Home / МАҚОЛАЛАР / МАҲМУД ИБН ИЛЁС ВА УНИНГ “ШАРҲУ ИЛЁС” АСАРИ

МАҲМУД ИБН ИЛЁС ВА УНИНГ “ШАРҲУ ИЛЁС” АСАРИ

XII-XV асрларда Мовароуннаҳр минтақасида фиқҳ илми мисли кўрилмаган тарзда ривожланди. Ижтимоий ва шаръий кодексларни ўзида мужассам этган фиқҳга доир кўплаб асарлар дунёга келдики, улар ҳозирга қадар ўз аҳамиятини йўқотмаган. Ҳатто аҳолиси бошқа динга эътиқод қилувчи мамлакатлар ҳам ўз давлатчилик қонунларини шакллантиришда ана шу фиқҳий асарлардан андазалар олди. 

Кичик ёки Иккинчи Садруш шариа лақаби билан машҳур бўлган Убайдулло ибн Масъуд бу машҳур сулоланинг фахри ва ҳанафийлар фиқҳининг порлоқ юлдузи ҳисобланади. У бобоси Тожуш шариа тарбиясида камол топиб, Шарқ ҳикмати (фалсафаси), калом илми ва фиқҳга оид фанларни ўзлаштирди, ҳанафий мазҳабининг атоқли ва сермаҳсул олимларидан бири бўлиб ижод қилиб, фиқҳ илмида буюк фақиҳ сифатида танилди.

У аждодларидан қолган илмий асарларни жамлаб, нафис ёдгорликларни тўплаш билан шуғулланиб, бобоси ёзган “Виқоятур-ривоя”га араб тилида шарҳ ёзиб, уни “Шарҳул Виқоя” деб атади. Бу китоб энг яхши ва мукаммал шарҳ ҳисобланади.   Аммо, аллома илми толибларнинг бу асарни ўзлаштиришдаги қийинчиликларни бартараф этиш мақсадида унинг мухтасар шаклини ҳам тузиб чиқади. “Мухтасарул Виқоя” деб аталган бу асар “Виқоя”да келтирилган керакли масалаларни ўз ичига олган.     

Абдулҳай Лакнавий Садруш шариа иккинчини “Барча томонидан қабул қилинган имом, шариат қонунларининг соқчиси, аслий ва фаръий (жузъий) муаммолар устоди ва қисқартирувчиси, ақлий ва нақлий (шаръий) фанлар олими, фақиҳ (ҳуқуқшунос), фиқҳ усуллари (асослари)нинг билимдони, мантиқий, муҳаддис, муфассир, тилшунос, адиб, мутакаллим, буюк қадру манзилат ва юксак мақом соҳиби, илму адаб билан тўлиб тошган, улуғликни  ота-боболаридан мерос қилиб олган зот эди,” деб таърифлайди.

Ҳажман “Мухтасарул Виқоя” асари “Ҳидоя”нинг ўн биридан бир (11:1) қисмига тўғри келади. Лекин шунга қарамай, уни диққат билан ўқиган малакали киши ислом ҳуқуқининг асосий масалаларини  тўкис ўзлаштириб олишга эришади. Шу сабабли машҳур ҳуқуқшунос олимлар томонидан араб, турк ва форс тилларида унга бағишлаб кўп шарҳлар ва ҳошиялар ёзилган. Бу асар узоқ муддат давомида исломий дорулфунунлар дастурларидан ўрин олиб келган. 

Таъкидлаганимиздек, мазкур асар Ислом олами қонунчилигида  ғоят катта аҳамиятга эга бўлганлиги сабабидан унга бир неча шарҳ ва изоҳлар ёзилган. “Кашфуз зунун” муаллифи Ҳожи Халифа “Мухтасар”ни араб тилида шарҳлаганлардан қуйидагиларни зикр этади:

  1. Аҳмад ибн Муҳаммад Шаманий. 2. Ибн Айний Ҳанафий. 3. Абдулвоҳид ибн Муҳаммад. 4. Алоуддин Али ибн Муҳаммад. 5. Ибн Қутлуб Ҳанафий. 6. Шамсуддин Муҳаммад Кўҳистоний. 7. Алиюнил Қорий. 8. Абу Макорим ибн Абдуллоҳ ибн Муҳаммад. 9. Нуриддин Абдураҳмон ибн Аҳмад Жомий. 10. Маҳмуд ибн Илёс Румий.

Ушбу шарҳлар орасида энг машҳурларидан бири Маҳмуд ибн Илёс Румий томонидан ёзилган “Шарҳу ниқояти Мухтасарул Виқоя” асари бўлиб, китоб “Шарҳу Илёс” номи билан шуҳрат қозонган.

Ислом оламида кенг фойдаланиладиган мазкур асар муаллифи Маҳмуд ибн Илёс Ҳанафий Румий Муҳйиддин ҳақида манбаларда 1380-1447 йилларда яшаб ижод қилганлиги айтилади. Аллома ўз замонасининг етук алломаларидан таълим олган бўлиб, илм талабида Миср, Мадина ва Дамашқ ва Бағдодга сафар қилиб, у ердаги уламолардан таҳсил олади. Фиқҳ ва тафсир илми соҳасида замонасининг етук алломаларидан бири сифатида намоён бўлади. Маҳмуд ибн Илёс ўз илмий фаолияти давомида фиқҳ илмига жуда катта эътибор берган. У ибодатли, тақводор инсон бўлиб, ҳофизул Қуръон – Қуръонни ёд билган, фиқҳ илмида ҳақ билан ботил орасини ажратиб берувчи, фиқҳ ва усулул фиқҳ масалаларида улкан илмга эга, ҳанафия мазҳабининг давомчиси сифатида танилган фақиҳ бўлган.

 “Шарҳу Илёс” асари мусулмонлар орасида, айниқса илмий соҳада ўзига хос аҳамиятга эгадир. Мазкур асарнинг араб тилида ёзилган икки жуздан иборат тошбосма нусхаси Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказининг Қўлёзмалар хазинасида Б-025, Б-028 рақами билан сақланмоқда. Нусханинг муқовалари қоғоздан, такяси теридан ишланган. Асар яхши сақланган бўлиб, ҳар бир саҳифа рақамланган, варақлари эса Шарқ қоғозидан. Китоб юқорида айтиб ўтганимиздек, умумий ҳажмда икки жилд, тўрт мужалладдан иборат бўлиб, ҳижрий 1325 (м.1907) йили Ҳиндистоннинг Лоҳур шаҳрида пешоварлик савдогар Фазл Аҳад ибн Ҳожи Муҳаммад буюртмасига биноан чоп этилган.

Асарнинг ёзилиш услуби, илмийлиги ва унинг аҳамияти ҳақида тўхталар эканмиз, ҳар бир мужалладининг аввали турли ҳошиялар билан бойитилган ҳамда биринчи ва иккинчи мужалладларнинг охирида боблар мундарижаси келтирилганлигини гувоҳи бўламиз. Асардаги ҳар бир китобнинг бошланишида муаллиф томонидан шаръий масалалар шарҳи билан баён этилиб, сўнгра фаслларга тегишли  бўлган масалалар ёритилади. Ҳар бир масаланинг шарҳларига китобнинг ҳошияларида қўшимча изоҳлар  (сноска) рақамланган ҳолатида берилган.

 Биринчи жилднинг биринчи саҳифаси турли нақшлар билан безатилган ва юқори хаттотлик маҳорати асосида асарнинг номи “Шарҳу Илёс. Рубъу аввал (Биринчи чорак)” ибораси ҳамда саҳифанинг юқори қисмида “Ва инна Илёса ламинал мурсалийн (Ва албатта, Илёс пайғамбарлардандир) ояти ёзилган[1]. Асар ҳамду санодан иборат “Муқаддима” ва “Таҳорат китоби”дан бошланиб, “Ҳаж китоби”нинг “Эҳромли кишининг ҳаждан тўсилиб қолиши” ҳақидаги фасл билан тугалланган. Биринчи жилднинг аввалида мазкур китоб икки савдогар Фазл Аҳад ва Абдураҳим буюртмасига биноан ёзилганлиги кўрсатилган бўлса,  охирида мазкур жилднинг чоп этилишига сабабчи бўлган шахсларнинг бири Муҳаммад Абдурашид Вазирободийнинг тарихи форс тилида қасида усулида баён этилган. Саҳифанинг пастки қисмида асар Лоҳурда чоп этилгани тўғрисидаги маълумотлар форс тилида ёзилган. Биринчи жилд 359 саҳифадан иборат бўлиб, китоблар ва фасллар мундарижаси билан тугалланган. 

Иккинчи жузнинг биринчи саҳифаси ҳам нақшли ҳошиялар билан безатилган. Саҳифанинг юқори қисмида араб тилида “Наҳмаду Аллоҳ аллазий ҳувал Холиқур Розиқу линнаси (Инсонларнинг яратувчиси ва ризқини берувчиси бўлган Аллоҳга ҳамд айтамиз)” ибораси ҳамда “Шарҳу Илёс Рубъу соний (Иккинчи чорак). Сана ҳ.1329 (м.1911)” жумласи хаттотлик услуби билан ёзилган. Бу асар Фазл Аҳад ва Абдураҳим буюртмасига кўра чоп этилгани қайд этилган. Саҳифанинг пастки қисмида форс тилида асар Лоҳурда, Нивал Кишвари босмахонасида чоп этилгани ёзилган. Иккинчи жуз “Никоҳ китоби”дан бошланиб, “Қасам” китобининг “Сўзламасликка қасам ичиш” фасли билан тугалланган бўлиб, 264 саҳифадан иборат.  Иккинчи жуз охирида фойдаланилган асарлар ҳамда амирул муъминийн, дин ва миллат зиёси султон Абдураҳмонхонга бағишланган қасида ва марсия форс тилида ёзилган.

Асарнинг иккинчи жилди учинчи жузнинг биринчи саҳифаси ҳам нақшли ҳошиялар билан безатилганига кўзимиз тушади.  Саҳифанинг юқори қисмида “Ва инна Илёса ламинал мурсалийн” ояти ёзилган. 1325 йил (1908й)” ҳижрий санаси кўрсатилган. Асарнинг бу жузи “Савдо китоби”дан бошланиб “Топиб олинган нарсалар китоби”нинг “Йўқолган нарсалар” фаслида тугайди.

Асарнинг тўртинчи жузининг биринчи саҳифасида “Машаъ Аллоҳ ло қуввата илло биллаҳ (Аллоҳнинг хоҳлагани бўлади. Куч-қудрат фақат Аллоҳ таолонинг хоҳиши билан пайдо бўлади)”[2] ояти битилган. Ундан қуйироқда асар Деҳлидаги “Низомий” босмахонасида чоп этилгани форс тилида ёзилган. Асарнинг тўртинчи жузи “Қазо – Ҳукмлар китоби”дан бошланиб, “Хунаса” китобининг “Турли масалалар фасли” билан якунланган ва 256 саҳифадан иборатдир. Асарнинг охирги варағининг биринчи саҳифасида учинчи ва тўртинчи жузларнинг мундарижаси келтирилган. Мазкур жузнинг охирги саҳифасида китобнинг хотимаси ва 1325 ҳижрий (м.1907) санада ёзиб тугатилганлиги  форс тилида  шеърий услубда  келтирилган. 

Биринчи жузнинг асосий қисми 6 китобдан ташкил топган бўлиб, ислом динининг рукнларидан бўлмиш тоат ва ибодатга бағишланган. Унда  таҳорат, намоз, рўза, закотни, ҳаж, шунингдек, шариат ҳукмларига доир кўп муҳим масалалар шарҳланган.

Иккинчи жуз эса ҳуқуқий  жиҳатдан катта аҳамиятга эга бўлиб, у  никоҳ ва оила ҳуқуқига доир ажрим масалалари, ота-онанинг фарзанд олдидаги бурчлари, ижтимоий ҳуқуқий масалалар батафсил ёритилган.

Учинчи жуз ижтимоий молиявий муносабатларга оид бўлиб, 26 китобдан ташкил топган. Уларда савдо, тақсимот, мулкни ижарага бериш, омонатга топшириш, гаровга қўйиш, мулкий шериклик қилиш ва булардан бошқа турли шаръий ижтимоий масалалар ёритилган.

Асарнинг тўртинчи жузи 14 китобдан иборат. Уларда  инсон ва жамият амалий ҳаёти билан боғлиқ бўлган қатор масалалар, хусусан, сотиш, сотиб олиш, ижара, ғасб (бировнинг  мулкини тортиб олиш), ваколат, музораа (ерни шерикликка экишга бериш), қурбонлик, ов, суд ва суд жараёни, жиноят кодекси, даъво, ширкат, тижорат, вақф, ичимликлар, шунингдек, сулҳ, васиятлар, жиноят ва муомалот ҳуқуқининг кўплаб қирралари ва бошқа кўп  муҳим шаръий масалалар шарҳлари билан ёритилади.

Жаҳон ижтимоий ҳуқуқий маданияти хазинасига улкан ҳисса қўшган фақиҳларнинг ислом динига эътиқод қилувчи халқларнинг давлатчилик асоси, шариатимиз қомуси бўлган фиқҳий асарлари ўз аҳамиятини йўқотмай бугунги кунимизгача етиб келди. Улар орасида “Мухтасарул виқоя”нинг шарҳи бўлган “Шарҳу Илёс” асари ҳам ҳозирги замон ҳуқуқшуносларига ва ўтмишимизга қизиқувчи барча илми толиблар учун фиқҳ илми соҳасидаги билимларини бойитишда муҳим манба бўлиб хизмат қилади. Ўқувчи асарни мутолаа қилиш асносида турли шаръий ҳукмларни кенг ва атрофлича шарҳлашга ўзида кўникма ҳосил қилиб бораверади, фикрини чархлаб, билимларини мустаҳкамлайди ва дунёқарашини кенгайтириб бораверади.

[1] Соффат сураси, 123-оят.
[2] Каҳф сураси, 39-оят.
Нодир ҚОБИЛОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …