Home / МАҚОЛАЛАР / ҲАЛОЛЛИК – ТИНЧЛИК ВА ХОТИРЖАМЛИК АСОСИ

ҲАЛОЛЛИК – ТИНЧЛИК ВА ХОТИРЖАМЛИК АСОСИ

Ҳалоллик одамлар орасидаги ижобий муносабат асосидир. Ҳалол луқма ва меҳнат билан топилган мол-мулк инсон қалбида хотиржамлик, сокинлик уйғотади ва ўзгаларга нисбатан холис, эзгу ният билан муносабатда бўлишга олиб келади. Инсон ҳалол меҳнат қилиб, ишлаб чиқариш ривожланишига ёрдам беради ва халқнинг фаровон, бахтли яшашига кўмаклашади. Ҳаром луқма эса салбий қувватлар манбаи бўлиб, жамиятда ўзаро ишончсизликка, низоларга сабаб бўлади.

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига Мурожаатномасида “ҳалоллик вакцина”си билан эмлаш орқали жамиятимизда ҳалол турмуш тарзини барқарор шакллантириш масаласини кўтариб, буни зиёлилар олдига вазифа қилиб қўйди. Бунинг учун “ҳалол” ва “ҳаром” тушунчаларини тўғри англашда одамларга ёрдам бериш лозим. Болаларга ҳалолни билиш ва унга амал қилишни жуда эрта ўргатиш керак бўлади. Бу масалада нақшбандия асосчиси Баҳоуддин Нақшбанд (1318-1389)нинг ҳаёт йўлини, пурмаъно ҳикматли сўзларини ўрганиш ва тарғиб этишнинг аҳамияти катта.

“Ҳалол” араб тилидан олинган сўз бўлиб рухсат этилган, йўл қўйилган, қонуний, асосли, виждонга мувофиқ маъноларини англатади [1:641]. Ҳадиси шарифда: “Ҳалол очиқ-ойдиндир”, дейилган. Ҳалол деганда, ҳалоллиги очиқ-ойдин кўриниб турган сув, сут, мева, мева шарбатлари, нон, полиз экинлари, басмала айтиб сўйилган ҳайвонларнинг гўштидан пиширилган таомлар, рухсат берилган кийимлар ва никоҳга олинган шахслар тушунилади. Меҳнат билан топилган бойлик, икки томоннинг розилигида амалга оширилган тижорат туфайли қўлга киритилган мулк ва ҳадя ҳам ҳалол бўлади. Ҳар бир одам учун ҳалол нарсани талаб қилиш ва шундай молу мулк топиш фарздир. Барча нарсани ҳалол йўл билан топиб фойдаланиш керак. Масалан, нон ҳалол бўлса-да, ҳаром йўл билан топилса, пок ҳисобланмайди.

Абул Муҳсин Муҳаммад Боқир ибн Муҳаммад Али қаламига мансуб “Мақомоти Хожа Баҳоуддин Нақшбанд” китобида Баҳоуддин Нақшбанднинг биринчи халифаси Алоуддин Атторнинг бундай нақли келтирилган: “Ҳазрати Эшоннинг қадамлари суннатга тобе бўлишда мустаҳкам эди. Ҳалолга интилиш ва шубҳали нарсалардан қочишни, айниқса, ҳалол луқмани таъкидлаб гапирарди. Суҳбатида доимо қуйидаги ҳадис ўтар эди: “Ибодат – ўн қисм, тўққиз қисми ҳалолни қидириш, бир қисми бошқа ибодатлардир” [2:83].

Бу ҳикматли сўзларнинг маъносини англаш халқимизга ҳалол тушунчасини тушунтиришда яхши асос бўлади. Шогирдлар билан суҳбатларда бу ҳадиснинг кўп такрорланиши ҳалол тушунчаси жуда кенг маънода тушунилганидан далолатдир. Чунки, инсон ҳаёти давомида ҳалолни истаб, қидириб қилган барча амал ва меҳнати ҳалол бўлиб, фарз қилинган бошқа ибодатлар унинг ўндан бир қисмидир. Баҳоуддин Нақшбанд инсон фарз амалларини бажариб, ҳалоллик билан нон топиш учун меҳнат қилмай, бошқаларнинг топганига шерик бўлиб, уларга юк бўлса, ундай инсоннинг амалларини ҳалол ҳисобламаган. Ҳалол инсон, унинг фикрича, ўзи, оиласи, қарамоғидаги қариндош-уруғини ҳалол меҳнат билан боқиши ва муҳтожларга мурувват қўлини чўзиб, оғирини енгил қилишга интилиши лозим. У ибодат учун оила аҳлини, ота-онасини ўйламаган инсонни қоралаган.

Нақшбандия таълимотининг асосий ғояси – “Дил ба Ёру даст ба кор”. У инсонни мукаммал ҳаракатга ундайди. Ғоя асосида инсон доимо ҳалол меҳнат қилиши, яъни барча имкониятлардан эзгулик йўлида фойдаланиши лозимлиги ётади. “Даст ба кор”лик шундай ҳаракатни тақозо этадики, у холис, Аллоҳ ризоси учун, розилик ва мамнуният билан қилинган бўлсин. Бундай меҳнат “Дил ба Ёр”лик натижасида вужудга келади. Бу тариқат аҳли ҳалол меҳнат қилиб, оила, маҳалла ва эл-юрт учун фойда келтирган, халқ фаровон яшаши учун имконияти даражасида ҳаракат қилган. Ҳар бир инсон “Дил ба Ёру даст ба кор” ғоясининг моҳиятини англаса ва халқ орасида тарғиб этса, Ўзбекистонимизда моддий ва маънавий юксалиш бўлишига ёрдам берган бўлар эди.

Алоуддин Атторнинг асаридан маълумки, Баҳоуддин Нақшбанд ҳар йили арпа ва мош эккан ва ўзи ишлов берган. Ҳўкизлари бўлган ва уларга ҳам ўзи қараган. Таоми ўзининг зироатидан ҳосил бўлган. Суҳбатига келган уламо ва акобирлар таомини табаррук деб еган.

Баҳоуддинга касби учун Нақшбанд деган шарафли ном берилган. Манбаларда ёзилишича, у бундай деган экан: “Отам иккимиз кимхоббофлик касби билан машғул эдик” [2:35]. Демак, Баҳоуддин Нақшбанд отаси билан бирга ўша даврда Бухорода тайёрланадиган ва чет элларда машҳур энг сара мато – кимхобга нақш боғлаш ҳунари билан машғул бўлган ва ризқини ҳалол топган. Шу касби туфайли ва ҳалол меҳнати натижасида энг гўзал нақш барча мавжудотларнинг зоҳирида Аллоҳнинг тажаллийсини кўрган ва Аллоҳни қалбда нақшлашни ўрганиб, бошқаларга ҳам ўргатиб, Шоҳ Нақшбанд номи билан машҳур бўлган. Жаҳоншумул нақшбандийлик тариқати ҳам Баҳоуддиннинг шу номидан олинган.

Баҳоуддин Нақшбанд ғарибона яшар эди. Уйида хизматкор бўлмаган. “Нега ёлламайсиз?”, деб сўралганида: “Қуллик хўжайинлик билан мос келмайди!”, деб жавоб берган. Манбаларда бу табаррук инсон айтган қуйидаги икки байтни кўрамиз:

На маро мафрашу на мафрашкаш,
На ғуломони турку тиркашкаш.
Ҳама шаб чун сагони каҳдони,
Сар ба дум оварам ба жисми хуш. [2:85]
(Менда на гилам бору на гиламни тозаловчи,
На турк ғуломию на суянадиган киши.
Бошини думига қўйган итлар каби
Тун бўйи бутун жисмим хуш.)

Бу мисралардан кўринадики, Баҳоуддин, биринчидан, мол-мулк жамлашга меҳр қўймаган. Фақат эҳтиёжи учун керакли нарсаларни сақлаган ва шуларга қаноат қилган. Шунинг учун ҳам хизматкорга муҳтож бўлмаган. Ҳақиқий бандалик мақомида бўлиб, яъни Аллоҳгагина бўйсуниб, Аллоҳнинг бошқа яратганларига муҳаббат билан қараб, Аллоҳга таваккал қилиб, кунларни ибодат билан ўтказган. Унинг “Бирорта инсонни қул қилиш, хизматкор қилиш мумкин эмас”, деган ғояси инсонпарварлик руҳида бўлиб, инсон қадрини улуғлайди. Ҳар бир инсон бунга амал қилиши, яъни мол-мулкка муҳаббат қўймаслиги ва бошқаларни ҳам ҳалол меҳнатга қаноат қилиб яшашга ундаши жамиятнинг маънавий юксалишига олиб келади.

Халқ фаровонлигида ҳалолликнинг ўрни катта эканини тарғиб этишда Баҳоуддин Нақшбанднинг ҳаётидан мисоллар келтириш керак. Баҳоуддин Нақшбанд ҳалолликка алоҳида эътибор берган. Вужуднинг барча имкониятларидан эзгулик, ҳалоллик йўлида фойдаланиш учун унда ҳалолу пок ва ижобий қувватлар жамланиши лозимлигини ҳис қилган ва кўра олган.

Баҳоуддин Нақшбанднинг таълимоти тадқиқ этилганда, инсоннинг ҳолати ботиний қувватларнинг сифатига боғлиқ экани кўринади. Инсон ўз меҳнати билан ҳалол топган нарсасини шукроналик билан истеъмол қилганида, ичидаги қувватда сифат яхшиланиб, у ижобий томонга ўзгаради. Яхши сифатлар таъсирида ижобий ният, ижобий фикр ва ҳиссиётлар пайдо бўлади. Бу қувват инсоннинг ижобий амалларга ғайрат ва иштиёқини оширади. Ғазаб, нафрат, ишёқмаслик, ғафлат билан пиширилган нарсалар эса инсон ботинида ўзига уйғун салбий ҳолатларни ҳосил қилиб, салбий ўй-хаёлларни вужудга келтиради. Улар оқибатида иштиёқсизлик ва ғайратсизлик пайдо бўлади. Айниқса ғафлат ҳолати инсонни тубанлик ва таназзулга етаклайди.

1909 йилда Нобель мукофотига сазовор бўлган физик, химик ва файласуф олим Вильгельм Оствальд энергетизм назариясини асослади. 1908 йилда “Натурфилософия” монографиясини чоп этган бу олим энергетизм назариясида қувватни вақт ва маконда мавжуд энг умумий субстанция деб қараган. Унинг фикрича, моддий оламдаги барча нарсалар турли қувватлар бирлашувининг натижасидир. Бу таълимотга асосланадиган бўлсак, инсоннинг жисми турли қувватлардан ташкил топган. Яхши ният қилиш, ҳалол луқма истеъмоли, ҳалол либос, ҳалол макон, ҳалол ҳамсуҳбат ижобий энергия манбаи бўлиб, инсон вужудини ижобий қувват билан тўлдиради. Чунки ҳалол ризқ ҳалол меҳнат асосида вужудга келади. Ҳаром луқма эса ҳаром йўллар билан ҳосил этилгани сабабли ғазаб, нафрат, жаҳл каби салбий қувватларга тўла бўлади. Ижобий қувват фазилат, салбий қувват иллат пайдо қилади. Энергетизм таълимоти валийларнинг камолотида ҳалол луқма ижобий таъсирга эга эканини исботловчи илмий асосдир.

Майкл Хартнинг тарихдаги энг буюк 100 инсон ҳақидаги асарида ёзилишича, буюклардан буюк Муҳаммад (С.А.В.)дан кейин иккинчи ўринда турган машҳур олим Исаак Ньютондир. У бутун олам тортишиш қонуни асосида ижобий қувватлар ижобийликни, салбий қувватлар салбийликни тортишини илмий далиллар асосида исботлаган. Ҳалоллик розилик туфайли вужудга келгани учун ижобий, ҳалол ризқ барака манбаидир. Яхши тупроққа яхши уруғ сепилганда баракали ҳосил унгани каби ҳалол амаллар натижасида фаровон ҳаёт вужудга келади. Ронда Берн бу қонуниятларни таҳлил қилиб, Ньютоннинг фикрлари асосли эканини ёзган [3:192].

Соф турмуш тарзини жорий этишда Баҳоуддин Нақшбанднинг ҳаёти ва унинг ҳалолликка оид фикрларидан фойдаланиш катта самара беради. Нақшбанд ва бошқа валийларнинг ҳаётини ибрат қилиб кўрсатиш ёшларга ижобий таъсир қилади.

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:
  1. Ислом. Энциклопедия: А – Ҳ / Шайх Абдулазиз Мансур таҳрири И-80 остида. – Т.: “Ўзбекистон миллий энциклопедияси” Давлат илмий нашриёти, 2017.
  2. Абул Муҳсин Муҳаммад Боқир ибн Муҳаммад Али. Мақомоти Хожа Баҳоуддин Нақшбанд. / Форсийдан таржимон, сўз боши, изоҳ ва луғат муаллифи Маҳмуд Ҳасаний. –Т.: Oʻzbekiston НМИУ, 2019.
  3. Ронда Берн: тарж: М. Убайдуллаева. –Куч. –Т.: DAVR PRESS НМУ, 2018.
Гулчеҳра НАВРЎЗОВА,
Бухоро муҳандислик-технология институти
Ижтимоий фанлар кафедраси профессори,
фалсафа фанлари доктори Dr.Sc.

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …