Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев иштирокида 2017 йил 15 июнда Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган “Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш – давр талаби” мавзусидаги видеоселектор йиғилишида берган тавсия ва кўрсатмалари асосида Самарқандда Ҳадис ва Калом илми мактаблари ташкил этилди. Бу илм даргоҳларида кўплаб талабалар таълим олиб, ақида ва ҳадисга оид асарларни пухта ўрганмоқда ва халқимиз маънавиятини оширишга катта ҳисса қўшмоқда.
Муҳтарам Президентимиз томонидан ташкил қилинган бу мактаблар узоқ ўтмишнинг бугунги кунимиздаги давоми десак муболаға бўлмайди. Чунки, бу мактаблар буюк аждодларимиз Имом Бухорий ва Имом Мотуридий асос солган мактабларнинг бевосита давомчисидир. Мотуридийлик калом мактаби нафақат Мовароуннаҳр диёри, балки бутун дунё мусулмонлари эътиқод қиладиган таълимотга асос бўлди.
Президентимиз билдирган таклифдан келиб чиқиб, 2017 йил 8 ноябрда Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва Вазирлар маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раисларининг бевосита иштироки ва кўрсатмасига биноан, Самарқандда Калом илми ва Ҳадис илми мактаби ўз фаолиятини бошлади.
2017-2018 ўқув йилида бу мактабларга Самарқанд вилоятидан имтиҳон асосида танлаб олинган имом хатиблар, ноиб имомлар ва эркин тингловчилар жалб қилинди. Илмий мактабларда дарс машғулотларини олиб бориш ва тингловчиларга соф эътиқодни сингдириш мақсадида Калом илми мактабига 6 нафар, Ҳадис илми мактабига 5 нафар тажрибали ўқитувчи-мударрислар танлаб олиниб, ЎМИ буйруғи асосида дарс машғулотларини олиб борди. Тингловчилар матн ўқиш, матнни ёд олиш, илмий мулоҳаза қилиш, соф ақида асосида тарғибот ишларини амалга ошириш ва илмий-тадқиқот ишлари бўйича етарли билим ва кўникмага эга бўлди.
Мактабларда ақида илмига оид Имом Аъзамнинг “Фиқҳул акбар”, Имом Насафийнинг “Ақидатун Насафийя”, Имом Таҳовийнинг “Ақидатут Таҳовийя”, Сирожиддин Ўшийнинг “Бадъул амолий”, Мулло Алий Қорийнинг “Шарҳул фиқҳил акбар”, Саъдуддин Тафтазонийнинг “Шарҳу ақоидин Насафийя”, Шужоиддин Туркистонийнинг “Шарҳу ақидатит Таҳовийя”, Мулло Алий Қорийнинг “Завъул маолий”, Имом Мотурудийнинг “Китобут тавҳид” асарлари, ҳадисга оид Имом Бухорийнинг “Адабул муфрад” ва “Саҳиҳул Бухорий” асарлари ўқитилмоқда. Шу билан бир қаторда фароиз илмидан “Сирожийя”, фиқҳ илмидан “Ҳидоя”, усулул фиқҳ илмидан “Усулу Шоший” асарларидан таълим берилмоқда.
Дарс бериш услуби биринчи китоб тўлиқ ўқитилгандан сўнг иккинчи китобни бошлаш тарзида давом этмоқда. Баъзи матнлар ўқувчилар томонидан тўлиқ ёзиб борилиб, уларнинг хаттотлик малакалари ҳам оширилмоқда.
Мактаб ўқитувчи ва ўқувчилари дарс машғулотлари билан бирга илмий-тадқиқот, таржима иши ва маънавий-маърифий тадбирларни ҳам амалга оширмоқда.
Калом илми мактабида 2018-2019 ўқув йилида 20 нафар тингловчи таълим олди. Шундан 13 нафари олий ва ўрта диний таълим олганлар ва 7 нафари эркин тингловчи сифатида дарсларда тўлиқ иштирок этди. Мактабда олиб борилган дарс машғулотлари анъанавий Шарқона “Устоз-шогирд”лик услуби асосида ўтказилди ва бу услуб ўз самарасини кўрсатди.
Ҳадис илми мактабида 2018-2019 ўқув йилида 20 нафар тингловчи таълим олди. Шундан 1 нафари магистр, 11 нафари олий ва ўрта диний таълим олганлар ва 8 нафари эркин тингловчи сифатида дарсларда тўлиқ иштирок этди. Тингловчилар учун дарслик китобларни ЎМИ тўлиқ таъминлади. Ҳозирги пайтда бу мактабларда 30га яқин тингловчилар ўз билим ва малакаларини ошириб келмоқда.
Маълумки, ҳамма даврда ҳам исломнинг соф ғояларига қарама-қарши фикрларни илгари сурган тоифалар фаолият юритган. Калом ва ҳадис илми мактаби аксарият аҳолиси мусулмон бўлган халқимизни ана шундай ёт ғоялардан ҳимоялашга хизмат қилади. Чунки, кўпчилик асосан илмсизлик оқибатида адашади.
Калом илми мактабида ўқитилаётган китобларнинг орасида Имом Мотуридийнинг “Китобут тавҳид” асари ҳам дарслик сифатида ўқитилаётгани ҳозирги ихтилофларга барҳам беришга хизмат қилишига шубҳа йўқ. Ўшандай қийин замонларда одамларни бирлаштириб, улар орасидаги ихтилофларни сезиларли даражада камайтира олган бу асар ҳозир ҳам ўз кучини йўқотган эмас. Аксинча, кундан-кунга ўз мавқеига эга бўлмоқда. Чунки, ундаги маълумотлар кучли далиллар билан исботлаб берилган бўлиб, бу далиллардан хабардор бўлган ҳар бир киши адашган тоифалар айтаётган гапларнинг хато эканини англаб етади.
Мисол тариқасида айтадиган бўлсак, аллома “Китобут тавҳид” асарида оҳод ҳадисларга ижтиҳодсиз амал қилиш хато эканини баён қилиб бундай дейди:
“Оҳод хабар – инсонда илм собит қилиш ва раҳмат Набийсидан бўлган ҳақ эканига гувоҳлик бериш борасида мутавотир хабар етган даражага етмайди. Шундай экан, унга амал қилиш ёки амал қилмаслик ижтиҳод орқали ва ровийларнинг ҳолатларига, одамлар очиқ амал қилган ишларда ва инсонлар томонидан иҳота қилинган хабарларда (яъни, мутавотир ва машҳур ҳадисларда) жоизлигига ижтиҳод қилиш орқали вожиб бўлади. Шундан сўнг, хато бўлиши эҳтимоли бўлса ҳам ғолиб занн (мужтаҳиднинг тўғри деб билган фикри)га кўра икки важҳдан бирига амал қилинади. Зеро, кўпинча илм йўлларининг энг олийси бўлган ҳис (кўриш, эшитиш, таъм билиш, ҳид билиш, тери орқали сезиш) илмида ҳам туйғуларнинг заифлиги ёки ҳис қилинувчи нарсанинг узоқлиги ёки кўз илғамас даражада бўлгани сабабли, инсон ғолиб заннга кўра амал қилади. Демак, оҳод хабарга амал қилиш ёки қилмаслик важҳини ўрганиш жараёнида бу хабар тўғрисида қамровли илм ҳосил қилиш мумкин эмас. Мужтаҳид ижтиҳодсиз қайси важҳга мойил бўлса ҳам барибир хабарнинг ҳаққидан юз ўгирган бўлади. Шунинг учун, у икки важҳда (амал қилиш ёки қилмасликда) ҳам ижтиҳод қилиши лозим бўлади” [2:71].
Имом Мотурудий айнан ҳозирги янги чиққан тоифаларнинг: “Биз ҳадисларнинг зоҳирига кўра амал қиламиз”, деган сўзига раддия бериб, оҳод ҳадисларга тўғридан-тўғри амал қилиш ҳадиснинг ҳаққидан юз ўгириш бўлиб қолиши ҳақида сўз юритмоқда. Чунки, оҳод ҳадис инсонда заррача шубҳа қолдирмайдиган қатъий илмни пайдо қилиш борасида мутавотир ҳадис етган даражага етмайди. Қолаверса, оҳод ҳадислар баъзан бир-бирига хилоф тарзда келади. Шунинг учун мужтаҳид оҳод ҳадисларни яхшилаб ўрганиб, уларни қатъий далиллар (муҳкам оят ва мутавотир ҳадислар)га қиёслаб, сўнг амал қилиш ёки қилмасликка фатво беради. Мужтаҳид хато қилган бўлиши ҳам мумкин. Чунки, оҳод ҳадисларни ўрганиш жараёнида кенг қамровли маълумот ҳосил қилишнинг иложи йўқ. Шунинг учун, мужтаҳид ғолиб занн билан фатво беради. Мужтаҳид тўғри топган, икки ажр хато қилган бўлса, бир ажр олгани каби унга эргашганлар ҳам ҳар икки ҳолатда ажр олаверади. Аммо, ҳадис илмини чуқур билмаган одамнинг олдидан чиққан барча ҳадисларнинг зоҳирига қараб амал қилиб кетаверса, ҳадисларга енгил ёндашгани учун гуноҳкор бўлиши билан бирга одамларнинг орасида ихтилоф кўпайиб кетишига сабабчи бўлиб қолади.
Имом Мотуридий Аллоҳга макон бор дейдиганларга раддия бериб бундай дейди: “Мусулмонлар Аллоҳга макон исбот қилиш борасида ихтилоф қилди. Баъзилар: “Аллоҳ Аршнинг устида қарор топган”, деди. Уларнинг наздида Арш фаришталар кўтариб турадиган тахтдир. Улар ўзларининг бу сўзларига Аллоҳ таолонинг: “Раҳмон Аршга истиво қилди”, (Тоҳо сураси, 5-оят) оятини ва одамлар қўлларини осмонга кўтариб дуо қилишлари ва яхшиликлар осмондан келишини умид қилишини далил қилади. Бундан ташқари, улар ўз сўзига Аллоҳ таолонинг: “Сўнг Аршга истиво қилди” (Аъроф сураси, 54-оят) оятини Аллоҳ аввал Аршда бўлмай, сўнг Аршда қарор топганига далил қилди.
Баъзилар: “Аллоҳ барча маконда”, деди. Улар ўзларининг бу сўзларига Аллоҳ таолонинг: “Ва У осмонда илоҳ ва Ерда илоҳ” (Зухруф сураси, 84-оят) ва “Биз унга (инсонга) жон томиридан кўра яқинроқ” (Қоф сураси, 16-оят) оятларини далил қилди. Бундан ташқари, улар: “Аллоҳни битта маконга нисбат бериш Уни чегаралашни келтириб чиқаради. Чунки, Аллоҳга бир макон нисбат берилса, у макон Ундан каттароқ бўлиши ва у маконнинг чегараси Аллоҳнинг чегараси бўлиши лозим бўлади. Ҳар бир чегарали нарса эса, ўзидан каттароқ нарсадан кичикроқ бўлади. Бу айб ва нуқсондир. Қолаверса, Аллоҳ маконда деган сўзнинг замирида У маконга муҳтож деган маъно ётади (Чунки, биз гувоҳ бўлган маконли нарсаларнинг барчаси маконсиз тура олмайди). Раббимиз бундан пок ва олий бўлган зотдир”, деди.
Баъзилар: “Аллоҳни битта ёки барча макон билан васфлаганда (яъни, Аршнинг Рабби, Осмонлар ва Ернинг Рабби, Оламлар Рабби каби сўзларни айтганда), Аллоҳ барча маконни сақлаб, қоим қилиб турувчи, деган маънонигина назарда тутиш дуруст бўлади”, деди.
(Абу Мансур Мотуридий айтади): “Осмонлар ва Ернинг мулки Уникидир” (Бақара сураси, 107-оят), деб борлиқнинг ҳаммасини Аллоҳга нисбат берилиши ёки “Осмонлар ва Ернинг Рабби” (Марям сураси, 65-оят), “Ҳамд оламларнинг Рабби учундир” (Фотиҳа сураси, 1-оят), деб Аллоҳ таолони борлиқнинг ҳаммасига нисбат берилиши Аллоҳ таолони буюклик ва олийлик билан васфлаш маъносида келади. “Аллоҳ албатта, тақводорлар билан бирга” (Наҳл сураси, 128-оят), “Ва албатта, масжидлар Аллоҳ учундир” (Жин сураси, 18-оят), деб хос нарсаларни Аллоҳга нисбат берилиши уларни ўз жинсдошларига нисбатан афзаллик ва улуғлик билан васфлаш маъносида келади. Булардан махлуқотни бирини иккинчисига нисбат берилганда тушуниладиган маъно тушунилмайди. Аллоҳ таоло макон мавжуд бўлишидан олдин ҳам бор эди. Барча макон йўқ бўлиб кетиб, У зот эса макондан олдин бўлганидек боқий қолиши жоиз ишдир. Шундай экан, У зот макон мавжуд бўлишидан олдин бўлганидек бордир. Раббимиз ўзгариш, кўчиш ва йўқ бўлишдан олий бўлган Зотдир. Чунки, булар ҳодислик белгилари ва фонийлик далолатлари бўлиб, оламнинг ҳодис экани ва фоний бўлиши бу белги ва далолатлар орқали билингандир.
Бу масалада қуйидаги аслга тобе бўлинади: “Аллоҳ таоло: “Ҳеч нарса Унга ўхшаш эмас” (Шуро сураси, 11-оят), деб махлуқотлардан бирортаси Унга ўхшаш бўлишини инкор қилди. Яна Аллоҳ таоло: “Раҳмон Аршга истиво қилди” (Тоҳо сураси, 5-оят), деб Аршни Ўзига нисбат берди. Биз бу икки оятни жамлаб, Аллоҳ таолони махлуқотларнинг сифатлари билан сифатланишдан поклаган ҳолда (яъни, Аллоҳ таолонинг истивоси махлуқотларнинг истивосига ўхшамайди, деб эътиқод қилган ҳолда ва истивонинг маъносини билиш билан шуғулланмаган ҳолда) Аршга истиво қилганини тасдиқ этишимиз вожиб бўлади””.
Бу сўзлар билан Имом Мотуридий оятлар орасида зиддият йўқлиги ва уларни қандай мувофиқлаштириш кераклигини кўрсатиб берган.
Таъкидлаш лозимки, Имом Мотуридийнинг бу асари барча замонда адашган тоифаларга раддия беришда асосий қурол бўлиб қолаверади. Мана шундай мўътабар асарлар Калом илми мактабида ўқитилаётгани ҳозирги кунда учраётган бузғунчи ғояларга қарши туришда ва уларга раддия беришда энг самарали йўл ҳисобланади.
Имом Мотуридийнинг асари ҳақида гапирар эканмиз, муаллифнинг қандай буюк инсон бўлгани ҳақида сўз очмасдан иложимиз йўқ.
“Мифтаҳус саодат ва мисбаҳус сиёдат” китобининг муаллифи Тошкўпризода у ҳақида шундай дейди: “Аҳли сунна ва жамоанинг калом илмидаги раиси икки кишидир. Улардан бири ҳанафий, иккинчиси шофеъий. Ҳанафийси ‒ Абу Мансур Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд Мотуридий ‒ имомул ҳуда” [5:68].
Таниқли муаррих Кафавий ва бошқа қатор муаллифларнинг ёзишича, Имом Мотуридий ўз замонасидаёқ “Имомул ҳуда” (“Ҳидоятга бошловчи имом”), “Рофиъу аъломи аҳлис сунна вал жамоа” (“Аҳли сунна вал жамоанинг байроғини баланд кўтарувчиси”), “Имомул мутаккаллимийн” (“Мутакаллимларнинг имоми”), “Мусаҳҳиҳу ақоидил муслимийн” (“ Мусулмонларнинг ақидаларини тузатувчи”), “Шайх” ва “Имом” каби юксак номларга сазовор бўлган аллома сифатида тан олинган.
Аллома Абу Наср Иёзий, Абу Бакр Аҳмад Жузжоний, Нусайр ибн Яҳё Балхий, Муҳаммад ибн Муқотил Розий ва Муҳаммад ибн Фазл каби устозлардан таълим олган. Айниқса, унинг илм соҳасида юксалишида Самарқанд ҳанафий мактабининг асосчиларидан Абу Бакр Жузжонийнинг ўрни катта.
Манбаларда “X-XII асрларда Самарқанддаги йирик илмий марказ “Жузжония” деб номлангани айтилган. Айнан унинг “Жузжония” деб номланиши Самарқандга биринчи бўлиб ҳанафийлик мазҳабини олиб кирган Абу Бакр Сулаймон Жузжоний (ваф. IX аср) номи билан боғлиқ. Кўплаб ҳанафий табақотларида Самарқанд уламоларининг силсиласи Абу Бакр Сулаймон Жузжонийга бориб тақалади” [3:100], деб келтирилган.
Мотуридийнинг шогирдларига келсак, улар кўпчиликни ташкил этган. Аллома “Жузжония” (кейинчалик “Иёзия” деб номланган) мадрасасини бошқарган вақтда минглаб талабаларга дарс берган ва ўша даврдаги кўплаб олимлар ундан таълим олган.
Айнан мана шу мактаб Мотуридийя калом мактабининг асоси бўлиб хизмат қилган. Имом Мотуридий шу мактабда ўз ғояларини илгари суриб, исломнинг асл моҳиятини қамраб олган мотуридийлик ақидавий мазҳабини ташкил этган.
Кейинги даврда Мотуридий таълимотини батафсил ўрганган ва бу таълимотнинг моҳиятини чуқур билган Абул Юср Паздавий (ваф. 1099 й.), Абул Муин Насафий (ваф. 1114 й.), Саффор Бухорий (ваф. 1134 й.), Абу Ҳафс Насафий (ваф. 1142 й.), Али ибн Усмон Ўший (ваф. 1173 й.), Нуриддин Собуний (ваф. 1184 й.) ва Умар Ҳанафий (ваф. 1200 й.) каби олимлар мотуридийлик таълимотини ривожлантириш орқали бу мактабни давом эттирди [1:466].
Имом Мотуридий ҳанафийлик таълимотига суянган ҳолда давр талабидан келиб чиқиб, уни ривожлантирди ва ислом динининг эътиқодий асосларини қайта ишлаб чиқди. Бу билан у Мовароуннаҳр ислом илоҳиёт мактабининг ривожланишига катта ҳисса қўшди.
Алломанинг қарашлари ва таълимоти “Китобут тавҳид” ва “Таъвилотул Қуръон” асарида баён этилган.
Имом Мотуридий илгари сурган ақида нақл (Қуръон ва ҳадис) ва ақл асосида қурилган бўлиб, ислом таълимотида илк бор “билиш назарияси”ни илмий асослаб берган.
Абу Мансур Мотуридий ўзининг юксак илмий фаолияти билан бутун Ислом дунёсида алоҳида эътиборга сазовор бўлди. Ҳозирги кунда дунё мусулмонларининг ярмидан кўпи у асос солган Мотуридия ақидавий мазҳабига эътиқод қилади.
Имом Мотуридийнинг вафоти тўғрисида: “У Абул Ҳасан Ашъарий вафотидан тўққиз йил ўтиб, 333/944 йилда вафот этган” [7:127], деб айтилади. Ҳақиқатда ҳам Имом Мотуридий 944 йили Самарқандда вафот этган ва шаҳар чеккасидаги Чокардиза қабристонига дафн этилган.
Имом Мотуридий яшаган давр ислом оламида турли ўзгаришлар авж олган, айниқса турли фирқалар томонидан ақидавий бузилишлар юзага келган пайтга тўғри келди. Шундай шароитда у Аҳли сунна ва жамоа эътиқодини ҳимоя қилиб хавориж, рофиза, карромийя, жаҳмийя, мушаббиҳа ва бошқа ботил ақидаларнинг даъволарига раддиялар берди ва исломнинг асл моҳиятини очиб берди.
Ҳозирги кунда ташкил қилинган Калом илми ва Ҳадис илми мактаби айнан Имом Мотуридий ва Имом Бухорий асос солган мактабларнинг давомчиси ўлароқ фаолият олиб бормоқда. Бундан кўзланган асосий мақсад юртимиздан ўз аждодларига муносиб бўлган буюк аллома ва мутафаккирларнинг етишиб чиқишидир. Бир марта бундай буюк зотларни етиштирган юрт иккинчи марта етиштириши янада осонроқ бўлади.
-
Büyük türk bilgini. Imâm Mâtürîdî ve Mâtürîdîlik. Milletlerarasıtartışmalı İlmî Toplantı. Dr. Shovosil Ziyodov. Mâtürîdiyye doktrininin özbekistanʼda araştirilmasi: problemler ve çözümler. İstanbul-2012.
-
Абу Мансур Мотуридий. Китобут тавҳид. Бакр Тўпол ўғли тадқиқи. – Байрут: “Дору содр”.
-
Л.Асророва. Абу Ҳафс Кабир Бухорий ва ҳанафий фиқҳи. ‒ Т.: Тошкент ислом университети, 2014.
-
О.А.Қориев. Фарғона фиқҳ мактаби ва Бурҳониддин ал-Марғиноний. ‒ Т.: Фан, 2009.
-
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Ақоид илми ва унга боғлиқ масалалар. ‒ Т.: SHARQ, 2011.
-
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Тафсири Ҳилол. – Тошкент: “Ҳилол нашр”, 2018.
-
Муҳаммад ибн Абдурраҳмон Хомис. Усулуддин инда Имом Абу Ҳанифа. ‒Ж.1. – Саудия Арабистони. “Дорус Сомиий”.