Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / МАРКАЗНИНГ ХОРИЖДАН ҚАЙТГАН ТАДҚИҚОТЧИСИ ТАЖРИБАСИ БИЛАН ЎРТОҚЛАШДИ

МАРКАЗНИНГ ХОРИЖДАН ҚАЙТГАН ТАДҚИҚОТЧИСИ ТАЖРИБАСИ БИЛАН ЎРТОҚЛАШДИ

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида «Оксфорд ислом тадқиқотлари марказида илмий изланиш: тажриба ва ютуқлар» мавзусида анъанавий ва онлайн семинар ташкил этилди.

Марказ раҳбарияти ва илмий ходимлари, Республика Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳамда вазирлик қошидаги Илм-фанни молиялаштириш ва инновацияни қўллаб-қувватлаш фонди мутасаддилари, турдош марказлар вакиллари, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ва Самарқанд давлат чет тиллар институти олимлари ҳамда мустақил тадқиқотчилар иштирок этган семинарда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази Зиёрат туризмини ривожлантириш илмий бўлими бошлиғи, Буюк Британиядаги Оксфорд ислом тадқиқотлари маркази (OCIS) тадқиқотчиси Барот Амонов маъруза қилди.

Тадқиқотчи маърузасида сўнги беш ой давомида Буюк Британиядаги Оксфорд ислом тадқиқотлари марказида олиб борган илмий изланишларининг аҳамияти, хорижда стажировка ўташ учун юртимизда яратилган имкониятлар, чет элда ўтказилган амалиётнинг истиқболда илмий ютуқларга эришишдаги ўрни ҳақида сўз юритди.

Аввал хабар қилганимиздек, Амонов Барот Муродович Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан ёш олимларни етакчи хорижий илмий ташкилотлар (марказлар, университетлар ва бошқалар)га қисқа муддатли илмий стажировкаларга юбориш бўйича эълон қилинган танловда ғолиб чиқиб, Оксфорд ислом тадқиқотлари марказида илмий сафарда бўлиб қайтди. Сафар давомида ёш олим у ерда ташкил этилган маърузалар, семинарлар, амалий машғулотлар, конференциялар, кўргазмалар ва бошқа академик тадбирларда иштирок этиш баробарида Оксфорд кутубхонаси, жамоанинг илмий салоҳияти, тадқиқотлар учун яратилган шароитлардан унумли фойдаланиб, ўзининг “Саҳиҳул Бухорийга ҳанафий мазҳаби асосида ёзилган шарҳлар таҳлили (Умдатул Қорий асари мисолида)” мавзусидаги илмий иши устида муттасил иш олиб борди ва шу мавзу ҳамда Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар самаралари ҳақида Оксфорд илмий жамоаси, профессор-ўқитувчилари, АҚШ, Австралия, Малайзия, Босния, Германия, Туркия, Хитой, Ҳиндистон ва Покистондан келган тадқиқотчилар олдида чиқишлар қилди. Бундан ташқари маҳаллий журналда илмий иш мавзусига монанд 3 та, хорижий журналда 1 та мақола чоп эттириб, 3 та халқаро конференцияда муваффақиятли иштирок этди. Илмий изланишларини Оксфорддан ташқари Британия кутубхонаси, Британия музейи, Кембриж университети кутубхонаси, Бирмингем университети кутубхоналарида олиб бориб, Имом Бухорийнинг “Саҳиҳул Бухорий” асарига оид мавжуд жами 38 дона қадимий қўлёзмаларини ўрганди.

Амонов шунингдек, Буюк Британиядаги “Ал-Фурқон” ислом мероси фонди, Лондон ислом маданияти маркази, Оксфорд ислом тадқиқотлари маркази ва Кембриж Марказий Осиё форуми (CCAF-Cambridge Central Asia Forum)да Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан нашр этилган китоблар тақдимотларини ўтказди.

Сафар якунида тадқиқотчи “Саҳиҳул Бухорий”нинг Бодлиан кутубхонасида сақланаётган XIII ва XIV асрга оид қўлёзмаларнинг тўлиқ электрон нусхаларини олиб қайтди.

Семинарда Барот Амонов илмий сафарининг барча босқичлари ҳақида батафсил тўхталди. Йиғилганларни танловда иштирок этиш учун қўйилган талаблар ҳамда танлов шартлари, шунингдек, хорижда илмий амалиёт ўташ учун яратилган шароитлар айниқса кўпроқ қизиқтирди.

Семинар савол-жавоб ва муҳокамаларга бой бўлди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Мағрур ҳилпирайвер, юртим байроғи!

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида 18 ноябрь куни ходимлар иштирокида Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул …