // Афрасиаб. Вып. 4. –Т., 1975.
-
Захеди Шахаб. Эволюция архитектуры мечетей Ирана (VІІ-ХVІІІ вв.) // AMIT.1 (38)/2017.
-
Ибн Ҳавқал. Китоб сурат ал-Ард. Мовароуннаҳр // Араб тилидан тарж., изоҳлар муаллифи Ш.С.Камолиддин, масъул муҳаррир Ф.С.Ҳасанов. –Т., 2011.
-
Камолиддин Шамсиддин. Новый источник по исторической гегорафии Средней Азии. Новейшие исследования сочинения “ал-Канд фи зикр ‘улама’ Самарканд» Абу Хафса ан-Насафи. LAP LAMBERT Academic Publishing. Saarbruecken, 2014.
-
Д.К.Мирзаахмедов, С.Д.Мирзаахмедов. Узбекистан // Религии Центральной Азии и Азербайджана. Том V. Ислам. –Самарканд.: МИЦАИ, 2020.
-
В.А.Нильсен. Мечеть Диггарон в селении Хазара (архитектурно-археологический очерк) // Труды института истории и археологии. Вып. 7. Материалы по археологии Узбекистана. –Т., 1955.
-
М.Саадиев. Новые данные о соборной мечети Афрасиаба. // ИМКУ. Вып.14. –Т., 1978.
-
С.Хмельницкий. Между Саманидами и Монголами. Архитектура Средней Азии XI – начало XIII века. Часть I. Берлин-Рига, 1996.
-
В.А.Шишкин. Археологические работы в мечети Магоки-Аттари в Бухаре // Труды института истории и археологии. Вып. 7. Материалы по археологии Узбекистана. –Т., 1955.