Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Германиянинг Гамбург университети ҳузуридаги Осиё-Африка тадқиқотлари институти ҳамкорлигида “Зарафшон воҳаси тарихи ва маданияти” мавзуси доирасида навбатдаги онлайн семинар ташкил этилди.
Унда Марказ раҳбарияти, илмий ходимлар, Имом Бухорий халқаро стипендияси совриндорлари ва Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Халқаро ислом академияси, Фанлар академияси Тарих институти, Абу Райҳон Беруний номидаги Тошкент давлат Шарқшунослик институти, Имом Мотуридий ва Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Бухоро давлат университети тадқиқотчилари ҳамда Германия, Туркия ва Хитойдан олимлар иштирок этди.
Семинарда Австрия Фанлар академияси Эроншунослик институти директори, Вена университетининг Эроншунослик кафедраси профессори, доктор Флориан Шварцнинг “Бухоро: Чингизхон замонидан Баёнқулихон давригача” мавзуидаги илмий маърузаси тингланди.
Олим XIII-XIV асрларда Бухорода кечган диний-маърифий жараёнлар ҳақида сўзлади. Бу даврда калом илми ва тасаввуф таълимотларининг тараққий этиш босқичлари алоҳида эътиборга молик. Профессор Шварц мулоҳазаларига кўра, мўғуллар истилоси Бухородаги диний-маърифий тараққиётга деярли зарар келтирмаган. Чунки, босқинчилар Марказий Осиёни илмий-маърифий жиҳатдан у қадар ривожланмаган, ислом таълимотидан бехабар бўлган ҳолда, фақат ҳарбий куч билан забт қилган ва вақт ўтиши билан исломни қабул қила бошлаган. Бунда Бухорода ривожланган калом илми ва суфийлик таълимотлари анъаналари мўғулларга жиддий таъсир кўрсатган.
Маъруза қизиқарли, далилий маълумотларга бой бўлди, қизғин савол-жавоблар билан давом этди.