Мустақиллик йилларида таълим-тарбиянинг сифати ва самарадорлигини замон талаблари даражасига кўтариш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланди. Таълим тизими янгиланишлар, ривожланган демократик ҳуқуқий давлат қуриш жараёнлари билан ҳамоҳанг тарзда тараққий этиб бормоқда. Бўлажак тарих ўқитувчиларининг касбий методик тайёргарлигини такомиллаштиришда замонавий билимлар билан бирга, Имом Бухорийнинг ҳаёти ва фаолияти, унинг илмий меросини ўрганиш ёш кадрларнинг маънавий дунёсини янада бойитади.
Манбаларга кўра, Имом Бухорий Бағдодда яшаганида кўпинча ой нурида ижод қилган, шам ёруғида китоб ёзган. Кечаси бирор фикр келиб қолса, тезда шамни ёқиб, қоғозга туширар, шу тариқа туни билан шамни 20 мартагача ёқиб ўчиришига тўғри келган экан [6].
Мамлакатимизда ёшларнинг таълим олиши, меҳнат қилиши, қобилиятини рўёбга чиқариши учун барча шароитлар яратилмоқда. 2021 йилнинг “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” деб эълон қилингани бунинг яна бир амалий ифодаси бўлди. Президентимиз Янги Ўзбекистонни бунёд этишда ёшларнинг ўрни ва вазифаларини қуйидагича белгилаб берган: “Ёшлар – халқимизнинг асосий таянчи ва суянчи. Кенг кўламли ислоҳотларимизни самарали амалга оширишда улар ҳал қилувчи куч бўлиб майдонга чиқмоқда. Айнан замонавий билим олган, илғор касб-ҳунарларни, инновацион технологияларни, хорижий тилларни пухта эгаллаган ўғил-қизларимиз мамлакатимизни янада тараққий эттиришда етакчи ўрин тутади” [2].
Маълумки, ёшлар янгича фикрлашга, янги-янги ғояларни ўртага ташлаб, дадил амалга оширишга, муаммоларни ижодий ва ностандарт ёндашувлар асосида ҳал этишга мойил бўлади. Шунинг учун ҳозирги кунда ёш авлоднинг билим олиши, илм-фан, инновациялар, адабиёт, санъат ва спорт соҳасидаги истеъдод ва салоҳиятини юзага чиқариши, ижтимоий-сиёсий ҳаётда фаол иштирок этиши учун барча шароитларни яратишга устувор аҳамият берилмоқда.
Қадим нақлда “Ёшликда ўрганилган илм тошга ўйилган нақш кабидир”, дейилган. Буюк алломаларимиз шундай ҳикматларга амал қилиб, илм-фан соҳасида буюк кашфиётларни амалга оширгани ва умумбашарий тафаккур ривожига беқиёс ҳисса қўшгани тарихдан маълум.
Қутлуғ анъаналарни давом эттириш, юртимизда янги бухорийлар, хоразмийлар, фарғонийлар, берунийлар, ибн синолар, улуғбеклар, навоийларни тарбиялаб вояга етказиш – нафақат вазифамиз, балки тарих ва келажак олдидаги муқаддас бурчимиздир.
Бу заминда яшаб ижод қилган буюк аллома ва мутафаккирларнинг бебаҳо илмий-маънавий меросини тадқиқ қилиш, асарларини илмий-изоҳли таржима қилиб оммалаштириш, хорижий давлатлардаги кутубхоналар, архив фондларида сақланаётган қўлёзмаларнинг электрон нусхаларини тўплаб, халқимизга етказиш долзарб масалага айланмоқда.
Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов бундай деган эди: “Буюк мутафаккир ва алломаларимизнинг ислом маданиятини равнақ топтиришга қўшган бетакрор ҳиссаси тўғрисида сўз юритганда, энг аввало, ҳақли равишда мусулмон оламида “муҳаддислар султони” дея улкан шуҳрат қозонган Имом Бухорий бобомизнинг муборак номларини ҳурмат-эҳтиром билан тилга оламиз. Бу мўътабар зот меросининг гултожи бўлмиш энг ишончли ҳадислар тўплами – “Жомеус саҳиҳ” китоби ислом динида Қуръони каримдан кейинги иккинчи муқаддас манба бўлиб, аҳли ислом эътиқодига кўра, башарият томонидан битилган китобларнинг энг улуғи ҳисобланади. Мана ўн икки асрдирки, бу китоб миллионлаб инсонлар қалбини имон нури билан мунаввар этиб, Ҳақ ва диёнат йўлига чорлаб келмоқда” [1].
Имом Бухорийнинг ижодий мероси ўзининг кўлами, замонасининг диний ва ижтимоий фанларини тўла-тўкис қамраб олгани билан кишини ҳайратга солади.
Имом Бухорий «Жомеус саҳиҳ»дан сўнг «Адабул муфрад» (“Одоб дурдоналари”) китобини ёзди. Бу асардан инсонни улуғлаш, ахлоқий қадриятларни камол топтириш масалалари ўрин олган [4].
Президент Шавкат Мирзиёев 2017 йил 14-15 апрель кунлари Самарқанд вилоятига ташрифи чоғида Имом Бухорий ёдгорлик мажмуи ҳузурида халқаро илмий-тадқиқот маркази очиш таклифини билдириб, бундай деган эди: “Буюк мутафаккир бобомиз, барча муҳаддислар пешвоси Имом Бухорий мангу қўним топган ушбу масканда ўзига хос маънавий-руҳий муҳит мавжуд. Мажмуага зиёратга келган одам бу марказга ҳам кириб, ўзига катта озуқа олсин, боболаримиз ҳикматларидан ўрганиб кетсин. Шунда қалбида улуғ аждодларимиз билан фахрланиш туйғуси ривож топади, айни пайтда шундай буюк зотларнинг авлоди масъулиятини ҳис этади”.
Демак, ҳадислар мазмунан ҳар бир инсоннинг ишончини, эътиқодини мустаҳкамлайди ва инсонни маънавий камолотга даъват этади. Шундай экан, ҳадислар комил инсонни шакллантиришда муҳим манба ҳисобланади [8].
Аллоҳ таоло Имом Бухорийга ўткир заковат, кучли ёд олиш қобилиятини берган. Ўн бир ёшида устози Дохилийнинг хатоларини тузатгани бунга далилдир. “Отасининг дарсхонасида Абу Ҳафс Аҳмад ибн Ҳафсдан Суфённинг “Жомеъ” китобини тинглар эди. Абу Ҳафс бир ҳарфда хато қилган эди, у қайтарди. Иккинчи марта хато қилган эди, яна қайтарди. Учинчи марта хато қилган эди, яна қайтарди. У бир муддат сукут сақлаб турди-да: “Бу ким?” деди. “Ибн Исмоил ибн Иброҳим ибн Бардазба”, дейишди. “Бунинг айтгани тўғри экан. Эслаб қолинг! Албатта, у бир куни буюк одам бўлиб етишади”, деди Абу Ҳафс”.
“Табақотуш Шофеийя” ва бошқа китобларда қўйидаги матн келтирилади: “Салим ибн Мужоҳид айтади: “Муҳаммад ибн Салом Пайкентийнинг ҳузурида эдим. У менга: “Агар аввалроқ келганингда етмиш минг ҳадисни ёд биладиган болачани кўрар эдинг”, деди. Ортидан излаб бориб уни топдим ва: “Етмиш минг ҳадисни ёддан биладиган сенмисан?” дедим. У “Ҳа! Ундан ҳам кўп! Мен сенга саҳоба ва тобеинлардан ҳадис келтирадиган бўлсам, албатта, улардан кўпининг туғилган жойлари, вафотлари ва масканларини ҳам биламан. Саҳоба ва тобеинлардан бирор ҳадис ривоят қиладиган бўлсам, албатта, унинг Аллоҳнинг Китобидаги ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидаги аслини ҳам ёдлаган бўламан”, деди”.
Имом Бухорий ўн олти ёшида Ибн Муборак ва Вакиънинг китобларини ёдлаган эди. Ўн саккиз ёшидан китоб тасниф қилишни бошлаган.
Имом Бухорий тенгдошлари билан Басра машойихларининг дарсларида қатнашар, лекин уларни ёзиб олмас эди. Бир неча кун шу тарзда ўтгандан кейин шериклари унга: “Сен биз билан бирга дарсда қатнашасан, лекин ёзиб олмайсан, бунинг маъноси нима?” дейди. Имом Бухорий ўн олти кундан сўнг уларга: “Жуда гапни кўпайтириб юбордингиз ва маҳкам туриб олдингиз. Ёзганингизни менга ўқиб беринг-чи!» дейди. Улар ёзганини ўқиган эди, ўн беш мингдан зиёд ҳадис чиқди. У ўшаларнинг ҳаммасини ёддан айтиб берди. Улар эса унинг айтганига қулоқ солиб, ёзганидаги хатоларини тўғрилаб олди. Сўнг уларга: “Айтинг-чи, дарсда беҳуда қатнашаётган ва кунларимни зое қилаётган эканманми?!” деди. Шунда унинг олдига биров туша олмаслигини билишди.
“Таҳзибул Камол” ва бошқа китобларда келтирилишича, машҳур олим Исҳоқ ибн Роҳавайҳ Бухорий тасниф қилган “Тарих” китобини Хуросон амири ва катта олим Абдуллоҳ ибн Тоҳирга олиб кирган ва: “Эй амир! Сенга мўъжиза кўрсатайми?!” деган. Абдуллоҳ ибн Тоҳир китобга назар солиб бўлганидан кейин: “Бунинг қандай тасниф қилинганига фаҳмим етмади”, деган [5].
Имом Бухорий ўз асарларида яқинларга яхшилик қилиш, силаи раҳм қилиш ва улар билан алоқани узмаслик лозимлигини таъкидлайди. Расулуллоҳ (С.А.В.) айтадилар: “Обод ва фаровон бўлишни, умри узоқ бўлишини истаган киши ўзини қариндошларидан йироққа чиқармаслиги керак” [3].
“Саҳиҳул Бухорий”ни тез ва энг кўп ўқиганлар. Хатиб Бағдодий “Саҳиҳул Бухорий”ни учта ўтиришда ўқиб чиққан. Ўзи: “Икки кун кечаси, охирини эса эрталабдан кечгача ўқидим”, дейди.
Имом Ҳофиз Заҳабий: “Бундан-да тез ўқиган инсонни эшитмадим”, деган.
Ибн Ҳажардан “Сиз ҳам имом Хатиб Бағдодий каби ўқиганмисиз”, деб сўрашганда”, “Йўқ, лекин ўн мартача ўқиганман. Узлуксиз бўлганида, бундан кам бўларди”, деган.
«Иршодус Сарий» муаллифи имом Аҳмад ибн Абу Бакр Қасталоний беш ўтиришда ўқиб тугатган. Имом Абу Бакр ибн Атийя эса 700 марта хатм қилган [9].
Мақтов ва эътирофлар. Имом Бухорий шаънига айтилган ва ёзилган эътирофларни тўлиқ келтиришнинг иложи йўқ, албатта. Улардан баъзиларини тақдим этиш билан кифояланамиз.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал: “Хуросондан Муҳаммад ибн Исмоилга ўхшаш киши етишиб чиқмаган”, деган.
Яҳё ибн Жаъфар айтади: “Қудратим етса, Муҳаммад ибн Исмоилнинг умрини зиёда қилар эдим. Менинг вафотим бир кишининг вафоти бўлади. Муҳаммад ибн Исмоилнинг вафоти илмнинг кетишидир”».
Ражо ибн Муражжий Ҳофиз: “Муҳаммад ибн Исмоилнинг уламолардан афзаллиги эркакларнинг аёллардан афзаллиги кабидир”, деган. “Эй Абу Муҳаммад! Бунинг барчаси бир оғиз сўз билан-а?!” деди бир киши. “У Аллоҳнинг ер юзида юрган белгиларидан бир белгидир!”, деди у.
Ҳадис илмини ўрганиши ва ёдлаш қобилияти. Имом Бухорий ўн ёшида қунт билан ҳадис ёдлашга киришган. Мактабни тугатганидан кейин Имом Дохилий ва бошқалар билан бирга юрган. Бир куни Имом Дохилий одамларга ҳадис ўқиб бераётиб: “Суфён Абу Зубайрдан ривоят қилади. У Иброҳимдан ривоят қилади”, дейди. Имом Бухорий “Абу Зубайр Иброҳимдан ривоят қилмаган”, дейди. Шунда Имом Дохилий ни жеркиб беради. Имом Бухорий эса “аслга қайтинг”, дейди. У зот уйига кириб, ёзиб олган нарсаларига қарайди. сўнг қайтиб чиқиб: “Эй бола, бўлмаса қанақа!”, дейди. Имом Бухорий: “Зубайр ибн Адий Иброҳимдан ривоят қилган”, дейди. Имом Дохилий Имом Бухорийдан қаламни олиб, китобдаги хатони тузатади ва Имом Бухорийга: “Тўғри айтдинг”, дейди.
Имом Бухорий Дохилийга раддия берган вақтда 11 ёшда эди. Сўнг онаси ва акаси Аҳмад билан Маккага сафар қилади. Ҳаж қилганидан кейин акаси билан онаси Бухорога қайтади. Имом Бухорий ҳадис талабида у ерда қолади. У зот Ҳижозда олти йил яшаган. Имом Бухорий ўзининг сафарлари ҳақида шундай деган: “Мен ҳадис илмини ўрганиш учун Шом, Жазира ва Мисрга икки, Басрага тўрт марта бордим. Ҳижозда олти йил яшадим. Куфа ва Бағдодга муҳаддислар билан неча марта қатнаганимнинг саноғи йўқ”.
Имом Бухорий 18 ёшга тўлганида одамлар ундан ҳадис ривоят қилган. Худди шу ёшида саҳобалар, тобеинлар ва уларнинг сўзлари, тарихи ҳақида китоб ёзган.
Имом Бухорийнинг устозлари. У мингга яқин устоздан ҳадис тинглаган. Улардан энг машҳурлари қуйидагилар:
Муҳаммад ибн Салом Пойкандий (в. 225 ҳ.).
Абдуллоҳ ибн Муҳаммад Маснадий Жўфий (в. 239 ҳ.) [7].
Имом Бухорий “Жомеус саҳиҳ” китобини 16 йил давомида тасниф этиб, уни 97 китобга ажратган ва 7500 дан ортиқ саҳиҳ ҳадисни киритган. 78-китобни “Китобул адаб” деб номлаган.
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, илм ўрганишдаги тиришқоқлиги ва Аллоҳ таоло инъом этган катта фазл ва шарафи туфайли Имом Бухорий номини бутун дунё таниди.
-
И.Каримов. Юксак маънавият – енгилмас куч. Т:. “Маънавият” 2013. – 38-бет.
-
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев. “Янги Ўзбекистон” газетасига берган интервьюси. 08.2021.
-
Воспоминания современников об Бухари. Из преамбулы перевода книги Имама Исмаила Бухари «Аль-Адаб аль-муфрад» Шамсиддин Бобохонов. См: Исмаил Бухари «Аль-адаб аль-муфрад» (Шедевры воспитания). Автор перевода преамбулы и примечаний Шамсиддин Бобохонов, Ташкент, Узбекистан, 1990 год, 6-8 стр.
-
К.Б.Суюнова. Проблемы формирования совершенного человека в учении Имома ал-Бухорий. Инновации в технологиях и образовании. XIII Международная научно-практическая конференция. Белово, 2020. С. 273-276.
-
Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий. Адабул муфрад. – Т.: Мовароуннаҳр. 2013.
-
У.Уватов. Ҳадис илмининг султони // Ўзбекистон адабиёти ва санъати. 29 октябрь, № 43-44.