Home / МАҚОЛАЛАР / ҚУТАЙБА ИБН МУСЛИМ МАҚБАРАСИ ҲАҚИДА ЯНГИ МАЪЛУМОТЛАР (қадимшунослар мулоҳазалари)

ҚУТАЙБА ИБН МУСЛИМ МАҚБАРАСИ ҲАҚИДА ЯНГИ МАЪЛУМОТЛАР (қадимшунослар мулоҳазалари)

Жамол ал-Қаршийнинг “Мулхакат ас-Сурах” асарида Марказий Осиёнинг VIII-XIII асрлар тарихига оид кўплаб қизиқарли воқеалари қаторида Қутайба ибн Муслим тўғрисида ҳам маълумотлар қолдирилган. Унда ёзилишича, Ганам Абу Хафс Қутайба ибн Муслим ибн Амр ал-Бахили (660-715 йиллар яшаган) таниқли араб лашкарбошиси, Ўрта Осиёда ислом динининг тарқалишида фаол қатнашган тарихий шахс бўлган [1]. Бунга қўшимча тарзда бошқа бир манбада Қутайба ибн Муслим – машҳур араб лашкарбошиси ва Хуросон амири бўлгани, 705-715 йилларда Марвда ҳукм сургани тўғрисида маълумот берилган [2:335].

Бу маълумотлар араб манбаларида анча кенг ёритилган кўринса-да, уларнинг аксарият қисми бир-бирини такрорлайди [3:125,5:268,8:416]. Шундай манбалардан бири ал-Балозурийнинг “Футух ал-Булдон” асари ҳисобланади. Бу асарга берилган “Изоҳлар” қисмида китобни нашрга тайёрловчилар келтирган 145-изоҳда Қутайба ибн Муслим ал-Бахили тўғисида қисқа маълумот берилган. Бу маълумотлар шунингдек, ат-Табарий, Ибн-Халликан, аз-Заракли каби муаллифларнинг асарларида ҳам учрашига ҳавола ёзилган [5:65]. Китобда Қутайба ибн Муслим ал-Бахилининг 669 йилда туғилгани, унинг отаси халифа Йазид даврида таниқли инсон бўлгани айтилади. Қутайба халифа Абдул Малик ибн Марвон даврида Рай шаҳрининг ноиби, 704 йилдан вафотига қадар Хуросон ўлкасига волий-ҳоким бўлгани тўғрисида ҳам маълумот қолдирилган. Шунингдек, манбада Қутайбанинг 715 йилда Фарғонада бўлгани, халифа Сулаймонга қарши исён кўтаргани, лекин аскарлари уни қўллаб-қувватламагани ва улар Қутайбани ўлдиргани баён қилинади [4:65].

Яна бир манба муаллифи – Жамол ал-Қаршийнинг ёзишича, 715 йилнинг август ойида “Қутайба қўзғалони” [7:108] пайтида ўз лашкарлари халифа Сулаймон ибн Абд ал-Малик (715-717 йиллар)нинг амр фармонига кўра ўлдиради [5:119].

Бу борада Олма-отада чоп этилган Жамол ал-Қаршийнинг “ал-Мулхакат би-с-сурах” асарида қуйидагича маълумотларни кўриш мумкин: “Абу Хафс Қутайба ибн Муслим ибн Амр ал-Бахили 716 йил зулҳижжа ойининг 26 сида, яъни чоршанба куни Фарғонада ўлдирилган ва Калиж қишлоғида дафн этилган” [8:114].

Шу ўринда Қутайба ибн Муслимнинг туғилган санаси ва вафот этган вақти борасидаги маълумотларга эътибор қаратиш лозим кўринади. Кўплаб маълумот берувчи манба ва адабиётларда унинг туғилган санаси ҳақида алоҳида маълумот учрамайди. Фақат биргина манбанинг изоҳлар қисмида унинг туғилган йили 669 йил эканига ишора қилинган [6:65]. Яна шу манбанинг ўзида унинг 55 ёшда вафот этгани ёзилади [6:32]. Шунингдек, бошқа манбаларда ҳам у 715 йилда ўлдирилгани, у вафот этган вақтда 55 ёшда экани тўғрисида маълумотлар қолдирилган [9:76,10:55,11:487]. Очиқ энциклопедия ҳисобланган Википедияда Қутайба ибн Муслимнинг туғилган санаси 668 йил сифатида киритилган [13]. Айрим интернет саҳифаларида Қутайба ибн Муслимнинг 661 йилда туғилгани, у Мовароуннаҳрда 13 йил ҳукмронлик қилгани ва 48 ёшида шаҳид кетгани тўғрисида маълумотлар келтирилган [14].

Шу жиҳатдан манбаларга эътибор қаратган ҳолда 715 йил Қутайба ибн Муслимнинг вафот этган санаси бўлса, у вафот этган вақтда 55 ёшда бўлгани назарда тутилса, Қутайба ибн Муслим 660 йилда таваллуд топгани энг тўғри сана бўлиши керак, деб ўйлаймиз.

Кўплаб тарихий манбаларда Қутайба ибн Муслим ҳозирги Андижон вилояти Жалақудуқ тумани Пахтакор фермерлар уюшмасига қарашли Қиличмозор (бу термин турли манбаларда Кулидж, Қлич, Кулидж-Мазар, кўринишларида учрайди) қишлоғи ҳудудида жойлашган қабристонда дафн этилган дейилади [5:108]. Бу фикрни таниқли шарқшунослар В.В.Бартольд, Б.Ғофуров, Б.Ахмедовлар ҳам тан олган.

Аммо таъкидлаш жоизки, Қутайба ибн Муслимнинг ҳалок бўлган жойи ва уни қабри адабиётларда айрим манбаларга ҳавола қилинган ҳолда турли жойларда кўрсатилади. Масалан, Балозурий ўз асарида (IX аср) келтирган араб шоири Ибн Жуман ал-Бахилининг шеърида қабр Хитойда дейилса, Табарийда (X аср) Хуросонда дейилади. Яна бир манба Наршахийнинг “Бухоро тарихи”да (XII аср) Қутайба ибн Муслим қабри Фарғона водийсида экани қайд этилади [15:170-171]. Археолог В.А.Шишкин, этнограф О.А.Сухарева Қутайба ибн Муслимнинг Бухородаги қабри ҳақида хабар беради. Аммо Садриддин Айний бу фикрга эътироз билдириб, Қутайбанинг Бухорода мозори эмас, қадамжоси бўлганини таъкидлайди [15:171]. Жамол ал-Қаршийнинг ёзишича, Қутайба ибн Муслим Кулидж қишлоғидаги қадимги қабристонга қўйилган [8:114-115]. Бошқа бир манбада араб саркардаси Сархангнинг карвон саройи яқинидаги Кох қишлоғига дафн этилган [10:55]. Машҳур шарқшунос В.В.Бартольд Кулидж ва Кох атамалари бир маънога эга эканини, фақат Кулидж (Клич) сўзи араб алифбосида Кох деб, бузиб ёзилганини айтади. Бошқа бир манбага кўра, Қутайба Уструшонанинг Минк деган жойида ҳалок бўлган [15:171].

Юқорида таъкидлаганимиздек, Жамол ал-Қарший айтган фикр, яъни Қутайба ибн Муслим Кулидж (Қлич, Қилич бир-бирларига яқин) қишлоғида дафн этилган деган маълумот ҳақиқатга яқин. Қолаверса, маҳаллий аҳоли орасида Қилич Мозор (Кулидж Мазар) атамаси узоқ вақтдан бери кенг фойдаланилади [17:26-27].

Бу зиёратгоҳда масжид ва мақбара қадим даврлардан буён мавжуд бўлган. Бироқ советлар давридаги динга муносабат бу зиёратгоҳга ҳам таъсир кўрсатган. Узоқ вақт унга эътибор қаратилмаган. Онда-сонда айрим олиму уламолар мақбара ва масжидга ташриф буюриб турган. Ҳали бирор марта ҳам бу ёдгорликнинг хусусиятлари очиб берилмаган, мутахассислар томонидан ўрганилмаган (А.К.Писарчик бундан мустасно).

Дастлаб, 1925 йилда Е.К.Бетгер Қилич Мозорни бориб кўрган ва 6та меъморий безак қопламаларини қайд этган. Безакли қопламаларнинг биттасида “… джумад-уль-авваль ойида…” ёзуви битилгани аниқланган [15:174]. 2021 йилда топилган меъморий безак қопламалардаги (3-расм) ўйиб битилган ёзувларни тадқиқ этган хаттот, Андижон вилояти тарихи ва маданияти давлат музейи бўлим мудири Ғанижон Хожи ака Қосимовнинг фикрича, безакли қопламларнинг бирида “аш-шаҳид” сўзи араб хатининг сулс турида ёзилган.

1946 йилда этнограф А.К.Писарчик Халқ тилидаги “Имом шайх Қутайба мозори”ни зиёрат қилган. Унинг ёзишича унча катта бўлмаган мақбара пишиқ ғиштдан тикланган. Уни машҳур меъмор Юсуф Али Мусаев бир неча марта, охирги марта 1938 йили кўрган. Бу бинонинг портал (олд кириш қисми – пештоқи – муаллифлар) қисмининг баландлиги 4 метр, эни 3 метр бўлган [15:172]. Уни қолдиқлари, яъни “меъморий безак қопламалари”нинг 2та бўлаги ўрганиш учун Тошкентга Ўрта Осиё давлат университети (ҳозир Ўзбекистон Миллий университети) археология кафедраси музейига олиб кетилган [15:172]. Бино ва унинг портал (пештоқ) қисмини қачон ва ким бунёд этгани номаълум. Ҳозиргача бу мажмуада археологик қазишмалар олиб борилмаган. Фақат айрим археологлар (М.Е.Массон) ва этнографлар (А.К.Писарчик) ташриф буюриб ёдгорликдан қорахонийлар даврига оид материаллар йиғишгани айтилади.

Қутайба ибн Муслим мақбараси ва масжидининг ҳудудида кейинги 100 йилда олиб борилган қурилиш ва таъмирлаш ишлари пайтида яна бир неча меъморий безак қопламалари (плиткалар) топилган. 2021 йил апрел-май ойларидаги ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари вақтида мақбаранинг сағана ва ён қисмида янги аниқланган ана шундай топилмалар топилди (3-расм). Буни ҳисобга олиб Андижон вилояти маданий мерос бошқармаси қурилиш ишларини вақтинча тўхтатди. Шундан сўнг зиёратгоҳ ҳудудида археологик кузатув ишлари олиб бориш режалаштирилди ва Ўзбекистон Республикаси маданий мерос бош бошқармаси археология бўлимининг бошлиғи А.Ёрқулов кичик ҳажмдаги ишларни амалга оширди (мақбаранинг шарқий қисмида 2х1 м. ҳажмда чуқурлиги 1-1,5 м. келадиган, жанубий тарафда 3х1 ва чуқурлиги 0,5 м. келадиган шурфлар туширилган).

Ўзбекистон Республикаси ФА Миллий археология маркази Самарқанд археология институтининг алоҳида гуруҳи 2021 йилнинг май ва июнь ойларида зиёратгоҳнинг шарқий томонида, Қутайба ибн Муслим қабри атрофида 9х9 метр ўлчамдаги майдонда (1-расм) археологик қазишма ишларини олиб борди (6-расм). Қазишма ишларида Андижон вилояти Маданий мерос бошқармаси, Бобур жамоат фонди, Қиличмозор маҳалла масжидининг ходимлари қатнашди. Мавжуд маданий қатламлар ва қурилиш қолдиқлари ўрганилди. Маданий қатламлардаги топилмалар жуда кам миқдорда, асосан сопол буюмларнинг майда парчалари қайд этилди (5-расм). Бу тушунарли ҳолат, қадимги мақбара, қадамжо, ибодатхона ва масжидларда хўжаликда фойдаланиладиган буюмлар (асосан сопол идишлар) кам учрайди.

Лекин зиёратгоҳ атрофидан кўп сонли топилмалар аниқланган бўлиб, улар асосан Қорахонийлар даврига оид (4-расм). Ёзма манбаларда учрайдиган “Работи Сарханг” деган жойда Кох деб аталадиган қишлоққа эътибор қаратилса, тадқиқотлар вақтида зиёратгоҳдан 700 м. шимолда Қиличмозортепа археологик ёдгорлиги жойлашганини, зиёратгоҳнинг жануби-шарқий томонидаги маҳаллий қабристон ва унга туташ ерларда эса қарийб 5 га. майдонни эгаллаган қадимги тепалик ўрни бўлганини аниқлаш мумкин (7-расм). Фикримизча, айнан шу ерда қадимги даврда, қолаверса, айнан Қутайба ибн Муслим бу ҳудудларга кириб келган вақтда Кох қишлоғи ёки юқорида айтилган “Работи Сарханг” деган жой бўлган бўлиши керак [15:172,18]. Шу атрофдаги кўтарма материаллар ва тепаликлар бундан далолат бермоқда. Бу борада янада аниқ маълумотларни айтиш учун албатта келажакда бу ҳудудни археологлар тўлиқ ўрганиши керак бўлади.

Қабр ва сағанага тегмаган ҳолда олиб борилган археологик қазишмалар Қиличмозордаги бузилган мақбара остидаги қабр кўҳна эканини ва унинг қурилиш тарихининг даврий саналари ва хусусиятларига кўра қуйидагича бўлганини кўрсатмоқда:

1) Қабр устида энг дастлабки пахсадан кўтарилган тўртбурчак супасимон иншоот қайд этилди: Ўлчамлари 280х300х380х400 см, қалинлиги 75 см.дан 115 см.гача боради (2-расм). Сифатли лойдан яхши пиширилган пахса ёрдамида тикланган. Пахса жуда қаттиқ ва яхши сақланган. Супасимон иншоот пиширилган сомонли лойдан бир неча марта сувалиб таъмирланган (6-расм).

2) Супасимон иншоот вақти-вақти билан таъмирланган, бунинг учун 26х26х4 см, 27х27х4 ва 27х27х4,5 см. ўлчамли қизғиш рангли пишиқ ғиштдан қурилма остига терилиб, иншоот кучайтирилган. Қабр усти иншооти – сағана ҳам бир неча бор сомонли лой шувоқ қилинган (ҳозирда сақланган сағана 1975 йилда тикланган). Уни устида 4 дона (ундан 2 донаси Тошкентга олиб кетилган) меъморий безак қопламалари турган [15:172-173].

3) Қорахонийлар даври (X-XIII асрлар ёки 942-1212 йиллар) қурилиши супаcимон иншоотнинг шимоли-шарқий бурчагида ҳар икки томонда 24x24x4 cм; 25x25x4 см; 26x26x4 см. ўлчамли оч сариқ рангли ғиштлардан тикланган бинонинг бўлаги сақланган (6-расм). Бу даврдаги маҳобатли бино (мақбара) мана шу супасимон иншоотнинг остидаги қабр билан боғлиқ бўлиши мумкин.

Бу даврда бутун Ўрта Осиёда улуғ инсонларга қадамжо ва зиёратгоҳлар, мақбаралар барпо этиш кенг тарқалган бўлиб, Қутайба ибн Муслим учун ҳам алоҳида мақбара қурилган. Бу архитектура обидаси Ўрта Осиёда кенг тарқалган бир пештоқли (однопортальные) мақбаралар [20:156-178] сирасига кириши эҳтимолдан ҳоли эмас.

4) Мақбарада сақланмаган маҳобатли бинонинг портал (пештоқ) қисмига тааллуқли меъморий безак қопламаларининг бўлаклари (3-расм) учрайди. Бўлаклар мақбара ва масжиднинг атрофида тарқалган ва бу ҳудуддаги маҳобатли бинога тааллуқли бўлиши керак. Бундай типдаги портал (пештоқ) бўлаклари Ургут тумани ҳудудида жойлашган XII асрга оид “Закари Варрак” номли шахсга атаб қурилган маҳаллий аҳоли тилида Равотхўжа деб айтиладиган мақбаранинг кириш қисмида (8.1-расм) ва X аср охирига оид Самарқанд вилояти Нуробод тумани Тим қишлоғи Аработа маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган Араб ота мақбарасининг пештоқ қисмида ҳам учрайди (8.2-расм). Мақбаранинг кўрки унинг маҳобатли пештоқидир. Пештоқнинг пояларида куфий ёзуви бор. Араб ота мақбараси Мовароуннаҳрда сақланиб қолган энг қадимги мусулмон мақбараларидан бири ҳисобланади. Унинг пештоқи ўша даврда яратилган шу типдаги биноларнинг дастлабки етук намунасидир. XI-XII асрлардаги архитектура ривожига у катта таъсир кўрсатган [21:82,26:215-216]. Балки Қутайба ибн Муслимга атаб қурилган мақбарада ҳам худди шу усулда иншоот қурилган бўлиши мумкин.

Қутайба ибн Муслим зиёратгоҳи атрофида топилаётган меъморий безак қопламаларининг бўлаклари тайёрланиш техникаси ва ўлчамларига кўра икки, яъни X-XIII ва XIV-XV асрлар билан даврланиши мумкин. Зиёратгоҳдан топилган квадрат шаклидаги пишиқ ғиштлар ўлчамларига кўра Қорахонийлар ва Темурийлар (?) даври қурилиши амалиётида фойдаланилган қурилиш материаллари ҳисобланади. Бу даврларга оид кулолчилик буюмлари (4-расм) ва қўл тегирмон тошлари қабристондан ва унга яқин ҳудудлардан кўплаб топилган.

5) 1935-1940 йилларда енгил таъмирлаш ишлари олиб борилган. 1975 йили энг сўнггиси ва кенг ҳажмлиси ўша пайтдаги Андижон вилояти раҳбари Бектош Рахимов бошчилигида амалга оширилган. Қабр устига икки хонали мақбара тикланган. Ҳозирда бу мақбара бузилган ва янгиси тикланиши режалаштирилган.

Қиличмозор қишлоғида археологларнинг биринчи марта олиб борган қазишмалари натижасида бу ерда Қорахонийлар даврига (X-XIII асрлар) оид катта аҳоли яшаш макони бўлгани (фикримизча, бу манбаларда келтирилган “Работи Сарханг” деган жой, яъни ҳозирги вақтда зиёратгоҳнинг жануби-шарқий қисмидаги тепалик) ва унда маҳобатли бино (масжид ва мақбара) фаолият кўрсатгани аниқланди. Буни бир неча гектар майдонда ёйилиб ётган Қорахонийлар даврининг квадрат ўлчамдаги пишиқ ғиштлари ҳам тасдиқлайди.

Қазишмалар жараёнида мақбаранинг жанубий томонида туширилган 1х1 м. майдондаги ва чуқурлиги 0,5 м. келадиган кичик ҳажмли шурф ичида аниқланган битта танга ва қабристон ҳудудида кўтарма материал сифатида топилган яна бир танга (ёмон сақланган) Самарқанд археология институти нумизмат-олимларига ўрганиш учун берилган. Мутахассислардан олинган (тангаларни А.Атахаджаев ўрганиб, маълумот берган) дастлабки маълумотларга кўра, улардан бири Қорахонийлардан “Илоқ Наср б. Али”га тегишли бўлиб, 403/1012-1013 йилларда зарб этилган. Иккинчи танга Қорахонийлардан “Ахмад б. Али” (хоқон)га тегишли бўлиб, у Ахсикетда, 413/1022-1023 йилларда зарб қилингани аниқланди.

Муҳим топилмалардан бири юқорида тилга олинган нақшли ва араб алифбосида ёзуви ўйиб гул солинган меъморий безак қопламаларининг бўлаклари ҳисобланади. ХХ асрнинг 40-йилларида М.Е.Массон Тошкентга олиб кетилган меъморий безак қопламаларининг бўлакларидан биттасини ўрганиб, унга сана берувчи ёзув битилганини аниқлаган. Парчага 581-589 ҳижрий йилларига ёки 1185-1193 милодий йилларига тўғри келадиган ёзув туширилган. Демак, қабр атрофидаги қурилиш қолдиқлари XII аср охири билан боғлиқ. Яъни мақбаранинг қурилиши 1185 йилда бошланиб 1193 йили якунига етган, деган хулосага келиш мумкин (Мақбарани қурилишига энг яқин ўхшашлик 582 ҳижрий йили ёки 1186 йили битказилган Жанубий Ўзган мақбарасини келтириш мумкин) [15:172-174]. Уни таъмири эса Темурийлар даври яъни XIV аср билан боғлиқ бўлиши мумкин. Хусусан, 1375 йилда Соҳибқирон Амир Темур Фарғона водийсининг шарқий нуқтасидаги Қорахонийлар пойтахти бўлган Ўзган шаҳрига ташриф буюрган. Айтиш жоизки, Амир Темур Фарғона водийсига шарқдан кириб келиб, Ўзганд, Марғилон, Хўжанд орқали Самарқанд томон йўл олгани маълум [27:82]. Айрим тадқиқотчиларнинг фикрича, Амир Темур йўлда Қутайба ибн Муслим мақбарасини зиёрат этган бўлиши керак. Чунки ўша даврда Соҳибқирон ва унинг ҳамроҳлари ислом дунёсидаги бу зиёратгоҳни билмаслиги мумкин эмас эди [22:206-206].

Шундай қилиб унча катта бўлмаган майдондаги археологик қазишмалар натижасида қабрнинг атрофидан топилган меъморий безак қопламаларининг бўлакларидаги ёзувлар 1185-1193 йилларда (ёки 581-589 хижрий йиллари), шаҳид бўлган инсонга бағишлаб маҳобатли бино (мақбара) қурилганини кўрсатмоқда. Бу қабр ислом динининг Мовароуннаҳрда тарқалишида жонбозлик қилган, шу ерда ҳалок бўлган ва шу ўлкада хоки пойи қўним топган Қутайба ибн Муслимга тааллуқли экани ҳақиқатга яқиндир.

Демак, Қиличмозордаги кўҳна қабристон камида ўн тўрт асрлик тарихга эга ва Қутайба ибн Муслимнинг қўним топган сўнгги маскани бўлган. Чунки аксарият ёзма манбалар ва олинган қўшимча археологик маълумотлар шундан далолат бермоқда. 

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДБИЁТЛАР:

  1. Джамал ал-Карши. Мулхакат ас-Сурах. Перевод с арабского и примечания Саидова Абдукаххора. –Душанбе: Ирфон. 2006.
  2. Истахрий. «Китаб ал-Масалик вал-Мамалик» Йўллар ва ўлкалар китоби. Хуросон ва Мовароуннаҳр. Тадқиқот, араб тилидан таржима, изоҳ ва кўрсаткичлар муаллифи Р.Т.Худайберганов. Масъул муҳаррир т.ф.д., проф., академик Д.Ю.Юсупова. – Т.: Фан, 2019.
  3. Мухаммад Наршахи. История Бухары. Перевод с персидского Н.Лыкошина. Под редакцией В.В.Бартольда. – Т., Типо-Литография, 1897.
  4. Ахмад ибн Йахйа ибн Джабир Ал-Балазури. Завоевание Хоросана (Извлечение из сочинения “Футух Ал-Булдан”). Перевод с арабского, предисловие, комментарий и указатели кандидата исторических наук Г.Гоибова. Ответственный редактор – кандидат исторических наук Ю.С.Мальцев. – Душанбе.: Дониш, 1987.
  5. Джамал ал-Карши. Мулхакат ас-Сурах. Перевод с арабского и примечания Саидова Абдукаххора. –Душанбе: Ирфон. 2006.
  6. Ахмад ибн Йахйа ибн Джабир Ал-Балазури. Завоевание Хоросана (Извлечение из сочинения “Футух Ал-Булдан”). Перевод с арабского, предисловие, комментари 0439 и указатели кандидата исторических наук Г.Гоибова. Ответственный редактор – кандидат исторических наук Ю.С.Мальцев. – Душанбе.: Дониш, 1987.
  7. Б.Х.Матбобоев, З.З.Машрабов. Андижон тарихи (қадимги даврлардан XX аср бошларигача). – Т.: Sharq, 2014.
  8. Джамал ал-Карши. ал-Мулхакат би-с-сурах (Упоминание о некоторых знаменитых правителях и вазирях) // История Казахстана в персидских источниках. Отв. ред. А.К.Муминов. Введение, перевод с арабско-персидского, комментарии, текст, факсимиле Ш.Х.Вохидова, Б.Б.Аминова. – Алматы: Дайк-Пресс, 2005.
  9. Мухаммад Наршахи. История Бухары. Перевод с персидского Н.Лыкошина. Под редакцией В.В.Бартольда. – Т., Типо-Литография, 1897.
  10. Абу Бакр Муҳаммад Ибн Жаъфар Наршахий. Бухоро тарихи. – Т.: Шарқ машъали журналиги илова. Шарқ баёзи, 1993.
  11. Ahmed b. Yahya el-Belâzurî (Öl. 279/892). Futuhu l-Buldan / Ülkelerin Fetihi. Tercüme Dr. Mustafa Fayda. Nişanca Mah. Zekai Dede Sk. No: 22 Eyüp/İstanbul. Siyer Yayınları. 1.Baskı: Ocak 2013.
  12. Абу-л-‘Аббос Аҳмад ибн Йаҳйо ал-Балозурий. Футуҳ ал-булдон. Хуросоннинг фатҳ этилиши / Сўз боши, араб тилидан таржима, шарҳлар, изоҳлар ва кўрсаткичлар муаллифи Ш.С.Камолиддин. – Т.: ТошДШИ, 2017.
  13. https://ru.wikipedia.org/wiki/Кутейба_ибн_Муслим; https://dic.academic.ru/dic.nsf/ruwiki/1538088.
  14. https://samtur.uz/na/915-on-prines-v-samarkand-islam.html; https://uzbekistan.travel/ru/o/mavzolej-kutejby-ibn-muslima/
  15. А.К.Писарчик. Некоторые данные по исторической топографии городов Ферганы // Сборник статей посвященных искусству таджикского народа. – Сталинабад. 1956.
  16. Абу Бакр Муҳаммад Ибн Жаъфар Наршахий. Бухоро тарихи. – Т.: Шарқ машъали журналига илова. Шарқ баёзи, 1993.
  17. О.Рахимов. Қиличмозор қишлоғидаги зиёратгоҳ // Ҳидоят. 2016. №10.
  18. Muhammadjonov. O‘zbekiston tarixi: 7-sinf. Qayta ishlangan uchinchi nashr. – T.: Sharq, 2017. – 50 b; Сарханг – سرهنگ – sarhang – полковник – лашкарбоши.
  19. Г.А.Восканян. Русско-Персидский словарь. Около 30000 слов. – Москва. Русский язык, 1986. – С. 469. Шу ўринда манбаларда келтирилган “Работи Сарханг” деган жойни – “Лашкарбоши қароргоҳи”, “Лашкарбоши қўрғони” деб ҳам талқин қилиш мумкин.
  20. С.Хмельницкий. Между арабами и тюрками. Раннеисламская архитектура Средней Азии. – Берлин-Рига. 1992.
  21. А.Арапов. Узбекистан / Художественная культура Центрльной Азии и Азербайджана IX-XV вв. Том IV. Архитектура. – Самарканд-Ташкент: МИЦАИ, 2013. – С.180; Б.Усмонов. Фарғона водийси Амир Темур ва Темурийлар даврида. – Фарғона: Фарғона нашриёти, 2019.
  22. С.Жалилов. Сохибқироннинг Фарғонага ташрифи (ихчам тадқиқот) // Имом ал-Бухорий сабоқлари. 2002. №3.
  23. Абу Бакр Мухаммад ибн Джа‘фар ан-Наршахи. Та‘рих-и Бухара. История Бухары. Вступительная статья Д.Ю.Юсуповой. Перевод, комментарии и примечания Ш.С.Камолиддина. Археолого-топографический комментарий Е.Г.Некрасовой. –Т.: SMI-ASIA, 2011.
  24. Абу-л-‘Аббос Аҳмад ибн Йаҳйо ал-Балозурий. Футуҳ ал-булдон. Хуросоннинг фатҳ этилиши / Сўз боши, араб тилидан таржима, шарҳлар, изоҳлар ва кўрсаткичлар муаллифи Ш.С.Камолиддин. – Т.: ТошДШИ, 2017.
  25. Таниқли матншунос, филология фанлари номзоди, доцент Ваҳоб Рахмон “Бобурнома”да келтирилган “Работаки Урчини” ва мазкур термин, яъни “Работи Сарханг” ҳар иккиси бир хил атама бўлиб, – “Икки сув ораси/даги макон” маъносини беради, деб ҳисоблайди; 2) Работ – ўрта асрларда арабларнинг мустаҳкамланган қароргоҳи. Дастлаб ғозийларга мўлжаллаб қурилган махсус бино. Кейинчалик работ фақат қўрғон, истеҳком маъносидагина эмас, балки меҳмонхона (карвонсарой) мазмунида ҳам тушунилган.
  26. А.М.Прибыткова. Архитектура Средней Азии IX-X вв. // Архитектура стран Средиземноморья, Африки и Азии. VI-XIX вв. 8-том / Всеобщая история архитектуры в 12 томах. – Москва. Издательство литературы по строительству, 1969. – С. 215-216; https://e-tarix.uz/obidalar/998-maqola.html
  27. Б.Усмонов. Фарғона водийси Амир Темур ва Темурийлар даврида. – Фарғона: Фарғона нашриёти, 2019.
БОҚИЖОН МАТБОБОЕВ,
Ўзбекистон Республикаси ФА Миллий археология маркази
Самарқанд археология институти
бош илмий ходими, тарих фанлари доктори, профессор
 
ХИКМАТУЛЛА ХОШИМОВ,
Ўзбекистон Республикаси ФА Миллий археология маркази
Самарқанд археология институти
катта илмий ходими, тарих фанлари бўйича фалсафа (PhD) доктори
 
ЗАФАР РАХМОНОВ,
Ўзбекистон Республикаси ФА Миллий археология маркази
катта илмий ходими

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …