Аёлларнинг ўраниб юришлари Туркистоннинг марказий шаҳарларида қадимдан одатга айланган. Аммо ХХ асрнинг бошида жамият ҳаётини ислоҳ қилиш учун бошланган ҳаракатнинг замирида аёлларнинг ҳақ-ҳуқуқини тиклаш, уларнинг мактабларда билим олиб, касб-ҳунар билан эркин шуғулланишига имконият яратиш мақсади ҳам бор эди.
Ўз даврининг етук уламоси Домла Икром барча замонавийликларни қўллаб-қувватласа-да, аёлларнинг паранжидан воз кечишига қарши чиққан [1:63]. Муаллиф “Рисолайи форсия дар баёни вужуби сатри нисо” рисоласи орқали аёлларнинг ўраниб юриши лозимлигини Қуръони карим, Тафсир, ҳадислар ва кўплаб исломий китоблар орқали исботлашга ҳаракат қилган [2:1-55]. Рисола аёлларнинг ўраниб (ҳижобда) юришининг вожиблиги тўғрисидаги тафсирларда келтирилган ривоятлар ва оятлар билан бошланади. Муаллиф аёлнинг танаси тўлалигича аврат ҳисобланиб, эркакдан фарқли тарзда намозда тўлиқ ўралган бўлмаса, намози қабул бўлмайди, деб ёзади ва “Тафсири кабир”дан ҳавола келтиради: “Умму Салама ва Маймуна розияллаҳу анҳу пайғамбарнинг олдиларида турганларида Ибн Умми Мактум келиб қолди. Пайғамбар (С.А.В): “Ундан юзларингизни тўсинглар”, дедилар. Шунда мен: “Ё расулуллоҳ, ахир у кўр ва бизни кўрмайди-ку”, дедим. Шунда у зот (С.А.В): “Сизлар-чи, сизлар ҳам кўрми, уни кўрмайсизларми?”, дедилар” [3:84].
Домла Икром аёл киши ички зийнатини кўрсатиши мумкин бўлганларни уч гуруҳга бўлади. Биринчиси, эри бўлиб, у маҳрам ҳисобланади ва унга аёлнинг ҳамма жойи ҳалол ҳисобланади. Иккинчиси, ўғли, отаси, ака-укалари, бобоси, эрининг отаси, бир қориндан туғишганлари, гўдаклар бўлиб, уларга аёлнинг сочига, кўксига, болдирига, тирсагигача қарашига рухсат берилган. Муаллиф учинчи гуруҳга кекса ёшдагилар, ақли заифлар ва аёлга хизмат қилувчи қулларни киритади. Аммо бу гуруҳга кирувчилар олдида аёл ёш бўлса, танасини тўлиқ тўсиб турувчи узун кийим билан ўтириши керак, деб ҳисоблайди [3:85].
Асарда аёлларнинг тақинчоқлар тақиши масаласига ҳам алоҳида урғу берилиб, қулоқ, қўл, бўйин, оёқ ва бошқа жойларига тақиладиган тақинчоқ ва безакларини маҳрамдан бошқага кўрсатишлари жоиз эмаслиги, зийнатлар тақиладиган жойлар асосан, маҳрамдан бошқалар қараши мумкин бўлмаган жойлар экани таъкидланади ва Қуръони каримнинг Аҳзоб сураси 59-ояти ҳавола сифатида келтирилади: “Эй пайғамбар, жуфтларингизга, қизларингизга ва мўъминларнинг аёлларига айтинг, устларига ёпинчиқларини ўрасинлар! Мана шу уларнинг (чўри эмас, балки озод аёл эканликлари) танилиб, озорланмасликлари учун энг яқин (восита) дир”[3:86]. Бу оятни шарҳлаб, хотин-қизларнинг ёпинчиқлари шундай бўлиши керакки, улар ўз ҳожатлари билан кўчага чиқадиган бўлса, уларга шаҳвоний туйғу билан имо қилишга йўл бўлмаслиги, жилбоб, қамис ёки кенг кўйлаклар уларни тўлиқ тўсиб, қоматини бошдан оёқ яшириб туриши лозим, деб ёзади.
ХХ асрнинг бошига қадар қулчилик анъанаси давом этиб келаётган бир пайтда, муаллиф аёлларнинг ёпиниб юриши уларнинг чўри эмаслигидан далолатдир, деб ҳисоблайди ва Ибн Аббос ҳамда Убайдадан ҳавола келтиради: “Мўъминларнинг аёллари озод экани билиниб туриши учун кўзидан бошқа жойини, ҳатто боши ва қўлларини ҳам жилбоб билан тўсишга буюрилди. Аллоҳ таъоло уларга сатри авратни ҳур эканининг белгиси сифатида ва чўрилардан ажралиб туриши учун амр қилди”. Фикрини “Тафсири Кашшоф”да келтирилган ривоят билан давом эттириб, ислом дини пайдо бўлган дастлабки даврда озод аёллар кечки пайтда чўрилар каби жоҳилия давридагидек очиқ кийимда бирор юмуш билан кўчага чиққанида ёш йигитлар уларга чўри деб ўйлаб тегажоқлик қилганини ёзиб, озод аёлларнинг кийимини чўриларникига ўхшамайдиган қилиш буюрилди. Шундан кейин улар таъмагирларга салобатли ва ҳашаматли кўриниши учун ҳамма жойларини бошлари ва юзларини ҳам тўсадиган бўлди” [3:87], деб ёзади.
Домла Икром “Эй пайғамбар, жуфтларингизга, қизларингизга ва мўминларнинг аёлларига айтинг, устларига ёпинчиқларини ўрасинлар!” оятининг маъносини мусулмонлар аёлларини турли бўҳтон қилувчилардан асраши ва уларга азият етишдан сақлашидир, деб таърифлайди. Аёл кишига азият нафақат тегажоқлик қилиш билан, балки сўз билан ҳам етиши мумкин, деб ҳисоблайди. Мутафаккир эркакка сўз билан азият берилганда бу фақат эркакка тегишли иш бўлса, аёлга азият етса, унинг эркак қариндошларига ҳам тегишли ишга айланади, деб уқтиради. Муаллиф аёллар юз ва кафтларини очиб юриши мумкинлиги, қолган бутун танаси эридан бошқалар учун номаҳрам экани, аёлнинг бошқа жойига фақат бемор бўлганида даволаш учун ёки шаҳодат қайтарганида қараш лозимлиги, агар шаҳватдан ўзини тия олса қозига, гувоҳга ёки табибга аёлнинг юзига ва кафтига қарашга рухсат берилганини таъкидлайди [3:88].
Муаллиф аёлларнинг ўраниб юриши ҳақидаги қарашларини баён этар экан, икки тафсир китобини қиёсий таҳлил қилади ва “Ал-Кашшоф” тафсирида юқоридаги оят фақат пайғамбар алайҳиссаломнинг хотинлари учун махсус нозил бўлган деб кўрсатилгани, “Тафсири Аҳмадий”да эса бу оят барча мўмина аёллар учун умумий ҳукм саналишини қайд этади. Домла Икром эркак киши аёлдан зарурат юзасидан бирор нарсани парда ортидан сўраши ҳар икки томоннинг ҳам дилини пок тутишини таъминланишини “Тафсири Аҳмадий”, “Тафсири Имом Абу Жаъфар Муҳаммад ал-Жарир ат-Табарий” ва “Ғаройибул Қуръон” тафсирларига таяниб изоҳлайди [3:90].
Домла Икром бу асарида аёлларнинг ўраниб юриши ҳақида исломий китобларга таяниб маълумот бериш билан чекланиб қолмай, аёл ва эркак орасида вужудга келиши мумкин бўлган ҳолатлар ҳақида “Ҳидоя” китобидан ҳавола келтиради: Агар аёлга шаҳватдан тийила олса, эркакнинг аврат бўлмаган жойларига худди кийим ёки бошқа нарсаларга қараганидек қараши мумкин. “Хунаса китоби”да ёзилгани бўйича аёлнинг бегона эркакка қараши худди эркакнинг бегона аёлга қарагани каби ҳаромдир. Негаки, ўзга жинсдаги одамга қараш маъқул иш эмас. Агар қалбида шаҳват пайдо бўлса ёки хаёлига бундан-да каттароқ ишлар келса, ўша ишларга рағбат ёки озор етса, бунда аёл ўз назарини тийиши мустаҳаб бўлади. Агарда аёлга қараб турган эркак кишида ҳам бу сифатлар пайдо бўлса, демак бу ўша аёлга назар солиш ҳаром эканига ишора бўлади. Агар аёлларда шаҳват кучлилик қилиб буни эркак батаҳқиқ сезса, эркакда ҳам шаҳват қўзғалади ва икки томонлама бўлади ва қабиҳ ишга йўл очилади. Аёл унга қарамаса ва унда шаҳват қўзғалмаса, буни эркак сезади ва шаҳват бир томонлама бўлади. Икки томонлама шаҳват қўзғалиши бир томонламадан кўра ҳаром ишнинг вужудга келиши учун кучли таъсирга эга [3: 91].
Муаллиф аёлларнинг кўчада юриш одоби ҳақида “Шарҳи Саҳиҳи Бухорий” асарига таяниб фикр билдиради. Аёллар кўчага фақат зарур юмуши бўлсагина қоматини намойиш қилмасдан, кенг ва кўримсиз кийим кийган ҳолда чиқиши кераклигини, безаклари кўринмаслиги ва овозини баландлатмаслиги жоиз эканини таъкидлайди [3:92].
Домла Икром аёлларнинг зийнати ҳақида гапирганда манбаларга таянади. Зийнат ҳақида Ибн Аббос ва Ибн Шайбанинг ривоятларидаги ва “Руҳул маъоний” тафсиридаги таърифларни келтиради. Ибн Аббос ва Ибн Шайбанинг ривоятига кўра, “зийнат” – бу сурма, узук, ҳалқа ёки маржонлардир. “Руҳул маъоний” тафсирида эса “зийнат” аёлнинг устидаги нарсаларни ва унинг ўрнини англатади [3:93]. Аёлларнинг зийнати бўлмиш сочини кўчага ёйиб чиқишини қоралайди ва эркак кишининг аёлнинг кўкраги ва унинг атрофига қараши аниқ фитнани келтириб чиқаради, деб ёзади [3:94].
Аёлларнинг овози нозик ва чиройли бўлиши эркак кишида шаҳват уйғотиши мумкинлигини уқтириб, “Аёлдан Қуръонни ўрганишдан кўра, кўр кишидан ўрганган яхшироқдир”, деб таъкидлайди. Пайғамбар алайҳиссаломнинг “Тасбеҳ эркаклар учун, қарсак аёллар учун” (яъни, намозда имом хатога йўл қўйса, эркаклар субҳаналлоҳ деб овоз чиқарган, аёллар эса овоз чиқармасдан қарсак чалган) деган фикрларини келтириб ўтади.
Домла Икром эркакларнинг бегона аёлга қарашини уч турга ажратади. Биринчиси, бегона аёлга нохос кўз тушиши бўлиб, бунда эркак дарров кўзини олиб қочиши шарт қилинганини Қуръони каримнинг Нур сураси 30-ояти (“Аллоҳ буюради: “(Эй Муҳаммад алайҳиссалом), мўъминларга айтинг, кўзларини (номаҳрам аёлга тикишдан) тўссинлар”) ва Исро сурасининг 36-ояти (“Аллоҳ таъоло буюради: “Албатта, (инсонлар қиёмат кунида) қулоқ, кўз ва дил – буларнинг барчаси тўғрисида сўралурлар”) орқали исботлайди. Шунингдек, Муҳаммад пайғамбарнинг: “Эй Али, (бегона аёлларга) икки марта қарама. Негаки, биринчиси ўзингники, иккинчиси ўзингники бўлмайди” деган фикрлари ва Жобирнинг: “Бир куни расулуллоҳ (С.А.В.)дан дафъатан қараш тўғрисида сўрадим. У зот дедилар: “Кўзингни олиб қоч”. Имкон борича биринчи назардан ҳам сақланиш керак. Агар қасддан қарамаса, у кечиримли бўлади”, мазмундаги ривоятини ҳавола сифатида келтиради.
Домла Икром эркакларнинг аёлларга назар солиши мумкин бўлган иккинчи ҳолатни бирор мақсадда, масалан, никоҳ пайти аёлнинг юзи ва қўлига қараш мумкин, деб ёзади [3:95].
Муаллиф учинчи турдаги разм солишни аёлга шаҳват назари билан қараш деб ёзади ва ундан қаттиқ сақланиш лозимлигини уқтиради ва Имом Розийнинг “Тафсири кабир”ида ёзилган Муҳаммад пайғамбарнинг “Кўзлар ҳам зино қилади” иборасини илова сифатида келтиради [3:96].
Домла Икром мусулмон бўлмаган аёллар масаласида “Нодирул фатво” ва “Раддул мухтор” китобига таяниб: “Агар аёл мусулмон бўлмаган озод аёл бўлса, унинг фақатгина юзига қаралади. Аммо бу уларнинг замонида, яъни исломга қадар бўлган даврда эди. Бизнинг ҳозирги замонимизда эса мусулмон бўлмаган ўсмир қизга ҳам қараш ман қилинади. Унга қараш макруҳ, агар шаҳват билан қаралса ҳаромдир” [3:96], деб ёзади. Кўз зиноси барча ёмонликларнинг ибтидоси эканини таъкидлаб, “Захиратул мулук” асаридан қуйидаги ҳаволани келтиради: “Инсон вужудидаги шайтоннинг жуда тез учадиган ўқи бу кўздир. Зеро бошқа барча ҳислар токи, уларга бирор нарса тегмаса, нима гаплигини билмай ўз жойида сокин тураверади. Аммо кўз шундай бир ҳиски, у узоғу яқиндан балою гуноҳларни овлайди.
Мутафаккир кўз зиноси ҳақида турли диний китоблардан ҳаволалар келтириш билан чекланиб қолмай, ундан етадиган зарарларни шеърий тарзда ифодалашга ҳам ҳаракат қилади:
(Мазмуни: Танага етадиган барча офатлар, албатта назардан етади. Сен назарингни яшир гўёки садафдек, шунда балоларга нишон бўлмайсан) [3:97].
Домла Икром аёллар кўчага чиққанда, ўзига ҳаддан зиёд оро бериб, атрофдагиларни ўзига жалб қилмаслиги кераклигини уқтиради. Кўзларига сурма, қўлларига ҳино қўйиши мумкинлигини айтиб, юз ва қўл кафтларидан бошқа барча тана аъзолари ёпиқ бўлиши ўзи учун фойдали бўлишини ёзади ва Нур сурасидан қуйидаги оятни келтиради: “Вал ядрибна бихумриҳинна ъала жуюбиҳинна ва ла юбдийна зийнатаҳунна”, яъни, аёллар рўмоли билан кўкрак ва сийналарини ўрасин, токим сочию бўйинигача ёпилсин, зийнатлари ҳисобланадиган бошу билакларини, сийнаю болдирларини ошкора қилмасин.
Муаллиф китоб сўнгида эркак кишининг ўзига тегишли бўлган аёлни рашк қилиши масаласига ҳам тўхталиб ўтади ва Муҳаммад Пайғамбар (С.А.В.)нинг “Қалби тескари бўлган кишигина рашк қилмайди”, деган ҳадисларини изоҳлашга ҳаракат қилади. Рашк сўзига таъриф бериб, “бу бегона эркакларни аёлларининг ёнига киритмаслик, кўчага изнсиз чиқармасликдир”, деб ёзади. Шайх Аҳмад Румийнинг “Масоликул ахбор” асарида эркак киши ўз аёлини кўчага изнсиз чиқишига йўл қўймаслиги кераклиги, хотин эрининг рухсати билан кўчага чиққанида ўраниб чиқиши лозимлиги, атир сепмаслиги ва йўлнинг серқатнов ёки бозорга олиб борадиган қисмидан юрмаслиги, эрига айтган манзилидан бошқа жойга бормаслиги шарт қилиб қўйилганини кўрсатиб ўтади [3:97].
Хулоса қилиб айтганда, ХХ асрнинг бошида Туркистон минтақасида аёлларнинг ўраниб юришига барҳам бериш учун ҳаракат бошланган бир пайтда Бухоро муфтиси Домла Икром Қуръони карим, Ҳадиси шариф ва кўплаб исломий китобларга асосланиб “Рисолайи форсия дар баёни вужуби сатри нисо” асари орқали бу масалага ўз муносабатини билдирди. Аёлларнинг очиқ юриши исломда қораланишини баён қилиб, ёпиқ кийиниб юриши уларнинг хавфсизлигининг гарови эканини уқтирди. Эркакларнинг аёллар билан муносабатда жуда эҳтиёткор бўлишга даъват этди. Кўриниб турибдики, жамиятда ислоҳотлар амалга оширилишининг тарафдори бўлган Домла Икром ислом анъаналарига содиқ уламо сифатида аёлларнинг зеб-зийнатга бурканиб юриши, ҳаддан ортиқ бўяниши ва қадди-қоматини кўз-кўз қиладиган кийимлар кийишига қарши бўлган. Аёлларнинг ўраниб юриши қуллик белгиси эмас, балки озодлиги белгиси эканини исботлашга ҳаракат қилган.
- С.Айний. Бухоро инқилоби тарихи учун материаллар. Москва: СССР халқларининг марказий нашриёти, 1926.
- ЎзРМДА, И-3 фонд, 2-рўйхат, 215-йиғмажилд.
- Рисолайи форсия дар баёни вужуби сатри нисо. (Аёлларнинг ўраниб юришининг вожиб эканлиги тўғрисида форсча рисола). Янги Бухоро. 1912.
-
Жилбоб – турли хил матодан тикиладиган, бошдан оёқгача танани ёпадиган устки кийим. Милҳафа ҳам дейилиб, кўйлак ёки бошқа кийимларнинг устидан ўралади.
-
Қамис – узун кўйлак.