Мовароуннаҳрнинг Самарқанд, Бухоро, Термиз, Фарғона, Шош ва Насаф каби шаҳарларида яшаган алломалар қолдирган маънавий мерос ҳам бугунга қадар жаҳон аҳлини лол қолдиради. Бу илмлар орасида тафсиршунослик ва фиқҳшунослик алоҳида фан сифатида шаклланиб, кенг ўрганила бошланди. Унинг вужудга келиши кўплаб муфассир ва фақиҳларнинг заҳматли меҳнатлари ва ижтиҳодлари туфайли амалга оширилди. Шуни ҳам таъкидлаш лозимки, мазкур илмлар соҳаси бўйича мовароуннаҳрлик олим ва фақиҳларининг хизматлари беқиёсдир. Жумладан, Абу Ҳафс Аҳмад ибн Ҳафс Кабир Бухорий (ваф.832), Али ибн Исмоил Қаффол Шоший (903-976), Абу Лайс Самарқандий (ваф.913-985), Абу Мансур Мотуридий (870-944), Абу Зайд Дабусий (ваф.1039), Бурҳонуддин Марғиноний (1118-1196), Убайдуллоҳ ибн Масъуд (ваф.1346) каби олимларнинг қолдирган ноёб асарлари туфайли ислом манбашунослиги янада бойиди. Бу манбалар шариатнинг барча масалаларини қамраб олган асарлар сифатида умуммусулмон дунёсида ҳозиргача эъзозланади.
Мовароуннаҳрда тафсир илми ўзига хос тарзда ривожланиб, турли даврларда ўраб турган муҳит шарт-шароитларидан келиб чиққан ҳолда Қуръон шарҳи бойитиб борилган.
Маълумки, тафсир ва ҳадис илмлари девон қилинишига қадар уламолар ҳузурида Қуръон тафсири билан ҳадис бир нарса эди, яъни Муҳаммад (с.а.в.) тарафидан Қуръон оятларига берилган изоҳларни бошқа ҳадислар қаторида ривоят қилинар эди. Шу сабабли дастлабки ҳадислар мажмуаси ёзилганда Қуръон оятларининг тафсири ҳадис китобларининг бир боби сифатида ёзилган ва муҳаддис олимлар ҳам муфассирлар қаторида саналганлар.
Иккинчи ҳижрий асрда эса тафсир илми ҳадисдан ажраб, алоҳида илм бўлгандан сўнг, Мовароуннаҳрдан улкан муфассирлар етишиб чиқдилар ва уларнинг шуҳратлари бутун жахонга кенг миқёсда ёйилди.
VIII асрдан бошлаб Мовароуннаҳрга ислом дини кириб келар экан, шу муносабат билан миллий маданиятнинг янги кўриниш касб этиш жараёни инсонлар ва жамият ҳаётининг турли жабҳаларида – тил, санъат, маориф, дин, ахлоқ, маиший ҳаёт ва бошқа соҳаларда юз бера бошлади. Бу жараёнларда сўзсиз уламоларнинг ўрни юқори бўлган. Шу сабабли Ўрта Осиёда ислом тарихини, унинг хусусиятларини тадқиқ этишда уламолар гуруҳлари, мактаблари вужудга келиши, ривожланиши, буюк намояндаларининг ижоди, фаолияти, таълимотлари, улар ўртасидаги алоқаларни ўрганиш муҳим аҳамият касб этади.
Ислом дини ривожи ва тафсир илмининг юксак поғонага кўтарилишига Насафлик алломалар ўзларининг беминнат заҳматли меҳнатлари билан катта ҳисса қўшганлар. Қуйида насафлик муфассир алломалар ҳақида қисқача маълумот бериб ўтамиз:
Абу Исҳоқ: Иброҳим ибн Маъқил ибн Ҳажжож (ваф. 908й.), Насаф қозиси ва олимларидан бўлган, Унинг “Муснад”и ва “Тафсир”и бўлган[1].
Нажмуддин Абу Ҳафс Насафий: Умар ибн Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Исмоил ибн Муҳаммад ибн Али Луқмон Насафий Самарқандий (1069-1142) – муфассир, фақиҳ, муҳаддис, ҳофиз, мутакаллим, муаррих, адиб, тилшунос-наҳвшунос олим Насафда туғилган ва (шу ерда) ҳадис тинглаган, сўнгра Бағдодга ҳожи бўлиб борган. Исмоил ат-Тонуҳий ва унинг жамоасидан ҳадис ривоят қилган. Умрининг асосий қисмини Самарқандда ўтказганлиги учун «Насафий сумма ас-Самарқандий» («Насафлик сўнгра Самарқандлик») исми нисбалари ишлатилган. Асосан, мутафаккир илм оламида Абу Ҳафс Насафий номи билан машҳур. Алломанинг таржимаи ҳоли тарих олимларининг жуда кўп манбаларида келган[2].
Абу Ҳафс Насафий ўзидан сўнг бой илмий маънавий мерос қолдирди. Манбаларда асарларининг умумий сони юздан ортиқ деб келтирилади.
Насафий тафсир соҳасининг ҳам билимдони бўлган. У ёзган «ат-Тайсир фи (илм)ат-тафсир» (4 жилдли Қуръонга ёзилган тафсир) асари ҳам ана шундан далолат беради.
Абу Ризо Муҳаммад ибн Али Насафий (ваф. 1123-24 й.). Тафсир илмига ҳисса қўшган олим.
Муҳаммад Насафий: Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Муҳаммад Насафий, Ҳанафий. Абулфазл, Бурҳониддин деб куняланган. Олим тақрибан 1204 йили таваллуд топган, 1204 йили Бағдодда вафот этган. Муҳаммад Насафий муфассир, фақиҳ, усул, мутакаллим, ҳаким ва мантиқ илми олими бўлган. У кишининг тафсирга оид “Талхиси тафсири Фахриддин Розий”[3] ва бошқа илмларга тегишли асарлар таълиф этган.
Абулбаракот Насафий: Мавлоно, шайх, улуғ имом, пешво олим, ер аҳлининг устози, суннату фарзни тирилтирувчи, Қуръон сирларининг ҳақиқатини очувчи таъвил ҳақиқати сирларининг калити, Раҳмон каломининг таржимони, Маъно ва баён илмининг соҳиби, Усулу фуруъ орасини жамлагувчи дину миллатнинг ҳофизи, муҳофаза этувчи, Шайхул ислом вал муслимийн, Набию мурсаллар илмининг вориси мужтаҳидларнинг энг комили, саодат ва каромат эгаси Абулбаракот Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн Маҳмуд Насафийдир.
У зот қадимий Насаф воҳасида 1232 йилда таваллуд топган ва кейинчалик ўсиб-улғайгач ал Ҳидоя китобининг муаллифи Бурҳониддин ал-Марғинонийнинг шогирди Абдулважд Муҳаммад Шамсуддин ал-Кардарийдан таълим олган. Натижада Насафийнинг ўзи ҳам устозлари сингари машҳур олим бўлиб етишган ва «Ҳофизуддин» яъни динни ҳимая қилувчи номига муяссар бўлган. Абулбаракот Насафий 710/1310 йилда Бағдодга келиб Рабиъул аввал ойининг жума куни кечаси ўша ерда вафот этган ва Исфахон яқинидаги Изаж шаҳрида дафн қилинган[4].
Насафийнинг асарлари Ўзбекистон Рсепубликаси Фанлар Академияси Шарқшунослик институтининг қўлёзмалар жамғармасида сақланмоқда[5]. Олимнинг ҳаёти ҳақидаги маълумотлар манбаларда кам учрасада лекин унинг тафсир, фиқҳ ва калом каби исломий илмларнинг турли соҳаларида битган кўпгина асарлари ҳозирга қадар уламолар ўртасида эъзозланиб, мутолаа қилинади.
Унинг исломий ҳуқуқи бўйича «Канзу-д-дақоиқ» («Нозик масалалар хазинаси»), «ал-Вофий» («Тўлиқ») ва унинг шарҳи «ал-Кофий» («Кифоя қилувчи») сингари йирик асарлари мавжуд. Ҳатто баъзи олимлар «Канзу-д-дақоиқ»ни «Ҳидоя»дан кейинги ўринда қўйсалар, «ал-Вофий»ни эса «Ҳидоя» қаторида кўрадилар. Абулбаракотнинг «ал-Манор» («Машъал») номли асари Усул ал-фиқҳ (фиқҳий асослар) ва унинг қоида-қонунлари ҳақидаги энг диққатга сазовор манбалардандир. Шу боис ушбу китобга ёзилган шарҳлар асосида юртимиздаги диний таълим муассасаларида усул ал-фиқҳдан дарслик сифатида фойдаланиб келинган.
Бундан ташқари, у калом илмига оид «Умдату-л-ақоид» («Ақидалар асоси») китобини ёзган ва калом илмининг машҳур намояндаси, Нажмуддин Абу Ҳафс Умар Насафийнинг китобига «ал-Мусаффо фи шарҳи-л-манзумати-н-насафиййя» («Насафий назмининг шарҳи аниқланган китоб») номли шарҳ битган. Абулбаракот Насафий асарлари орасида энг қимматлиларидан бири тафсир илмига оид «Мадорику-т-танзил ва ҳақоиқу-т-таъвил» («Қуръон маънолари ва таъвил ҳақиқатлари») китобидир.
[1] Зириклий. Ал-Аълом. Ж.1. – Байрут. Дору-л-илм ли-л-малобин, 2002. –Б. 74.
[2] “Ат Таҳбийр” 1ж/527, “Муъажам ал-адиббо” 16ж/70-71, “Ал-ибар” 4ж/102, “Ас-сияр” 20ж/126-127-б, “Уйуну-т-таворих” 12ж/375, “Миръоу-л-жинон” 3ж/267, “Ал-жавоҳиру-л-музийъа” 1ж/394-395, “Лисону-л-мийзон” 4ж/327, “Тожу-т-тарожим” 43-45-б, Имом Суютийнинг “Табақоту-л- муфасирийн” 27-б, Имом Довуднинг “Табақоту-л-муфасирийн” 2ж/5-7б, “Мифтаҳу-с-саода” 1ж/127-128-б, Тош Кубронинг “Ал-фавоиду-л-баҳия 139-б, “Шазароту-з-заҳаб 4ж/115-бет.
[3] Умар Ризо Каҳҳола. Муъжаму-л-муаллифин. Ж. 11. – Байрут. Дор иҳёи-т-туроси-л-арабий, 2009. –Б. 297.
[4] Муҳаммад Ҳусайн аз-Заҳабий. Аттафсир вал-муфассирун. -Қоҳира, 2000. -Б. 216.
[5] Имом ал-Бухорий сабоқлари 2/2008 й.