Home / МАҚОЛАЛАР / ЎРТА ОСИЁ МУТАФАККИРЛАРИНИНГ ИЛМИЙ АСАРЛАРИДА ФАНЛАРАРО ЁНДАШУВ ҒОЯЛАРИ

ЎРТА ОСИЁ МУТАФАККИРЛАРИНИНГ ИЛМИЙ АСАРЛАРИДА ФАНЛАРАРО ЁНДАШУВ ҒОЯЛАРИ

Бугунги кунда замонавий фан тизимида фанлараро ёндашув ривожланиб бораётган асосий йўналиш ҳисобланади. Бунда Ўрта асрларда Марказий Осиёда ижод қилган мутафаккирларнинг беқиёс хизматлари бор. Форобий, Абу Али ибн Сино, Муҳаммад Хоразмий каби буюк файласуф ва алломаларнинг асарлари жаҳон цивилизациясининг олтин хазинасидан муносиб ўрин олган. Улар жаҳон фани ва маданияти тарихида ўчмас из қолдирган. Аммо мутафаккирларимизнинг фанлараро ёндашувни ривожлантиришга қўшган ҳиссаси етарлича тадқиқ этилмаган. Биз Ўрта аср мутафаккирларининг илмий меросидаги фанлараро ёндашувни замонавий фан методологияси асосида тадқиқ этамиз.

Марказий Осиё мутафаккирларининг жаҳон илм-фанига қўшган беқиёс ҳиссаси И.Мўминов, А.Кубесов, М.Диноршоев, М.Хайруллаев, З.Кули-Зода, В.Бартольд ва бошқа кўплаб олимларнинг илмий тадқиқотларида ўз ифодасини топган. Бу олимлар мутафаккирларнинг илмий хазинаси ва дурдона меросини тарихийлик, диахрон методлар асосида тадқиқ этган. Хусусан, Ўрта асрлардаги санъатда фалсафа ва математика интеграциясига оид маълумотларни Л.И.Ремпелнинг асарларида кўриш мумкин [2:11]. Бунда мутафаккирларимизнинг илмий меросидаги билимлар интеграциясининг фанлараро ёндашув намуналари математика, мусиқа, архитектура, шеърият, медицина мисолида очиб берилган.

Қадимги юнон олимлари ижодида ҳам математика, мусиқа, фалсафа ва бошқа фанлар интеграциясини учратиш мумкин. Бизнинг заминда яшаб ижод қилган мутафаккирлар ижодида фанлараро ёндашув нафақат салмоқли бўлган, балки юқори даражада ривожланган. Аммо уларнинг илмий мероси фанлараро ёндашув ғояси нуқтаи назаридан ўрганилмаган. Шунинг учун қуйида алломаларимиз ижодидаги фанлараро ёндашув эволюциясига оид намуналарни кўриб чиқамиз.

Алломалар ижодида билимлараро интеграция математика, мусиқа, архитектура, санъат соҳасида ўз аксини топган. Буни дастлаб математиканинг бошқа фанлар билан интеграция қилиниши мисолида кўриб чиқишимиз мумкин. Форобий Ўрта асрларда Марказий Осиёда математикани бошқа фанлар билан интеграция қилиш ғоясини англаган буюк мутафаккир ҳисобланади. Аристотелдан фарқли равишда, Форобий математика методларининг қўлланиш имкониятлари чексиз эканини эътироф этади. Буюк олимнинг бу ғояси нафақат математика ривожида, балки фан тизими тараққиётида ҳам буюк ҳодиса эди. Шунингдек, Форобий бу ғояни янада кенгроқ қўллаш усулларини амалда исбот қилади. Масалан, олим фанда биринчи бор мусиқавий (тебранувчи) ҳодисаларни математик усуллар билан тадқиқ қилади.

Форобий бошлаб берган бу ташаббусни кейинчалик бошқа олимлар ўз тадқиқотларида давом эттириб, янада ривожлантирди. Мовароуннаҳрлик мутафаккирлар ижодида мусиқа ва математика, педагогика ва мусиқанинг уйғунлашуви юксак даражага кўтарилган. Форобий бунга “Мусиқа ҳақида катта трактат”, Хоразмий эса “Илм калити” номли энциклопедиясининг бир бўлимини бағишлаган. Ибн Синонинг “Тиб қонунлари” асарида мусиқа ҳақида алоҳида бир бўлим мавжуд. Шу боис “Ўрта Осиё мутафаккирлари арифметика, геометрия, астрономия ва мусиқани битта фан доирасига киритган” [5:182-183].

Хўш, нега мусиқага бунчалик катта эътибор қаратилган? Маълумки, мусиқа санъатнинг бошқа турларидан алоҳида ажралиб туради. Унинг “инсонга сирли таъсирини, инсон қалбида янги ўзгаришлар ҳосил қилишини олимлар тан олган. Мусиқа жуда жўшқин, экзистенциал вазиятларда инсон ҳаётининг бир бўлаги сифатида эътироф этилган. Мусиқа маданияти – бу ижтимоий маданий феномен бўлиб, ҳар бир маданиятнинг ўзига хос маданий-фалсафий ва сиёсий-идеологик хусусиятларини акс эттиради” [3:6].

Мутафаккирларнинг мусиқага эътиборини қуйидагилар билан изоҳлаш мумкин:

* Ўрта асрлар мусулмон маданиятида ҳамма фанлар фалсафа атрофида бирлаштирилган. Фалсафа барча фанларни ўз атрофида бирлаштира олган фан ҳисобланади.

* Ўрта асрлар мусулмон маданиятида ҳар қандай фан ўзи алоҳида эмас, балки айнан илмий-фалсафий дунёқараш контекстида ўрганилган. Шунинг учун ҳар бир машҳур мутафаккирнинг илмий меросида филология, табиий, илмий, метафизик ва мусиқавий назарий билимлар уйғунлаштирилган.

Ал-Киндий Ўрта аср мутафаккирлари орасида биринчи бўлиб мусиқани фалсафий нуқтаи назардан тадқиқ этган олим ҳисобланади. У ўз асарларида мусиқа назариясини алоҳида фан сифатида фалсафий нуқтаи назардан ўрганган. Форобий кейинчалик бу анъанани моҳирона ривожлантирган. Дарҳақиқат, бу даврда “мусиқа математика билан уйғунлашди ва жуда кўп назарий манбаларини арифметика, геометрия, баъзи ҳолларда эса физикадан олди” [3:23].

Форобий мусиқани “илм”, “фан, билим, билиш” сифатида ифодалаган [1:161]. Шуниси эътиборлики, у мусиқани амалий фалсафий фанлардан бири сифатида эътироф этади [4:181]. Мутафаккир ҳар бир олимга бошқа муаллифларнинг мусиқа соҳасида йўл қўйган хатоларини тушуниш ва уларни очиб бериш, тўғри ва нотўғри нуқтаи назарларни ажрата билиш асосида ҳақиқатни аниқлаш талабини қўйган [4:182].

Л.И.Ремпель таъкидлаганидек, юнон олимлари ижодида мусиқага катта эътибор унинг бошқа фанлар билан интеграциялашувини юқори поғонага олиб чиқди [2]. Форобий товушнинг физик асосини, тарқалишини, тарқалиш интервалларини ўлчаш мақсадида арифметик, геометрик ҳисоблашларни қўллаган. Шу сабабли олим ижодида мусиқа ва математика интеграцияси самарали амалга оширилган. Кейинчалик Европа олими Беконнинг илмий меросида ҳам бу икки фан интеграциясига оид ғоя кузатилган.

Ўрта асрлар мутафаккирлари ижодида билим доимо таълим ва тарбия билан боғлиқ бўлган. Улар билим инсонда яхши фазилатларни ривожлантириши лозимлигини таъкидлаган. Ана шундай билимлардан бири болаларни мусиқани англашга ўргатиш ва мусиқа воситасида ижобий сифатларни шакллантириш бўлган. Яъни, мутафаккирларимиз инсонни тарбиялаш масаласини ҳал қилишда мусиқа амалиётидан фойдаланиш зарур деб билган. Шунингдек, улар мусиқа инсоннинг қалби ва ақлини тарбиялаш хусусиятига эга эканини таъкидлаган. Бундай ёндашув Форобий ижодида яққол кўзга ташланади. У болаларни ахлоқий тарбиялашда уларни мусиқага ошно этиш зарур деб ҳисоблаган. Олимнинг фикрига кўра, мусиқа болаларда ижобий руҳий ҳисларни чақиради, болалар қалби покланишига сабаб бўлади. Форобий бундай руҳий покланишни “катарсис” деб атайди. Шунингдек, у мусиқа болаларга руҳий даволовчи восита сифатида ҳам самарали таъсир кўрсатишини айтиб ўтган.

Ибн Сино инсон руҳий ҳолати ижро этилаётган мусиқа билан боғлиқлигини таъкидлайди. Товушлар гармонияси инсонни кучсизликдан кучлилик томон олиб чиқиши, ёки аксинча, уйғунлашмаган товушлар инсонни тушкунликка тушириб қўйиши мумкин. Шунингдек, Ибн Сино “инсоннинг саломатлиги учун энг фойдали машғулот – куйлаш” [5:186], дейди.

Мутафаккирлар мусиқа нафақат инсоннинг кайфияти, балки унинг характерини ҳам ўзгартириши мумкинлигини таъкидлаган. Улар болаларни тарбиялашда мусиқани зийраклик билан танлаш зарур, деб ҳисоблаган. Ушшоқ, Наво каби мусиқа намуналари инсонларда жасурликни, Ироқ, Наврўз мусиқалари эса ёруғ, чиройли орзуларни уйғотса, Бузрук қайғу пайдо қилиши кўрсатилади. Бу кўрсатмаларга юртимиз мусиқачилари асрлар оша амал қилиб келмоқда.

Юқорида қайд этилганидек, юртимизда математиканинг бошқа соҳаларда қўлланиши натижасида дастлабки фанлараро ёндашув ғояси ривожланди. Бундай интегратив жараёнларни Форобийнинг мусиқага оид тадқиқотларида кўриш мумкин. У ўзининг “Мусиқа ҳақида катта трактат”ида антик давр муаллифларининг изланишларини пухта ўрганиб, уларда мусиқага оид баъзи ноаниқликлар борлигини аниқлаган ва шу сабабли янги трактат ёзишга киришганини баён қилган [5:182-183]. Натижада Форобий математик усуллар асосида мусиқа товушларининг келиб чиқишини, ритм ва товушларнинг мусиқа сифатида бирлашувига оид қонуниятларни мукаммал ўрганади. Бу математика ва мусиқа фанининг интеграцияси эди.

Алломалар математик усулларни нафақат мусиқа, балки санъатшуносликда ҳам самарали қўллай бошлаган. Натижада фан ва санъатда интеграциялашув жараёни содир бўлган. “Бу жараёнда фан ва санъатни боғлаб турувчи ҳалқа математика ва геометрия ҳисобланади. Бу Хоразмий, Ибн Сино ва бошқаларнинг ижодида намоён бўлди” [5:11].

Санъат ва математиканинг уйғунлашувини биз Ўрта асрларда Марказий Осиёда вужудга келган орнаментал санъат намуналарида кўрамиз. Бу санъат тури математика, геометрия ва санъатнинг уйғунлиги замирида пайдо бўлади. Архитектура орнаментал санъатдаги математик ёндашувларнинг асоси бўлиб, фалсафий ғояларга хизмат қилади. Масалан, Марказий Осиё меъморлик санъати асосида ётган уйғунлик ғояси ана шундай универсал характерга эга ғоядир. У нафақат коинот тизими, балки конкрет фанлар билан боғлиқ. Шу сабабли меъморлик санъатида уйғунлик геометрик орнамент воситасида ифодаланган.

Юқоридаги мулоҳазалардан кўриниб турибдики, билимлар интеграциялашувида Ўрта аср мутафаккирларининг буюк хизмати бор. Форобий мусиқавий (тебранувчи) ҳодисаларни шеърият ва математик усуллар билан тадқиқ этади. Шундай қилиб, математик ғояларнинг архитектура, геометрия, эстетик санъат билан уйғунлашуви содир бўлади. Бу уйғунлашув бетакрор орнаментал санъатнинг, гириҳларнинг яратилишига олиб келади.

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:
  1. С.Д.Даукеева. Философия музыки Абу Насра Мухаммада аль-Фараби. – Алматы: Фонд Сорос-Казахстан, 2002.
  2. Л.И.Ремпель. Художественная культура Средней Азии IX-XII веков. –Т.: Гафур Гулям, 1983.
  3. Е.С.Федорова. Философия музыки в мусульманской средневековой культуре. Дисс. на соиск. канд. культурологии. –Санкт-Петербург, 2015.
  4. М.Хайруллаев. Фараби. –Т.: Узбекистан, 1975.
  5. Художественная культура Средней Азии IX-XIII веков: сборник статей. под ред. Л.И.Ремпеля. –Т.: Лит. и искусства.
Гулчеҳра ҒАФФАРОВА,
Чирчиқ Давлат педагогика институти,
Миллий ғоя ва маънавият асослари ва ҳуқуқ таълими кафедраси профессори,
фалсафа фанлари доктори,
Гулбаҳор ЖАЛАЛОВА,
ф.ф.б. фалсафа доктори (PhD)

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …