Home / МАҚОЛАЛАР / Ислом – энг мукаммал дин

Ислом – энг мукаммал дин

Исломнинг маъноларидан яна бири – тинчлик. У ҳолда оятнинг маъноси, « тинчликка тўлалигича киринг», дегани бўлади. Исломда тинчлик инсон қалбининг тинчлигидан бошланади. Сўнгра қалбдаги бу тинчлик оилага ўтади. Ислом оила тинчлиги учун зарур бўлган барча чораларни ишга солади. Оилалардаги тинчлик қўни–қўшни, қариндош–уруғлар орасига кўчади. Исломда қўни-қўшни, қариндош-уруғлар билан тинч яшаш йўл-йўриқлари батафсил кўрсатиб қўйилган. Сўнгра бу тинчлик жамиятга ўтади. Ҳар бир жамият ўзаро тинчликда яшаши учун нималар қилиши лозимлиги ҳам Исломда белгилаб қўйилган. Давлат миқёсида тинч яшашга эса, қалби тинч, оиласи тинч, қўни-қўшни, қариндош-уруҳи тинч бўлганда эришилади.

Ислом дини дунёдаги динлар ичида энг мукаммал диндир. Ушбу дин инсонларнинг меҳр-мурувватли, ўзаро ҳурматли, бир-бирларига нисбатан оқибатли бўлишга тарғиб қиладиган диндир. Унда Аллоҳ тарафидан берилган ҳар бир неъматнинг қадрига етишга, асраб авайлашга, неъматларга нисбатан ношукрчилик қилмасликка тарғиб қилади.

Лекин шундай бир кимсалар борки бугун ўзларининг манфур ишларини амалга оширишда ислом динидан фойдаланаётгани ҳеч кимга сир бўлмай қолди. Дунё оммавий ахборот воситаларида ислом дини хақида гап кетса кимларнингдир манфаати учун ишлаётган, ислом динидаги қуръон оятлари, Пайғамбар (с.а.в.)нинг ҳадисларига мутлақо зид иш тутадиган, қўлига қурол олиб бегуноҳ инсонларнинг ҳаётига зомин бўлаётган террористлар кўрсатиладиган бўлиб қолди.

Авваллари террорист деганда бирор самолиётни ёки бирор иншоотда одамларни гаровга олиб турган бир гуруҳ қотиллар тушинилар эди. Эндиликда эса бундай ёвуз кучлар бутун бир давлатнинг пароканда қилиш даражасигача етиб келди. Айнан ўшалар ислом давлати ташкил қилиш давоси билан бугунги кунда мусулмонни қонини тўкиб молига тажовуз қилишмоқда. Улар барпо қилаётган ислом давлатини пойдевори талончилик, бузғунчилик, қотиллик ва норасида гўдакларни дарё-дарё кўз ёшларидан  иборат бўлиб қолаётганлигини наҳот сезишмаётган бўлса?

Ахир ислом тинчлик-осойишталик дини эмасми? Ислом дини нафақат мусулмонга балки зарари тегмайдиган кофирнинг ҳам на молига ва на жонига таҳдид солмасликка чорлайди. Мусулмон инсон кенг фикрли узоқни кўра биладиган бўлиши лозим. Ҳар-бир қилаётган иши ортида мусулмон оммасининг тақдири ётганлигини унутмаслиги керак.

Мусулмон киши урушни орзу қилмасдан, тинчлик тарафдори бўлиши зарур. Мусо ибн Уқбадан ривоят қилинади: Абдуллоҳ ибн Абу Авфонинг Умар ибн Абдулазизга йўллаган мактубини унинг котиби Солим ўқиб берди. Мактубда: “Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Душман билан тўқнашишни орзу қилманглар, Аллоҳдан офият тиланглар!”, дедилар”, деб ёзилган экан.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким тили билан қалб жароҳатига малҳам бўлса, унга қиёматгача бунинг ажри келиб туради ва қиёматда янада мукаммалроқ ажр олади», – дедилар». Мусулмон бировларга азият бериб эмас меҳр кўрсатиб яшайди.

Улуғбек Бекязов
Ҳазорасп тумани “Абдукарим шайх бобо” масжиди имом-хатиби

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …