Home / МАҚОЛАЛАР / ЗАМОНАВИЙ ИҚТИСОДИЁТДА ИСЛОМ БАНКЛАРИНИНГ АҲАМИЯТИ ВА ХУСУСИЯТЛАРИ

ЗАМОНАВИЙ ИҚТИСОДИЁТДА ИСЛОМ БАНКЛАРИНИНГ АҲАМИЯТИ ВА ХУСУСИЯТЛАРИ

2020 йилнинг бошида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Тараққиёт дастури доирасида «Ўзбекистонда исломий молия маҳсулотлари таҳлили» бўйича амалга оширилган тадқиқот доирасида ўтказилган сўровнома натижаларига кўра банк кредитларидан фойдаланмасликнинг асосий сабаби сифатида авваламбор диний қарашлар, кредитлар бўйича юқори фоиз даражаси ва кредитлаштиришнинг мураккаблиги кўрсатилган. Агар мамлакатда ислом молия муассасаси ташкил этилса, юқоридаги сўровномада иштирок этган қатнашувчиларнинг аксарияти бу муассаса хизматидан фойдаланиши мумкинлигини таъкидлашган. Ҳатто, анъанавий банклар ҳам Ўзбекистонда ислом молия муассасаси ташкил қилиш молия тармоғида ҳалол ва шаффоф рақобат юзага келишига, натижада мамлакатга сармоялар оқимининг ўсишига ва диверсификациясига олиб келиши ҳақида ўз фикрини билдирган [5]. Ислом банкларига эҳтиёжнинг ортишига сабаб жамият учун зарарли бўлган фаолиятнинг таъқиқланиши, реал активларга асосланганлик, молиявий инқирознинг риск даражасининг пастлигидир.

“Мамлакатимизда Ислом молиявий хизматларини жорий этиш бўйича ҳуқуқий базани яратиш вақт-соати етиб келди. Бу борада Ислом тараққиёт банки ва бошқа халқаро молия ташкилотлари экспертлари жалб этилади” [6].

Ислом банк иши ва молияси шариат тамойилларига асосланган боʼлиб, одатда фоиз сифатида талқин қилинган рибони тоʼлаш ёки олишни тақиқлайди. Ислом жамиятининг Ўрта асрларда кредитлаш воситаси бу «Қарз ал-ҳасан» деб аталган фоизсиз кредитлардир. Қизиғи шундаки, шариат пулнинг вақт қийматини тан олади, чунки ислом қоидаларига кўра тўлов муддати кечиктирилган ҳолда сотиладиган товарнинг нархи унинг ҳозирги қийматидан фарқ қилиши мумкин. Шариат бизнес операциясида ортиқча тўловларни тан олган бўлсада, кредитлаш фаолиятида буни тақиқлайди. Ислом молияси «Фиқҳ ал-Муамалат» номи остида қайд этилган операциялар устуворлиги асосида ривожланди. Бу операцияларни асосан қуйидагиларга ажратиш мумкин:

1) Қарзга асосланган молиялаштириш: Бу ерда молиячи асосий активларни сотиб олади ёки қуради ва кейин уни мижозга устама эвазига сотади. Савдо бир ёки бир неча бўлиб тўлаш билан кечиктирилган тўлов асосида амалга оширилади.

2) Лизингга асосланган молиялаштириш: Молиячи асосий активларни сотиб олади ёки қуради ва кейин уни мижозга ижарага беради. Ижара муддати тугагандан сўнг (ёки ижарага мутаносиб равишда) эгалик ҳуқуқи тўлиқ ёки қисман мижозга ўтади.

3) Фойда ва зарарни тақсимлашда: Молиячи ва мижознинг шериги амалга оширган фойда ёки зарар олдиндан келишган нисбатга мувофиқ тақсимланади.

Ислом шариатида рибодаги чекловлардан ташқари, эътиборга олиниши керак бўлган бошқа тақиқлар ҳам мавжуд. Мисол учун, шариатга кўра, барча шартномалар “ғарардан холи бўлиши керак, бу тор маънода ҳаддан ташқари ноаниқлик деб талқин этилади. Демак, юқорида айтиб ўтилганидек, ислом молия институтлари молиявий деривативларни ва бошқа турдаги шартномаларни (шу жумладан суғурта полисларининг турли шаклларини) қўллашда баъзи чекловларга дуч келади. Бундан ташқари, исломий молиявий ташкилотларга алкоголь, қимор ўйинлари, ноисломий молиявий хизматлар, порнография, тамаки маҳсулотлари ёки қуроллар билан боғлиқ фаолият билан шуғулланадиган компанияларга сармоя киритишга рухсат берилмайди. Исломий молия институтларининг барчасида ижроия бошқаруви ва ислом уламоларидан ташкил топган шариат кузатув кенгаши мавжуд бўлиб, улар ташкилот фаолиятини ислом шариатига мувофиқ амалга оширилишини назорат қилиб боради ва таъминлайди.

Ислом молияси хизматлари йилига 15-20 фоизга ўсиб бормоқда ва ялпи активлари ҳозирги кунда тахминан 2.88 триллион долларга тенг бўлиб, уларнинг 80% ислом банклари (ёки исломий дарчалар), 15% сукук (ислом облигациялари, қимматли қоғозлар), 4% ислом инвестиция фондлари ва 1% Такофул (Ислом суғуртаси) ҳиссасига тоʼгʼри келади [5].

2012 йилдан 2019 йилгача бутун дунё боʼйлаб исломий молия активларининг умумий қиймати 2024 йил учун прогноз билан [4]. (АҚШ долларида)

Ислом банклари бугунги кунда жуда юқори ўсиш суръатига эга бўлган молиявий соҳадир. Исломий молиявий хизматларнинг айрим шакллари ҳозирда камида 70 мамлакатда мавжуд. Ислом банклари нафақат ислом шариатида тақиқланган фоизларга асосланган транзакцияларни ман қилади, балки ахлоқий ва ижтимоий бўлмаган амалиётларни ҳам тақиқлайди. Амалий маънода ислом банк иши – бу оддий пул кредитини моддий активлар ва реал хизматларга асосланган операцияларга айлантиришдир. Ислом банк тизими модели иқтисодий фаровонликка эришишга ёрдам берадиган тизимга олиб келади.

Сўнгги йилларда мусулмон ва мусулмон бўлмаган мамлакатларда ислом банкларининг ўсиши жадаллашмоқда ва исломий молия, айниқса банк иши бугунги кунда дунёдаги энг тез ривожланаётган молиявий тармоқлардан бирига айланди. Ҳозирги кунда дунёда 300дан ортиқ ислом банклари мавжуд. Ислом банкларининг асосий марказлари, асосан, Яқин Шарқ ва Форс кўрфази минтақасида: Эрон, Қувайт, Малайзия, Саудия Арабистони ва Бирлашган Араб Амирлигида жойлашган. Бу банклар назорат қиладиган активларнинг умумий миқдори тахминан 200-500 млрд. АҚШ долларини ташкил этади. Статистик маълумотлар бу банкларда йилига 10-15% ўсиш суръати мавжудлигини кўрсатмоқда [4].

Ислом мамлакатлари ҳисобланган Эрон, Покистон ва Суданда ислом банклари фаолиятига рухсат берилган. Бангладеш, Миср, Индонезия, Иордания ва Малайзия каби бошқа мамлакатларда анъанавий банклар билан бир қаторда ислом банклари хизмат кўрсатмоқда.

Амалий нуқтаи назардан, ислом банк иши ва молияси қуйидаги тамойилларга амал қиладиган тизим ҳисобланади:

  1. Рискларни тақсимлаш: Шартноманинг ҳар бир иштирокчисининг ўртасида муносиб риск ёки даромад тақсимоти акс эттирилиши керак.
  2. Барча молиявий операциялар «моддий якунийликка» эга бўлиши керак, яъни ҳақиқий асосий иқтисодий битим билан бевосита боғлиқ бўлиши керак.
  3. Ўзгалар меҳнатини ўзлаштириб олишга йўл қўйилмайди. Битимнинг ҳеч бир томони эксплуатация қилинмаслиги керак.
  4. Ислом шариатига тўғри келмайдиган фаолиятни молиялаштиришнинг тақиқлангани: Битимдан Қуръон Карим томонидан тақиқланган маҳсулотларни (масалан, алкоголь, чўчқа гўшти, қимор ўйинлари, порнография ва бошқалар) ишлаб чиқариш учун фойдаланиб бўлмайди.
  5. Ғарарнинг таъқиқлангани: Шариат қонуни шартнома шартларининг тўлиқ шаффофлигини талаб қилади. Нархлар, етказиб бериш муаммолари ва бошқа шартлар бўйича ҳар қандай ноаниқликка йўл қўйилмайди.
  6. Майсир (таҳминларга асосланган)нинг таъқиқлангани – Шариат қонунига кўра, деривативлар каби спекулятив операцияга инвестиция киритиш ноқонуний ҳисобланади.
  7. Ҳеч қандай қоидабузарликка йўл қўйилмайди: Банк ўзининг барча операцияларида шариатни бузмайди [2:13-14].

Ислом иқтисодиёти тизими ислом молиясига оид асарларда шариатга амал қилувчи бозор тизими сифатида таърифланади. Ислом банклари илгари сурган, хусусан, исломий молиялаштиришнинг энг асосий операциялари мудораба, мушорака, муробаҳа ва қарз-ул ҳасанадир.

Ислом банкларини молиялаштиришни учта усулга бўлиш мумкин: Шерикчилик шартномаси (улушли молиялаштириш), савдо келишувлари (қарз билан боғлиқ молиялаштириш) ва субконтрактлар.

  1. Шерикчилик шартномаси: Ислом молиясида иштирок этишнинг асосий шакллари (фойда ва зарарни тақсимлаш) бу:
  2. Мудораба шартномаси фойдани тақсимлаш шартномаси бўлиб, унда банк лойиҳани молиялаштириш учун зарур капитални тўлиқ таъминлайди, мижоз эса экспертиза, бошқарув ва ишчи кучи билан таъминлайди. Лойиҳадан олинган фойда икки томоннинг олдиндан келишгани (қатъий нисбат) асосида тақсимланади, аммо йўқотиш ҳолатларида умумий зарарни банк қоплайди. Мисол: Мудораба келишуви шартини келишиб олганингиздан сўнг, сиз банкка маблағни етказиб берасиз, кейин банк маблағни активларга ёки лойиҳаларга инвестиция қилади, бундай бизнес фойда ёки зарар кўриши мумкин. Фойда сиз ва банкингиз ўртасида олдиндан келишилган нисбат асосида тақсимланади.
  3. Мушорака (ҳамкорлик, қўшма корхона ёки фойда ва зарарни тақсимлаш (ПЛС)) асосида барча манфаатдор томонлар бизнесда шерик сифатида иштирок этади. Улар зарарни ва фойдани биргаликда баҳам кўради. Ҳар бир шерик фойда-зарардан ўз улушини келишилган шартлар асосида бизнесдаги дастлабки сармоясига мутаносиб равишда олади. Қўшма корхона мустақил юридик шахс, банк маълум муддатдан кейин ёки маълум шарт бажарилгандан кейин қўшма корхонани босқичма-босқич тугатиши мумкин. Мисол: Банк инвестиция лойиҳасини биргаликда молиялаштириш учун бир ёки бир нечта ҳамкорлар билан акциядорлик шериклик шартномасини тузади. Даромадлар ва зарарлар қатъий равишда тегишли капитал қўйилмаларига нисбатан тақсимланади.
  4. Савдо келишувининг ислом молиясидаги асосий шакллари (нотижорат ва зарарни тақсимлаш ёки савдога асосланган):
    1. Муробаҳани молиялаштириш устама тамойилига асосланади, бунда банк мижоз учун товарларни сотиб олиш ва уларни олдиндан белгиланган нархда мижозга қайта сотиш ҳуқуқига эга. Савдо келишуви одатда айланма маблағлар ва савдони молиялаштиришда қўлланади. Мисол: Техникасини янгилашга муҳтож бўлган корхона ўз номидан техника сотиб олиш учун ислом банкига мурожаат қилади ва шу билан бирга банкдан устама асосида техника сотиб олиш тўғрисида шартнома тузади. Агар банкнинг сотиб олиш нархи 100 000 АҚШ доллари бўлса, у машинани корхонага, масалан, 12 ойга 110 000 долларга тенг бўлиб тўлаш шарти билан сотиши мумкин. Банк охирги тўлов тўланмагунча ўз эгалик ҳуқуқини сақлаб қолади ва шунинг учун банкнинг позицияси тўлиқ таъминланади.

б) Мусовама харажатларни ошкор қилиш мажбуриятисиз амалга оширилади. Бу оддий бозор савдоси ҳисобланади. Мусовама шартномасида молнинг олдинги баҳоси эътиборга олинмайди. Харидор сотувчи билан ўзаро тортишиб, молни келишув асосида баҳолаб олади.

  1. c) Ижарани молиялаштириш. Бу лизингга ўхшайди. Ижара лизинг молиясининг шариатдаги тушунчаси. Лизинг ижарада ҳар икки томон ҳам келишилган бошқа шартлар асосида банкнинг мижози томонидан талаб қилинадиган активни сотиб олади ва сўнгра бу активни мижозга маълум муддатга ижарага беради. Мисол: Банк мижоз учун актив сотиб олади ва кейин уни белгиланган ижара тўлови эвазига мижозга маълум муддатга ижарага беради. Шариат лизинг берувчи банкни мулкка эгалик қилишини сақлаб қолиш шарти билан мулк хизматлари учун ижара тўловларига рухсат беради.

д) Истисна шартномаси ислом банки томонидан компаниянинг айланма маблағларини молиялаштиришда қўлланади. Бунга лизинг орқали молиялаштирилмайдиган товар ёки хизматлар киради. Истисна шартномалари асосан маҳсулот ишлаб чиқариш, қурилиш ва инфратузилма лойиҳаларини молиялаштиришда қўлланилиши мумкин.

  1. Субконтрактлар:

а) Сукук – бу давлат ва хусусий компаниялар амалга ошириши мумкин бўлган муайян ўрта ёки узоқ муддатли лойиҳани молиялаштириш учун банк чиқарган облигациялар.

б) Вакала шартномаси – бу бошқарувчининг маълум бир вазифани бажариши учун унинг номидан вакил сифатида (агент) бошқа бир шахснинг хизматидан фойдаланишни англатади. Агентга хизмати учун ҳақ тўланади. Мисол: Мижоз маълум шартлар асосида банкдан кимгадир мурожаат қилади. Шунинг учун банк молиявий операцияларни амалга ошириш учун агент ҳисобланади ва банкка унинг хизматлари учун ҳақ тўланади.

в) Қарз-ул ҳасана сўзма-сўз таржимада яхши қарз деб таржима қилинган бўлсада, амалда муҳтож бўлган жисмоний шахс ёки муассасага фоизсиз қарз бериш деган маънони англатади. Қуръони Каримда инсонга ўзига керак бўлганидан ортиқча ёки бошқалардан кўра кўпроқ бойлик берилиши Аллоҳ таолонинг марҳаматидир дейилган. Бундай киши бу неъмат учун Аллоҳга шукр қилиши керак ва шукр қилишнинг энг яхши йўли қўшимча бойлигини жамиятнинг бошқа муҳтож аъзоларига беришдир. Жамиятнинг муҳтож қатламлари келишилган санада фоизсиз қайтариш шарти билан қарз олади. Қарздор пулни қайтариш имкониятига эга эмаслиги аниқланса, пул унга садақа сифатида берилиши ҳам мумкин.

д) Жуала – хизмат тўлови, маслаҳат тўлови, жойлаштириш тўлови ва бошқалар. Икки томоннинг ўртасида назарда тутилган шартнома шартларига мувофиқ, маълум бир хизмат кўрсатиш учун тўлов сифатида биттаси иккинчисига маълум миқдорда пул тўлайди. Ислом банклари хизматларининг бу усули одатда консультациялар ва профессионал хизматлар, фондларни жойлаштириш ва ишончли хизматлар каби транзакцияларга нисбатан қўлланади.

Қуйидаги жадвалда ислом банки ва анъанавий банк фаолияти таққосланди

Жадвал 1

Анъанавий банк фаолияти

Ислом банки фаолияти

Пул айирбошлаш ва қийматни сақлаш воситасидан ташқари товардир. Шунинг учун уни номинал қийматидан юқори нархда сотиш ва ижарага бериш ҳам мумкин.

Пул товар эмас, лекин у айирбошлаш воситаси ва қийматни сақлаш воситаси сифатида ишлатилади. Шунинг учун уни номинал қийматидан юқори нархда сотиш ёки ижарага бериш мумкин эмас.

Вақт қиймати капиталга фоизларни ҳисоблаш учун асосдир.

Товар савдосидан ёки хизматлар кўрсатишдан олинадиган даромад фойда олиш учун асос бўлади.

Банк маблағларидан фойдаланган ҳолда ташкилот зарар кўрган тақдирда ҳам фоизлар ундирилади. Шунинг учун у фойда ва зарарни тақсимлашга асосланмаган.

Ислом банки фойда ва зарарни тақсимлаш асосида ишлайди. Агар тадбиркор зарар кўрган бўлса, банк бу йўқотишни қўлланилган молиялаштириш усулига қараб тақсимлайди (Мударабаҳ, Мушарака).

Нақд пул маблағларини бериш, молиялаштириш ёки айланма маблағларни молиялаштиришда товарлар ва хизматлар алмашинуви бўйича келишув тузилмайди.

Мурабаҳа, Салам ва Истисна шартномалари бўйича маблағларни тақсимлашда товарлар ва хизматлар алмашинуви бўйича шартномалар бажарилиши шарт.

Анъанавий банклар пулни инфляцияга олиб келадиган товар сифатида ишлатади.

Ислом банки савдо билан боғлиқ фаолиятдан фойдаланган ҳолда иқтисодий тизимнинг реал секторлари билан алоқа ўрнатишга интилади. Чунки пул реал активлар билан боғлиқ бўлгани учун у иқтисодий тараққиётга бевосита ҳисса қўшади.

Анъанавий банк асосий эътиборни кредитлашга қаратади.

Ислом банки асосий эътиборни сармояга қаратади.

Анъанавий банклар фақат молиявий мезонлар асосида иш юритади.

Ислом банклари инвестицияда ахлоқий мезонларга асосланади.

Анъанавий банкларнинг фаолияти инсон омилига (асосан капитализм назарияларига) асосланади.

Ислом банклари фаолияти ислом шариатининг қоидаларига асосланади.

Инвестор ёки кредитор олдиндан белгиланган фоиз ставкаси бўйича савдо қилади ёки даромадни кафолатлайди.

Ислом банклари капиталнинг эгаси билан инвестор ўртасида риск тақсимотини тасдиқлайди.

Деривативлар савдоси асосида фойдани максималлаштиришни тасдиқлайди.

Ислом дини томонидан чекловлар мавжуд бўлсада, у фойдани максимал даражада оширишга қаратилган.

Закот тизими мавжуд эмас.

Замонавий ислом банк тизимида ислом банклари «Закот йиғиш марказлари»га айланиши учун хизмат қилувчи бирлик сифатида кўрилади.

Улар қарзга пул бериб, фоиз билан қайтариб олишади. Пул — бу товар ва мотиватор.

Иштирок этиш ҳамкорлиги мавжуд. Корхонани тушуниш жуда муҳимдир.

Тизимда мунтазам тўловларни амалга оширмайдиганлардан (масалан, жарималар ёки оширилган фоизлар) қўшимча пул олиш мумкин.

Ислом банклари компенсациядан ташқари қўшимча пул талаб қилишга ҳақли эмас. Банкнинг ихтиёрига кўра эрта тўловларда пулдан чегирма ҳам мавжуд.

Кўпинча банк манфаати биринчи ўринда туради ва капиталга мос равишда ўсиш мақсади йўқ.

Инсон манфаатлари устувор бўлиб, ўсиш тенгликка қаратилган.

Лойиҳани баҳолаш кўп куч талаб этмайди, чунки аванс/ссудадан олинадиган даромад белгиланган. Шунинг учун хавфлар қайсидир маънода бошқа томонга юкланиши мумкин.

Фойда ва зарарни тақсимлаш мавжуд бўлгани сабаб, ислом банкчилигида лойиҳаларни қўллаш ва баҳолашга кўпроқ эътибор қаратиш лозим.

Анъанавий банклар ўз мижозининг ишончли эканига кўпроқ эътибор беради.

Улар лойиҳаларнинг молиявий имкониятларига эътибор қаратади.

Томонлар муносабатларда кредиторлар ва қарз олувчилар шаклида белгиланади.

Ислом банкларидаги муносабатлар ҳамкорлар, инвесторлар, трейдерлар, харидорлар ва сотувчилар сифатида белгиланади.

Анъанавий банклар уларга қўйилган барча депозитларни кафолатлаши керак.

Ислом банклари шахсий ҳисобварақларга қўйилган пулларни кафолатлайди, аммо мудараба инвестицияларига кафолат бермайди, чунки бошқа томоннинг йўқотишларини бўлишади [3:34-47].

Ислом банклари жамғармаларни фойда ва зарарни тақсимлаш асосида сафарбар қилса, анъанавий тижорат банкларида эса бунга ўхшаш тушунча йўқ, улар шунчаки қарздор ёки кредитор муносабатларига асосланган. Анъанавий банклар олдиндан белгиланган қатъий фоиз ставкалари асосида шартнома тузади ва шу орқали ўз даромадини кафолатлайди.

Юқоридагилардан хулоса қилиб айтиш мумкинки, бугунги кунда исломий молия тизими жаҳон бозорида ўз мавқеига эга бўлган ва жаҳон иқтисодиётини ривожлантиришнинг муҳимлигини исботлаган тизимдир. Бошқа молия институтлари билан тенг рақобат қилиш учун ислом банклари рақобатбардош бўлиши ва жисмоний шахслар ва корхоналарнинг талабларига жавоб бериши керак.

Ислом банклари кўрсатадиган хизматларда, ислом тамойиллари билан бир қаторда бошқа экологик омилларни ва бугунги глобал муаммоларни ҳам ҳисобга олиши керак. Шундай қилиб, ислом банкларининг молиявий хизматлари иқтисодий тармоқларда анъанавий банкларга нисбатан ҳар бир муқобил маҳсулоти билан солиштирганда самаралироқдир.

Ислом давлатларида ва дунёнинг бошқа мамлакатларида ислом банкларининг сони ортиб бормоқда. Соф исломий банклар билан бир қаторда, анъанавий банклар ҳам исломий банкларнинг эҳтиёжини қондириш учун бу жараёнда иштирок этмоқда.

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:
  1. Ал-Аугбй, С., Мажеwски, С., Нерменд, К., & Мажеwска, А. (2015). Исламиc Банкинг Сйстем ас ан эффеcтиве элемент оф Эcономй. Зесзйтй Наукоwэ Униwэрсйтету Сзcзеcиńскиего. Финансе. Рйнки финансоwэ. Убезпиеcзениа, 75, 9.
  2. Жоурнал Финансе, Рйнки Финансоwэ, Убезпиеcзениа, Исламиc Банкинг Сйстем ас ан эффеcтиве элемент оф Эcономй, жуне 2015, Салам Ал-Аугбй, Себастиан Мажеwски, Кесра Нерменд, Агниесзка Мажеwска.
  3. Бабер, Ҳ. (2013). Исламиc Банкинг ин Индиан Эcономй-Ан Эмпириcал Аппроач оф Футуре Cрисис. Интернатионал Монтҳлй Рефереэд Жоурнал оф Ресеарч Ин Манагемент & Течнологй Волуме II.
  4. https://president.uz12.2020 й. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасидаги нутқидан. статиста.cом 2021.
Ўктамжон АМОНОВ,
Ўзбекистон халқаро ислом академияси
Ислом иқтисодиёти ва молияси йўналиши магистранти

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …