Ҳозирги кунда, илм-фанда “Тасаввуф мавзуси” доирасида олиб борилаётган илмий изланишлар хусусида кўплаб баҳс-мунозаралар бўлиб ўтмоқда. Бу мунозаралар бир томондан, тасаввуфнинг тўлиқ ўрганилгани ва уни қайта-қайта тадқиқ этишнинг зарур эмаслиги тўғрисида бўлса, иккинчи томондан, тасаввуфни нафақат тарихий нуқтаи назардан ўрганиш кераклиги, балки унинг имманент жиҳатларини ҳам ўрганишнинг зарурлиги тўғрисидадир. Тасаввуф таълимоти қанчалик мураккаб ва узоқ вақт давом этган бўлса, унинг моҳиятини ўрганиш, тадқиқ этиш ҳам шунчалик фанлараро изланишлар олиб боришни тақозо этади. Президент Ш.М.Мирзиёев таъкидлаганидек, “Буюк аждодларимизнинг бетакрор ва ноёб илмий-маънавий мероси биз учун доимий ҳаракатдаги ҳаётий дастурга айланиши керак. Бу ўлмас мерос ҳамиша ёнимизда бўлиб, бизга доимо куч-қувват ва илҳом бағишлаши лозим” [1:225]. Дарҳақиқат, тасаввуфий мерос маънавий қадрият сифатида, миллий ўзликни англашда, фаровон турмуш тарзини яратишда, ёшларнинг интеллектуал салоҳияти, онгу тафаккурини, дунёқарашини юксалтиришда, ватанпарварлик, инсонпарварлик каби маънавий фазилатларни шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади.
Тасаввуф мавзусининг замонавий ўзбек санъатида намоён бўлиши долзарб мавзулардан бири бўлди. Тасаввуф йўғрилган замонавий ўзбек санъати ижодкор томошабинни, ўқувчини ота-боболаримизнинг яшаш тарзи, характери, менталитети, ўй-ҳаёллари, орзу умидлари, ҳаётий тажрибаси билан таништиради. Уларнинг ҳаёт фалсафасини ички ботиний жиҳатларини бадиий усулда тасвирлайди, олам, борлиқ, инсон тўғрисидаги гўзал ғояларни тушунтириб беради. Ҳозирги кунда ўзбек санъатида тасаввуф мавзусининг ифодаланиши меъморчиликда, ҳайкалтарошликда, бадиий адабиётда, рассомчиликда ва кўплаб санъат намуналарида кўринмоқда. Бунга тасаввуфий ғоя ва қарашларни ўзида ифодаловчи бадиий асарларни, шунингдек, уни ўрганувчи ижодкорларнинг ижод намуналарини киритиш мумкин.
Масалан, илоҳиётчи файласуф Имом Ғаззолийнинг (1058-1111) “Иҳё улум ад-дин” асарида шахсда нафис дид, эстетик ҳиссиётнинг шаклланиши, шахснинг гўзалликка муносабати, унинг комил инсонга айланишида дин ва санъатнинг ўрни муаммолари акс этган. Ғаззолий санъатни шеър билан таққослаб тушунтиради. У: “Оддий сўз санъат эмас қофия, вазнга солинган байт, ҳижолари тартиблашган нутқ, қисқа бўғинларни чўзиб узун бўғинларни кесиб талаффуз этиш, сўзларнинг рукнларга бўйсундирилиши ва унга мусиқанинг жўр бўлиши санъатдир”, дейди. “Эстетик туйғулар эса инсонда туғма мавжуд санъат воситалари, нафосатнинг таъсири орқали улар фақатгина англаб етилади”, деб таъкидлайди [2:117]. Имом Ғаззолийнинг қарашларидан маълумки, тасаввуфий маълумотлар, қонун-қоидалар тизимининг бадиий усулда етказиб берилиши ўша назарияларнинг таъсир доирасини оширган. Бир томондан тасаввуфий аллома ва мутафаккирларнинг таълимотнинг асосий ғояларини бадиий усулда ифодалаши бу санъат, иккинчи томондан ўша даврда ишлаб чиқилган бу тасаввуфий ғоя ва назариялар таълимот, илм-маърифат ҳамдир. Шу билан бирга, “тасаввуф таълимотининг йирик намояндалари ижодини чуқур ўрганган Ғаззолий сўфийларнинг ҳақиқат, гўзаллик ва эзгулик ҳақидаги фикрлари мунтазам ўқиш ва фикр юритиш орқали эмас, балки синовлар, бошдан кечган воқеалар ва қалб сифатларининг ўзгариши билан боғлиқ эканини англаган” [3].
Санъат, бадиий асар ва ижодий фаолият ночизиқли жараён бўлиб, бу ҳолатда муаллифнинг билими, ғоялари, тасаввури, бадиий имкониятлари муҳим аҳамиятга эга. Санъат асарининг объекти олам, табиат, жамиятдаги нарса ва ҳодисалар, инсоннинг ҳаёти ва ички руҳий кечинмалари бўлиши мумкин. Ижодкорнинг фаолиятида санъат асарининг объекти бадиийлик ва мажозийлик нуқтаи назаридан тасвирланади ва ифода этилади. Бу ифода ва тасвирлаш жараёни айнан амалга оширилмаслиги билан ночизиқли характерга эга. Санъат, бадиий асар ва ижодий фаолият жараёни ночизиқли жараён сифатида кутилмаган мавзуларни объект даражасига олиб чиқади.
Ҳозирги кунда “тасаввуф мавзуси” илм-фанда ва бадиий ижодиётда маънавий мерос, миллий қадрият сифатида такомиллашмоқда ва бунинг устида илмий изланишлар олиб борилмоқда. “Тасаввуф мавзуси” деганда нима назарда тутилмоқда? Маълумки, санъатнинг турлари, йўналишлари жуда ҳам кўп, аммо ҳар бир санъат тури ёки шаклининг алоҳида предмети, усуллари мавжуд. Масалан, тасаввуф намояндаларининг асарлари, уларнинг қарашлари бадиий адабиётда долзарб мавзулардан бири ҳисобланади. Масалан, Иброҳим Ҳаққул “Тасаввуф ва шеърият”, Ҳамиджон Исломий “Тасаввуф алломалари” номли асарида тасаввуфнинг бадиий асосларини таҳлил қилади.
Тасаввуфий мазмундаги санъат ва бадиий асарларни яратишда ижодкорнинг тасаввуфий тафаккур тарзи, билими ва қарашлари муҳим аҳамиятга эга. Шунингдек, ижодкорда тасаввуфий билим ва қарашларни гўзаллик ва бадиийлик нуқтаи назаридан талқин этиш ҳам кузатилади. Чунки, “эстетик туйғу, гўзаллик ҳақида одамлардаги тушунча, тасаввур билан уларни ўраган муҳит ўртасида тўғридан-тўғри муносабат бўлмаслиги мумкин. Лекин бадиий гўзаллик ижодкорни ҳаётга бошқача қараш ва эътибор юритиш салоҳиятини, инсондаги янги-янги маънавий ҳис-ҳаяжон тўлқинларини кучайтиради” [4:21]. Бадиий асардаги эстетик кечинмаларни, гўзалликни ҳис қилиш орқалигина унинг туб моҳиятини англаш мумкин бўлади. Шундагина асарда берилган эстетик мазмун маънавий эҳтиёж сифатида одамларда гўзал одатларни, кўникмаларни келтириб чиқаради.
Хорижий мамлакатларнинг замонавий санъатида тасаввуф мавзуси жуда долзарб, айниқса Туркия, Покистон, Ҳиндистонда сўфийларнинг шеър, мусиқа ва рақс кўринишидаги амалиётлари мавжуд. Уларда ҳар йили сўфийлик маданияти ва анъаналарини ривожлантиришга хизмат қилувчи фестиваллар ўтказилади. Л.Лукоянованинг ёзишича, тасаввуфий руҳий мусиқа ижрочиларининг сони ҳам йилдан йилга ортиб бормоқда. Нусрат Фотеҳ Алихоннинг ёрқин ижроларидан миллионлаб мухлислар руҳий экстаз ҳолатига тушади. Нусрат Фотеҳ Алихон сўфий эмас, лекин болалигида сўфийларнинг сафида кўп вақтини ўтказган ва уларни, айниқса намозга ўхшаш сўфий мусиқасини яхши ўрганган [5]. Тасаввуфий санъат асарларининг асосий мақсади: Биринчидан, томошабинга, ўқувчига тасаввуфий маданият ва анъаналар, урф-одатлар тўғрисида бадиий ахборотларни етказиш бўлса, иккинчидан, тасаввуфнинг фалсафий ғоя ва назарияларини туб моҳиятини англашга қаратилган бўлади.
Замонавий ўзбек санъатида ҳам тасаввуфий ғоя ва назариялар жуда кўплаб санъат турларида ўзини намоён қилади. Масалан, Рассом Б.Маҳкамов ўз картиналарида тасаввуфий анъана ва маданиятларни тасвирлаган. Бу бадиий асарларда аждодларимизнинг ўзига хос ҳаёт фалсафаси акс этган. Ижодкорнинг мақсади тасаввуфона ҳаёт тарзини ифодалаш орқали миллий меросимиз ва миллий қадриятларимизни англаш, уларни авайлаб асрашга даъват этишдир.
Тарихий нуқтаи назардан қарайдиган бўлсак тасаввуф мавзуси ва руҳида яратилган санъат асарлари қалб гўзаллиги ва нозиклигининг, туйғулар теранлигининг, илҳомланиш маданиятининг пайдо бўлишига асос бўлиб хизмат қилган. Замонавий нуқтаи назардан, замонавий санъат асарларида тасаввуф мавзусининг объект даражасига олиб чиқилиши албатта бу ўзликни англаш, миллий қадриятларни ҳис қилиш, тарихда аждодларимизнинг қўлга киритган юксак маданий ва маънавий ютуқларидан баҳраманд бўлиш ва яна бир бор тарих саҳифаларига муҳрлашдир.
1-расм. Ўтган кунлар. 2019.
2-расм. Эски шаҳарга кириш. 2017.
Бу расмларда, ижодкор тасаввуфона оддий ва фақирона ҳаёт тарзини гўзаллик даражасига олиб чиққан ва асарда миллий маданиятимиз, ҳаёт фалсафамиз, миллий анъаналаримиз чуқур ифодаланган. Картиналарни кузатаётган кишининг қалбида миллийлик, аждодлар руҳини ҳис қилиш ҳолати кузатилади. Тасвирий санъатда, авлиёлар, фаришталар, муқаддас зиёратгоҳлар ва шунга ўхшаш тасаввуфий мазмундаги асарлар жуда кўп. Аллоҳ яратган дунёнинг бепоёнлиги, хилма-хиллиги ва гўзаллиги санъатнинг бошқа кўринишларида, яъни калиграфия, хаттотлик ва арнамент нақшларда ҳам мужассамлашган. Қуръони Каримнинг оят ва суралари билан масжид ва миноралар, пештоқ йўллари ва муҳташам биноларнинг деворлари безатилган. Бадиий асарларни яратишда меъморчилик, архитектура, мусиқа, адабиёт, кино, театр каби кўплаб санъат турларида тасаввуфий меросга алоҳида эътибор қаратилади.
Тасаввуф таълимотининг гўзал ғоялари – тинчликсеварлик, маърифатпарварлик, инсонпарварлик, бағрикенглик, меҳр-мурувват, нафсни тийишнинг санъат асарларида акс этиши, инсоннинг маънавиятини шаклланишига, миллий ўзлигини англашига ижобий таъсир кўрсатади. “Маънавият – бу инсонлар орасидаги ўзаро ишонч, ҳурмат ва эътибор, халқ ва давлат келажагини биргаликда қуриш йўлидаги эзгу интилишлар, ибратли фазилатлар мажмуасидир” [6:267]. Дарҳақиқат, “Азалий миллий қадриятларимиз, ота-боболаримиздан мерос бўлиб келаётган одоб-ахлоқ қоидаларининг бутунлай йўқолиш хавфи юзага келаётган ҳозирги глобаллашув шароитида, маънавият ва маърифатга, ахлоқий тарбияга, ёшларнинг билим олишига ва камолотга етишиш учун интилишига эътибор қаратиш бирламчи вазифамиздир” [7:277].
Тасаввуфий санъат асарлари инсонга миллий ва умуминсоний қадриятларни асраб-авайлашни ўргатади ва ёшларнинг тафаккурини маънавий меросимизнинг ғоя ва назариялари билан бойитишга хизмат қилади. Яна у тарихий ўтмишимизни, аждодларимизнинг панд-насиҳатларини, тажрибаларининг амалий аҳамиятини англашга даъват этади.
Тасаввуфий ғоя ва назарияларнинг санъатда намоён бўлиши биринчидан, санъатнинг тараққиётига, халқчиллик, инсонпарварлик, жозибадорлик хусусиятларига, ўзига хос санъат турларининг пайдо бўлишига кенг таъсир кўрсатган ва тасаввуф санъати, ислом санъати каби тушунчаларнинг юзага келишига сабаб бўлган. Иккинчидан, тасаввуф илмининг шеъриятда акс этиши тасаввуф адабиётининг пайдо бўлишига олиб келган, чунки асарлар кўпинча Аллоҳга дуо ва илтижолардан иборат бўлиб Пайғамбаримиз Муҳаммад (С.А.В.)га соғинч ва муҳаббат изҳори билан тўлдирилган ижод намуналари бўлган. Учинчидан, тасаввуфий ғоя ва назарияларнинг санъат асарларида ва бадиий асарларда акс этиши қадимдан то бугунги кунга қадар инсонга маънавий озуқа бериб келмоқда.
Воқелик ҳақидаги санъаткорнинг ҳукми ўқувчи ва томошабиннинг хулосаси билан тенг бўлмаслиги мумкин. Лекин энг қизиғи шундаки, санъаткор ўқувчи ва томошабинга эркин фикр юритиш ва эркин туйғуларга бурканиш имкониятини яратади.
-
Ш.М.Мирзиёев. Янги Ўзбекистон стратегияси. Тошкент: “O`zbekiston”, 2021. -225 б.
-
Газали Абу Хамид. Воскрешение наук о вере. – Москва: Наука, 1980. – С.117-122.
-
Г.Маҳмудова. “Маданий цивилизация контекстида Хожагон, Нақшбандия тасаввуфий таълимотлари илмий-маънавий меросининг умумбашарий аҳамияти” мавзусидаги Республика илмий-амалий конференцияси. – Навоий: 2018. Б.32.
-
О.Ж.Ўроқова. Чўлпон ижодининг бадиий-эстетик моҳияти. – Тошкент: Наврўз, 2016. – Б.21.
-
Л.А.Лукоянова. Традиции суфиев в современном исламском искусстве // Современные научные исследования и инновации. 2011. № 2 [Электронный ресурс]. URL: https://web.snauka.ru/issues/2011/06/943
-
Ш.М.Мирзиёев. Янги Ўзбекистон стратегияси. Тошкент: “O`zbekiston”, 2021. -267 б.
-
Ш.М.Мирзиёев. Янги Ўзбекистон стратегияси. Тошкент: “O`zbekiston”, 2021. -277 б.