Бугунги кунда Ватанимизнинг турли даврлардаги ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий ҳаётини бирламчи манбалар асосида изчил ва ҳаққоний ўрганиш, чинакам тарихни очиб берувчи манбаларга таянган ҳолда ёритиш ва зарур хулосалар чиқаришга эътибор кучайди. Шу боис, юртимизнинг турли даврлардаги ҳаётини ўрганишда архивларда сақланаётган жамғарма ҳужжатларнинг ўрни беқиёсдир. Ўтмишда содир бўлган ижтимоий, сиёсий жараёнларни, содир бўлган воқеа-ҳодисаларни архив материаллари асосида ўрганиш ўша давр ҳаётининг ҳақиқий мазмун-моҳиятини очиб беришда асосий ўрин тутади. Бу мураккаб ва айни пайтда, ўта муҳим вазифани амалга ошириш учун давлатимизнинг архивларида сақланаётган ҳужжатларга объектив ёндашиш, уларни ҳаққоний таҳлил қилиш муҳим аҳамият касб этади.
Архивларда сақланаётган ҳужжатлар тарихий тараққиёт жараёнида жамият аъзолари тўплаган бой интеллектуал меросни жамлаган бўлиб, ўтмишни келажак авлод билан боғлаб турувчи қимматли манбадир. Ҳар қандай давлатнинг ижтимоий, сиёсий, иқтисодий ва маданий тарихини ва бугунги кунини архивсиз тасаввур қилиш қийин. Жамият ва шахснинг тарихни билишга қизиқиши ортиб бораётган бугунги кунда, замонавий ҳаётни архивлаштириш зарурати кечаётган ҳозирги замонда архив манбашунослигига эътибор олдинги ўринга чиққанини таъкидлаш зарур.
Айниқса, 2019 йил 20 сентябрда Ўзбекистон Президентининг “Ўзбекистон Республикасида архивлар иши ва иш юритишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5834-сон Фармони [1] ва “Ўзбекистон Республикаси «Ўзархив» агентлиги фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги ПҚ-4463-сон Қарори [2]нинг қабул қилиниши бу соҳада чуқур ислоҳотларни бошлаб берди. Бу ҳужжатларда илмий-тадқиқот, архив ва илмий марказларда илмий ишлар олиб бориш, дарслик ва ўқув қўлланмаларни тайёрлашда бирламчи манба сифатида архив материалларидан кенг фойдаланиш, уларни илмий муомалага киритиш вазифаси қўйилди.
Дарҳақиқат, Ўзбекистон Республикаси Марказий Давлат Архиви кўплаб ноёб ҳужжатлар жамлангани билан бугунги кунда дунё архивлари орасида ажралиб туради. Бу архивда сақланаётган ҳужжатларнинг аксарияти совет мустамлакачилиги даврининг ижтимоий-иқтисодий ҳаёти, қишлоқ хўжалиги ва маданий-маърифий соҳаларни қамраб олган. Архив фондида сақланаётган советлар ҳукмронлиги даврига оид ҳужжатларда собиқ “Марказ”нинг иттифоқдош республикаларга юборган кўрсатмаларида берилган топшириқлар ва уларнинг сўзсиз бажарилиши кераклиги тўғрисидаги маълумотларни учратиш мумкин.
Жумладан, ЎзРМДАнинг 90-фонд [3] ҳужжатида Ўзбекистон ССРда 1920-1930 йилларда пахтачиликни ривожлантириш, пахта яккаҳокимлигини кучайтириш ва собиқ СССРнинг пахта мустақиллигини таъминлаш учун чигит экиладиган майдонларини кенгайтириш ва сув иншоотларини такомиллаштириш, қишлоқ хўжалигида техникадан унумли фойдаланиш ва мутахассис кадрлар ҳамда фан-техника ютуқларини пахтачиликка жорий қилиш борасида Ўзбекистон халқига махсус топшириқлар берилган ҳужжатлар сақланади. Бу ҳужжатларда 1925 йил 4 июлда Ўзбекистон КП МК қошида ер-сув ислоҳотини ўтказиш марказий комиссияси барпо этилгани, бундай комиссиялар вилоятлар ва туманларда ҳам ташкил этилиб уларнинг таркибига яна 1200 нафар маҳаллий қишлоқ хўжалигига алоқаси бўлмаган аҳоли ҳам аъзо бўлгани тўғрисидаги рўйхат келтирилган. 1925-1930 йилларда бу комиссияга пахтачилик соҳаси бўйича режалар ва кўрсатмалар берилган. Кўрсатмада берилган топшириқларни сўзсиз бажариш кераклиги алоҳида таъкидланган.
Яна бир муҳим ҳужжатда, [4] Ўзбекистон КП II съездининг синфий-мафкуравий кўрсатмаларини амалга ошириш учун 1925 йил 2 декабрда Ўзбекистон ССР МИКнинг фавқулодда сессиясида иккита «Ер ва сувни миллийлаштириш тўғрисида» ва «Ep-сув ислоҳоти тўғрисида»ги декретлар қабул қилингани кўрсатилган. Бу ҳужжатга мувофиқ, Ўзбекистон ҳудудидаги барча ер, ўрмон, сув ва ер ости бойликлари, кимнинг ихтиёрида бўлишидан қатъий назар давлат мулки этиб, белгилаб қўйилгани ва унинг қонунийлаштирилганига урғу берилган. Бу қарорда Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, пахта майдонларини кенгайтириш кўзда тутилган бўлса-да, лекин маҳаллий аҳолининг ўзига тегишли мол-мулклар, ерлар, дарахтлар ва бошқа бойликлар давлат ихтиёрига тортиб олинганини кўришимиз мумкин. Бу қарорда маҳаллий аҳолининг хоҳиш-истаги, орзу умидлари ва имкониятлари ҳисобга олинмаган.
Яна бир ҳужжатда ЎзРМДАнинг 314-фонд [3] ҳужжатида КПСС МК ва СССР Министрлар Советининг 1946 йил 2 февралда қабул қилган “Ўзбекистон ССРда пахтачиликни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги махсус қарори ва Ўзбекистонда пахта етиштиришни 4-беш йилликда 2,5 баравар кўпайтириш вазифаси белгилаб қўйилган. Шу билан бирга бу ҳужжатда советларнинг маъмурий буйруқбозликка асосланган бошқарув тизими даврида барча мустамлакалардаги сингари Ўзбекистонда ҳам жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши учун синовдан ўтган мақбул объектив қонуниятлар эътиборга олинмасдан, ишлаб чиқаришнинг экстенсив усулидан кенг фойдаланилгани ҳақида кўплаб маълумотлар мавжуд.
ЎзРМДАнинг 837-фонд [4] ҳужжатида Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги кадрларининг танқислиги масаласига барҳам бериш мақсадида 1966 йил 22 январда ҳукумат томонидан “1966 йилда қишлоқ хўжалиги ходимларини тайёрлаш ва малакасини ошириш тўғрисида” махсус қарор қабул қилингани кўрсатилган. Унда қуйи бўғин учун зарур бўлган оммавий касб мутахассисларини тез ва сифатли тайёрлашга эътибор қаратилиши кўрсатиб ўтилган. Ҳужжатда бу қарор бўйича 1966 йилда Мирзачўл ҳудуди учун 2135та оммавий касб мутахассисларини тайёрлаш белгилангани ва шу асосда фақат совхозлар учун 1000та механизатор, пахта териш учун 800 нафар механик-ҳайдовчи, 100 нафар комбайнчи ва бошқа мутахассислар тайёрлангани қайд этилган. Бундан кўриш мумкинки, фақат қишлоқ хўжалиги учун тор доирадаги мутахассис кадрлар тайёрлашга ҳаракатнинг кучайтирилганига гувоҳ бўлишимиз мумкин.
Ўзбекистоннинг колхоз ва совхозларида мутахассис-кадрлар билан таъминлаш масаласига доир материаллар таҳлили шуни кўрсатадики, илгари мураккаб техника воситалари билан таниш бўлмаган, ундан фойдаланишни яхши билмаган кишилардан малакали мутахассислар тайёрлаш, белгиланган вазифаларни талаб даражасида бажариш учун маълум вақт керак бўлган. Бироқ пахта етиштиришни кўпайтириш учун янги ерларни ўзлаштирилишига қараб, мунтазам суратда тўлдириб борилаётган машина-трактор паркларидаги техника воситаларидан етарли даражада фойдаланмаслик давлатга катта зарар келтирар эди. Шу билан бирга техника воситаларининг бекор туриб қолишига кадрлар етишмаслигидан ташқари, уларнинг махсус тайёргарликдан ўтмаган, малакасиз ва тажрибасиз кишилар қўлига топширилиши ҳам сабаб бўлган.
Соғлиқни-сақлашга доир Ўз МДАнинг 837-фонд [5]идаги ҳужжатда 1969 йилда Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан янги ташкил этилган совхозларга жўнатилган 70 нафар ходимдан 30 нафари олий маълумотли, қолганининг эса 6 нафари фельдшер, 4 нафари акушер, 3 нафари лаборант, 30 нафари ҳамшира бўлгани кўрсатилган.
Албатта, бу ҳол медицина ходимларига бўлган талаб ва эҳтиёжни қондириш учун етарли эмас эди. Бунинг устига чўл шароитига кўника олмаган ёш мутахассислардан кўпининг ўз юртига қайтиб кетиши кадрлар муаммосининг бартараф этилишига имкон бермаган. Чўл шароитига кўника олмасдан ишдан бўшаб кетаётган ходимларнинг ортиб бораётгани давлат, партия ташкилотлари ва касаба уюшмалари олдида турган долзарб масалага айланган. Шу сабабли, ҳукумат кадрларнинг муқим қолишини таъминлаш мақсадида турли чора-тадбирларни амалга оширган. Медицина соҳасида кадрларнинг қўнимсизлигига сабаб ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан шароитнинг оғирлиги ва унинг ташкил этилиши жараёнидан қониқмаслиги бўлган.
Аҳолини уй-жой билан таъминланиши хусусида яна бир ҳужжат, ЎзР МДАнинг 1619-фонд [6]. Бу ҳужжатда ҳисоботларга кўра янги ташкил этилган совхозларда 1946-1947 йилларда уй-жой қуриш режаси атиги 38% бажарилгани қайд этилган. Ўзбекистоннинг совхозларида ва янги ташкил этилаётган хўжаликларида уй-жой таъминотини яхшилаш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилишига қарамасдан, бу масаладаги қийинчиликлар бартараф этилмаган. Давлатдан бирор нарса талаб қилиб олишга ўрганмаган маҳаллий аҳоли имкониятига қараб, ўзи учун турар жой қуриб олишга мажбур бўлган. Шунинг учун ҳам совхоз ишчиларининг асосий қисми таъмирталаб бўлиб қолган эски, тор ва пастқам уйларда тиғиз ва ночор аҳволда узоқ йиллар яшашга мажбур бўлган. 1947 йилга келиб совхозларнинг ишчилари уй-жой майдони билан бор-йўғи 43 % таъминланган эди. Аҳоли йиллар давомида бу муаммоларни ўз кучи билан бартараф этишга мажбур бўлган.
Аслини олганда, архив ҳужжатларида даврнинг жонли нафаси уфуриб туради. Бу эса Ватанимизнинг тарихини ўрганишда ва зарур хулосалар чиқаришда бирламчи манба бўлиб хизмат қилади. Ўзбекистон Республикаси Марказий Давлат архивида сақланаётган қимматли ва ноёб ҳужжатларни ўрганиш ва илмий муомалага киритиш, Ўзбекистон тарихини ҳаққоний ва холис ёритишга асос бўлади.
-
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси «Ўзархив» агентлиги фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги ПҚ-4463-сон қарори. “Халқ сўзи”. 2019 йил 21 сентябрь.
-
ЎзРМДА 90-фонд, 155-рўйхат, 38-иш, 3-варақ; 32- иш, 173-варақ.
-
ЎзР МДА, 837-фонд, 41-рўйхат, 360-иш, 243-варақ.
-
Ўз МДА, 837-фонд, 41-рўйхат, 2144-иш, 163-варақ.
-
6. ЎзР МДА, 1619-фонд, 1-рўйхат, 366- иш, 22-варақ.