Биринчи Президентимиз Ислом Каримов “Юксак маънавият – енгилмас куч” асарида: “Инсон қалбининг қувончи қайғусини, эзгулик ва ҳаёт мазмунини Навоийдек теран ифода этган шоир жаҳон адабиёти тарихида камдан-кам топилади. Она тилига муҳаббат, унинг беқиёс бойлиги ва буюклигини англаш туйғуси ҳам бизнинг онгу шууримиз, юрагимизга аввало Навоий асарлари билан кириб келади. Биз бу бебаҳо меросдан халқимизни, айниқса, ёшларимизни қанчалик кўп баҳраманд этсак, миллий маданиятимизни юксалтиришда, жамиятимизда эзгу инсоний фазилатларни камол топтиришда шунчалик қудратли маърифий қуролга эга бўламиз” [1:48] дейди.
Албатта, биз ёшлар Навоийнинг асарларини чуқурроқ тушуниш учун унинг асарларидаги комил инсон ғояларига асосланган тушунчаларни англашимиз, кўпроқ маълумотга эга бўлишимиз лозим бўлади.
Алишер Навоий даврида туркий тил билан бирга яна икки тилда ижод қилиш анъана ҳисобланган. Ҳазрат араб ва форс тилидан ҳам фойдаланиб, асарларининг жозибали, ўқувчини ўзига сеҳрлай оладиган даражада бўлишига эришган. Шу боис Навоий асарлари нафақат бадиий, балки мислсиз маънавий, лисоний бойлик ҳамдир. Бу бойлик таркибий қисмида иш қуролларига оид сўзлар ҳам мавжуд.
Ҳазратнинг асарларини тушуниш учун араб ва форс тилларини мукаммал билиш талаб этилади. Сўнгги йилларда Алишер Навоий асарларини матний, фалсафий, лисоний ва бадиий жиҳатдан ўрганиш бўйича бир қанча ишлар қилинган бўлса-да, шоир ижодининг услубий ўзига хослигини кўрсатувчи лингвистик омилларни тадқиқ этиш энди бошланди. Чунончи, Навоий асарларидаги орттирма даражадаги сифатларнинг қўлланишини бевосита бадиий услуб билан боғлиқ ҳолда ўрганиш навоийшуносликнинг долзарб вазифаларидан бири бўлиб, бу Ҳазратнинг сўз қўллаш санъатини теран тадқиқ этишнинг кенг имкониятларини очади.
Маълумки, араб тилида сифатнинг қиёсий ва орттирма даражалари I боб феълларидан أفْعَلُ “афъалу” (муаннас жинсда ”фуъла” فُعْلَى ) қолипида ҳосил қилинади [14:665].
Навоий арабча сифатнинг орттирма даражаларини моҳирона қўллаганини унинг асарларидаги кўплаб мисолларда кузатишимиз мумкин.
Китобинг ўзга кутубдин ки бордурур аблағ,
Балоғатингға муносиб Ҳақ айламиш иблоғ [4:294].
Байтдаги – ابلغ аблағ сўзи балоғатлироқ, етукроқ, энг равшан ифодали, энг етук, энг балоғатли маъносини билдиради. Бунда сифатнинг орттирма даражаси қўлланган.
Андин аълодур жаноб ул шоҳға,
Андақ авсаъ фусҳат ул даргоҳға [11:40].
Байтдаги – اوسع авсаъ сўзи кенгроқ, кўламдорроқ, اعلی – энг олий, энг юқори маъносида қўлланган.
Тахти остида фарши у адно,
Тожи устида дурримо авҳо.
Бу байтда افوی – авҳо сўзи энг вафоли, жонга яқин сифатининг орттирма даражасида қўлланган. ادنی – aдно сўзи энг пастда маъносида қўлланган.
Боргаҳи торами азҳар киби,
Хайли бу торам аро ахтар киби [6:204].
Байтда اظهر – азҳар сўзи ўта зоҳир, энг равшан, энг порлоқ сифатининг орттирма даражасида қўлланган.
Қатл ҳукми айласа ўлтурубан ушшоқини,
Ишқ аро чун ким мен акмалмен тақаддум айларам [3:335].
Бу байтда اکمل – акмал сўзи энг комил, энг етук, баркамол маъносида келиб, орттирма даражадаги сифат ишлатилган.
Ҳайрат аброр кўруб зотини,
“Ҳайрутул аброр” дедим отини [6:200].
Байтда ابرار – аброр сўзи яхши хулқлиларнинг энг яхшиси, софдилларнинг энг софдили маъносида келган.
Ҳар варақ бир номайи ишратдурур фаҳм айлагил,
Тонг елидин абтар ўлмастин бурун гул дафтари [3:157].
Байтдаги ابطر – абтар сўзининг энг кичикина хат, энг кам ёзилган хат, энг қисқа каби маънолари бор.
Кўнгли заъф бўлди муставло
Деди: “Ё Раб, не қилғоним авло? [7:141]
Байтдаги اولی – авло сўзи энг яхши, сазоворроқ, афзалроқ каби маъноларни ифодалайди.
Аълоларидур нединки дерсен аъло,
Аднолари ҳам барча аднодин адно [12:21].
Бу ерда ادنی – адно сўзи энг паст, энг қуйи, тубан маъносида қўлланган.
Қошингға қоба қавсайн оятидин йўқ нима аляқ,
Сочингға йўқ саводи лайлатул – меърождин ашбаҳ [2:668].
Байтдаги الیق – аляқ сўзи – энг лойиқ, энг муносиб, лойиқроқ, ўхшашроқ каби маъноларни беради. اشبه – ашбах сўзи эса ўхшашроқ, қиёси йўқ каби маъноларда қўлланган.
Зиҳи тилинг ана афсаҳ такуллумида фасиҳ,
Сен амлаҳ ўлдунг агар дилраболар ўлди малиҳ [3:119].
Байтда келган املاح – амлаҳ сўзи энг малоҳатли, энг гўзал, энг ширин маъносида, орттирма даражадаги сифат шаклида келган бўлса, ملیح – малиҳ шакли оддий даражадаги сифат шаклидир.
Эшак савти каломуллоҳда келди “анкарул – асвот”,
Онинг савтиға тақрибу талоши истамак бўлмас [11:698].
Байтда эшакнинг хунук овози أَنكَر – анкор – жуда ёқимсиз, хунук, ёқимсизроқ маъносида қўлланган. Бу сифатни ўқиб, шу ўринда айтиш лозимки, Ҳазрат Навоий Қуръони каримдан иқтибос келтирганини унинг асарларидан билиб олишимиз мумкин. Яъни, қуйидаги إِنَّ أَنكَرَ الْأَصْوَاتِ لَصَوْتُ الْحَمِيرِ “Луқмон” сурасининг 19 оятини [15] (Овозларнинг ичида энг ёқимсизи, бу эшакнинг овозидур) иқтибос қилиб келтиради.
Ҳойил дема бу жаҳони суғро,
Суғро эмас, ул ҳўжаста туғро [10:655].
Байтда صغری – суғро сўзи энг кичик маъносида ишлатилган.
Бу шории ом бу Неъматобод жонибидин келиб, кўпрак йўл Инжил ариғи ёқаси била Маҳди улё ва Билқиси узмо [9:172].
عظمی – узмо – энг буюк, энг улуғ маъноларини ифодалайди.
Ул бири раҳмат малойикидин ашраф ва бу бири саодат сипеҳридин арфаъ кўрунди [9:133].
Жумладаги ارفع – арфаъ сўзи энг юқори, энг юксак; юксакроқ, баланроқ каби маъноларда. اشرف – ашраф сўзи эса энг шарафли ва ҳурматли маъносида қўлланган.
Етмагай аднодин аълоға шикаст,
Бўлмағай ашраф ахас оллинда паст [11:75].
Байтдаги اخص – ахасс сўзи ўта хасис, паст хору зор кишилар маъносида қўлланган.
Подшоҳ давлати маслаҳатин борча ишда муқаддам тутмоқ вожибдур. Тенгри амрини андин ҳам ақдам кўрмак фарз [9:120].
Жумлада اقدم – ақдам сўзи энг юқори, энг илгари, ҳаммадан олдинроқ каби маънода қўлланган.
Вазир визрдин муштақдур ва бу феъл анинг зотиға аҳақ ва аляқдур [12:14].
Жумлада احق – аҳақ сўзи энг ҳақли, муносиб, ҳақлироқ каби маънода келади.
Хулоса шуки, Алишер Навоий асарларида оддий даража сифатлар билан бирга арабча орттирма даража сифатларнинг қўлланишига амин бўламиз. Яъни, Навоий ўз асарларида “ажмал”, “ашбаҳ”, “азҳар”, “акбар”, “аксар”, “алазз”, “ахасс”, “ақдам”, “амлаҳ” каби турли сифатларнинг орттирма даражаларини қўлланганини, унинг асарларини шу даражада “акмал” эканини таърифлашга тил “ажз” қолади ва асарлари мангуликка “аляқ” ва “аҳақ” эканидан далолат беради.
- Ислом Каримов. Юксак маънавият – енгилмас куч. –Т.: 2008.
- Алишер Навоий. Йигирма томлик. 2-том. Наводир ун-ниҳоя. Тошкент – 1987.
- Алишер Навоий. Йигирма томлик. 3-том. Хазойин ул-маоний. Ғаройиб ус-сиғар. –Т.: Фан , 1988.
- Алишер Навоий. Йигирма томлик. 4-том. Хазойин ул-маоний. Наводир уш-шабоб. –Т.: Фан , 1989.
- 5. Алишер Навоий. Йигирма томлик. 6-том. Хазойин ул-маоний. Фавойид ул-кибар. –Т.: Фан ,
- 6. Алишер Навоий. Йигирма томлик. 7- том. Ҳайратул-аброр. –Т.: Фан , 1991.
- 7. Алишер Навоий. Йигирма томлик. 3-том. Сабъаи сайёр. –Т.: Фан ,
- 8. Алишер Навоий. Йигирма томлик. 11-том. Садди Искандарий. –Т.: Фан ,
- Алишер Навоий. 14-том. Вақфия. –Т.: Фан , 1998.
- Алишер Навоий. Йигирма томлик. 9-том. Лайли ва Мажнун. –Т.: Фан, 1992.
-
13. Алишер Навоий асарлари тилинг изохли луғати. Фан нашриёти, 1983.
-
Н.Иброҳимов., М.Юсупов. Араб тили грамматикаси. 1-жилд. –Т:. Ўзбекистон миллий энциклопедияси. 1997.
-
Қуръони Карим маъноларининг таржимаси. Абдулазиз Мансуров таржимаси. –Т.: Тошкент Ислом университети нашриёти. 2001.