Барчамизга яхши маълумки, саҳобалар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлик даврида яқин кўмакдош бўлган. Вафотларидан кейин йўлларини маҳкам тутиб, ҳимоя қилган. Бу муборак авлоднинг саъй-ҳаракатлари суннатни ёзиб, асраб-авайлаш ва умматга етказишда биринчи асос бўлган. Улар динни ёйиш, эътиқодни мустаҳкамлаш ва суннатни барча нопок нарсалардан ҳимоя қилишда байроқдорлик вазифасини ўтаган.
Қуйида саҳобаларнинг суннатни ҳимоя қилиши ва сақлаш йўлидаги саъй-ҳаракатларидан мисоллар манбаларга асосланган ҳолда қисқача баён этилади.
Дастлабки тамойил шуки, ҳадис ёдлашга ундаш ва ёд олинган ҳадисга қатъий риоя қилиш. Саҳобаларнинг аксари шогирдларига ёд олиш чоғида ҳадисларни ёзиб олишни буюрар, сўнг саҳифага ишониб қолмаслиги учун ёзганларини ўчиртирар ва ёдда сақлашни амр этарди.
Хатиб Бағдодий: “Салафлар ҳадисни ёд олишда аввал уни ёзиб олиб, китобатидан ўрганиб, фойдаланар, ўзлаштириб бўлгач, саҳифага таяниб қолишдан хавфсираб, ёзганларини ўчириб ташлар эди. Чунки бу ёдлаш даражасининг пасайишига, ёд олинганларга нисбатан кам диққат-эътибор берилишига олиб келади”, деган.
Иккинчи тамойил суннатни бир-бирига ёзишиш.
Хусусан, Усайд ибн Ҳузайр Ансорий Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир қанча ҳадисларини ёзган. Вақти келиб, Абу Бакр, Умар ва Усмон шулар билан ҳукм чиқарган ва уни Марвон ибн Ҳакамга юборган (Аҳмад ривояти).
Жобир ибн Самура Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг баъзи ҳадисларини китобат қилиб, талабига кўра, Омир ибн Саъд ибн Абу Ваққосга жўнатган (Муслим ва Аҳмад ривояти).
Зайд ибн Арқам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир қанча ҳадисларини ёзиб олиб, Анас ибн Моликка юборган (Аҳмад ривояти).
Зайд ибн Собит Умар ибн Хаттобнинг талабига биноан унга меросда бобонинг ҳукми тўғрисида, (ҳадис) ёзиб берган (Дороқутний ривояти).
Самура ибн Жундаб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзи тўплаган ҳадисларини жамлаб, оққа тушириб, ўғли Сулаймонга жўнатган. Имом Муҳаммад ибн Сирин бу тўпламни олқишлаб: “Самуранинг ўғлига юборган рисоласида кўп илм мавжуддир”, деган (Абу Довуд ривояти).
Абдуллоҳ ибн Абу Авфо Умар ибн Убайдуллоҳга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини ёзиб берган (Бухорий ва Муслим ривояти).
Кейинги тамойилга келадиган бўлсак, саҳобалар шогирдларини ҳадисларни ёзма равишда қайд этиб боришга ундаган. Шу орқали келажак авлодлар учун муҳим манбалар ҳосил бўлишига хизмат қилган.
Бу хусусда Анас ибн Молик Ансорийни мисол келтириш мумкин. У фарзандларини илмни ёзиб боришга ундаб: “Эй ўғилларим, илмни ёзиш билан боғлаб қўйинг”, дер эди. Анас ибн Моликнинг: “Биз илмини ёзиб бормаган кишининг илмини илм деб ҳисобламас эдик”, деган гапи машҳурдир (“Тақйидул илм” ва “Табақот ибн Саъд” асарларидан).
Хатиб Бағдодий санади билан уммат олими Абдуллоҳ ибн Аббос шогирдларидан бир қанчаси ривоят қилади: “У (Абдуллоҳ): “Илмни ёзиш билан боғлаб қўйинг. Илмни боғлайдиган энг яхши нарса китобатдир”, деб айтар эди” (“Тақйидул илм” ва “Жомиъ баёнил илм” асарларидан).
Умар ибн Хаттобнинг ҳам: “Илмни ёзиш билан боғлаб қўйинг”, дегани ривоят қилинган.
Ҳадисни саҳифаларга ёзиш ва устоз-шогирд орасида нақл қилиш, саҳобалар орасида ҳукм сурган яна бир тамойилдир.
Улар қолдирган саҳифалар ҳижрий II-III асрларда ёзилган “Жомиъ”, “Муснад”, “Сунан” ва бошқа таснифдаги асарлар учун ўта муҳим ва аниқ манба бўлиб хизмат қилган. Қуйида шундай саҳифаларнинг айримларига тўхталиб ўтамиз.
Абу Бакр Сиддиқнинг саҳифаси. Унда закотнинг фарзлари ҳақида ҳужжатлар келган.
Анас ибн Моликдан бундай ривоят бор: “Абу Бакр Сиддиқ уни закот йиғувчи қилиб юборганида, закотнинг фарзлари ҳақида мактуб ёзиб берган. Мактубда, жумладан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг узук (муҳр)лари ва: “Бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мусулмонларга фарз қилган ва Аллоҳ Ўз Расулига амр қилган фарз закотдир…” дейилган” (Бухорий ривояти).
Али ибн Абу Толибнинг саҳифаси.
Али ибн Абу Толиб тўғрисида бундай ривоят қилинади. У одамларга хитоб қилиб бундай деган: “Ким биз ўқиётган нарсалар ва мана бу саҳифа Аллоҳ таолонинг Китобида йўқ, деб даъво қилса, ёлғончи бўлибди”.
Ровий у ҳақда: “Саҳифа қиличида осиғлиқ турарди. Унда закот туяларининг ёши, жароҳатлар (борасидаги ҳукмлар) ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Мадина Айрдан (Мадина жанубидаги қизғиш-қора тоғнинг номи) Савргача ҳарамдир Ким унда бир бидъат пайдо қилса, унга Аллоҳнинг, фаришталарнинг, одамларнинг – барча-барчанинг лаънати бўлсин!” деган сўзлари бор эди (Бухорий ривояти).
Абдуллоҳ ибн Амр ибн Оснинг саҳифаси.
Мужоҳиддан ривоят қилинади: “Абдуллоҳ ибн Амрнинг ҳузурига келдим ва тўшаги остидан бир саҳифани олдим. У мени бундан қайтарди. “Мени ҳеч нарсадан тўсмас эдингиз-ку?” дедим. “Бу энг ҳаққоний (саҳифа)дир. Бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан мен билан у зот ўртасида ҳеч ким бўлмаган вақтда эшитганларимдир”, деди (“Тақйидул илм” асаридан).
Абдуллоҳ ибн Абу Авфонинг саҳифаси. Буни Имом Бухорий ўзининг “Саҳиҳ”ида, “Жиҳод китоби”нинг “Жанг вақтида сабр қилиш” бобида келтирган.
Абу Мусо Ашъарийнинг саҳифаси. Бу қўлёзма Туркиядаги Шаҳид Али кутубхонасида сақланади.
Жобир ибн Абдуллоҳнинг саҳифаси. Бу ҳақда Ҳофиз ибн Ҳиббон “Машоҳир уламоил амсор”да ва Имом Заҳабий “Тазкиратул ҳуффоз”да айтиб ўтган.
Ҳаммом ибн Мунаббиҳнинг Абу Ҳурайрадан ривоят қилган саҳифаси. Унда жами 138 ҳадис келтирилган. Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ўз “Муснад”ида Ҳаммомнинг мана шу ҳадисларидан ҳам ривоят қилган.
Манбаларда саҳобаларнинг ҳадис ёзгани ёки шогирдларига ёздиргани ҳақида кўплаб маълумотлар мавжуд. Бу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан кейин мутлақо янги иш эди. Аммо саҳобалар бунда ҳам Пайғамбар алайҳиссаломнинг амрларига асосланган. Яъни, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётлик чоғларида ҳадисларни ёзиб боришга буюрганлар. Бунга мисол Абдуллоҳ ибн Амрдан ривоят қилинган ҳадисда ўз аксини топган: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитган ҳар бир нарсани ёдлаш учун ёзиб юрардим. Қурайшликлар: “Сен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитган ҳар бир нарсани ёзиб юрасан. Расулуллоҳ ҳам инсон, ғазабланганларида ҳам, хурсанд бўлганларида ҳам гапирадилар” деди. Ёзишдан тўхтадим. Буни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга эслатганимда, “Жоним қўлимда бўлган Зот номи билан қасам ичаманки, мендан ҳақдан бошқаси чиқмайди”, дедилар” (Аҳмад ривояти).
Шундай қилиб, саҳобалар кейинги умматга ўз ҳифз ва қайдлари орқали ўта муҳим хабарлар, динимиз таянчи бўлган ҳадиси шарифларни мерос қолдирган. Улардан тўғри ва оқилона фойдаланиб, ҳаётга татбиқ қилиш бугунги куннинг ҳам долзарб вазифаларидандир.