Home / МАҚОЛАЛАР / ЎРТА АСРЛАРДАГИ ИСЛОМ МАДАНИЯТИДА ИНТЕЛЛЕКТУАЛ ТАРАҚҚИЁТНИНГ ВУЖУДГА КЕЛИШИДА ВОРИСИЙЛИК АНЪАНАЛАРИ: ТАДҚИҚОТЛАР ТАҲЛИЛИ

ЎРТА АСРЛАРДАГИ ИСЛОМ МАДАНИЯТИДА ИНТЕЛЛЕКТУАЛ ТАРАҚҚИЁТНИНГ ВУЖУДГА КЕЛИШИДА ВОРИСИЙЛИК АНЪАНАЛАРИ: ТАДҚИҚОТЛАР ТАҲЛИЛИ

Ўзбекистон янги тараққиёт босқичига қадам қўйиб, барча соҳаларда ўзгаришлар рўй бераётган бугунги кунда илм-фанга янгича ёндашувларни олиб кириш долзарб вазифага айланди. Шу боис ҳар бир фанда фундаментал тадқиқотлар олиб бориш, янгича хулосаларни шакллантириш муҳим аҳамият касб этмоқда.

Ислом дини ва фалсафасига доир тадқиқотларни чуқурлаштириш, араб-мусулмон цивилизациясига бугунги кун нуқтаи назаридан ёндашиш керак. Шунинг учун ҳам фалсафа тарихига доир тадқиқотларни кенгайтириш, унда ислом маданияти ва фалсафасида илмий-интеллектуал фаолият ривожланишига оид изланишларнинг мантиқий изчиллигини таъминлаш зарур. Бу орқали бугунги кунда исломнинг асл инсонпарварлик моҳиятини, илмни қадрловчи жиҳатларини очиб бериш мумкин бўлади. Зеро, Президентимиз айтганидек: “Бугунги кунда бутун инсоният ҳаётига таҳдид солаётган хавф-хатарларга қарши, жаҳолатга қарши – маърифат асосида курашиш, динимиз поклигини сақлаш бўйича мамлакатимиз томонидан нуфузли халқаро минбарлардан қатор амалий ташаббуслар илгари сурилмоқда. Хусусан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси сессиясида “Маърифат ва диний бағрикенглик” деган ном билан махсус резолюция қабул қилиш ҳақида билдирилган таклифимиз жаҳон миқёсида кенг қўллаб-қувватланмоқда” [1:482]. Бундай ислоҳотларни жадаллаштириш, илмий тадқиқотларни кўпайтириш, илм-фанни ривожлантириш, умуман олганда, жамиятнинг маърифатлилик даражасини ошириш орқали жаҳолатга қарши самарали курашиш мумкин бўлади.

Ғарб ва Шарқ олимлари, шарқшунослари ислом фалсафасининг Европа фалсафаси ва христиан илоҳиёти, ҳинд ва форс маданий мероси билан бевосита ёки билвосита алоқаси борлигини эътироф этади. Ўрта асрларга тегишли илмий манбаларда ҳам бу аргумент тўла исботланган. Ислом фалсафаси сурияликлар, араблар, эронликлар, туркий халқлар, барбарлар ва бошқа миллат вакилларининг дунёқараши ва асарлари асосидаги мураккаб фикрий жараённинг ҳосиласидир. Лондон империал коллежи профессори Рим Туркманийнинг фикрича: “Ислом тамаддуни фақат қадимги юнон фалсафасинигина сақлаб қолгани йўқ. Мусулмонлар инсониятнинг асрлар давомида тўплаган интеллектуал-илмий меросини тўлиқ эгаллаб, нафақат астрономия ва математика, балки бошқа барча билимларни ҳам ўзлаштирди ва башариятни мутлақо янги илмий даражага олиб чиқди. Араблар ғоятда қизиқувчан, изланувчан одамлар эди. Таржимонлик ҳаракатининг дастлабки йилларидан бошлаб ислом олимлари янги, инқилобий ғояларни илгари сурди” [2:61]. Натижада кейинчалик Европа маданиятига таъсир кўрсатган, илм-фани учун назарий асос бўлган мерос яратилди. Улардан ғарбликлар асрлар давомида фойдаланди.

Шарқшунос олимларнинг таҳлилига кўра, уммавийларга қараганда аббосийлар даврида илм-фан яхши ривожланган ва бунинг учун етарлича тинч ва рағбатлантирувчи ижтимоий муҳит шаклланган. Тарихчи олим Б.Абдуҳамидовнинг фикрича, уммавийлар ҳукмронлиги йилларида диний илмлар ва араб тилига эътибор берилган бўлса, аббосийлар даврида табиий-ижтимоий ва бошқа фанларга эътибор кучайди [3:10]. Аббосийлар сулоласининг интеллектуал маданият яратиш истаги нафақат ислом салтанатидаги, балки дунёнинг кўплаб олимларини ҳам ўзига жалб қилди. Бироқ бу уммавийлар даврида илм-фан ривожланмади, дегани эмас. Уммавийлар хонадонидан чиққан халифалар деярли бир аср давомида ҳокимиятни мустаҳкамлаш билан банд бўлди. Бу жараён улар даврида илм-маърифат аббосийлар давридагидан кўра бироз сустроқ ривожланишига сабаб бўлган бўлиши мумкин.

Бу даврда Яқуб Раҳовийнинг илоҳиёт ва фалсафага доир асарлари оммалашиши эркин фикр мавжуд бўлганидан далолат беради. Лондон империал коллежи профессори Рим Туркманийнинг фикрича: “Бу ерда мусулмонлар, насронийлар, яҳудийлар, собийлар ва бошқа олимлар ёнма-ён ишлаган. Турли мактаб вакиллари ҳамкорлик қилган бу эркин ижодий муҳит уларга янги-янги кашфиётлар учун барча шароитларни муҳайё этган” [4:61]. Натижада ислом маданияти янада ривожланган.

Аламбе Жоурданнинг 1819 йилда нашр этилган “Арасту асри юнон ҳужжатларининг араб тилига қилинган таржималари танқиди” китоби юнон маданияти ва илмий меросининг араб минтақасига кириб келиши ва кўрсатган таъсирини ёритувчи дастлабки манбалардан биридир [2:18-19]. Бу манбада ислом фалсафасига христиан цивилизацияси, юнон фалсафий таълимотлари ва лотин тилидаги илмий ютуқларнинг таъсири очиб берилган. 1852 йили Эрнест Ренаннинг “Ибн Рушд ва унинг фалсафаси” [7:65] номли китоби нашр этилган ва унда бу мутафаккирнинг қарашлари шаклланишига таъсир кўрсатган омиллар ва юнон фалсафасининг таъсири ёритиб берилган. Соломон Мункнинг “Яҳудий ва араб фалсафаси мажмуи” [8:88] номли асарида яҳудийлар ва арабларнинг илмий-интеллектуал фаолиятидаги ўзига хосликлар, ўхшаш жиҳатлар ва ворисийлик асослари таҳлил қилинган. Ислом фалсафасининг шаклланишига таъсир кўрсатган Ғарб маданияти анъаналари ва диний таълимотларининг асослари ўрганилган ва бу асар ҳозиргача ўз аҳамиятини йўқотмаган.

Ўтган асрнинг бошида Де Боер “Исломда фалсафа тарихи” [9:122] асарини нашр эттирган ва унда ислом фалсафаси ва ижтимоий фикр ривожининг ўзига хос хусусиятлари, эришган ютуқлари, файласуф олим ва мутафаккирларнинг ислом нуқтаи назаридан позициялари таҳлилини келтирган. Шунингдек, бу даврда Де Ласи Олеарийнинг “Исломий тафаккур ва унинг тарихдаги ўрни” [10:124] асари ҳам нашр этилган ва унда ислом диний-фалсафий тафаккурининг шаклланиши, ривожланиши ва ўзига хос гўзал шаклга эга бўлишига таъсир кўрсатган ижтимоий муҳит ва маданиятларнинг алоқаси ва ворисийлиги тадқиқ этилган. Шу билан бирга, Круз Ҳернандезнинг “Андалузия мусулмон фалсафаси” [11:174], Монтгомери Уоттнинг “Ислом фалсафаси ва илоҳиёти” [12], Ҳенри Корбоннинг “Ислом фалсафаси тарихи” [13:82], Можед Фахрийнинг “Ислом оламида фалсафа довони” [14:88] китоблари нашр этилган. Бу асарларда ҳам ислом фалсафасининг шаклланиши ва ривожланишига илмий-интеллектуал фаолиятнинг, илмий ютуқларнинг юзага келишига таъсир кўрсатган омиллар, ташқи таъсирлар, Ғарб фалсафасининг кириб келиш жараёнлари таҳлил қилинган.

Аббосийлар даврида ислом илм-фани ва маданияти ривожига таъсир кўрсатган энг асосий омиллардан бири эркин ижтимоий муҳит ва рағбатлантирувчи шароит яратилиши бўлган. Бу даврда илм ва илм аҳлига нисбатан иззат-ҳурмат шунчалик юқори даражада эдики, бундай ҳолатни на бирор давр, на бирор мамлакатда, ҳатто кўкларга кўтариб мақталган Европада ҳам учратмаймиз [16:198].

Ислом фалсафасининг шаклланишига нафақат юнон маданий ва илмий мероси, балки Эрон ва Ҳиндистондаги фалсафий фикрнинг ривожи, илмий ва диний таълимотларнинг таъсири ҳам кучли бўлган. Натижада у сайқалланиб борган ва ўзида тарли маданиятларнинг ижобий жиҳатларини мужассамлаштирган.

Файласуф олим М.Қодировнинг фикрича: “Энг қадимги араб тилидаги манба бўлган Ибн Надимнинг “Ал-феҳрист” (“Рўйхат”) китобидаги маълумотларга кўра, биринчи марта кимё, астрономия ва табобатга доир асарларни араб тилига таржима қилиш ташаббуси Уммавий амир Холид ибн Язидга тааллуқли экан. Илгари зардуштийлик динида бўлиб, кейин исломга кирган Абдулло ибн Муқаффанинг ҳинд олими Бидпой Ҳакимнинг “Калила ва Димна” асарини пахлавий тилидан арабчага таржима қилгани катта аҳамиятга эга бўлди. Унинг қадимги форс тилидан араб тилига қилган таржималаридан “Худойнома” (“Қадимги форс давлатчилиги тарихи”), “Ойиннома” (“Йўл-йўриқлар, урф-одатлар”), “Мазда китоби”, “Анушервоннинг ҳаёт йўли” ва бошқа адабий-ахлоқий рисолалари ислом минтақаси маданиятининг шаклланишида муҳим аҳамият касб этган” [17:13]. Шундай экан, ислом фалсафаси ўз даврида турли маданиятлар кесишуви, учрашуви, ҳамкорлиги ва ўзаро синтезлашувининг ҳосиласи сифатида юзага келди ва ўзида бошқа маданиятларнинг энг гўзал анъаналарини такомиллаштирганини намоён қилди.

Машҳур таржимон Ибн Муқаффа Аббосий халифа Мансур учун Арастунинг “Категориялар” (“Маъқулот”), “Биринчи аналитика” (“Таҳлиле аввал”), Порфирийнинг “Исоғучи” (“Мантиққа кириш”) асарларини араб тилига таржима қилган. Шунингдек, бу халифанинг ҳукмронлиги даврида Арастунинг бир нечта рисоласи, Птолемейнинг “Алмагест”, Евклиднинг “Геометрия усули” ва бошқа бир қанча асарлар араб тилига таржима қилинган. Зеро, Г.Э.фон Грюнебаумнинг фикрича: “Агар грек, сурёний ва эроний маданият орқали ўтган эллинистик мероснинг таъсири бўлмаганда, классик мусулмон маданияти юксак даражага эриша олмаган бўлур эди” [14:45]. Шунингдек, Лондон қироллик коллежи профессори Петер Адамсоннинг таъкидлашича: “Евклиднинг “Ибтидолари” математика тарихида энг улкан инқилоб ясаган асарлардан биридир. Евклид уни қадимий Юнонистонда, Арасту ва Афлотун даврида ёзган. Унинг саҳифаларида чизмалар жуда кўп, чунки бу геометрияга оид китобдир. “Ибтидолар” қадимий юнон олимлари учун ҳам, замонавий олимлар учун ҳам илмий ижод намунаси бўлиб, ундаги билимлар бирламчи асосларга суянган ҳолда ҳосил қилинган. Бироқ энг қизиғи шундаки, Евклид қаламига мансуб бу китоб IX асрда Бағдодда Европа халқлари тилига юнончадан эмас, араб тилидан таржима қилинган. Таржима кенг кўламли илмий лойиҳа доирасида амалга оширилган. Аббосий халифаларнинг амрига мувофиқ, қадимги юнон олим ва файласуфларининг асарлари араб тилига таржима қилинган” [13:26]. Олимнинг хулосаларидан кўринадики, бу даврда таржимонликка шарафли фаолият сифатида қаралган ва унга ҳукмдорлар етарлича молиявий маблағ йўналтирган. Бу эса илмий-интеллектуал фаолиятнинг ривожланишига асос бўлган.

Ўрта асрлар ислом фалсафаси ва маданиятининг ютуқларидан кейинчалик европаликлар ҳам баҳраманд бўлди. Ирландиялик арабшунос олим М.Уотт “Исломнинг Ўрта аср Европасига таъсири” номли асарида бошқа европалик олимлардан фарқли ўлароқ, қуйидаги ҳақиқатни тан олган: “Европаликлар айниқса фалсафа ва тиббиёт соҳасида мусулмон маданиятидан қанчалик қарздор эканини тўлиқ ҳис қилганича йўқ. Кўпинча мусулмон маданиятининг ижобий таъсири ва кўламини пасайтириш, ҳатто тамоман эсга олмасликка уринамиз. Бизнинг мусулмонлар билан яхши муносабатимиз уларнинг олдида қанчалик қарздор эканимизни тан олишга мажбур қилади. Буни яшириш ёки тан олмаслик сохта ғурурдан бошқа нарса эмас” [13]. Европаликлар Шарқ халқларини менсимай, ўзини қанчалик баланд олмасин, уларга маданият, санъат, адабиёт, турмуш тарзи, кийиниш ва ҳоказолар араб-мусулмон маданиятидан ўтгани айни ҳақиқат.

Хулоса қилганда, илк Ўрта асрларда ислом маданияти ва фалсафасининг шаклланишида ва ривожланиш чўққисига чиқишида, Ғарб маданияти, юнон илмий мероси ва христиан дунёқарашининг таъсири юқори бўлган бўлса, Ўрта асрларнинг иккинчи ва учинчи даврида Шарқ маданияти ва илм-фани ютуқлари Ғарб оламига кучли таъсир кўрсатди. Умуман олганда, араблар Эрон, Хиндистон ва Хитойнинг маданий ютуқларини синтезланган ва такомиллашган кўринишда европаликларга тақдим этган. 
ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:
  1. Ш.М.Мирзиёев. Халқимизнинг розилиги бизнинг фаолиятимизга берилган энг олий баҳодир. 2-том. –Т.: Ўзбекистон, 2018.
  2. Шайҳ Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Олам ва одам, дин ва илм. –Т.: HILOL-NASHR нашриёти. 2019.
  3. Б.Абдуҳалимов. Байтул ҳикма ва Марказий Осиё олимларининг Бағдоддаги илмий фаолияти. –Т.: Ўзбекистон, 2010.
  4. A.Jourdain. Recherches critiques sur Lʼage et Lʼorigine des traductions dʼAristote. –Paris.
  5. E.Renan. Averroes et Lʼaverroisme. –Paris, 1882; Renan. De philosophia peripatetica apud Suros. –Paris, 1852.
  6. S.Munk. Melanges. De philisophie juive et arabe. –Paris, 1859.
  7. De Boer, T. J. Geschichte der Philosophie in Islam. –Stuttgart, 1901.
  8. Oʻleary, De Lacy. Arabic Thought and its Plase in History. –1922.
  9. Czuz Hernandes, M. Filosofia hispano-musulmana. –Madrid, 1957.
  10. Watt W. M. Islamic Philosophy and Theology. –Edingburgh, 1962.
  11. Corbin H. History de la Philosophie islamique. –Paris, 1964.
  12. ماجد فخرى. سير فلسفه در جهان اسلام.//Можед Фахрий. Ислом оламида фалсафа давони. –Теҳрон, Теҳрон университети нашриёти. Ҳижрий 1372/1983.
  13. Ф.Сулаймонова. Шарқ ва Ғарб. –Т.: Ўзбекистон, 1997.
  14. М.Қодиров. Марказий Осиё, Яқин ва Ўрта Шарқнинг фалсафий тафаккури (Ўрта асрлар). Ўқув қўлланма. –Т.: ТошДШИ нашриёти. 2009.
  15. Г.Э.Грюнебаум. Основные черты арабо-мусулманской культуры. –М. 1981.
  16. Николас Решер. К истории арабской логики. (Араб мантиғи тарихига доир). –Питсбург. Изд-во Питсбургского университета. 1963.
Илёсжон СИДДИҚОВ,
Фарғона Давлат университети
фалсафа кафедраси катта ўқитувчиси,
фалсафа доктори (PhD)

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …