Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Германиянинг Гамбург университети ҳузуридаги Осиё-Африка тадқиқотлари институти билан ҳамкорликда “Зарафшон воҳаси тарихи ва маданияти” мавзуси доирасида навбатдаги онлайн семинар ташкил этилди.
Унда Марказнинг халқаро стипендия совриндорлари ва илмий ходимлари, Ислом Ҳамкорлик Ташкилоти (OIC)нинг Ислом тарихи, маданияти ва санъатини тадқиқ этиш маркази (IRCICA) вакиллари, Малайзия миллий университети Ислом цивилизацияси институти олимлари, юртимизнинг қатор илмий муассасалари тадқиқотчилари иштирок этди.
Бу галги семинарда АҚШнинг Индиана университети профессори, доктор Акрам Ҳабибуллаев “Муҳаммад Порсо кутубхонасининг тарихи ва китоб тўпламлари ҳақида умумий маълумот” мавзусида маъруза қилди.
Нотиқ маърузасида Муҳаммад Порсо кутубхонасининг яратилиш тарихи, фаолиятининг хусусиятли жиҳатлари ва унда мавжуд бўлган китоб ҳамда қўлёзмалар тўпламлари ҳақида батафсил маълумот берди.
Хожа Муҳаммад Порсодан жуда бой шахсий кутубхона қолган. Унинг машҳур кутубхонаси ҳақида бир нечта мақолалар чоп этилган. Исломшунос Ш. Зиёдов ва А.Мўминовлар ҳаммуаллифлигида ёзилган “Хожа Муҳаммад Порсо кутубхонаси борасидаги янги маълумотлар” мақоласида унинг кутубхонасида сақланган қўлёзмалар сони 57 тадан 120 тага етказилгани айтилади. Ундан ташқари А. Мўминов, Е. Некрасова ва Ш. Зиёдов билан биргаликда 2009 йилда чоп этилган мақолада қўлёзмалар сони 144 тага кўпайгани эълон қилинган. Ал-Мотуридийнинг асарлари ҳам асосан шу кутубхонада сақланган.
Хожа Муҳаммад Порсога тегишли кутубхона жуда машҳур бўлиб, унда, юртимиздан етишиб чиққан улуғ алломаларнинг китоблари сақланган ва бизгача етиб келишига имконият яратишда Порсонинг хизматлари беқиёс. Унинг асарларида юздан ортиқ улуғ мутасаввифлар бизга номаълум ватандошларимизнинг номлари келтирилади. Бу ўша машҳур кутубхонада сақланган китоблар кенг мутолаа қилинганидан далолат беради.
Олим маъруза давомида Порсо ҳаёти ва кутубхона фаолияти билан боғлиқ қизиқарли маълумотларни тақдим этди ҳамда кутубхонада сақланган нодир қўлёзмалар суратларини намойиш қилди.
Маърузачи семинар иштирокчиларини қизиқтирган барча саволларига илмий асосланган жавоблар қайтарди.