Тасаввуф тадрижий тараққиётга эга таълимот бўлиб, ислом оламида VIII асрнинг ўрталарида пайдо бўлган. Дастлаб у зоҳидлик ҳаракати кўринишида куртак ёяди. Гап шундаки, ҳазрати Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан кейин мусулмонлар орасида бўлиниш юз беради, айниқса, халифа Усмон замонида бойликка ружу қўйиш, қариндош-уруғлар, яқин дўст-биродарларни қимматбаҳо туҳфалар билан сийлаш расм бўлади. Уммавийлар халифалиги даврига келиб эса, сарой ҳашамлари, дабдабали безаклар, олтин-кумушга берилиш, хазина тўплаш авж олди. Яъни, диний машғулотлар, тоат-ибодат ўрнини дунёвий ишлар, дунё молига муҳаббат эгаллай бошлади. Бу ҳол диний амрларни адо этишни ҳар қандай дунёвий ишлар, бойликлардан устун қўйган эътиқодли кишиларнинг норозилигига сабаб бўлди. Улар орасида ҳадис тўпловчи муҳаддислар, илгаридан қашшоқ бўлиб, уй-жой, мол-мулкка эътибор қилмаган саҳобалар ҳам бор эди. Бу ҳолат Хожа Аҳмад Яссавийнинг дунёқарашини шакллантирган маънавий илдизлардан бирини ташкил қилади. Чунки, унинг муҳим ва ибратли хусусиятларидан бири ўз-ўзига танқидий қарай олиши, ўзига муросасизлигидир.
Яқин ва Ўрта Шарқ мамлакатларида кенг тарқалган тариқат ва сулукларнинг умумий ва муштарак хусусияти Аллоҳ васлига етишга, ислом динига, Қуръон ва шариат қонун-қоидаларига амал қилишга даъват этишдир. Баҳоуддин Нақшбанднинг пири ҳазрат Мир Кулолнинг таъкидлашича: «Тариқат шариатни муҳофаза этувчи илоҳий амалдир».
Аҳмад Яссавий ўзининг диний-фалсафий қарашларида Қуръон ва шариатга асосланган. Таниқли олим И.Султон Аҳмад Яссавий таълимотининг асосий жиҳатлари ҳақида: «Тўрт мавзу, яна ҳам тўғрироғи, тўрт мақсад Яссавий меросининг асосини ташкил этади. Бу мутафаккирнинг биринчи мақсади –одамларни Аллоҳни танишга, унинг яқини бўлишга даъват этишдир. Иккинчиси – дунёдаги гуноҳни, айниқса, адолатсизликни қоралаш, учинчиси – адолатсизлик қурбони бўлган инсонни ҳимоя қилиш ва адолатга даъват этишдир. Тўртинчи мақсади – бу дунёнинг доғларини инсонга юқтирмаслик учун, унинг гуноҳларидан инсоннинг тозалигини сақлаш йўли ёки воситаси сифатида бу дунёдан нари туришга, яъни таркидунёчиликка даъват этишдир. Яссавий ижодининг бошқа ғоялари ҳам шу тўрт мавзу, мақсад доирасидан узоққа кетмайди», деб ёзади [1:6].
Аҳмад Яссавий нуқтаи назарига кўра, айёрлик, гуноҳларни яшириш ўзгаларга хиёнат ҳисобланади. Бу фикри билан Хожа Аҳмад Яссавий ростгўйлик, ҳалоллик, ўз-ўзига талабчанликни тарғиб қилади. У: “Инсонни энг оғир гуноҳлари учун ҳатто тоғу тошлар ҳам лаънатлайди”, дейди. Бу эса гуноҳ қилишдан, ноқонуний ишларни бажаришдан, жамият аъзоларининг нафратига қолишдан сақланишга даъватдир.
Шунинг учун хам Аҳмад Яссавий: «Ишқ йўлида жон берганнинг армони йўқ», дер экан [2:106], инсон маънавий-руҳий тозаланиш учун машаққатларга бардош бериши, ҳалолликка, покликка интилиши лозимлигини қуйидаги ҳикматлар орқали ифодалайди:
Бу билан у, заҳмат чеккан одам сабрли, бардошли, иродали бўлади, деган фикрни илгари суради. Ҳушёрлик шахсни фаол ҳаракат қилишга ундайди. Хожа Аҳмад Яссавийнинг ҳикматлари ўқувчи шахсини ҳушёрликка, фаол ҳаракатланишга, фитналардан, фисқу фасод ишлардан ўзини олиб қочишга ундайди. Шунинг учун ҳам таълим-тарбия жараёнида улардан кенг фойдаланиш мақсадга мувофиқ ҳисобланади.
Чунончи:
Яссавий «Ғарқоб бўлиб исён ичра қолдим мано» деганда инсонни ҳақиқат йўлида «нафс»дан қутулишга, ўз нафсининг қули бўлиб қолмасликка, атрофдаги ёмон қарашларнинг таъсирига берилмасликка чақиради. Бу эса ўқувчилар ва талабаларни турли экстремистик оқимларнинг таъсиридан сақлаб қолишга даъват қилувчи қимматли ҳикматдир.
У ёмонлик, нодонлик, жаҳолат, молпарастлик, мансабпарастлик иллатларига қарши тура олишга чақиради. Жамият аъзоларининг манфаатларини писанд қилмай мол-дунё тўплашга, мансабга интилаётган айрим кишилар учун бу ҳикматларнинг тарбиявий аҳамияти беқиёсдир.
Яссавий ўз шеърларига ҳадисларни сингдириб, уларни ҳикматга айлантирди. Яссавия тариқати жаҳрия зикрига айланган «Ғиёсул луғот»да «Жаҳр – ошкор кардан ва овоз баланд кардан дар хондан», яъни ошкор қилмоқ ва баланд товуш билан ўқимоқдир, деб айтилган. Худди шу фикр «Девони ҳикмат»да ёзилган:
Бу мисралар жаҳрия зикрига ишорадир. Хожа Аҳмад Яссавий ўзининг бутун ҳаётини ҳикматлар ёзиш билан бир қаторда, қўл меҳнатига ҳам бағишлаган. У чивиқдан сузгич тўқиш, ёғочдан қошиқ ва чўмич ясаб сотиш билан тирикчилик қилган [3:34]. Шунингдек, ўзининг шогирдларига ҳам илм олиш билан бирга, касб-ҳунар эгаллаб, ҳунарининг орқасидан кун кўриши лозимлигини уқтирган.
Аҳмад Яссавийнинг «Девони ҳикмат» асари тўрт боб: «Дарёи шариат», «Роҳи тариқат», «Қулзуми ҳақиқат», «Дарёи раҳмат»дан иборат.
Шуни таъкидлаш жоизки, Аҳмад Яссавийнинг дунёқараши борасида қизил империя давридаги исломшунослар у билан нақшбандия тариқатини бир-бирига зид қўйиб: “Яссавийда таркидунёчилик, гўшанишинлик устун бўлиб, нақшбандияда эса қўл меҳнат билан, дил Аллоҳ билан банд, яъни дунёни тарк этмай яшаш”, деб талқин қилинган. Эмишки, Яссавияда тиланчилик қилиш мумкин, Нақшбандия эса бунга қарши курашган. Бундай фикр нотўғри. Яссавия тариқатида ҳам меҳнат қилиш фарз, текинхўрлик гуноҳ саналган. Бу борада Хожа Аҳмад Яссавий бундай фикрни келтиради: «Шайх улдурким, ниёз олса уни мискин, ғариб, бечора, етим-есирларга берган. Агар бу нарзу ниёзни еса, гўё мурдор эт емишини тановул қилган бўлур» [2:8]. Бугунги кунда етим-есирларнинг ҳаққига хиёнат қилаётганлар учун бу ҳикматлар катта ибратдир.
Аҳмад Яссавий, Жалолиддин Румий ва Мирзо Бедил ҳам бошқа Шарқ мутафаккирлари каби зулм ва золимликнинг илдизи ҳақида кўп ўйлаган, бунинг сабаблари ва бартараф этиш чораларини қидирган. Аммо уларнинг бирортасида табақани табақага, синфни синфга қарама-қарши қўйиш бўлмаган. Улар синфий курашга чақириш – бу зулмга қарши зулмни қўллаш бўлишини яхши биларди. Бир синфни ҳукмронликдан четлаштирган иккинчи синф ўзи истаса-истамаса зулмкорга, яъни эксплуататорга айланади. Қолаверса, чуқурроқ олиб қарайдиган бўлсак, синфий кураш замирида тўлиқ маънодаги ижтимоий адолат ғояси ётмайди. Бу аслида ижтимоий гуруҳларнинг нафс учун талашишидир. Яъни, табиатдаги машҳур, “ким зўр бўлса, ўша яшайди” деган қонунга амал қилишдир. Тасаввуф бу қонунни рад этади. Уни ғайриинсоний деб ҳисоблайди. Чунки бу зўрлик устига зўрлик, қатл устига қатл, зулм устига зулм олиб келади. Одамларда ҳасад, ғазаб ва қасос каби салбий туйғуларни ривожлантиради. Натижада чин одамийлик ҳислари сўниб боради, инсоннинг Аллоҳ томон ҳаракати тўхтайди, камолот сусаяди.
Табиат қонунларини бутунлай рад этиб бўлмайди, аммо у билан чегараланиш, унинг домига тушиб қолиш ҳам инсон учун хавфли. Инсоннинг ўз одамийлик қонунлари ҳам борки, у шунга кўпроқ амал қилиши керак. Бугунги кунда дин номидан иш кўраётган ақидапарастларни ҳам ҳирсу нафс гирдобига гирифтор бўлган кишилар деб айтамиз. Зеро, улар қилаётган бедодликлар, зулму ситам ҳеч бир дину диёнатга тўғри келмайди. Меҳру шафқат бу кимсаларнинг дилини мутлақо тарк этган. Улар ўз мақсадлари йўлида ҳатто қавму қариндош, ота-онасини нобуд қилишгача бориб етмоқда. Ваҳоланки, улуғ шайхларимиз ҳатто чумолига ҳам озор берма, кофир бўлса ҳам раҳм қил, деб таълим берган. Хожа Аҳмад Яссавий ёзади:
Ҳа, дилозордан Худо безор! У ким бўлмасин, қандай мазҳаб ёки динда бўлмасин, агар зулм-ситам қилса, одамларнинг жонига қасд қилса, ундай киши ҳаргиз чин инсон эмас.
Ҳадисларни равон шеърий тилга кўчириб, туркий тилда сўзлашувчи халқлар орасига ёйиш Аҳмад Яссавийнинг буюк хизмати ҳисобланади. Аллоҳ таолонинг таълимини, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўгитларини туркий тилда ёйиш Яссавия тариқатининг мақсадларидан бўлган. Шуниси алоҳида диққатга сазоворки, Нақшбандия таълимоти форс-тожик тилида, Яссавия таълимоти туркий-ўзбек тилида яратилган. Шунинг учун ҳам Яссавия таълимотини ўзида мужассамлаштирган ҳикматларни ўзбек ўқувчиси тўғридан-тўғри англаб, онгига сингдира олади.
-
И.Султон. Баҳоуддин Нақшбанд абадияти. –Т.: Фан, 1994.
-
Аҳмад Яссавий. Девони ҳикмат. –Т.: Ғ.Ғулом номидаги нашриёт матбаа бирлашмаси, 1992.
-
З.Ф.Миртурсунов. Ўзбек халқ педогогикаси. –Т.: 1973.