Home / МАҚОЛАЛАР / МОТУРИДИЯ КАЛОМ МАКТАБИГА ОИД ЯНГИ МАНБАЛАР ТАҲЛИЛИ

МОТУРИДИЯ КАЛОМ МАКТАБИГА ОИД ЯНГИ МАНБАЛАР ТАҲЛИЛИ

Мовароуннаҳрда калом илмининг ривожланишида, шубҳасиз буюк мутакаллим Абу Мансур Мотуридийнинг (ваф. 333/944 й.) ўрни ниҳоятда катта бўлган. У яшаган даврга келиб (IX асрнинг охири – X асрнинг биринчи ярми) ислом динида пайдо бўла бошлаган турли гуруҳ ва фирқаларнинг сони кўпайиб кетган эди. Бу ҳол имон-эътиқод масалаларида кўплаб ихтилофларни келтириб чиқарди. Шундай гуруҳлардан бири мўтазилийлар бўлиб, улар ақидавий масалаларни шарҳлашда нақлий далиллардан (Қуръон ва ҳадис) ақлий далилларни устун қўяр эдилар. Натижада салаф ҳамда аҳли ҳадис уламолари орасида калом илмига нисбатан танқидий фикрлар пайдо бўла бошлади. Мана шундай мураккаб шароитда улуғ мутакаллим Абу Мансур Мотуридий етишиб чиқди ва вужудга келган муаммоли вазиятни илмий асосда бартараф этишда ўзининг катта ҳиссасини қўшди. Шу тариқа Мотуридий ҳанафий мазҳаби асосчиси Абу Ҳанафанинг (699-767 й.) таълимотига суянган ҳолда ўзига хос калом мактабини яратди. Лекин Мотуридий вафотидан кейин Мовароуннаҳрда мазкур мактабнинг мавқеи маълум даражада сусая бошлади. Шунинг учун Мотуридийдан кейин Мовароуннаҳрда унинг таълимотини тўғри талқин қилиб кенг тарғиб қиладиган ҳамда асоссиз фикр ва танқидлардан уни ҳимоя қила оладиган бир гуруҳ олимларга зарурат сезила бошлаган эди. 

Манбаларда ёзилишича, Абу Мансур Мотуридий асли Самарқанднинг Мотурид (Мотурит) қишлоғида туғилган, тўлиқ исми Абу Мансур Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд Ҳанафий Мотуридий Самарқандийдир. У Абу Бакр Жузжонийдан ҳанафий фиқҳини, анъанавий ислом мезонлари ва уни атрофлича қамраб олиш, изчил таҳлил қилиш, ақлан фикр юритиб, илоҳиёт борасида мунозаралар олиб боришни эса Абу Наср Иёдийдан ўрганади.

 Европа ва Туркия олимлари [1; 5; 6; 14; 18; 20; 25] томонидан калом илми тарихига оид кўплаб тадқиқотлар амалга оширилган бўлсада, Марказий Осиё ҳудудида ушбу соҳа бўйича ҳали етарли ишлар амалга оширилгани йўқ эди. Биринчидан 2000 йилда Ульрих Рудольфнинг Абу Мансур Мотуридий илмий меросига оид тадқиқоти рус ва ўзбек тилига таржима қилингани [19] ушбу соҳада ўзбекистонлик тадқиқотчиларнинг фаолияти ривожига туртки бўлган бўлса, иккинчидан 2000 йилда Имом Мотуридий таваллудининг 1130 йиллиги Ўзбекистонда кенг нишонланиши унга бўлган қизиқишни янада оширди. Унга қадар Ўзбекистонда мадраса  мударисслари, мадрасаларда таҳсил олган катта уламолар, ҳатто масжид имомлари Мотуридий шахси ҳақида бирон бир маълумотга эга эмас эканликлари билиниб қолди. Лекин шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш даркорки, улар Мотуридийлик эътиқодини “Имом Аъзам эътиқоди” ёки “Аҳли сунна вал жамоа эътиқоди” сифатида билар эдилар. 

Абу Мансур Мотуридийнинг ҳаёти Самарқандда илоҳиёт илми ривожининг кейинги даврига тўғри келади. Бу пайтда шаҳарда бир неча эътиборли мутакаллимлар гуруҳи фаолият кўрсатаётган бўлиб, улар орасида донишмандлар (ҳукамо) гуруҳига мансуб Абулқосим Ҳаким Самарқандий ижодига қизиқиш катта эди. Иккинчи гуруҳда Абу Бакр Жузжоний мактаби намояндалари – Абу Абдуллоҳ ибн Абу Бакр ЖузжонийАбу Мансур МотуридийАбулҳасан Рустуфағний, Абу Салама Самарқандийлар бор эди. Учинчи гуруҳни эса иёдийлар сулоласи вакиллари – Абу Наср Иёдий, унинг фарзандлари Абу Аҳмад ва Абу Бакр Иёдийлар ташкил этарди. Бу гуруҳлар ўртасидаги баҳслар турли кўринишларда намоён бўлди ва бу калом илми ривожига ижобий таъсир этди. 

Маълумки, калом илмида мутакаллимлар мавқеини белгилашда уларнинг ижтимоий- сиёсий масалалардаги қарашлари муҳим ўрин тутган. Ҳакимлар давлат билан ҳамкорликни рад этмай, унинг вакиллари билан бирга фаолият кўрсатганлар. Масалан, Абулқосим Ҳаким Самарқандийнинг “Китоб ас-савод ал-аъзам” асари сомонийлар таклифи асосида ёзилган ва бу китобдан ўша даврда Мовароуннаҳрда асосий қўлланма сифатида фойдаланилган. 

Гап шундаки, исломга янги ўтган минтақа- ларда яъни Мовароуннаҳрда илоҳиёт борасида турли масалалар вужудга келдики, бу жуда кескин тус олди. Чунки мазкур ҳудуддаги турк ёки суғд учун ислом аҳкомлари ва талабларига жавоб беришга тайёр эмас эди. Бу эса охир оқибатда бир қатор исёнларга ҳам олиб келди. Буларнинг барчаси Мовароуннаҳрда келгусида мустақил илоҳиёт анъаналари вужудга келиши учун етарли замин тайёрладики, натижада нисбатан кўп сонли диний муҳит юзага келди. 

Мана шундай шароитда унинг таълимоти билан батафсил танишиб, бу таълимотнинг мазмун-моҳиятини теран англаган издошлари, насафийлар сулоласидан ва бошқа сулолалардан етишиб чиққан йирик мутакаллим Абу-л-Йусур Паздавий (ваф. 1099 й.), Абу-л-Муин Насафий (ваф. 1114 й.), Саффор Бухорий (ваф. 1134 й.), Абу Хафс Нажимиддин Умар Насафий (ваф. 1142 й.), Али ибн Усмон Ўший (ваф. 1173 й.), Сабуний Бухорий (ваф. 1184 й.), Умар Ҳанафий (ваф. 1200 й.)лар Имом Мотуридий таълимотини давом эттириб, уни янада ривожлантиришди. 

Мовароуннаҳр калом мактабини шаклланишида ва тараққий эттиришда Самарқанд илмий муҳитини ҳам алоҳида ўрни бор. Ушбу калом мактабининг тараққиётини уч даврга бўлиб ўрганиш мумкин.

1) Мотуридийгача бўлган даври (IX). 

2) Мотуридий ва унинг сафдошлари даври (X). 

3) Қайта тикланиш даври (XI-XII). 

Биринчи даврда юксак мартабали ва нуфузли ҳанафия олимларининг хизматлари катта бўлди. Дастлабкиларидан, ҳанафийлар орасида машҳур бўлган “Китоб ал-алим ва-л-мутааллим” (“Устоз ва шогирд китоби”) асарининг муаллифи Абу Муқотил Самарқандий (ваф. 823 й.) номи тилга олинади. Унинг асари ҳанафийа анъанаси йўлидаги калом илмининг энг дастлабки қадамларини кузатиш имконини беради. Чунки у устоз қарашларини аниқ етказиш ва тушунтириб беришга интилган. Ушбу асар ўқувчи (муаллифни ўзи) ва устоз (Абу Ҳанифа) ўртасидаги савол-жавоб тариқасида тузилган. 

Мовароуннаҳр калом мактабига замин тайёрлашда Абу Бакр Муҳаммад ибн Ямон Самарқандийнинг (ваф. 881-82 й.) ҳам алоҳида ўрни бор. Унинг ҳаёти Самарқанд шаҳрида кечган. Мовароуннаҳрлик мутакаллимлардан олимнинг ҳаёти тафсилотларига нисбатан, асарлари бизгача етиб келганлиги билан фарқланиб туради. Абу Бакр қаламига мансуб “Китоб ал-анвор” (“Зиё китоби”), “Китоб ал-иътисом” (“Ўзаро боғланиш китоби”), “Китоб маолим ад-дин” (“Динни билдирувчи асар”) каби асарларни кўрсатиб ўтиш мумкин. Олимнинг яна бир асари  “Китоб ар-радд ала-л- карромия” (“Карромийларга раддия китоби”) деб аталган бўлиб, бу асар ҳам илоҳиёт масалаларига оиддир. Бу асарни Муҳаммад Самарқандий яшаган даврда шаҳарда маълум мавқега эга бўлган карромийлар таълимотига қарши ёзилган раддия асарлари қаторига киритса бўлади. 

Ушбу мактаб ривожи учун ўз ҳиссасини қўшган яна бир сермаҳсул олим Абу Мути Макҳул ибн Фазл Насафий (ваф. 930 й.) дир. Ўқимишли оила вакили бўлган олим заковатли олимлар сулоласи асосчиси эди. Мазкур сулола уч авлод вакиллари мотуридийаьривожига катта ҳисса қўшдилар. Улардан Абу-л Муин Насафий ўзини эслаб ўтиш кифоядир. Макҳул ан-Насафий ўз даври илоҳиётида асосий ўринлардан бирини эгаллаган бўлса-да, лекин манбаларда унинг ҳаёти ҳақидаги маълумотлар деярли учрамайди. У “Китоб аш-шуо‘” (“Нур китоби”), “Китоб ал-луълуъёт” (“Дурдоналар ҳақидаги китоб”), “ал-Радд ала аҳл ал-бидъа” (“Бидат аҳлига радия”)  номли асарларнинг муаллифидир. Унинг учинчи асари “ар-Радд ала аҳл ал-бидъа” (“Бидъатчи, адашган ва адаштирувчи фирқаларга раддиялар китоби”) бевосита илоҳиёт соҳасига алоқадор бўлиб, муаллиф замондошлари орасида кенг тарқалган [15]. Ундаги маълумотлар мазмундорлиги ва ниҳоятда аниқлиги билан ушбу фан соҳасидаги биринчи даражали манба сифатида диққатимизни ўзига жалб қилади. 

Иккинчи давр Ҳаким Самарқандий (ваф. 953 й.) Мовароуннаҳр илоҳиёт мактаби ривожида муҳим ўрин тутади [20: 606]. У калом билан бир қаторда бошқа диний илмлар билимдони сифатида эътироф этилганлиги унинг мамлакат қозиси лавозимини эгаллаганлигидан кўринади. У Мотуридий билан биргаликда Самарқандда Абу Наср Иёдийдан таълим олган. Унинг ҳанафийлар орасида машҳур “Китоб ас-савод ал-аъзам” (“Китоб аксарият ҳалқ”) асари Мовароуннаҳр илоҳиёт тарихида асосий ўринлардан бирини эгаллайди. Асар 902 йил амир Исмоил ибн Аҳмад Сомоний (892-907) буйруғига мувофиқ ёзиб тугатилган. Ушбу асар Нух ибн Мансур (976-997) даврига келиб форс тилига ҳам таржима қилинган. 

Абул Муин ан-Насафий Мотуридий вафотидан сўнг унинг қабри устига қуйидаги мақтов сўзларини ёздиришга буйруқ берганини ривоят қилган: “Ушбу қабр илмларни ўз нафасларигача қамраб олган, уни тарқатишда кўп заҳматлар чеккан, у қолдирган мерос кўп мадҳ қилинган ва ўзининг умр дарахтидан кўплаб мевалар тера олган улуғ зотнинг қабридир”[2].

Мовароуннаҳр калом мактаби фаолияти борасида тўлиқроқ тасаввурга эга бўлиш учун бевосита Мотуридий ва унинг шогирдлари ва уларнинг илоҳиёт борасидаги ютуқларига ҳам мурожаат этиш лозим. 

XI-XII асрлар ҳанафий мутакаллимлари мотуридийа таълимотини қайта тиклаш жараёнида унинг ижтимоий қарашларини акс эттирувчи фикрларини эътибордан четда қолдиришади. Кейинчалик Мотуридий фиқҳ ва калом масалалари билан қизиқиб, ҳанафий мазҳаби олимларидан дарс олиб, ўз билимини юксалтиради. Бу жараёнда кўплаб машҳур фақиҳ ва муҳаддислар билан мулоқот ва мунозарада бўлади, шу соҳага оид асарлар ёзади. 

Маҳмуд ибн Сулаймон Кафавийнинг (ваф. 990/1582 й.) “Катоиб ул-аълом ал-ахёр фи табоқот фуқаҳо ва машойих мазҳаб ан-Нуъмон” (“Нуъмон мазҳабига мансуб бўлган таниқли аллома факиҳлар ва шайхлар ҳақидаги китоб”) номли асарида Абу Мансур Мотуридийнинг, қаерда ва қачон вафот этгани ҳамда унинг асарлари ҳақида маълумот беради. Муаллиф имом Мотуридийнинг “Китоб ат-тавҳид” (“Аллоҳнинг яккаю ягоналиги борасидаги китоб”), “Китоб ал-мақомат”, “Китоб рад авомил лил адила лил Каъбий” (“Каъбий залолатларининг бошланишини рад қилишга бағишланган китоб”), “Китоб баён ва ҳум ул-муътазила” (“Муътазила ғавғолари ва ундан қўрқмаслик ҳақидаги китоб баёни”), “Таъвилот ал-Қуръон” (“Қуръон таъвили”) каби асарларини санаб ўтади. “Таъвилот ал-Қуръон” асарининг 2 та нусхаси Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти қўлёзмалар фондида № 5126 ва №5127 рақамлари остида сақланади. 

Тошкент фондидаги № 5126 рақами остидаги нусхаси асарнинг иккинчи жилдидир. Қўлёзма асарнинг бир қисми LXII-CXIV суралар таъвилини ўз ичига олади. Қўлёзманинг 171а саҳифасида бу асар Хожа Муҳаммад Порсо кутубхонасида сақланганлиги тўғрисида белги бор. Унда жумладан шундай дейилади: “Ушбу китоб Бухоро шаҳрининг Куйи Дихқон манзилидаги кутубхонага Аллоҳ бандаси Муҳаммад ал-Хофизи ал-Бухорий томонидан вақф қилинган”. 

Эътиборли жиҳати – юқорида тилга олинган бу қўлёзма “Китоб ат-таъвилот”нинг ҳозирги кунга қадар дунёдаги энг қадимий нусхаси бўлиб турибди. Мазкур нусханинг тавсифи СВР [22]га киритилмаган эди ва у илк бор мақола муаллифи (Ш.З) томонидан илмий муомалага киритилди [11: 66-73] .

Бу қўлёзма 529/1134-35 йилда кўчирилган. Бухоро жомеъ масжидида қабул қилиниб, таҳрир этилган (Қубила ва суҳҳиҳа фи масжиди жа‘ми ал-Бухара). 

“Китоб ат-таъвилот” асарининг яна бир нусхаси 5127 инв. рақами остида сақланади. Бу нусха асарнинг охирги жилдидир. Насх ёзувида кўчирилган бу нусха 294 варақдан иборат. Муқованинг юзида бир бўлак қадимий қоғозга “Китоб ат-таъвилот” сўзлари ёзилган бўлиб, ёзув йиллар давомида эскириб, кўз илғамайдиган даражага келиб қолган. Қўлёзманинг бошланғич варағидаги (1а) юқори сатрда “Тафсири шайх Абу Мансур ал-Мотуридий” деб ёзилган. Шу саҳифанинг қуйироғида шундай ёзувлар бор: “Бу охирги дафтар буюк имом, зоҳид, ҳидоят йўли имоми, аҳли сунна ва жамоа раиси шайх Абу Мансур Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд ал-Мотуридийдан нақл қилинган”. Варақнинг чап тарафига “Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Наср ал- Ҳофиз ал-Бухорий мулки” деб ёзиб қўйилган. 

Икки нусха ҳам машҳур Хожа Муҳаммад Порсонинг кутубхонасига тегишли бўлган [21: 17-41]. 

Шу фонднинг ўзида “Китоб ат-таъвилот” асарининг машҳур ҳанафий фиқҳ олими Алоуддин Самарқандий [5: 640] томонидан ёзилган шарҳи ҳам мавжуд бўлиб, унинг нусхалари № 3249 ва № 3155 рақамлари остида сақланади. Буларнинг ҳам ҳар иккиси Хожа Муҳаммад Порсо кутубхонасидандир. Бу нусхаларнинг бири (№ 3249), айниқса, қимматлидир. Унинг энг диққатга сазовор жойи – унинг сарварағидир (1а). 

Қўлёзманинг сарварағи шундай иборалар билан бошланади: “Аҳл ас-сунна раиси Абу Мансур ал- Мотуридий – Аллоҳ ундан рози бўлсин – ҳидоят илми пешвосидан аш-шайх ал-имом Ҳофиз ад-дин Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Наср ал-Бухорийга асарлар қуйидаги иснод билан етиб келди: аш- шайх ал-имом ар-Раббоний, усул ва фуруъ соҳиби Шамс ад-дин Муҳаммад ибн Абд ас-Саттор ибн Муҳаммад ал-Имодий ал-Кардарий хабар қилди (Аллоҳ уни раҳматига ва ризосига йўлласин), унга ўз навбатида аш-Шайх ал-Имом Нажм ад- дин Абу Ҳафс Умар ибн Муҳаммад ибн Аҳмад ан-Насафий айтди, аш-Шайх ал-Имом ал-қози Абу Наср Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн ал-Ҳусайн ибн Абд ал-Карим ан-Насафий, у – отасидан, у – бобосидан, у эса – отаси ‘Абд ал-Каримдан, у эса – аш-шайх, ҳидоят йўлига бошловчи, аҳл ас-суннанинг раиси Абу Мансур Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд ал-Мотуридий ас- Самарқандийдан – Аллоҳ уни раҳмати ва ризоси билан қўлласин – айтади”, деган сўзлар билан биринчи иснод матни тугайди. Иккинчи иснод “Шарҳ Таъвилот” дан бу биринчи дафтарни шайх имом ар-роҳиб аҳл ас-сунна ва жамоанинг раиси Абу Мансур ал-Мотуридийдан – Аллоҳ унинг тавбасини қабул этиб раҳмати ва ризоси билан қўлласин – ибн Аҳмад ас-Самарқандий шарҳлаган” деган жумла билан тугайди. 

Юқоридаги изоҳда Мотуридий таълимоти, асарлари ўз замонасида кейинги даврлардагидек машҳур бўлмаганига ишора бор. Бу асар дастлаб Абдулкарим Паздавий (ваф. 999 й.) оиласи аъзолари орасида нақл этилади. XII асрдан бошлаб эса уламолар орасида кенг тарқала бошлайди. Яна шуни таъкидлаб ўтиш жоизки, Мотуридия таълимоти Самарқанддан Бухорога ёйилиши тафсилотларини ҳам шу манба асосида ўрганиш мумкин.

Манбаларга таяниб иш кўрилса, Мотуридийнинг шогирдлари ҳақида маълумотлар талайгина. Лекин уларнинг барчасига ҳам тўғридан-тўғри ишониш қийин. Чунки бу маълумотларнинг муаллифлари яшаган даврда Мотуридий шуҳрат поғонасига кўтарилиб бўлган эди, шу боис нафақат ҳақиқий, балки сохта шогирдлар ҳақида ҳам маълумотлар учрайди. Бу эса ўз навбатида шогирдлар доира- сининг кенгайишига олиб келади. 

Мазкур тадқиқот доирасида илк бор самарқандлик 5 мутакаллим олимнинг асари таҳлил этилди. Уларнинг биринчиси Имом Мотуридийнинг бевосита шогирди Абу-л-Ҳасан Али ибн Саид Рустуфағний (ваф. тах. 961 й.)га тегишлидир. Унинг “ал-Фавоъид” (“Фойдали нарсалар”) номли асари Кашшийнинг “Мажмуъ ал-ҳаводис ва-н-навозил (“Янги ва эски фатволар мажмуаси”) асари ичида сақланиб, бизгача етиб келган [4]. Шу вақтгача тадқиқотчилар эътиборидан четда қолиб келган бу асар 70 варақ ҳажмни эгаллайди. 

Иккинчи нодир манба Мотуридий замондоши Абу Бакр Иёдий (X аср) қаламига мансуб. “Ашр ал-масоил ал-Иёдия мин асл ад-дин” (“‘Иёдийлар дин асослари хусусида ўнта масала”) деб номланувчи бу асар ал-Хасирийнинг (ваф. 1107 й.) “ал-Хови фи-л-фатово” (“Энг мақбул фатволар”) асари ичида сақланган [17]. 

Учинчиси – “Байан асл мазҳаб аҳл ас-сунна ва-л-жамо‘а” (“Аҳл ас-сунна ва-л-жамо‘а мазҳаби асилларини баёни”). Унинг муаллифи номаълум (аноним) бўлиб қолмоқда. Бу кичик ҳажмли асар Мотуридий замонида калом илмининг ривожи йўналишларини тадқиқ этишда муҳим аҳамият касб этади.

Тўртинчи манба сифатида Ибн Яҳё (X аср) нинг “Шарҳ жумал усул ад-дин” (“Усул илмининг йиғиндиси шарҳи”) асарининг ягона қўлёзма нусхаси Истанбулда сақланади [12]. Бу асар Абу Салама Самарқандийнинг “Жумал усул ад-дин” (“Усул илмининг йиғиндиси”) китобига шарҳ тарзида ёзилган [3]. Ибн Яҳё Самарқандда калом масалалари ривожланиши билан бир қаторда, ушбу шаҳарлик мутакаллимлар ҳаёти тафсилотлари, ижтимоий ҳаётда тутган мавқелари ҳақида аниқ маълумотлар беради. Айниқса, унинг Мотуридий ҳаёти даврида Самарқандда икки каломий мактаб – Жузжонийа ва Иёдия мавжудлиги ҳақидаги хабари тадқиқотимиз учун ғоят муҳим маълумотдир. 

Бешинчи манба: илмий изланишлар натижасида ал-Косонийнинг кам маълум бўлган бир асари “ал-эътиқод лил-Косоний” الإعتقاد للكاسانى(ал-Косоний эътиқодига оид рисола) ёки яна бир номи “ал- Муътамад фи-л-муътақод”ни топишга муяссар бўлдик. Ушбу асар Париж миллий кутубхонасида № 825/3 инвентар рақами остида сақланади. Умумий ҳажми варақдан иборат (322а-325б). Асар ҳажм жиҳатидан кичик бўлсада, ал-Мотуридий калом мактаби борасида қимматли маълумот беради [26]. Муаллиф асарда асосан калом масалаларига тўхталиб, уни ўз изоҳлари билан бойитади. Косоний ҳар бир калом масаласига Мотуридий қандай ёндашганлигини кўрсатиб, сўнгра эса ўз изоҳини келтиради. Лекин ушбу асар муаллиф кўчиб ўтган Сурияда кенг тарқалди. Алоуддин Косоний қолдирган илмий меросини тадқиқ қилиш аллома яшаган даврдаги Мовароуннаҳр калом тарихи, ҳанафий мазҳабининг мавқеи ва илмий муҳит ҳақида янада чуқурроқ маълумот олиш имконини беради[13]. 

Учинчи давр Самарқанд калом мактаби тарихи бўйича қўшимча манба сифатида яқин йилларда кашф этилиб, нашр қилинган Абу Ҳафс Насафийнинг “Китоб ал-қанд фи зикри уламо Самарқанд” (Самарқанд уламолари ҳақида қанд китоби) асарини эслатиш мумкин. Унда калом илми соҳасида ўз қарашларига эга бўлган бир неча гуруҳ, жумладан, муҳаддислар фикрлари келтирилади. Бу манбанинг маълумотлари шу давргача Самарқанд илоҳиёти тарихини ўрганишда инобатга олинмай келганлигини таъкидлаш жоиз. 

IX аср иккинчи ярмида Самарқанд калом мактаби тарихида янги бир тенденция пайдо бўлади. У Абу Сулаймон ал-Жузжоний шогирди Абу Бакр ал-Жузжоний ва унинг ҳанафий ўқувчилари номи билан боғлиқдир. Уларнинг калом соҳасидаги асарлари бизгача етиб келмаганлиги боис, мазкур фан ривожига қўшган ҳиссалари ҳақида бирор фикр билдириш қийин. Лекин мазкур мактаб вакиллари – Абу Мансур Мотуридий ва Ҳаким Самарқандий ижодлари билвосита устозларнинг билим доиралари анча кенг ва салмоқли бўлганлигидан дарак беради. 

Шарқ биограф олимлар биринчи навбатда X-XI асрларда Самарқандда яшаб ўтган барча уламоларга ўз назарларини қаратганлар. Ким бўлишидан қатъи назар ўша даврда мазкур шаҳарда яшаган бўлса, (албатта алломалардан) илоҳиёт мавзусига озми-кўпми қизиқиш кўрсатган бўлса ва у Мотуридийнинг шогирдлари қаторидан жой олган бўлиши эҳтимолдан холи эмас. Кўп ҳолларда машҳур алломаларни Мотуридий билан боғлаш ҳам учрайди, лекин изчил ўрганилганда бунга ҳеч қандай тарихий асос йўқлигини кўриш мумкин. Мисол тариқасида “Китоб ас савод ал-аъзам” асари муаллифи Ҳаким Самарқандийнинг бир мунча кейин ёзилган манбаларда уни Имом Мотуридийнинг шогирди қаторига қўядилар. Аммо илк давр манбаларида Ҳаким Самарқандий Имом Мотуридийнинг шогирди экани тасдиқланмайди. Худди шундай ҳолатни машҳур аллома Абу Лайс Самарқандийда ҳам кузатиш мумкин. Ҳаким Самарқандийнинг фиқҳ ва калом илмларига бағишланган тўпламлари X асрда Самарқандда ёзилган асарларнинг аксариятини ташкил этар эди. Шу боис ҳам уни илк мотуридийлар қаторига киритилган, деб хулоса чиқариш мумкин. Бироқ манбаларда Ҳаким Самарқандий Самарқанднинг бош қозиси лавозимини эгаллаб турган вақтида Имом Мотуридий қабри устига тош қўйдиришни буюртирганлиги ҳақида маълумотлар бор[2]. Унда шундай сўзлар битилган: “Бу (қабр) ўз ақл-заковати ва тафаккури билан кўплаб илмларнинг юксак чўққисини забт этган, у (илм)ларнинг дунё бўйлаб тарқалишида бутун куч қуввати ва салоҳиятини аямай сарфлаган, дину диёнат соҳасидаги асарлари унга мислсиз шону-шавкат келтирган, умри бўйи инсонларга илмнинг лаззатли мевасини улашган алломанинг қабридир”. Дарҳақиқат Мотуридий вафотидан сўнг, Самарқандда жойлашган машҳур Чокардиза қабристонига дафн этилади. Ўша даврдаги таомулга кўра бу қабристонга шаҳар аҳли орасида эътиборга молик таниқли олимлар, уламолар дафн этиларди. 

Шу ўринда яна бир муҳим ёзма манбалар туркимига кирувчи, яъни юқорида зикр этилган Чокардиза қабристонидаги қайроқтошдаги битикларни ҳам атаб ўтшимиз лозим. Бу қайроқтошдаги битиклар мотуридийя калом мактаби вакиллари ҳақида муҳим маълумотлар бериши билан аҳамятлидир. Мотуридийнинг кўплаб сафдошлари ва шогирдлари ҳам шу жойга дафн этилганлар [9]. 

Узоқ йиллар давомида Ўрта Осиёнинг кўплаб ҳудудларида қайроқ тошлар қабртош сифатида ишлатилиб келинган. Чунки мазкур ҳудудларда у кўп учрайди ва у алоҳида ишлов беришга муҳтож эмас. Аммо уларни аксарияти Самарқанд ҳудудида учрайди ва улардаги битиклар улкан маҳорат билан амалга оширилган. Бу борада тадқиқотлар кўп бўлмаса-да, уларда турлича ёндашувлар бор. Айримлари қайроқ тошлардаги битикларни ўқиб фақат шу билан чекланган бўлса, айримлар тошлардаги битикларни ўқишда камчиликларга йўл қўйганлар. Тожикистонлик олима Додхудоева Л.Н. ўзининг “Эпиграфические памятники Самарканда ХI-ХIV вв” номли китобда 130 қайроқ тошларни чоп этган [7], Хашимов М. А. эса “Религиозные и духовные памятники Центральной Азии (книга-атлас)” [23] китобида 100 та қайроқ тошларни юқорида кўрсатилган манба асосида киритган. Имом Мотуридий мақбарасини тиклаш жараёнида кўплаб фақиҳ ва уламоларга мансуб қабртошлар (қайроқ тошлар) топилгани эътиборга моликдир. Уларнинг аксарияти қорахонийлар даврига оид бўлиб, кўплаб янги маълумотлар бериши табиий. Ҳозирда мақбара ҳудудида, ЎзФА археология институти ҳамда Самарқанд ва Тошкент музейларидаги қайроқ тошларни исломшунос олимлар Б.Бобожонов, А.Мўминов, У.Рудольф томонидан ўрганилиб, алоҳида йирик тадқиқот сифатида чоп этилди [24]. Чокардиза қабристонидан топилган баъзи эпиграфик ёдгорликларни ўрганиш жараёнида Х аср уламолари қабртошларидан бир қисми бизгача етиб келганлиги аниқланмоқда. Улар орасида мотуридия калом мактаби вакиллари Абул- Ҳасан Рустуғфаний, Абу Салама Самарқандий каби йирик олимларга оидлари ҳам аниқланди [16: 457-463]. 

2000 йил Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан Абу Мансур Мотуридий таваллудига бағишлаб ўтказилган тантаналар арафасида Самарқандда Чокардиза қабристони ўрнида 3,5 гектарлик мажмуа барпо этилди. Мажмуа марказида Абу Мансур ал-Мотуридий мақбараси бунёд этилди. Мотуридий ўз таълимоти ва илмий асарлари билан Мовароуннаҳр илоҳиёт мактаби ривожига катта ҳисса қўшди. Шунингдек, ҳанафийа таълимотининг Ўрта Осиё халқлари урф-одатлари билан чамбарчас боғлиқ эканини ўз қарашлари орқали кўрсатиб берди. 

Хулоса ўрнида шуни айтиш керакки, Имом Мотуридий асос солган диний таълимот – мотуридийлик мактаби Шарқ мамлакатларида катта шуҳрат топишига сабаб шуки, унда илгари сурилган ғоялар ислом динининг моҳиятини тўғрилик, эзгулик, инсонийлик деб биладиган жамики мўмин-мусулмонларнинг қарашлари ва интилишлари билан ҳамоҳанг эди. 

АДАБИЁТЛАР РЎЙХАТИ
1. Абу Мансур ал-Мотуридий. Китоб ат- Тавҳид. Бекир Топал ўғли ва Муҳаммад Аручи нашри. Анқара, 2003 й. 718 б. 
2. Абу Муин Насафий. Табсират. ЎзФАШИ. Асосий фонди. Қўлёзма № 5857. варақ: 220a. 
3. Абу Салама ас-Самарқандий. Жумал усул ад-дин. Сулаймонийа кутубхонаси. “Sehid Ali” фонди. Қўлёзма № 1648/I., варақ: 1б-18а. 
4. Аҳмад б. Мусо ибн ‘Исо ибн Ма’мун ал-Кашши. Маджму’ ал-хаводис ва-н-навозил. Сулаймонийа кутубхонаси. “Yeni Cami” фонди. Қўлёзма № 547. варақ: 285б-317а. 
5. Brockelmann K. Geschichte der arabischen Litteratur: T. I-II. – Weimar-Berlin: 1898.
 6. Gӧtz M. Māturīdī und sein Kitāb Ta’wīlāt al- Qur’ān // Der Islam. – 1965. – №41. – Б. 79.
 7. Додхудоева Л.Н. “Эпиграфические памятники Самарканда ХI-ХIV вв.” Том I. – Душанбе: Издательство “Дониш”, 1992.
8. Зиёдов Ш., Даминов И., Ибодуллаев Т., Муҳаммадиев О. Мовароуннаҳрда Мотуридий калом илми мактаби (монография). Тошкент, Shamsiddinxon Boboxonov bosmaxonasi” МЧЖ, 2020, 272 бет.
9. Зиёдов Ш., Мўминов., Муҳаммадиев О. Кайраки Самарканда: новые открытия// Ўзбекистонда исломшунослик ютуқ ва истиқболлари 2019 йил июнь Тошкентда бўлиб ўтган халқаро анжуман мақолалари тўплами. ИРСИКА. Истамбул 2020. – Б. 349-397.
10. Зиёдов Ш.Абу Мансур ал-Мотуридий ва унинг “Китоб ат-таъвилот” асари. “Фан” нашриёти. 2009. – 140 б.
11. Зиёдов Ш. Абу Мансур ал-Мотуридий ва унинг “Таъвилот аҳл ас-сунна” асари ҳақида янги маълумотлар // Шарқшунослик. – 1999. – № 9. – Б. 66-73 12. Ибн Яҳё. Шарҳ жумал усул ад-дин. Сулаймонийа кутубхонаси. “Sehid Ali” фонди. Қўлёзма № 1648/II. варақ: 18б-168а.
13. Комилов М. Фақиҳ Алоуд-дин Абу Бакр ал-Косоний // Имом ал-Бухорий сабоқлари. – 2000. – No 3-4. – Б.192-194.
14. Kutlu Sönmes. Mâtürîdîligin Tarihi Arka Plani. – Ankara: 2003.
15. Макҳул Насафий “Бидъатчи, адашган ва адаштирувчи фирқаларга раддиялар китоби” асарининг таржимаси // таржима ва изоҳлар муллифи Муҳиддинов Ҳ.Ф. Имом Бухорий халқаро маркази. – Т: “Тошкент ислом университети нашриёт-матбаа бирлашмаси”. – 2013.
16. Мўминов А. Значение погребальной эпиграфики в г. Самарканде (X-XIV  века) для изучения истории Матуридийа //// Büyük Türk Bilgini. Imam Mâturîdî ve Maturidilik / Millletlerarası tartışmali ilmî toplantı. 22-24 mayıs 2009 – İstanbul. Ed. Prof. Dr. İlyas Çelebi. – İstanbul, 2012. – Б. 457-463. 
17. Муҳаммад ибн Иброҳим ибн Ануш ал- Хасирий ал-Бухорий. Ал-Хови фи-л-фатово. Берлин шаҳар кутубхонаси. Ms.or.Qu. Қўлёзма № 1661. 1б-264а.
18. Madelung W. The Spread of Māturidism and the Turks // Actas IV Congresso de Estudos Аrabes Islāmicos. Coimbra-Lisboa. 1 а 8 de Setembro de 1968. – Leiden: Brill, 1971. – Б. 109-168.
19. Rudolph U. Al-Māturīdī und die sunnitische Theologie in Samarkand. – Leiden, New York, Köln: Brill, 1997.
20. Sezgin F. Geschichte des arabischen Schrifttums. Band I. Leiden, 1967. – S. 606.
21.Shovosil Ziyodov, Ashirbek Muminov et Elizaveta Nekrasova “La “Bibliothèque de Khwâja Muhammad Pârsâ” revisitée”, [Studia Iranica. Cahier 40], Paris: 2009, pp. 17-41.
22. Собрание восточных рукописей. – Т. I-XI. – Т.: Фан, 1952-1987.
23. Хашимов М. А.Религиозные и духовные памятники Центральной Азии (книга-атлас). – Алматы: Издательство “САГА”, 2001. – Б. 28-40.
24. Эпитафии мусульманских ученых Самарканда (X-XIV века) Введение, под- готовка к изданию оригинальных текстов, переводы, комментарии: Б.М. Бабаджанов, Л.Н. Додхудоева, А.К. Муминов, У. Рудольф. Стамбул: ИРСИКА, 2019.
 25. Özervarli S. The Authenticity of the Manuscript of Maturidi’s Kitab at-Tawhid: Are-examination // Islam Arastirmalari Dergisi. Istanbul. 1997. № 1. 29-бет.
26. Vajda, Georges. Index Général des Manuscrits Arabes Musulmans de la Bibliothèque Nationale de Paris. Paris, Bibliothèque Nationale. Tome II. 1978. № 825. 322а-325б.

 

тарих фанлари номзоди Шовосил ЗИЁДОВ
Манба: moturidiy.uz

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …