Home / МАҚОЛАЛАР / ТАСАВВУФ ТАЪЛИМОТИДА КАРОМАТ МАСАЛАСИ: ФАЛСАФИЙ-ИРФОНИЙ ТАЛҚИН

ТАСАВВУФ ТАЪЛИМОТИДА КАРОМАТ МАСАЛАСИ: ФАЛСАФИЙ-ИРФОНИЙ ТАЛҚИН

Ирфоний билимлар валий ва орифга қалб (кўнгил), фаросат, басират (ботиний нигоҳ), илҳом, кашф орқали тўғридан-тўғри Аллоҳнинг даргоҳидан берилган. Ориф ва валий хушхулқлиги ва гўзал ахлоқи, юзидан нур ёғилиб туриши, нафси устидан ҳоким бўлиб, бошқаларнинг озорини эътирозсиз қабул қилиши, барчага меҳр-шафқат кўрсатиши билан ажралиб турган. Кашф-каромат, ғайритабиий одатлар кўрсатиш тасаввуф шайхларининг муҳим жиҳати ҳисобланган.

Абдуллоҳ Ансорий кашф ва мукошафани “ҳеч бир воситасиз илоҳий нурланиш дебочаси” деб атаган. Ориф кашф орқали “яқин” илмига сазовор бўлади ва борлиқ ҳақиқатини билади. Тажалли орқали орифга ҳар қандай ақлий ва дискурсив далилдан холи бўлган ҳақиқат йўли қуёш каби нур сочади. Боязид Бистомийнинг назарида ориф маърифат юкини софлигича сақлай оладиган банда бўлиб “Аллоҳ ориф қалбига илм нурини сочади” [1:29]. Ҳаким Термизий “Илм ал-авлиё” асарида “Аллоҳ таоло валийни Ўзига томон кўтарган ва умматларидан унга яширин каромат ато этган. Улар ўзларини ёмон ишлардан узоқ тутган ва ёмон хаёллардан ўзларини тийган. Валийлар Аллоҳ таолонинг ердаги хос кишиларидир. Қиёмат куни пайғамбарлар ва шаҳидлар уларнинг Аллоҳ ҳузуридаги мақомларини кўриб ҳавас қилади” [2:50] деб валийлик даражасига юқори баҳо берган.

Аллоҳ ўзининг хос кишилари, дўстларини маҳфуз (сир тутади) этади, шунингдек, уларни лутф ва марҳамати билан сийлайди. Аллоҳ валийларнинг ҳар бирига “Исми Аъзам”дан насиб этган. Улар ана шу исм билан дуо қилади, дуоси Аллоҳ ҳузурида ижобат бўлади. Зеро, Аллоҳдан рози бандалар (валийлар) ердаги амин бандалардир, улар бошқалар учун ҳужжатдир, ўшалар туфайли Аллоҳ халқни балолардан асрайди [1:85], яъни Аллоҳ валийларни халқнинг орасида омонат қўйган ва халқ бало-офатдан саломатдир. Валийлар илоҳий даргоҳнинг хизматкорларидир ва улар бир-бирини билади [3:213].

Ориф ақл ва мантиқий тафаккур “парда”ларидан халос бўлгач, кашфга йўл очилади. Бу ҳолатда ақлий (рационал) ва мантиқий (дискурсив) далиллар рад этиб бўлмайдиган “баён”га йўл беради. Ориф энди “Санъаткор” (Аллоҳ)нинг “санъат”ини эмас, “Санъаткор” (Аллоҳ)нинг Ўзини кўра олади.

Илоҳий билимлар орифнинг қалбига нур каби оқиб киради. Абу Ҳомид Ғаззолийнинг қирқта китобдан иборат “Иҳёу улум ад-дин”, Жалолиддин Румийнинг “Маснавийи маънавий”, Маҳмуд Шабустарийнинг “Гулшани роз”, Фаридуддин Атторнинг “Асрорнома”, “Илоҳийнома” каби асарларининг мазмун-моҳияти мукошафа ҳосиласидир.

Қодирия тариқатининг асосчиси, форс илоҳиётчиси ва мутасаввиф олими Муҳиддин Абдулқодир ибн Абу Солиҳ Жангийдўст Гийлоний (ваф. 1166 й.) валийларни “дин илмларини тарқатувчи ва Аллоҳ Расулининг динини маҳкам ушлаган ёрдамчи, унга эргашган, Набийнинг таом ва шаробидан насибадор бўлгани туфайли ортидаги нарсаларни худди олдида кўргандек кўра олади” [4:98] деб таърифлаган. Яманлик Шайх Увайс Қараний (ваф. 657 й.) Аллоҳ Расулини кўрмаган, шунингдек, Аллоҳнинг Расули ҳам Увайс Қаранийни зоҳир кўзи билан кўрмаган бўлсаларда, уни “маъною руҳоният юзидин тарбият” қилганлар ва бу ришта увайсий [5:24]лик дейилади.

Илмий билишни мантиқийлик, тарихийлик, объективлик (холислик), герменевтика, қиёсий таҳлил, интерпретация, ворисийлик, системалилик, усуллари ташкил этади.

Тасаввуф адабиётлари, хусусан, маноқибларда пир­машойихда зоҳир бўладиган фавқулод (ғайритабиий)даги одат ва кароматлар, валий ва орифларнинг мартабаси таърифланган. Унга кўра, валий ва орифлар туш кўриш, бўлажак воқеаларни олдиндан қалб кўзи орқали кўриш, узоқ шаҳарлардаги яқин кишиси билан алоқа боғлаб (робита) сўзлашиш, руҳнинг жисмдан ажралиб сайр этиши ва қайтиб жисмга кириши, ўзгалар фикрини уқиб олиш ва фикран ўзгаларга таъсир ўтказиш, нафас қуввати, назар қуввати, дил қуввати, кўнгилдан ўтказиш, ҳолатга кириб вужуддан нур таратиш каби хислатларга эга бўлган [5:14]. Абдуллоҳ Муборак дуосининг ижобат бўлиши, Хожа Аҳмад Яссавийнинг руҳий мадади, Шайх Нажмиддин Кубронинг “валийтарош”лиги, Хожа Абдулхолиқ Ғиждувонийнинг кашф-каромати шулар жумласидан.

Кашф чақмоқ кабидир, чақмоқ чаққанида борлиқ ёришиб кетганидек, кашф орқали ориф қалби илоҳий ҳақиқат нури билан ёришади. Кашф ва мукошафа орифнинг илоҳий сирлардан огоҳлик даражасига кўра фарқланади, яъни Жабарут оламига борган ориф, малакут оламига ҳам етиб бориши унинг ҳолига кўра белгиланади. Оддий одам дунё ва унинг ранг-баранг жилосига алданиб, интеллекти даражасида идрок эта олган нарсалар билан чекланади ва мулк оламида қолишни афзал билади. Ҳақиқатда эса борлиқнинг ҳақиқатини била олмайди. Мўъжиза пайғамбарларга ва у набийлик даъвоси билан муштарак, набийлик шарти кароматда мавжуд эмас [6:4], яъни Аллоҳ пайғамбарларнинг ҳар бирининг даражасига кўра, истаганча мўъжиза беради. Мусо пайғамбарнинг ҳассасининг аждарга айланиши, Исо пайғамбарнинг бир нафас билан касалларни тузатиши, мурдаларни тирилтира олиши, Аллоҳ Расулининг Исро ва Меърож қилганликлари пайғамбарларнинг мўъжизаларига мисолдир. Аллоҳ Расулининг энг улуғ мўъжизаси “уммий” бўлсада, Қуръон оятларини ёддан тиловат этиши ва назм ва мазмун жиҳатидан башарият имконида йўқ олий даражада айтилган илоҳий ваҳий эканидир. Бу жараёнда қадимги тасаввурларнинг қайта ишланиб, исломий ақидаларга мувофиқлаштирилишини кузатиш мумкин. Аллоҳ валийларининг қалбида илоҳий сирлар мазҳари кашф-кароматга йўл очган. Аллоҳ Расулининг мўъжизаси ва авлиёнинг каромати ҳам Аллоҳнинг хазинаси бўлган кўнгилнинг ажойиботи ва саховатидир [7:64]. Зеро, тасаввуф бутун оламни Карам (Аллоҳ исмларидан бири) ичида кўришдир.

Каромат (акром, шараф, карам, лутф ва эҳсон) руҳий-маънавий камолотга эришган инсонда феномен (фавқулодда ғайритабиий ҳолат) зуҳури ва ҳайратланарли воқеа-ҳодисалар бўлиб, валий ва ориф зотларда содир бўлган кароматнинг айримлари Қуръоннинг “Марям” [8:306-307], “Асҳоби Каҳф” [8:259-262] сурасида келтирилган.

Валий ва ориф зотлар кароматни талаб қилувчи эмас, истиқомат (тўғрилик, тўғри ҳаракат этиш, рост йўлга етиш)ни талаб қилувчи бўлган. Бунинг сабаби истиқоматнинг кароматдан устунлиги билан изоҳланади.

Валий ва ориф зотлар кишиларни убудиятга, яъни бандалик қилишга даъват этиб, “Аллоҳ Сендан истиқоматни талаб этса, нафсинг кароматни хоҳлайди” [9:76] деган. Улар фақат истиқомат, яъни фақат яшаш даражасинигина тасарруф эта олган. Зеро, кашф-кароматга ишонч йўқ. Бунинг сабаби шундай изоҳланади, Аллоҳ билан инсон орасидаги “парда”ларни оча оладиган каромат илоҳий кароматдир. Акс ҳолда каромат хурофот ва бидъатга ўралиб қолади.

Билим манбаи кашф бўлиб, ҳар бир орифнинг билими бетакрорлиги, янгича интерпретацияси, оригиналлиги (асллиги), ўзига хослиги билан ажралиб туради. Борлиқ ва Алллоҳнинг бирлигини қалбан кўриш, дунёнинг Худога имманентлиги (унинг фаол табиатидан келиб чиқиши) уларнинг ботиний моҳиятга асосланган муносабатида англашилади, яъни сабаб (Аллоҳ) ва оқибатнинг (олам) биргаликда мавжудлиги масаласини мантиқий тафаккур билан ҳал этиш мумкин эмас, аксинча, каузаллик (сабаб ва оқибат муштараклиги) ботиний билиш орқали билинади. Бир валийнинг камида минг мақоми бўлса, аввали кароматдир. Каромат авлиё зотлар томонидан содир бўладиган “хориқул одат”даги ҳодиса сифатида икки жиҳатга эга.

Биринчиси, кавний (дунё) каромат – қисқа вақтда рўй берадиган феноменал одатдан ташқари ҳодисалар. Иккинчиси, илмий кароматлар – бу илм, ирфон, маърифат, ахлоқдаги устунликдир. Валийларнинг талқинича, асл каромат илмий каромат бўлса ҳам ҳақиқат каромат билан дуруст бўлмайди [5:143].

Кароматнинг зоҳир бўлишидаги ҳикмат – бу каромат содир бўлганидан сўнг валийнинг ишончи яна ҳам зиёда бўлиб, дунёдаги зуҳду тақвоси кучайиши ва ҳавойи нафс даъвосининг йўқолишидир [10: 403]. Даъво нафснинг ўзига мансуб бўлмаган бирор-бир нарсани ўзига нисбат беришидирки, банда билан Аллоҳ орасидаги энг катта тўсиқ даъвогарлик, яъни иддаодир.

Абу Ҳомид Ғаззолий илмни тақлидий (ўтмишдан мерос қолган, ота-она ва устозлардан олинадиган билим) ва кашф этилган илмга ажратиб, ҳар икки илмнинг моҳиятини таҳлил қилган. Тақлидий илмга кўр-кўрона эргашиш орқали эришилади. Кашф этилган илм ҳар бир инсоннинг ўзига хос қобилияти, истеъдоди, шуурий изланиши орқали қўлга киритилади. Абу Ҳомид Ғаззолий дейди: “Мақсадим амрлар ҳақиқатини кашф этиш эди”. Ҳаётда жуда кўп одамлар тақлидий билимлар билан қаноатланадиларки, янгилик яратмай, тайёр ҳунар, илмни ўрганиб, кўп қатори яшайди. Муаммо шундаки, ҳар доим келажак авлод, тараққиёт, инсоният фикратини олға силжитиш учун илоҳий ва дунёвий ҳақиқат, креационал моҳиятни излаш, кашф этиш эҳтиёжи бўлган. Бу вазифа башарият “буюк сиймо” деб тан олган ориф ва валий зотларга насиб этган.

Битта валийнинг мингта мақоми бўлса, унинг аввали каромат дейилган. Каромат биринчиси бўлса, қолгани унданда баланд даражададир. Аксарият валийлар кароматни яширган бу билан улар ўзи ва Аллоҳ ўртасидаги сирни муҳофаза қилган. Тасаввуфга кириш, шайх бўлишдан мақсад каромат кўрсатиш эмас, балки маънавий-руҳий юксалиш ва бошқаларни ҳам саодатли йўлга етаклаш бўлган. Энди халқнинг валийга эҳтироми каромат туфайли дейилган масалага эътибор қаратсак. Идеалга интилиш ҳар бир инсоннинг ички эҳтиёжидан келиб чиқади. Инсон идеал учун намунани келажакдан топа олмайди, келажакка бормаган, билмайди, келажак мавҳум, у ҳақда тасаввур йўқ. Чунки намуна тарихийликни, тажрибавийликни талаб этади. Ахлоқий идеалга айланган инсон тажрибадагина мавжуд бўлар экан, муайян замонга келиб, маълум маънода муболағавий ва афсонавий маноқиблар билан бойитилади, яъни идеаллаштирилади. Валийлар оддий одамлар эмас, уларнинг ҳаёт тарзи келажак авлодлар учун идеал бўлиб хизмат қилади. Маноқибларда валийнинг кароматлари кўпроқ келтирилганининг сабаби ҳам оддий халқнинг эҳтиёж ва талабидан келиб чиққанини назардан қочирмаслик керак. Аксарият валийларга хос кароматларга, масалан, дуонинг ижобати, сув устида юриш, сув устида намоз ўқиш, бошқаларнинг кўнглидаги фикрларни уқиш, узоқ масофани тез фурсатда босиб ўтиш кабиларга халқнинг ишончи баланд, ихлоси катта.

Кароматнинг моҳиятини тажрибали ориф тўғри изоҳлай олади. Бу дегани, каромат ҳар доим бўлган ва узлуксиз равишда рўй берган, лекин одамлар кароматни сезмаган ёки ҳис эта олмаган. Бунга инсоннинг барча хоҳишларига зид равишда ахлоқий сифат ёки моддий нарсаларни йўқотиши мисол бўла оладики, бу фан тилида тасодиф дейилади. Аслида ҳар бир каромат бир-бири билан ўзаро боғлиқ ҳодисаларнинг изчиллигини намоён этади.

Кароматнинг функцияси шундан иборатки, каромат инсонда реакция (фаоллик) уйғотади ва инсонни ўзига хос маънавий озуқа (ишонч, умид, қўрқув, юпанч, мувозанат, жўшқинлик) билан таъминлайди. Каромат унинг таъсирига тушган инсонга боғлиқ ҳолда ўзгаради. Барча ҳолатларда каромат айни вақтда ўз таъсиридаги инсонни баҳолаш қуроли бўлади. Каромат кишиларга турлича таъсир кўрсатади:

а) Кароматларни тасодифий ҳодиса сифатида энг зарур ҳолатларда кўрсатиш мумкин;

б) улар ғоят мураккаб бўлгани учун уларни тушуниб, аниқлаб бўлмайди. Кароматнинг моҳиятини унинг таъсиридан ажратиб бўлмайди, агар инсон у билан боғлиқ бўлмаса, каромат ўз маъносини йўқотади;

г) ҳар бир ҳаракат физик ҳодисадир, унинг таъсирининг турлича намоён бўлиши эса конкрет объектнинг таъсирига боғлиқ. Бу сабаб-оқибат категорияси орқали теран англашилади. Каромат сабабийлик тамойили билан боғлиқ бўлиб, ўз навбатида сабабийлик макон ва замон билан алоқадор. Воқеа-ҳодисалар гўё замон ва макон қонунига бўйсунмагани учун одамларга каромат бўлиб туюлади. Олий ўлчамлар олами (ғайб)га етиб борган ориф  учун каромат оддий ҳодиса сифатида қабул қилинади.

Каромат масаласига ёндашишда Абу Али ибн Сино: “Ғайритабиий ҳодиса кўрсанг, уни инкор қилишга уринма. Зеро, ҳар бир ҳодисанинг сир-синоати вақт-соати келганида ошкор бўлади”, деган эди. Чунки умрида қор кўрмаган одамни қорнинг муздек, соф, тузсиз эканига ишонтириш қанчалик мушкул бўлса, ишонч-эътиқоди суст, ҳаётни моддий ашёлар билан ўлчайдиган инсон учун кароматни англаш шунчалик қийин кечади. Ўзгаларнинг кўнглидагини билиб олиш кўзи очиқлик ва англаш фаросат нури орқали рўй беради.

Каромат ҳар доим бўлган ва кейинчалик ҳам бўлади. Баҳоуддин Нақшбанддан каромат талаб қилганида: “Барча кароматлар “калимаи тавҳид” билан йўқ бўлгувчидир. Каромат соҳибларининг барчаси парда остида, яъни “ҳижоб”дадир, орифлар эса кўздан узоқдадир. Бизнинг кароматимиз зоҳирдур. Бовужуди бу навъ гунаҳ юки ер юзида юра олурбиз. Бизга халқнинг кўнглидаги фикридан, ишидан ва аҳволидан нимаики зоҳир бўлса, биз ўртада бўлмаймиз. Ё бизга илҳом орқали билдиради ёки бирор киши орқали етказиб туради” [9:93], дейди.

Шуни таъкидлаш керакки, тасаввуфга кириш, шайх бўлишдан мақсад каромат кўрсатиш эмас, балки руҳий тарбия билан шуғулланиш ва бошқаларни ҳам саодатли йўлга етаклаш бўлган. Валийлар Аллоҳ билдирганича билган, Аллоҳ беҳожат қилганича беҳожат бўлган, Аллоҳ қодир қилган нарсага қодир бўлган. Бу қарашлар мазмунида буюк ҳақиқат мужассам, яъни пайғамбарлик Аллоҳ Расулининг вафоти билан охирига етган бўлса ҳам, аммо Муҳаммад (С.А.В.)нинг ҳолатлари, руҳониятига хос хислатлар унинг алоҳида умматлари сиймосида давом этиши керак.

Исломда бунга зарурат бўлган ва ички эҳтиёж сезилган. Бунинг сабабини қуйидагича изоҳлаш мумкин. Аввало, шариат аҳли (муфассирлар, муҳаддислар, муллалар) ислом манбаларини герменевтик интерпретациялаш, иерархик талқин этиш билан чегараланар эди. Бу “илми қол” бўлиб, “қол илми”нинг эгалари сўзларнинг асл маъно ва ҳақиқатини билмасдан, ўз ҳаёти, қисмати ва тажрибаси билан боғланмайдиган сўзларни такрорлайди.

Одамларнинг туйғу – кайфияти Олий софлик ва Мутлақ муқаддаслик, Аллоҳ билан робита (боғланиш), ундан қониқиш ва руҳий суянчиқ, бардамлик топиш каби интилишини шариат аҳли қаноатлантира олмас эди. Оддий кишилар Аллоҳ қудратининг давомийлигини, зуҳурини ўзларига ўхшаш, аммо айрича хислатли кишиларда кўришни хоҳлар эди. Инсон абстракт (мавҳум)ликни конкрет (аниқ-равшан)ликда кўришни хоҳлайди. Бунда исломдан аввалги диний тасаввурларнинг таъсири бўлганини инкор этмаслик керак. Худодан ташқари, ёрдамчи илоҳ ва илоҳалар, коҳинлар, шомонларга сиғиниш, илоҳий кучларга ишониш, уларга таяниш, мадад олиш жаҳон динлари қарор топгунча мавжуд эди. Исломдаги тавҳид ғояси буларнинг барини рад этади.

Валийлик ва орифликни айнан “тавҳид ғоясини чуқурлаштирувчи, ниҳоясига етказувчи ҳодиса” деб герменевтик талқин этиш тўғри бўлади. Илм бериш, адашганларни тўғри йўлга солиш, мискинларга саховат кўрсатиш, бева-бечораларга ҳиммат қилиш, етимларнинг бошини силаш, ғарибларнинг кўнглини шод қилиш, жамики махлуқотга меҳр-шафқат назари билан қараш авлиёуллоҳга (Аллоҳнинг валийси, дўстига) хос фазилатлар бўлган. Валий ва ориф зотларнинг ботиний олами зоҳирий қиёфасидан софроқ, тараққий этганроқ бўлса, “орифи биллоҳ” (фано мартабасига эришган валий, ҳикмат ва маърифат асрорига ошно, комил маърифат ва ирфон эгаси) даражасига эришади.

Билим ва ишонч, фан ва диннинг муносабатлари турли аспектдаги муҳокама доирасида якдил бўлса, илм-фан тараққиётида бутунлай ўзгача манзара вужудга келиб ақл бовар қилмас янгилик ва кашфиётга йўл очилиши муқаррар. 

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:
  1. Имом Абу Абдураҳмон Суллами. Табақоти суфиййа / Таржима, нашрга тайёрловчи ва муқад. муал. М.Нуриддинов. – Т.: Фан, 2004.
  2. Сомий Наср. Ҳаким Термизий “Илм ал-авлиё” асари нашрининг кириш қисми. – Қоҳира.: Айн аш-шамс университети: Мактабат ал-ҳуррия ал-ҳадиса, 1981.
  3. Али ибн Усман аль-Джуллаби аль-Худжвири. Раскрытие скрытого за завесой для сведущих в тайнах сердец. (Кашф аль-махжуб ли арбаб аль-кулуб) / Пер. с английского А.Орлова. Издание первое. – М.: Единство, 2004.
  4. Абдулқодир Гийлоний (Ғавсул Аъзам). Раббонийликни англаш ва раҳмоний файзни қозониш. Биринчи китоб / Таржимонлар: Муҳаммаджон Нуриддин, Олимхон Юсуф, Аброр Абдулазим, Абдулбоқи Азим. – Т.: Мовароуннаҳр, 2004.
  5. Алишер Навоий. Насойимул муҳаббат мин шамойимул футувват. Мукаммал асарлар тўплами. Йигирма жилдлик. 17-жилд / Нашрга тайёрловчилар: С.Ғаниева, М.Мирзааҳмедова. Арабча ва форсча матнларни таржима қилиб, нашрга тайёрловчи ва масъул муҳ. С.Рафиддинов. – Т.: Фан, 2001. 14, 24.
  6. Тўлқин Ийсо ўғли. Валийлик ва Ғавсул Аъзам ҳақида // Абдулқодир Гийлоний (Ғавсул Аъзам). Раббонийликни англаш ва раҳмоний файзни қозониш. Биринчи китоб / Таржимонлар: Муҳаммаджон Нуриддин, Олимхон Юсуф, Аброр Абдулазим, Абдулбоқи Азим. –Т.: Мовароуннаҳр, 2004.
  7. Н.Комилов. Тасаввуф ёхуд комил инсон ахлоқи. I китоб.
  8. Қуръони Карим маъноларининг таржима ва тафсири / Таржима ва тафсир муаллифи А.Мансур. – Т.: Тошкент ислом университети нашриёти, 2004. Марям сураси, 24-35-оятлар. 306-307­бетлар; Асҳоби Қаҳф – “Ғор биродарлари”. Подшоҳ зулмидан қочиб, иймонларини сақлаш мақсадида ғорга яшириниб, Аллоҳдан паноҳ сўраган тақводор йигитлар. Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири. “Қаҳф” сураси, 9-26-оятлар.
  9. Муҳаммад Боқир. Баҳоуддин Балогардон / Форсийдан таржима, сўзбоши ва луғат муаллифи Маҳмудхон Махдум Ҳасанхон Махдум ўғли. – Т.: Ёзувчи, 1993.
  10. Муҳаммад Анвар Бадахшоний. Ақидатут таҳовия шарҳининг талхийси / Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф таржимаси. –Т.: Ҳилол-нашр, 2014.
Замирахон ИСАҚОВА,
Наманган давлат университети
фалсафа фанлари номзоди, доцент

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …